23:30 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳуқуқ ҳимоячилар президент сайловларида Ислом Каримов учун овоз бермасликка чақирмоқдалар

02.02.2015 16:08 msk

Фарғона

Сурат Икрамов, ЎМҲҲТГ раҳбари
Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) 2 февраль куни мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, республика президенти сайловларида Ислом Каримов номзоди учун овоз бермасликка чақирмоқда. ЎМҲҲТГ қайд этишича, Каримов Ўзбекистон Конституциясини ҳамда кўплаб бошқа қонунларни бузган ҳолда ҳамда маъмурий қўмондонли бошқарув услубларидан фойдаланиб, 26 йил давомида мамлакатни узлуксиз бошқариб келмоқда.

Мустақилликнинг илк йилларидаёқ коммунистларнинг собиқ етакчиси репрессиялар йўли билан мухолифатдаги “Бирлик” ва “Эрк” партияларининг етакчилари ва аъзоларнинг баъзиларини таъқиб остига олиш, қамаш, бошқаларини эса мамлакатдан чиқиб кетишга мажбурлаш йўли билан қатағон остига олди. Бу ишларни амалга оширган Каримов Ўзбекистонда қонунга хилоф равишда ҳукмдорлик жиловини ўз қўлида сақлаб қолмоқда, дейилади ЎМҲҲТГ мурожаатномасида.

Ҳукуматнинг нотавонлиги фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маиший савиясининг таназзулига олиб келди. Мамлакатда амалда сўз эркинлиги, йиғилишлар эркинлиги, дин ва эътиқод эркинлиги, мустақил оммавий ахборот воситалари тақиқланди, халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларининг, фондларнинг ваколатхоналари, ўнлаб чет эллик журналистлар ҳайдаб чиқарилди.

Фуқароларни қўрқитиш билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ҳамда турли даражадаги амалдорлар томонидан коррупция, порахўрлик ва товламачилик авжига чиққан. Турмалар диндорлар, сиёсий фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилар, журналистлар, мамлакатнинг ривожланиши учун катта фойда келтира оладиган тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан тўлиб кетган, дея санаб ўтади ЎМҲҲТГ.

Ўзингизга ўзингиз қуйидагиларни савол беринг:

• Икки қизи ва қариндошлари давлат мулкидан миллиард-миллиард долларларни ўғирлаган, халқ бойлиги, маданият ва санъат асарларини Европа иттифоқи ва АҚШга олиб чиқиб кетган бўлса, Каримов давлатни қандай қилиб бошқаради?

• 2005 йил 13 май куни Андижонда юзлаб одамларнинг отиб ўлдирилишига айбдор бўлган одам давлатни бошқара оладими?

• Нега 12.500 дан зиёд бегуноҳ диндорлар, сиёсий жиҳатдан фаол фуқаролар, тадбиркорлар ва ишбилармонлар йиллаб турмаларда азият чекади?

• Республика фуқароларидан 8 миллиондан зиёд киши Россия, Қозоғистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида ҳамда хорижий мамлакатларда иш излаб излаб юрганига ким айбдор?

• Нега расмийлар бир миллиондан зиёд фуқаролар - талабаларни, мактаб ўқитувчиларини, медицина ходимларини бошқа бюджет ташкилотларининг ходимларини ишдан, ўқишдан ҳайдаш билан қўрқитиб, мажбуран далаларга ҳайдаб пахта пахта теришга мажбурлайдилар?

• Бундан кейин ҳам табиий газсиз, электр таъминотисиз, ичимлик сувисиз арзимаган иш ҳақи, пенсия ва нафақалар эвазига яшашга розимисиз?

Биз сизларни:

1. Ислом Каримовни ёқлаб овоз бермасликка ёки сайловларни бойкот қилишга;

2. Яқинларингизга ва қариндошларингизга сайловда овоз бермаслик ёки сайловларни бойкот қилиш ҳуқуқига эгалигини тушунтиришга;

3. Ўзбекистон СССР таркибида энг ривожланган ва муваффақиятли республикаларидан бири бўлганини ёдда тутишга;

4. Мамалакатнинг онгли фуқароси бўлиб, таҳдид, босим ва шантажлардан қўрқмасликка;

5. Давлатнинг тақдири, болаларингиз ва набираларингиз тақдири сизнинг қўлингизда эканлигини билишга;

6. Мустақил Ўзбекистоннинг ҳақиқий хўжайини сиз эканлигингизни унутмасликка чақирамиз, - дея мурожаат қилади ЎМҲҲТГ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти сайловлари 2014 йил 29 март куни бўлиб ўтади. Сайловларда Ислом Каримовнинг рақиблари ролини ижро этиб бериш ХДП вакили Хатамжон Кетмоновга, “Адолат” партиясининг вакили Наримон Умаровга ва Миллий тикланиш партиясининг вакили Акмал Саидовга топширилган. Ислом Каримовнинг номзодини эса Ўзбекистон Либерал-демократлар партияси кўрсатган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги