14:38 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Рашод Камоловга қарши иккинчи жиноят иши қўзғатилди, унинг ўрнига янги имом тайинланди

18.02.2015 10:15 msk

Шоҳруҳ Соипов

Фотосуратда – “Аc-Сарахсий” масжиди

Ўш вилояти Қорасув туманидаги “Ас-Сарахсий” масжиди имоми лавозимини шу районинг имоми Суюн ажи (хожи) Калиқов вақтинча эгаллаб турадиган бўлди.

Ўш вилояти қозиси Ниязали Арипов 13 февраль куни “Ас-Сарахсий” масжидига жума номозига келиб бу янгиликни эълон қилди ҳамда Қалиқовни масжид қавмига таништирди. Шу куни жомеъ масжидига номозхонлардан ташқари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам етиб келдилар, масжид дарвозаси ёнида эса сапёр хизматининг автомобили келиб туриб олди. Масжид яқинида блокпостлар ўрнатилиб, милиционерлар келаётган машиналарни текшириб ўтказа бошладилар.

Ниязали Арипов масжид қавми олдида мавъиза қилиб, уларни сабрга ва тотувликка чақирди, Қуръон оятлари ва ҳадислардан мисол келтирди. Ва шундан сўнг ҳибсга олинган Рашод Камолов ўрнига Суюн ажи Қалиқов “Ас-Сарахсий” масжидига вақтинча бош имом-хатиб вазифасига тайинланганини эълон қилди.

“Масжид қавми ўртасида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, миллатлараро муносабатларни асраб қолиш ва Аллоҳ берган неъматлари эвазига шукроналарни адо этиш учун мана шу одамга мурожаат қилинглар”, - дея Қалиқовга ишора қилди қози. – Бугун номоздан олдин мен уни сизларга вақтинча имом этиб тайинлайман. Бу одам ҳар куни бомдодни сизлар билан ўқийди ва жума номозларингизни ўтказиб беради, сизларнинг муаммоларинингизни тинглайди ва ҳамжиҳатлигингизни мустаҳкамалайди. Ўзи ҳал эта олмаган муаммоларни бизга айтади, биз ёрдам берамиз. Ҳаммамиз юртимизда тинчлик ва тотувлик барқарор топиши учун интилишимиз керак, - дея мавъизасини якунлади Арипов.


“Ас-Сарахсий” масжиди

Шундай қилиб, Суюн ажи Қалиқов бир вақтнинг ўзида иккита – туман имоми ва масжид имом-хатиби лавозимларини бажара бошлайди.

Ўш вилояти ИИБ матбуот котиби Замир Сидиқов “Фарғона” агентлигига маълум қилишича, жума номози вақтида “Ас-Сарахсий” масжиди ёнида 50 нафар милиционер навбатчилик қилиб турган, улар “тартибга риоя этилишини назорат қилиб, шаҳарликларнинг хавфсизлигини таъминладилар”. Ҳибс этилган имом Рашод Камоловнинг тарафдорлари томонидан вазятни издан чиқаришга уринишлар кузатилмади.


“Ас-Сарахсий” масжидида жума номози

Шу вақтнинг ўзида Ўш вилояти қозияти Рашод Камолов расман масжидга имом бўлмагани тўғрисидаги хабарни тарқатди. “Қавм ўртасида норозиликлар пайдо бўлмасин деб, уни имомгарчиликда қолдирдилар, аммо уни тайнилаш тўғрисида ҳеч қанақа буйруқ чиқарилмаган. Унинг хизмат фаолиятига шарҳ бера олмаймиз, аммо расман шуни маълум қиламизки, Рашод Камолов имом бўлмаган”, - деди Ниязали Арипов “Фарғона” агентлигига.

Эслатиб ўтамиз, , “Ас-Сарахсий” масжидининг имоми Муҳаммадрафиқ Камолов 2006 йилда ўлдирилганидан сўнг унинг ўрнига ўғли Рашод Камолов имомлик қила бошлади. Тафсилотлар сайтимизда чоп этилган “Рашод Камолов: обрўли имомми ёки Қирғизистоннинг бош исломчиси?” дея аталувчи мақолада баён этилган.


“Ас-Сарахсий” масжидида жума номози

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги қозиятнинг ушбу баёнотини гўё ўз қўли остида ишлайдиган имомнинг фаолияти учун масъулиятдан ўзини олиб қочишга уринишдек баҳолади. Ўш вилояти ИИБ 10-бўлимининг бошлиғи Раим Салимовнинг қайд этишича, шу кунгача ҳамма Камоловни номи юқорида зикр этилган масжиднинг имоми сифатида таниб келган.

“Ўша қозининг ўзи ҳам, маҳаллий аҳоли ҳам Камоловнинг “Ас-Сарахсий” масжидида ишлаётганини билишарди. Камолов ҳам ўзини имом деяпти. Қозиятнинг “у имом эмас, у лидер” деган гаплари мавҳум, ноаниқ. Шу чоққача у ҳамма учун имом бўлиб келган. Бундан ташқари, унинг қўлидаги гувоҳномада ҳам “лавозими” деган жойида “имом” деб ёзилган.” Милиционерлар юздан зиёд одамларнинг кўрсатмаларини тўпладилар. Ҳамма Камолов сўнгги етти-саккиз йил давомида “Ас-Сарахсий” масжидида имом бўлиб келганини тасдиқлаяпти”, - дея тушунтирмоқчи бўлади Раим Салимов.

Шу билан бирга, Ўш ИИБ 10-бўлим бошлиғи Жақип Зулпуев масжид биносини болалар боғчасига ёки мактабга айлантиришни, янги “Ас-Сарахсий” масжидини эса бошқа жойда очиб, унги бошқа имомни тайинлашни таклиф этмоқда.


“Ас-Сарахсий” масжиди

Қорасувликлар ҳамда Камоловга яқин одамлар “тилим бошимни емасин”, деган ўй билан имомнинг ҳибсга олиниши борасида журналистларга интервью беришни истамаяптилар. Улар фақат “Камолов яхши одам”, деган гап билан чекланиб қоляптилар, холос.

“Албатта Рашодни қамаб қўйганлари чатоқ бўлди. У яхши имом эди. Лекин биз ҳозирча қандайдир каттароқ акция ёки намойиш ўтказишдан тийилиб турибмиз, чунки душманлар бирорта провокация уюштириб, имомга зарар етказиш мумкин”, - дейди Рашод Камоловга яқин инсонлардан бири “Фарғона” мухбири билан суҳбатда.

Шу вақтнинг ўзида Рашод Камоловга нисбатан яна битта жиноят иши қўзғатдилар. Бу ҳақда Раим Салимов 16 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирди. “Имом ва ячейка аъзолари атрофида юзага келган аҳволни ўрганиб, биз манзиллар бўйича тинтувлар ўтказдик ҳамда беш юзга яқин DVD-диск, флеш-карталар, китоблар, “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти шиорлари ёзилган брошюраларни мусодара қилдик. Ушбу ҳолатлар юзасидан иккинчи жиноят иши қўзғатилди. Рашод Камолов тергов изоляторига қамаб қўйилди, суд уни икки ойга ҳибсга олиш тўғрисида санкция берди”, - дейди Салимов 24.kg келтирган иқтибосда.

Салимовнинг маълум қилишича, Рашод Камоловнинг интернетда тарқатилган видеомурожаати теологик экспертизага юборилган: “Ўз чиқишларида у ҳалифатни барпо этишга чақирган. Шунингдек, у одамларни Суриядаги урушга сафарбар қилишда гумонланмоқда”. Тергов манфаатларини баҳона қилиб, у уруш ҳаракатлари ҳудудига қанча қирғизистонлик кетгани тўғрисида маълумот беришни истамади. “Аризалар тушиб турибди”, - деди у.

ИИВ 10-Бош бошқармаси бошлиғи Рафик Мамбеталиев Бишкекда матбуот анжуманида билдиришича, Қирғизистонда ўтган йили одамларни уруш ҳаракатлари зонасига одамларни сафарбар қилишнинг 86 та ҳолати аниқланган. “2014 йилда – 86 та ёллаш фактлари аниқланган бўлиб, 23 та жиноят ишлари қўзғатилди. Нега 23 та? Чунки биз фактларни аниқлаймиз, холос. Уларнинг текшируви билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси шуғулланади”, - дейди Мамбеталиев К-news келтирган иқтибосда. Шунингдек, Мамбеталиев Суриядан қайтган барча фуқароларга нисбатан “Ёлланиш” моддаси бўйича жиноят ишлари очилишини маълум қилди.

Шоҳруҳ Соипов, фотосуратлар муаллифга тегишли

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги