23:08 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Кам таъминланган ўзбек оилалари муборак Рамазон ойидан пул ишлаш йўлида фойдаланаяптилар

28.10.2005 08:49 msk

Муҳсина Ҳамидова, Андижон

Мусулмонларнинг табаррук рўза ойи Рамазон кам таъминланган ўзбек оилалари учун ўз моддий аҳволини бироз бўлса-да яхшилашга баҳона бўлди.

Анъанага кўра, рўзанинг биринчи кунидан бошлаб кўплаб катта ёшдаги кишилар ва ёш болалар Рамазонни шарафлаб қўшиқ айтадилар.

Рамазон айтиш табаррук ойнинг ажралмас қисми бўлиб, рамазончиларнинг қўлини қуруқ қайтариб бўлмайди.

Бироқ Андижон шаҳри қариялари қадим анъананинг бугунги кунда оддий тиланчиликка айланиб қолганидан нолимоқдалар: рамазон айтиб юриб, одамлар шунчаки ўзларига егулик топмоқдалар.

Рамазон айтувчиларни доим юзда табассум, дилда шодлик билан қарши олувчи кишилар охирги йилларда “рамазончилар”нинг ҳаддан зиёд кўпайиб кетганларини пайқаганлар.

Битта оқшомнинг ўзида бир уйга рамазон айтиб келувчи бир неча гуруҳ болалар келаяптилар, бундан оддий одамларнинг меҳмондўстликлари жаҳлга айланаяпти, аммо “рамазончилар”ни ҳайдаб юборолмайдилар, уларни ҳеч нарсасиз қўйиб юборлмайдилар – бу мусулмончиликдан эмас.

Ҳакан қишлоғидан бўлган “рамазончи” 13 ёшли Авазбек Жўраев Рамазонда тузуккина пул топишини яширмайди.

- Бой оилалар одатда пул беришади, лекин умуман олганда, биз нима берсалар, олверамиз: нонми, сомсами, мева-чевами... - дейди у. – Рамазон айтиб бўлганимиздан кейин тушган даромадни бўлишамиз, лекин менга бошқалардан кўра кўпроқ тегади.

25 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистон 14 йиллик мустақиллик мобайнида ҳам юозор ислоҳотларини ўтказа олмади. Мустақил экспертларга кўра, нурсиз фақирлик кўплаб ўзбекистонликларни тиланчилик қилишга мажбур қилмоқда.

Мустақил ижтимоиётчи Баҳодир Мусаевга кўра, “бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми фақат битта ташвиш билан - бир кунини қандай ўтказиш ташвиши билан яшамоқда. Жамиятда тушкунлик ва эртанги кунга ишончсизлик ошиб бораяпти”.

Аммо андижонликларнинг кўпчилиги, уларга кўра, диний анъанадан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланаётганларга нисбатан ҳамдардлик ҳис қилмайдилар.

Кўплаб андижонликлар каби нафақахўр Содиқжон Раҳмонов бу каби ҳатти-ҳаракатларни шаккоклик деб билади, бунинг устига қўшиқ матнлари анча ўзгартирилган.

- Илгариги вақтларда қўшиқ одамларга бошқача таъсир қиларди. У эшитганингда йиғлатадиган даражада пок ва кўтаринки эди. Энди ҳозирда болалар айтаётган қўшиқни эшитиб кўринг-а. Қанақадир телба-тескари жумлаларни айтаяптилар, - дейди Раҳмонов аччиқланиб.

Ислом руҳонийларининг айтишларича, Рамазонда қўшиқ айтиш тарихи пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом замонларига бориб тақалади. Ҳар тонг қуёш чиқишидан аввал саҳобалар уйма-уй юришиб, одамларни уйғотганлар ҳамда Рамазон айтишиб, муборак ой билан бир-бирларини қутлардилар. Қўшиқ сўзлари оғиздан-оғизга, авлоддан-авлодга ўтиб келган.

Баъзи диний арбоблар муборак Рамазон қўшиғи айтиш бугунги кунда тиланчилик шаклига айланиб қолганлигини рад этадилар.

- Рамазон айтиб келган кимса сизнинг садақангизга зор эмас. Рамазон муҳтожликдан келиб чиқиб айтилмайди, - дейди Андижондаги Саид Муҳиддин Махдум номли Ислом билим юрти ўқитувчиси Ғанижон қори Қосимов. – Болаларнинг Рамазон сўзларини ўзлари истаганларича алмаштириши эса уларнинг айби эмас. Шунчаки уларга буни ҳеч ким яхшилаб ўргатмаган. Менинг бу давоим кўпроқ ота-оналарга ва диний дарслар ўқитувчиларига кўпроқ тегишли. Муборак қўшиқнинг қадимги сўзларини болаларимизга ўргатиш бизнинг бурчимиз бўлиб ҳисобланади.