11:30 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Президент Ислом Каримов икки ҳафтадан бери одамларга кўринмаяпти

12.02.2015 21:29 msk

Фарғона

Ўзбекистонда сайловолди кампанияси авжида, аммо нозодлардан бирортаси ҳамда 77 ёшли Ислом Каримов 15 кундан бери на одамлар олдига ва на сайловолди янгиликларида чиқяпти. Бу эса турли,шу жумладан, мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) сайтида 2015 йилнинг 28 январида пайдо бўлган хабарларга асосланган миш-мишларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Уларда айтилишича, Каримов 28 январь куни кечқурун соат 20:30 атрофида Кўксарой (Дўрмон) қароргоҳида кечки овқат пайтида ҳушидан кетиб комага тушиб қолган. Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов, бош вазир Шавкат Мирзияев ва Президент хавфсизлик хизмати бошлиғи Муйижон Тоҳирий 29 январь куни эрталаб Кўксаройга зудлик билан етиб келишган. Республика Кардиология марказининг бир гуруҳ шифокорлари сай-ҳаракати билан кечга бориб Каримов комадан чиққан. 30 январь куни соат 11 гача президент реанимация бўлимида ётган, кейин уни ётоқхонага ўтказиб қўйишди. Бир неча соат ўтиб Каримовнинг аҳволи анча яхшиланган ва у туғилган куни муносабати билан белгиланган зиёфатни бекор қилмаслик тўғрисида буйруқ берган.

Зиёфат давомида президент ўзини бардам тутишга ҳаракат қилган: меҳмонлар билан ҳазиллашиб, шифокорларнинг тақиқлаганига қарамай, спиртли ичимликларни намойишкорона кўтариб турган. Аммо меҳмонлар Каримовнинг оғир нафас олаётганини, сўзлари секин ва тушунарсиз чиқаётганини сезишган.

Эртасига, 31 январь куни Ислом Каримов Дўрмонга бош оғриқлар билан қайтиб келди, тушликдан сўнг нафаси бўғилаётганидан шикоят қилиб, биринчи февраль куни ётиб қолди. 4 февралга келиб унинг аҳволи бироз яхшиланди ва эртаси куни у Оқсаройга ишга борди. Бироқ тушдан кейин аҳволи ёмонлашиб Дўрмонга қайтиб келди.

ЎХҲ маълумотлари шунақа. “Фарғона” бу хабарни бирор манба тасдиқлаши ёки инкор этишини кутиб, чоп этмай турган.

Қайд этамиз, Ислом Каримов сўнгги бор одамларга 27 январь куни кўринган – ўшанда президент матбуот хизмати давлат раҳбариАҚШнинг янги элчиси Памела Спратлендан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олгани ҳақида хабар берганди.

Ҳар ҳолда, “Фарғона” агентлигининг Ўзбекистондаги манбаларига кўра, Каримов сўнгги кунларда фақат стратегик муҳим бўлган шерикларнинг элчиларини қабул қиляпти, холос. Қолган элчилар билан фақат ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов учрашмоқда. Бундан ташқари, олдинлари президентни вилоятларга чиқаётганини тез-тез кўриб туриш мумкин эди, уни теливизорда ҳам камроқ кўрсатишяпти, сўнги бор телетомошабинлар уни 27 январь куни АҚШ элчиси билан учрашаётганини кўришган. “Ахборот” янгиликлар дастурининг ҳафталик шарҳи бўлмиш “Таҳлилнома”нинг сўнгги дастури ҳам Каримовнинг шубҳаларни тасдиқламоқда: 2-8 февраль ҳафтасидаги янгиликлар шарҳида Каримовни кўрсатишмади, ҳолбуки кўрсатув президент сайловларига тайёргарчиликнинг боришига бағишланган эди.

Яндекс қидирув тизимига “комага тушиб қолди” (“впал в кому”) деган савол киритилса, Ислом Каримов номи билан боғлиқ вариантлар таклиф этилмоқда.

Uzdaily.uz нашри 6 февраль куни Ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеп) қурултойида Каримовнинг сўзга чиққани тўғрисидаги хабари ҳам кишини шубҳалантириб қўйди. “Фарғона” Uzdaily.uz нашрига ишорат билан бу хабарни ўз сайтида чоп этди, аммо бу хабар ўзбек ахборот агентлигининг саҳиафасидан бир неча соатга йўқолиб қолди. Бошқа расмий ахборот агентликларидан бирортаси ҳам чоп этмагани бу хабарнинг ишончлиги борасидаги шубҳаларни янада кучайтириб юборди: Каримовнинг ҳар бир қадами ҳақида хабар беришга одатланиб қолган расмий нашрлар президентнинг ЎзЛиДеп қурултойида эълон қилган дастурий маърузасини негадир эътиборга олмадилар, давлат раҳбарининг матбуот хизмати веб-сайтида ҳам қурултой ҳақида ҳеч қанақа хабар йўқ. Бизга Каримовнинг қурултойда иштирок этмаганини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг ЎзЛиДеп қурултойи ҳақида ҳикоя қилувчи видеоматериали ҳам тасдиқлаяпти, деб маълум қилдилар, аммо биз буни текшира олмадик: МТРК сайти ҳам, мамлакатнинг бош ахборот манбаси ЎзА сайти ҳам очилмаяпти. ЎзЛиДеп қурултойи ҳақида батафсил ҳикоя қилган 12news.uz сайти ҳам унда президентнинг иштироки ҳақида эслб ҳам ўтирмади. Партиянинг сайти ҳам негадир очилмаяпти.

ЎХҲ маълумотига кўра, Каримов комага тушганидан бери ҳокимият вақтинча МХХ раиси Рустам Иноятовнинг қўлига ўтган. У президентнинг касаллангани тўғрисида ҳозирча халқ билмаслик керак, деган хулосага келгани боис қатор чора ва тадбирларни кўрди. Хуусан, 30 январь куни МТРК Иноятовнинг топшириғига мувофиқ кечки дастурларга ўзгартириш киритиб, икки ҳафта олдин намойиш этилган президентнинг вазирлар маҳкамасида сўзлаган нутқини намойиш этди. 5 февраль куни кечқурун ЎзЛиДеп раҳбариятига Ислом Каримовнинг шу партиядан президентлик лавозимига номзод сифатида маъруза қилиши учун партия конференциясини ташкил этиш вазифаси топширилди. Расмий оммавий ахборот воситаларига “ЎзЛиДеп номзодининг сайловолди дастурини кенг ёритиш” вазифаси топширилди, дея давом этади ЎХҲ. Каримов қурултойга кела олмади, аммо афтидан, ОАВ учун унинг ЎзЛиДеп қурултойида иштироки тўғрисида хабарнома тайёрлаб қўйилди.

Шу вақт мобайнида бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари Ислом Каримовнинг касал бўлиб қолгани ҳақидаги хабарларни зўр бериб тарқата бошладилар, унинг вориси ким бўлиши мумкинлиги тўғрисида турли фаразларни илгари сурмоқдалар. Бироқ Ўзбекистоннинг ўзида миш-мишларга ишонишмаяпти: у ердагиларнинг таъкидлашича, агар давлат раҳбарига бирор нарса бўлиб қолганида, Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳарбий бўлинмалар фаоллашиб қолганини сезиш мумкин бўларди, аммо бунақа аҳвол кузатилмаяпти, демак - “Бағдодда ҳаммаёқ тинч”. Каримовнинг касал бўлиб қолгани ва ҳатто вафот этгани тўғрисидаги миш-мишлар илгари ҳам чиқиб турган.

Шу билан бирга, Podrobno.uz ёзишича, Тошкент кўчаларида Ўзбекистон учун ғайриоддий “Jin Motors” махсус техника пайдо бўлиб қолди. Facebook жтимоий тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳининг иштирокчилари бу техника оламонни тўзитиш учун ишлатиладиган водомет эканлигини билиб қолдилар.


Тошкент кўчаларидаги махсус техника

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама