10:29 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда телефонида диний роликлар топилган Россия фуқароси жавобгарликка тортилди

30.01.2015 17:17 msk

Фарғона

Ўзбекистонда 2014 йил ноябрда қўлга олинган икки доғистонлик ҳайдовчилардан бири телефонида диний мазмундаги видеороликлар топилгани учун суд томонидан жавобгарликка тортилди.

Кавполит 29 январь куни берган хабарига кўра, 21 ёшли Алисултан Абакиров 1500 доллар миқдорида жарима тўлашга ҳукм қилинди, шундан сўнг у 39 ёшли тоғаси Хасаев Магомедсайид билан ватанига бадарға қилинади.

Эслатиб ўтамиз, узоқ масофага қатнайдиган катта юкли “Вольво” автомашинасининг ҳайдовчилари Абакиров ва Хасаев логистика компаниясининг топшириғига биноан Грузиядан Ўзбекистонга мандарин ташиб юрган. 2014 йил 28 ноябрь куни Қорақалпоғистоннинг “Довудота” назорат ўтказиш пунктига етиб келиб, одатдаги божхона ва чегара назоратидан ўта бошладилар. Божхона ходимлари Хасаевдан ўзи билан олиб юрган китоблари борми деб сўрадилар. У ислом ақидаларини баён этувчи араб тилидаги иккита китоби борлигини айтди. Бу китобларни у Доғистон Ислом университетида ўқиб юрган пайтида сотиб олган, улар Россияда тақиқланган китоблар рўйхатига киритилмаган ва эркин савдода топилади.

Назоратчилар, шунингдек, доғистонлик ҳайдовчиларнинг телефонларидаги диний мазмундаги видеороликлар билан қизиқиб қолдилар. Божхона ходимлари Россия фуқароларини қўлга олдилар, китоб ва телефонларини мусодара қилиб, Тошкетга экспертизага жўнатдилар, дальнобойшчиклар миниб келган машина ҳибсга олинди, ҳайдовчиларга Нукусни тарк этмасликни амр этдилар.

“Телефонимда диний мазмундаги файллар бор эди. Галереямда WattsАpp орқали “ташланган” Яқин Шарқдаги воқеаларни акс этувчи кадрлар бор эди, шунга ёпишиб олдилар. Тошкентда ўтказилган экспертиза бу видеоларни Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланган ва уларни ўчириш керак деган хулосага келди. Биз буни қаердан билайлик? Лекин шунга қарамай, мени жиноий жавобгарликка тортдилар. Аввалига уларга тоғамнинг ўз қўли билан берган китоблари ҳам ёқмади. Божхона терговчиси далолатномада гўё бу китобларни ўзи топиб мусодара қилган, деб кўрсатди, ҳолбуки тоғамнинг ўзи унга берганди. Пировардида, китобларга эътироз бўлмади”, - дейди “Кавполит” мухбири билан суҳбатда Алисултан Абакиров.

Алисултан Абакаров
Алисултан Абакаров

Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246 моддаси бўйича (“Контрабанда”) жиноий иш қўзғадилар (беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган). Бироқ Абакировнинг айтишича, уларнинг адвокати ишнинг кўзини билган одам экан, натижада улар фақат жарима билан қутилиб қолдилар. Лекин Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасидан ёки Бош консулхонасидан ҳимоя топишга бўлган умидлар Абакировнинг айтишича пучга чиқди: “Улар биз билан ҳатто гапиришни ҳам истамадилар, бизнинг кимлигимизни, нега қўлга олинганимизни билишганидан кейин эса қўнғироқларимизга жавоб ҳам бермай қўйишди”.

Қўлга олинган доғистонликларнинг иши билан шуғулланиб келган Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг аъзоси Баҳром Ҳамроев “Кавполит” нашрига маълум қилишича, у Россия ташқи ишлар вазирлиги департаментларидан бирининг бошлиғи ҳамда Россиянинг Ўзбекистондаги консули билан шахсан суҳбатлашган. “Москвадаги дипломат менга нима деганини биласизми? У “Вой, Ўзбекистон билан келишиб олиш жуда қийин, бирор нарсани сўрасангиз, қоғоз жўнатинг, деб туриб олишади”. Унинг гапларидан “ўзбек шериклар” билан муносабатларнинг бунақанги шаклланишидан норозилик оҳангларини сезиб қолдим. Тошкентдаги консулхонадан эса қанақадир бемаъни, мазмунсиз жавоб келди. Қайта мурожаат қилсак, бизга бунақа масала билан мурожаат қилманглар, бошқача жавоб ололмайсизлар, дея дакки беришди”, - дейди Ҳамроев.

Доғистонлик дальнобойшчикларнинг саргузаштлари бир вақтлар сайтимиз билан ҳамкорлик қилган тожикистонлик журналист Шуҳрат Шодиев воқеасини эсга солди. У 2009 йил ёзида Қозоғистон билан Ўзбекистон чегарасида тожикистон поездидан тушириб қолинган ҳамда мамлакатга қурол ва тақиқланган адаибётлар олиб киришга уринишда айбланган эди. Унинг қўлидаги юки ичидан Тожикистонда чоп этилган газеталар, Қуръон маъноларинг рус тилидаги таржимаси (таржимон Крачковский), Грозний шаҳар марказий кутубхонасидан сотиб олинган бир нечта китоблар (Шодиев Чеченистон пойтахтидан қайтаётганди), унинг ўзи ёзган мақолалар, чечен қўшиқчилари ижросидаги дисклар ва ўғли учун совға сифатида сотиб олинган пневматк пистолет топилди. (Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари унинг юки оргасига бир пачка варақа ҳам тиқиб қўйдилар ва Шодиев юкидан топилган буюмлар рўйхатига тиркаб қўйдилар, бироқ журналист қатъий туриб олиб, бу рўйхатни имзоламай, ўз рўйхатини тузди). Шодиевга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246 моддаси бўйича айблов қўймоқчи бўлдилар, аммо ўша пайтда Ўзбекистон Мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан амнистия чиқиб, уни озодликка чиқариб юбордилар.

Икки пенсионер аёл – ўзбекистонлик Татьяна Жўраева ва россиялик Тамара Талашманова ҳам ўзбек чегарасидан ўтишнинг нозик жиҳатларини билмасликнинг оғир оқибатини бошидан кечирдилар. Жўраевага опаси почта орқали тўртта пачкада клофелин (клонидин) жўнатганди, жўнатма Жўраевага етиб бормади. Уни ўзбек божхона ходимлари ушлаб қолдилар. Талашманова эса аэропортда юкининг ичидан бир пачка феназепам топилгани учун қўлга олинди.

2013 йил декабрда Литва Фуқароси Пятрас Чюжас ўзининг фурасида Афғонистондаги АҚШ қуролли кучлари учун 20 тонна озиқ-овқат олиб кетаётганди, унинг ёнидан топилган саккизта таблетка уйқу дориси жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлди. Ўзбекистон Олий суди ажримига мувофиқ, Чюжас “Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали божхона назоратини четлаб психотроп моддаларини сотиш ниятисиз сақлаш ва олиб ўтишда” айбланди. Лекин жиноят иши “айбдорликни аниқлаш масаласини ҳал этмай туриб тўхтатишга” қарор қилинди. Литва ташқи ишлар вазирлиги аралашгани боис бу масала ижобий ҳал этилди. Бунгача Чюжас бир ярим ой Нукусда қамоқда ўтирди, шу вақт ичида эса ўғлидан хавотир олган Литвадаги онаси вафот этди.

2014 йил июнида эса ҳудди шунақа муаммога италиялик врач Норберт Пескота дуч келди: аэропортдаги текширув давомида унинг ёнидан Ўзбекистонда тақиқланган делоразепам деган қўрқувни енгадиган ва тинчлантирувчи дорини топиб олдилар. Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси сай-ҳаракатлари билан Пекостани оқлаб озодликка чиқариб юбордилар, аммо у беш йилгача Ўзбекистон ҳудудига кира олмайди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги