21:58 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда дарахтларни яширинча кесиб кетяптилар (фото)

20.01.2015 19:39 msk

Ўз ахб.

Фото «Фергана.Ру»
Тошкентдаги Чилонзор туманининг 5 даҳасида 16 январь куни №32 уй ёнида кўп йиллардан бери ўсиб турган бир нечта дарахтни кесиб кетишди.

“Соғлом, гўзал дарахтларни вахшиёна кесиб кетганларидан жуда қаттиқ аччиқландим, жами бешта кесилган дарахтни кўриб, бунинг ортида ким турганини аниқлаш учун ўзимнинг шахсий текширувимни ўтказишга қарор қилдим, - дейди шу ҳудудда истиқомат қилувчи Динара Латипова. – Чилонзор ҳокимлиги қошидаги туман ободончилик бошқармасига телефон қилсам, ҳаммасини аниқлаб оламан, дея ишончим комил эди. “Истиқлол 10 йиллиги” ширкатининг директори ҳам бу ишнинг бошида маҳаллий “ободончилар” турган бўлса керак, деб айтди. Аммо кейинроқ тушуниб билдимки, кимнингдир тилла кўмилган чумоли уясига чўп суққан эканман”.

Латипова Чилонзорнинг бешинчи даҳасида дарахтлар кесилиши борасида Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига тўхтамасадан бир неча бор телефон қилиши натижасида 227-48-01 телефонига ариза шикоятини қолдира олди. Туман ҳокимлигида (тел. 276-90-90) ободонлаштириш бошқармаси шу кунларда мазкур участкада дарахт кесишга ҳеч кимга рухсат бермаганини маълум қилдилар. Қабулхонада ўтирган аёл овози дарахт кесишга Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан (239-11-71; 277-05-79; 277-75-43) рухсат олиш мумкин, деган тахминни илгари сурди.

Маълумот учун: у ёки бу дарахтни кесиш учун шаҳар, туман ободонлаштириш бошқармалари ва ҳатто Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳам рухсат берувчи ҳужжатга эга бўлиши керак, акс ҳолда маъмурий жазога тортиш учун баҳона тайёр.

Мазкур муассасалардан бирортаси ҳам Латиповага ҳеч нарсани тушунтириб бера олмадилар, ҳамма дарахт кесилишига алоқаси йўқлигини таъкидлади, холос.


Фото «Фергана.Ру»

“Шундан кейин дарахт кесилаётган жойга фотоаппарат кўтариб бордим ва шовқин сола бошладим, одамлар югуриб кела бошладилар, “Хамза” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Равил Саттаров ҳам етиб келди, - дея ҳикоя қилади Латипова. – Унга дарахтлар кесилган ҳамма участкаларни кўрсатдим. Маълум бўлишича, Равил Қаюмович воқеадан хабардор, аммо манзаранинг борини кўрмаган экан. Кўриб даҳшатга тушди. Унга кўра, Чилонзор тумани ободонлаштириш бошқармасида ишлайдиган қандайдир Қаҳрамон исмли бригадир хизмат ваколатларини рўкач қилиб ушбу ноқонуний “ҳунармандчилик” билан шуғулланиб келаётган экан”.

Латипова кесилаётган дарахтлар учун жанжал кўтармоқчи эканлигини Саттаровга айтганида, у жонланиб кетди: “Бизга ёрдам беринг. Мен ҳам уриниб кўргандим, ҳатто туман ИИБга ҳам мурожаат қилдим, аммо бари бесамар кетди. Буларнинг ҳаммасига чидаш жонга тегди. Ахир ниҳоят ўз участкамизда тартиб ўрнатишимиз керакку”.

Латипова номи юқорида зикр қилинган ташкилотларнинг ҳаммасига яна бир бор телефон қилиб чиқди. Туман ободонлаштириш бошқармасида (279-24-85) аввалига унга ҳеч қанақа Қаҳрамон йўқ, деб жавоб бердилар, бироқ узоқ вақт давом этган тортишувлардан сўнг ўзини қўриқчи деб таништирган одам Қаҳрамон чиндан ҳам шу ерда ишлашини, аммо жанжал кўтарилганидан сўнг ободонлаштириш бошқармасининг бошлиғи ўзи шахсан воқеа содир бўлган жойга текширув учун чиқиб кетганини маълум қилди.


Фото «Фергана.Ру»

Латипова кўчага чиқиб кесилган дарахтларни шошилиб машинага юклаётган одамларни кўриб қолди. Уларнинг ёнига келиб, сизларга дарахтни кесишга ким рухсат берди, қўлингизда тегишли қарор борми, деб сўради. Одамлар бошлиғига имо қилдилар.

“Уларни фотосуратга олишга бошлаганимда улар чинакамига хавотирга тушиб қолдилар, - дея давом этади суҳбатдошимиз. Ўзини бошлиқ деб таништирган кимса қолганларга қараб “бу ердан секин жўнаб қолинглар”, дея шивирлади. Ўйладики, мен ўзбекчани тушунмайди, деб. Аввалига ўзини таништиришни истамади, кейни №32 гувоҳномасини кўрсатди, унда “№9 участканинг мастери Абдувасиқ Валиевич Қосимов” деб ёзилганди”.

“Дарахтларни ким кесаётганини билмаймиз, балки қандайдир браконьерлардир, - деди Қосимов. – Бизга уларнинг асбобларини олиб қўйишни, ким ва қаердан эканлигини аниқлаш буюришган”. Латипова билан бирга маҳалла фуқаролари йиғинига келиб раисга ва аёлга “шахсан ўзи ўша Қаҳрамонни маҳаллага разборка қилгани судраб келишини” ваъда қилди.

Шунга қарамай, Тошкентда номаълум кишилар томонидан кесиб кетилаётган дарахтлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда, лекин ҳеч кимни жавобгарликка тортишмаяпти.


Фото «Фергана.Ру»

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида дарахтларни оммавий тарзда кесиш бир неча йилдан бери давом этмоқда. Мисол учун, 2009 йилда Тошкентда Инқилоб Ҳёбони дея аталувчи истироҳат боғида бирорта дарахт қолдирмай кесиб ташладилар. Чирчиқ, Қўқон, Самарқанд ва Фарғонада юзлаб ёши асрлардан ошган дарахтлар кесилмоқда. Уларнинг ўрнига экилаётган арча кўчатлари ёзнинг жазирама иссиғига чидамай, қуриб кетяпти, қуримаганлари эса соя бермаяпти.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги