11:50 msk, 15 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Рашод Камалов: Обрўли имомми ёки Қирғизистоннинг бош “исломчиси”?

12.02.2015 15:20 msk

Шоҳруҳ Соипов, Даниил Кислов

Фото © “Фарғона”. Бошқа манбалар фотосуратлар остида кўрсатилган.

Қирғизистон жанубида саккиз йил олдин бакиевчи махсус хизматлар ходимлари томонидан отиб ўлдирилган қорасувлик нуфузли уламонинг ўғли, ёш бўлишига қарамай, мусулмонлар орасида катта обрўга эга бўлган имом Рашод Камолов ҳибсга олинди. Расмийларнинг таъкидлашича, Камолов ўзининг ташвиқоти билан одамларни “зомби”га айлантириб, Суриядаги урушга сафабар қилаётганини исботловчи ишонарли далилларни тўплаган. Адвокатлар ўз навбатида Камолов айбдор эмас ва милициянинг ҳаракатлари ноқонуний, деб билдирмоқдалар. Вазиятни аниқлаштириш осон эмас, аммо шу нарса очиқ ва равшанки, “экстремизмга қарши кураш” йўлида муваффақиятга эришиш учун тергов органлари аввалгидек фуқароларнинг ҳуқуқларига ҳамда қонуннинг барча талабларига риоя қилиш зарурлигини унутмоқдалар.

***

Суд 11 февраль, чоршанба куни кечқурун Ўш вилояти Қорасув туманидаги “Ас-Сарахсий” масжидининг 37 ёшли имом-хатиби Рашод Камоловга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини кўриб чиқди. Икки кун олдин қўлга олинган Камолов ҳалифалик тузишга чақириш, Суриядаги уруш борасида экстремистик фикрларни билдиришда гумонланмоқда. Суд Камоловни икки ойга қамоқда сақлаш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда гумонланувчининг адвокати Назгул Суйунбаева “Фарғона” агентлигига маълум қилди.

“Рашод Камолов Қирғиз Республикаси Жиноят кодексининг 299 (миллий, ирқий, диний ёки динлар ўртасида адоват қўзғатиш) ва 299-1 (миллий, ирқий, диний ёки динлар ўртасида адоват қўзғатишга йўналтирилган фаолиятни уюштириш) моддалари бўйича айбланмоқда. Суд мажлиси Ўш шаҳар ИИБ биносида бўлиб ўтди. Бу тўғри эмас. Судья келиб қарорни чиқардию, кетди. У ҳатто биз судьяга ишончсизлик билдиришимиз мумкинлиги ҳолатини ҳам эътиборга олмади. Биз суднинг қарори устидан юқори инстанцияларга шикоят қиламиз”, - деди адвокат журналистларга.

Қирғизистон ИИВ 10-бошқармаси бошлиғи Раим Салимовнинг айтишича, Қорасув туманида яшайдиган 10 киши “Ас-Сарахсий” масжиди имоми устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилишган. Шикоятчилар таъкидлашича, имом уларнинг фарзандларини Суриядаги урушга боришга даъват қилган.


Рашод Камолов иши бўйича суд мажлиси Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг хоналаридан бирида бўлиб ўтди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва спецназ ходимлари хавфсизликни таъминлаш мақсадида ИИВ ҳудудини қуршаб олдилар.

“Болаларини Сурриядаги урушга жўнатган ўша масжид имоми устидан мурожаат қилганлар кўп. Аммо уларнинг кўпи ариза ёзишга қўрқиб туришибди, ҳозирча ўн киши ёзди, холос. Бундан ташқари, имомга бу ишда кўмак бериб келган шерикларининг кимлиги ҳам аниқланди. Камоловга қарши кўрсатма берганлар айнан Қорасувдан ва у ҳаракат қилиб юрган бошқа ерлардан. Унинг олдига масжидга келган одамлар бир зумда “зомби”га айланиб қолишарди”, - дейди Раим Салимов 11 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Камолов қўлга олинган куннинг ўзидаёқ ИИВ 10-бошқарма ходимлари экстремистик ва террорчилик фаолиятида гумонланган одамлар истиқомат қиладиган 22 та манзил бўйича тинтув ўтказдилар.

“Рашод Камоловнинг уйида DVD-дисклар, флеш-карталар, қанлайдир журналлар мусодара қилинди. Бу нарсаларнинг ҳаммаси, мусодара қилинган варақалар ва адабиётлар айни пайтда теологик экспертизага топширилган. Унинг хулосалари олиниши билан жуда кўплаб одамларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилади. Шунингдек, Камолов ҳозир масжидда ким бўлиб ишлаётгани тўғрисидаги маълумотга аниқлик киритиляпти. Олдинлари маҳаллий аҳоли уни имом дейишарди, кейин бўлса у имом эмас, деган гаплар чиқди. Текширув давомида унинг гувоҳномасида имом эканлигини тасдиқловчи ёзув борлиги аниқланди”, - дейди ҚР ИИВ 10-бошқарма раҳбарининг ўринбосари Раим Салимов. “Фарғона” агентлигининг YouTube даги каналида унинг ҳамма гапирган гапларини кўришингиз мумкин.


Раим Салимов

Раим Салимовга кўра, Камоловни қўлга олишаётган пайтда у яшаб турган жойда 500 дан зиёд ғазабнок кайфиятдаги одамлар тўпланишган. Улар қўлга олинганнинг уйида тинтув ўтказишаётганда тергов органларига тўсқинлик қилишга уриндилар, бироқ иғвогарлик ҳаракатларнинг олди олинди.

Салимовнинг матбуот анжуманидан сўнг имом Рашод Камоловнинг адвокатлари ҳам журналистлар учун брифинг уюштирдилар. Улар тинтув давомида топилган китобларнинг теологик экспертиза натижалари ноқонуний йўл билан олинганини маълум қилдилар. Тергов органлари энг жўн процедурани қўпол равишда бузиб, экспертиза учун материалларни бунақанги таҳлилларни ўтказишга ҳеч қанақа ваколати йўқ ташкилотга оширдилар.

Камолов ҳимоячиларининг матбуот анжуманини тўлиқ видеоёзувини

Полная видеозаписьпресс-конференции защитников Камалова доступна “Фарғона” агентлигининг YouTube даги каналида кўришингиз мумкин.


Рашод Камаловнинг ҳимоячилари

“Камолов қўлга олинганида, унинг ёнидан гўё экстремистик ғоялар тўлдирилган диск топилган экан. Дискнинг экспертизаси бунга ваколати йўқ бўлган ташкилотдан олинган. Экспертизани Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси ўтказган, ҳолбуки бунақа хулоса беришга унинг ваколати йўқ ”, - дея билдирдилар адвокатлар. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бу каби ишлар Суд экспертизалари марказида ўтказиши лозим.


“Ас-Сарахсий” Марказий масжиди. АКИpress архивидан олинган фотосурат. 11 февраль куни баъзи манбалар Қорасувда 200 киши Рашод Камоловнинг ҳимоясига митингга чиқдилар, деб маълум қилдилар. Бироқ бу маълумотни на Камоловнинг тарафдорлари ва на ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тасдиқладилар.

Рашод Камалов ким ўзи?

Рашод Камолов – миллати ўзбек, таниқли уламо Муҳаммадрафиқ (Рафиқ қори) Камоловнинг ўғли. Нуфузли француз исломшуноси, профессор Стефан Дюдуаньонга кўра, Рафиқ Камолов ва унинг дом-дараксиз йўқолган қариндоши Абдували қори Мирзаев (улар йўқ қилингунига қадар) постсовет Марказий Осиё мамлакатларидаги “реформистик ислом”нинг етакчи фигуралари бўлишган.

Рафиқ қорини 2006 йилдан бошлаб террорчиларга кўмак беришда гумонлаб, сўроқларга чақириб туришар, аммо ҳибсга олиш учун етарли далиллар топилмагани боис қўйиб юборишарди. 2006 йил августида Муҳаммадрафиқ Камолов ҳарбий блокпостдан ўтаётган пайтда спецназ томонидан отиб ўлдирилган. Кейинроқ расмийларнинг билдиришича, мазкур қотиллик ўзбек ва қирғиз махсус хизматларининг Ўш вилоятида биргаликда ўтказган аксилисломий махсус амалиёти давомида содир этилган.

Мухаммадрафик Камалов
Муҳаммадрафиқ Камалов. Д.Кислов фотоси, 2006 йил

Бироқ оммавий норозилик акциялар бошланиб кетишидан хавотирланган расмийлар аввалига “нуфузли уламо ундан тирик қалқон сифатида фойдаланиш мақсадида террорчилар томонидан гаровга олинган ва у ҳалок бўлган тақдирда, унинг номидан вазиятни таранглаштириш, мусулмонларни ҳокимият идораларига қарши тўқнашувларни келтириб чиқариш ва шу йўл билан минтақада вазиятни издан чиқаришни кўзлаганлар”, деб билдиргандилар.

Бир неча ой ўтиб фиқҳ олими Камолов тўғрисида ҳаваскорлик кинофильми суратга олинди. Ўша пайтда мамлакат Ҳақиқатчиси (Омбудсмен) Турсунбай Бакир уулу қорасувлик имомнинг ҳалокати одатий ҳол ёки тасодиф эмас, деб билдирди. “М. Камоловни ақалли ҳибсга олишга уринмасдан отиб ўлдирган ва бу иш эҳтимол ўзбекистонлик махсус хизматларнинг илтимоси билан амалга оширилган бўлиши мумкин. Шундай қилиб, қачонлардан бери расмий Тошкентни асабийлаштириб келган одамни йўқ қилдилар”.

Рафиқ қорини мамлакат учун оғир бўлган, президент Қурманбек Бакиев ҳукмдорлик қилаётган даврда йўқ қилдилар. Унинг ўғли Рашод қорининг нуфузи тобора ошиб бораётгани ҳам афтидан мамлакатнинг янги расмийларини ташвишга солаётганга ўхшайди.

Рашод Камалов
Рашод Камалов. “Азаттык” фотоси, 2011 йил

2011 йил бошида отасининг ўрнига Қорасувдаги масжидга имом бўлган Рашод Камоловни фирибгарликда гумон билан ҳибсга олдилар. Бироқ суд уни айбдор эмас, деган хулосага келиб бир ойдан сўнг озод қилди. Бу ҳақда Рашод Камолов “Азаттык” радиосига интервьюда сўзлаб берди. “Суд менга нисбатан фирибгарлик бўйича қўйилган айбловларни асоссиз деб топиб, озодликка чиқариб юборди. Мен бунақа ишларни қилмаганман. Тергов асосан масжидда имом вазифасини қандай қилиб бажариб келганим ҳақида қизиқди”, - деган эди у.

Камолов, шунингдек, уни имом сифатида обрўсизлантириш мақсадида тергов учун далиллар сохталаштирилган, деб билдирганди.

Камолов оиласи атрофидаги вазиятга ойдинлик киритиш осон иш эмас. Бу ерда диншунослар ва ҳуқуқшуносларнинг маслаҳатлари, шунингдек, тергов ва суд органларининг профессионаллиги ва холислиги ҳам зарур. Бироқ ҳозир амалга оширилаётган ишлардан кўриниб турибдики, ҳуқуқ-тартибот органлари “экстремизмга қарши кураш жабҳасида” муваффақиятларга эришишга интилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳамда тергов олиб боришнинг қонун-қоидаларини унутишмоқда.

Бугунги кунда модага айланиб бораётган “Ислом давлатига” қарши кураш мавзуси ҳар қанақа давлат расмийларига ўзлари учун номақбул шахсларни жамият учун хавфли бўлган диний экстремизмда айблаб, жамоатчилик ва ҳуқуқ ҳимоячиларнинг норозилигига ҳам қарамай, уларни йўқ қилиш имкониятини бермоқда. Афтидан, “демократик нуқтаи-назрдан янгиланган” замонавий Қирғизистоннинг жанубида ҳам шунақа ишлар содир бўлаётганга ўхшаяпти.

Шоҳруҳ Соипов, Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги