16:52 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Экспортга қанча кўп газ чиқарилса, аҳоли учун шунчалик кам ёқилғи қолади

23.01.2015 10:51 msk

Фарғона.

Марказий Осиё--Хитой газ қувурининг тўртинчи тармоғининг ўзбек участкаси қурилиши 2015 йилнинг иккинчи ярмида бошланади. Қиймати 800 млн долларга тенг иншоотнинг узунлиги 200 километрга чўзилиши ҳақида РИА Новости агентлигига Хитой миллий нефть ва газ корпорациясининг (CNPC) ўзини таништирмаган вакили маълум қилди.

Тўртинчи тармоқ Ўзбекистон ҳудудида ишлаб турган газ қувури инфратузилмасини Тожикистонда қурилаётган участка билан боғлайди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг қурилиши 2008 йил июлида бошланган бўлиб, унинг биринчи навбати 2009 йил декабрда ишга киритилган. Режага мувофиқ газ қувурининг умумий узунлиги ўн минг километрга бориб қолади ҳамда бешта мамлакат – Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Хитой ҳудуларини қамраб олади. Газ қувурининг қуввати 85 млрд куб метрни ташкил этиши кутилмоқда.

Ҳозир Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан ўтиб турган тармоқнинг узунлиги етти минг километрга бориб қолган. Хитойда газ қувури Гуанжоу шаҳрига қадар ётқизилган, у ердан газ мавжуд тармоқлар орқали тақсимланади.

“Ўзнефтегаз” ва CNPC томонидан 2008 йилда тузилган “Asia Trans Gaz” қўшма корхонаси 2008 йил 30 июнь куни ўзбек участкасининг биринчи тармоғининг қурилишини бошлади ва 2009 йил декабрда эксплуатацияга топширди, 2010 йилда иккинчи тармоқ қурилиши ниҳоясига етди. Қўшма корхона 2014 йил декабрда қиймати 2,2 млрд долларга тенг бўлган қувурнинг учинчи тармоғини қуриб битирди ва газ қувурининг қуввати 55 млрд куб метрга етказилди.

2010 йил июнида “Ўзбекнефтегаз” ва CNPC йилига 10 млрд куб метр ҳажмда табиий газ сотиб олиш бўйича шартнома туздилар.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми йилдан-йилга камаймоқда. Мисол учун, Британиянинг British Petroleum (BP) нефть ва газ компаниясининг ҳар йили эълон қиладиган рейтингига кўра, 2010 йилда республикада 59.1 млрд куб метр, 2011 йилда 57 млрд (Ўзбекнефтегаз маълумотига кўра, 63.036 млрд), 2012 йилда – 56.9 млрд, 2013 йилда – 55.2 млрд куб метр газ қазиб чиқарилган(2014 йил учун ВР маълумотларини 2015 йил ўртасида кутиш лозим).

Қазиб чиқарилаётган табиий газ ҳажми борган сари камайиб бораётганига қарамай, Ўзбекистон табиий газни экспортга чиқаришга ва ҳажмини оширишга тайёр. Шу пайтнинг ўзида зангори олов етишмовчилигидан сурункали азият чекаётган мамлакат аҳолиси кўмир, ўтин, қий ва тезак ёқиб исинишга мажбур бўлмоқда.

Энергетика соҳасидаги инқироз ҳақида сўнгги пайтларда ҳатто Ўзбекистоннинг расмий оммавий ахборот воситалари ҳам хабар бера бошладилар. Мисол учун, Podrobno.uz веб-сайти 20 январь куни Қўқондаги мактабларда ўқувчилар совуқ қотиб қолмасликлари учун синфларни қўлбола печка ёқаётганлари ҳақидаги хабарни чоп этди.

“Қўқонда 21 асрда мактаблар мана шунақа қилиб иситилмоқда. Ўқувчилар ўтин печкага қалаб ўтиришибди. Кимга мурожаат қилишни ҳам билмай қолдик. На ҳокимнинг ва на халқ таълими бошқармасининг бу билан иши бор. Шунинг учун ўқувчилар ва ўқитувчилар ёрдам сўраб сизларга мурожаат қилишмоқда”, - дея ёзади Facebook ижтимоий тармоғидаги “Жамоатчилик назорати” (“Общественный контроль”) ҳамжамиятига иштирокчилардан бири. “Ўқиш ва яшашнинг бунақа шароитларини нафақат Қўқонда, балки барча вилоятларда ҳам кузатиш мумкин. Ҳолбуки, табиий газ ўзимизда қазиб чиқарилади. Одамлар неча йиллардан бери бу ҳақда шикоят қиладилар, аммо аҳвол ўзгармаган, эски тос – эски ҳаммом...” , - дея ёзади ҳамжамиятнинг бошқа иштирокчиси. “Учинчи тармоқни ҳам экспортга улаб қўйишса, аҳвол баттар бўлади... унгача ўтин ҳам қолмайди, дарахтларнинг ҳаммаси кесилиб кетади. Тошкетдаги таъминот ҳам ярмига қисқарди...”, - дея жавоб ёзади муҳокаманинг учинчи иштирокчиси.

Қизиғи шундаки, ушбу постга қолдирилган 140 та шарҳдан аксарияти муаллифнинг гапини тасдиқлаб, унинг кўнглини кўтаришга ва қандайдир маслаҳатлар беришга қаратилган бўлишига қарамай, Podrobno.uz муҳокама иштирокчиларнинг ичидан фақат биттасини мисол тариқасида келтиради: “Форум иштирокчиларидан бири “Мана бу ҳақиқий мактаб экан, болаларни ҳаётга ўргатмоқда” деб жавоб берган”.

Йилнинг совуқ мавсумда мустақил оммавий ахборот воситаларида хабарларнинг кўпайиб бориши бир йил олдин аҳвол учун масъул бўлган “Ўзбекнефтегаз” миллий компаниясига ҳам таъсир қилиб, ниҳоят жавоб беришга ҳам мажбур қилди. Жавобини кўриб қўйинг: “Сўнгги йилларда баъзи хорижий интенет-нашрлар баъзи вилоятларнинг аҳолиси газ таъминотидаги узилишлардан азият чекаётгани тўғрисида ҳеч нарсага асосланмаган хабарларни тарқатмоқда. Бу ҳам етмаганидек, ноинсоф муаллифлар республика аҳолиси яқин келажакда фақат ўтин ва кўмирлардан фойдаланади, деган миш-мишларни тарқатмоқдалар.

“Зангори олов” ёқилғиси таъминотидаги узилишлар тўғрисидаги хабарлар ёлғон. Боз устига, республикада ривожланган мамлакатлар амалиётига ўхшаш табиий газ билан биргаликда суюлтирилган газдан самарали фойдаланиш имкониятини берувчи қўшимча инратузилмалар яратилмоқда. Бу тизим барча истеъмолчиларни “зангори олов” билан тўхтовсиз таъминлаш имкониятини беради.

Шу ерда қайд этиб ўтиш жоизки, Ўзбекистонда аҳолига етказиб берилаётган газ ҳажми йилдан-йилга камаймасдан, аксинча кўпайиб бормоқда”, дея ишонч билан билдиради “Ўзбекнефтегаз”. Баёнотнинг давомида ички истеъмолчилар устидан нақадар қайғуриб келинаётганига далил бўлиб хизмат қилувчи муваффақиятлар санаб ўтилади.

Газ қувурларини қураётганлар уларни бўш қолсин деб қурмайдилар. Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг тўртинчи тармоғи ишга тушганида, Ўзбекистон аҳолиси учун етказиб бериладиган табиий газ миқдори янада озаяди. Хитойнинг тобора ривожланиб бораётган иқтисодиётининг энергияга эҳтиёжи ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда ва бу энергия постсовет майдонидаги ер қаъридан суғуриб олинмоқда. Ўзбекистон аҳолиси эса бундан кейин совуқдан янада кўпроқ азият чекади.

Ҳурматли ўзбекистонлик муштарийларимиз! Сиз яшайдиган шаҳар, қишлоқ, маҳаллада газ таъминотидаги аҳвол қандай? Агар бу ҳақда ёзиб юборсангиз, биз ёзганларинигизни чоп этишга тайёрмиз. Мактубларингизни сайтимизнинг бош муҳарририга, dan@kislov.ru электрон почта манзилига ёзинг.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама