11:33 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Франция Гулнора Каримовага қарашли кўчмас мулкни ҳибсга олди

13.02.2015 08:29 msk

Фарғона

шато Груссе фотосуратларини Google қидирув тизими орқали топдик
Франция суди коррупция ва пул ювиш бўйича жиноят ишларининг текшируви доирасида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли кўчмас мулкни ҳибсга олди, дея хабар беради Agence France-Presse.

Ахборот агентлиги маълумотига кўра, 2014 йил сентябрда “уюшган жиноий гуруҳ томонидан пул ювиш” ҳамда “чет эллик мансабдор шахсларнинг коррупциявий ҳаракатларининг” тахмин қилинаётган ҳолатларини текшируви билан шуғулланаётган судья Серж Турнер (Serge Tournaire) 2011 йил июнда 28 млн еврога сотиб олинган ҳашаматли Груссе қасрини (Ch?teau de Groussay), Сан-Тропе яқинидаги Гассинида жойлашган виллани (2010 йилда 2,8 млн еврога сотиб олинган) ҳамда Парижнинг нуфузли ўн олтинчи округида жойлашган квартиларни (2009 йил ноябрида 20 млн еврога сотиб олинган) ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорини чиқарди.

Мазкур кўчмас мулклар Studio Invest, Invest Service Group ва Ruby International компаниялари томонидан сотиб олинган, бироқ ўтказилган текширувлар компанияларнинг ортида Гулнора Каримова ва унинг никоҳдаги эри Рустам Мадумаров турганини кўрсатди.

Терговчилар бу кўчмас мулкни сотиб олишга Ўзбекстондаги телекоммуникация бозорига чиқиш ниятидаги Швеция, Россия, Голландия компаниялари иштирокида амалга оширилган коррупциявий схемалар натижасида олинган маблағларнинг бир қисми сарфланган деб ҳисобламоқдалар. Тергов маълумотига кўра, Каримова 2007 йил декабрдан бошлаб 2010 ноябргача Гибралтардаги оффшорда рўйхатга олинган компания орқали лецензиялар эвазига 324 млн долларга яқин пул олган.

Груссе қасри

Гибралтардаги компания деганда ўзбек бозорига Coscom и VimpelCom Ltd компанияларининг кириб келиши ортидан келиб чиққан коррупциявий жанжаллар билан боғлиқ ҳамда Гаянэ Авкян номига рўйхатга олинган Takilant фирмаси назарда тутилаётгани равшан. Авакян айни пайтда Ўзбекистондаги жазони ўташ колонияларидан бирида, Каримова эса норасмий маълумотларга кўра уй қамоғида ўтирибди

Либерасьон газетаси AFP хабарини чоп этди

Эслатиб ўтамиз, Париждаги Каримовага қарашли уй ҳамда Сан-Тропедаги вилланинг хатлангани тўғрисидаги хабарлар 2013 йил ёзида, Гулноранинг Женевадаги БМТ ваколатхонасида ва бошқа халқаро ташкилотларда ваколати тугатилгани тўғрисидаги хабарлар билан деярли бир вақтда пайдо бўлганди.

Гулнора Каримова ўзини қўшиқчи ва заргарлик буюмлари дизайнери сифатида кўрсатишга интилиб келган: Гарвард университетининг битирувчиси сиёсий фанлар доктори даражасини олди, Тошкентдаги Сиёсий тадқиқотлар маркази ҳамда “Маданият ва санъат форуми”га раҳбарлик қилди, 2008 йилнинг сентябрида эса Женевадаги БМТ бўлимида ва бошқа халқаро ташкилтларида Ўзбекистоннинг доимий вакили, 2010 йил январида Ўзбекистон Республикасининг Испания Қироллигида Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланди. Унинг номи бир неча бор Швейцариянинг энг бой одамлари рўйхатига киритилди. Гулнора Каримова ва унинг ишончли одамларига тегишли объектлар реестри бир неча бор интернетда чиқарилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама