12:22 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бош вазирнинг оғзаки буйруғи билан ерлар қайта тақсимланади

25.12.2014 14:04 msk

Ўз ахб.

“Фарғона” агентлиги манбаларининг маълум қилишича, Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларига фермер хўжаликларига нисбатан сиёсатни ўзгартириш тўғрисида оғзаки буйруқ берган. Фармойишнинг мазмун-моҳияти шундаки, пахта ва ғаллага ажратилган ерлар салмоғи 20 фоизга камайтирилади, аммо энги яхши, шўрланмаган, тоза ва суғориш учун қулай бўлган ерлар фақат шу экинларга берилади. Қолган ерларни Россия ва Қозоғистондан қайтаётган янги одамларга томорқа экинлари, боғдорчилик ва чорва етиштириш учун берилади.

Бош вазирнинг янги ташаббуси ҳаётга қандай татбиқ этилаётгани ва бунинг натижасида республика қишлоқ хўжалиги қандай ўзгаришларни бошидан кечираётгани ва реал ҳаётда ер тақсимоти қандай амалга оширилаётгани ҳақида фермерлардан бири “Фарғона” агентлигига ҳикоя қилиб берди.

Мирзиёевнинг кириб келиши: молиявий амнистиялар бекор қилинди

Шавкат Мирзиёев 1996-2003 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳоким бўлиб ишлади. 2003 йилда зафар отига миниб, бош вазир лавозимини эгаллаш учун Тошкентга қайтди. Фаолиятини бошланишида президентни фермерларга нисбатан шавқатсиз бўлиш керак, дея ишонтира олди.

Давлат 2003 йилгача ҳар йили фермерларнинг қарзидан кечиб келган. Нефтебазалар, райхимия, МТП, агросаноатлар, солиқ қўмиталарининг ҳаммаси фермерлардан унмай қолган қарзларни Молия вазирлигидан талаб қилиб олишлари керак эди. Фермерларга ҳеч қанақа даъво қўйилмас ва улар ҳар йилни янгидан, тоза саҳифадан бошлар эдилар.

2003 йилда ҳам бирор киши қандайдир янгиликлар бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Фермерлар уюшган ҳолда таъминотчи ташкилотлар билан солиштирма актларини тайёрлашар ва юқори инстанцияларига ҳисоботларини тақдим этиб келишарди. Кўпчилик ҳатто 2004 йилнинг февралида ҳам солиқ органларига баланс ҳисоботларини топширмай, навбатдаги “молиявий авф”ни кутардилар... Ҳисобот топшириш муддати яқинлашиб келар, фермерлар солиқчилар билан: келинг, ҳозир ҳисоботни топширамиз, қарздан кечиш ўғрисидаги фармойиш чиққанидан сўнг эса, уни қайта тўғрилаб қўямиз, деб келишиб олаётгандилар.

Бироқ қайта тўғрилашга тўғри келмади. Ҳисоботларни ўз вақтида топширмаганлар жаримага тортилди.

Ўшандан бери фермерлар давлат томонидан қарзнинг кечилиши деган гапни унутиб қўйдилар. Бугунги кунда таъминотчилар олдидаги бу қарзлар юз-икки юз миллионгача етади. Молия вазирлиги қанақадир қарздорлик суммасини ўчириб турибди, аммо бунинг учун йиллаб кутишга тўғри келгани учун улардан ҳеч қанақа самара йўқ ва фермерларга енгиллик бермаяпти.

Уруғ, кунжара ва шелуха

Авваллари планни бажарган фермерлар пахта заводларидан чигит олиб ёғ заводларига топширишлари мумкин бўлган. Бундан ташқари, фермерларга кунжара ва шелуха берилган, ёғ заводига эса фақат бажарган хизмати учун пул тўланган, холос.

2004 йил охирига келиб чигитдан ёғ чиқариб бериш учун хизмат ҳақи кўтарилиб кетди.

2005 йил охиридан бошлаб фермерларга ёғ бермай қўйдилар ва фақат кунжара ва шелухани қайтариш билан чекланиб қолдилар. 2006 йилдан бошлаб эса чигит фермерларга умуман берилмай қўйилди.

Оптималлаштиришдан кутилган натиэжа чиқмади

2000-2004 йилларда ва 2005 йилнинг бошланишида фермер бўлишни орзу қилмаган одам деярли йўқ бўлган бўлса, 2006-йилга келиб одамлар бу ишдан фойда йўқлигини тушуна бошладилар. Фермерлик муваффақият сари етакловчи бизнес-лойиҳа бўлмай қолди. 2004 йилда фермерга фақат у ишидан воз кечиши учун битта контурдаги битта экин майдонига янги “Нексия” автомобилини беришга тайёр одамлар бўлгани маълум. Ўшанда бўшаб қолган фермерлик хўжалигини эгаллашга номзодлар яна туман ҳокимига ҳам пора бериши лозим эди.

2006 йилдан бошлаб фермер бўлишга интилишлар камайди, 2007 йилда эса бунақа ишни орзу қилганлар умуман йўқолди.

2008 йилда фермер хўжаликларини оптималлаштириш деган нарсани ўйлаб чиқардилар. Ўзбекистон президентининг 2008 йил 6 октябрь куни имзолаган №3077 фармойишига кўра, пахта-буғдойга ихтисослашган фермернинг камида 80 гектар, боғдорчилик йўналишидаги фермернинг – 5 га, чорвачилик билан шуғулланувчи фермернинг 13,5 га ва сабазавот етиштирувчи фермернинг 10 гектар ери бўлиши керак эди. Белгиланган меъёрга нисбатан ери кам бўлган фермер хўжаликларини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўша вақтнинг ўзида кўплаб номақбул фермер хўжаликлари тугатилди. Бундан ташқари, чўнтак қуруқлиги жонга теккан фермерлар ерларини қайтариш тўғрисида ариза ёздилар. Иш шунгача бориб етдики, фермерларни тўплаб, уларнинг қўлларидаги муҳр ва тамғаларни тортиб ола бошладилар.

Авваллари агар фермер хўжалиги “юқори”дан келган буйруқ билан ёпилса, фермер бу қарор устидан инстанцияма-инстанция шикоят қилар, ҳокимга телефон қила оладиган нуфузли ҳомийларни излаб қоларди. 2008 йилда оптималлаштириш баҳонасида фермер хўжаликлари оммавий равишда ёпилган кезда фермерлар қўлларидани муҳр ва тамғаларини участкавой милиционерларга ўз қўллари билан осонликча топширдилар ва шикоят қилишни хаёлига ҳам келтирмадилар. Фермерлар ерларини ташлаб бошқа иш қидириб бошладилар. Афтидан, Россия ва Қозоғистонга иш қидириб кетаётган одамларнинг сони 2008 йил охиридан бошлаб ўса бошлаганга ўхшайди. Президент эса пировардида, уларга дангасалар тамғасини илиб қўйди.

Расмийлар 2009 йилда оптималлаштириш давомида фермерлик ҳаракатига нисбатан хато йўл тутилганини тушундилар, аммо бунақа хатоларни тўғрилаш учун бир неча йил кетди.

Чиндан ҳам 2009 йилда ерлари катта фермер хўжаликлари пайдо бўлгани рост, аммо катта ерларни ҳайдаш учун ҳам жиддий маблағлар зарур эди. Оптималлаштиришни бошлаганларида, фермернинг ери қанча катта бўса, ҳосил ҳам шунчалик кўп бўлади, демак қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олишга учун фойда пули ҳам кўпаяди, деб ўйлагандилар. Бироқ акси бўлиб чиқди. Пахта ва ғаллага давлат ҳарид нархлари йилига жуда борса 5 фоизга ўсади, аммо нефть маҳсулотлари ва минерал ўғитлар баъзи йилларда ҳатто икки баробарига қимматлагани маълум. Банклар томонидан фермерларга бериладиган имтиёзли кредит миқдори фермернинг пахта завод ва элеватор билан тузган шартнома қийматининг 60 фоизи миқдорида берилиши қоида қилиб белгилангани учун имтиёзли кредит миқдорини ҳам кўтариб бўлмайди. Молия вазирлиги ваъда қилган субсидиялар эса йўлда адашиб, манзилини топа олмаяпти...

Молиявий қийинчиликлар туфайли фермерлар катта экин майдонларидаги ерни ҳайдата олмадилар. Айнан шу давр мобайнида чет эллардан ер ҳайдовчи техниканинг келиши тўхтади, 1997-2003 йиларда мавжуд “Магнум”лар эса эскирди. Бундан ташқари, битта контурнинг 50 гектаридан бир қисми албатта шўрланган, бошқа қисми ўт босган ёки олдинги йилларда нотўғри ишлангани боис яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлиб чиқади. Фермер авваллари 50 гектар ерни бир амаллаб эплаб келган бўлса, оптималлаштиришдан кейин унга яна 50 гектар қўшиб берганларида, пул ва техника етишмагани боис ҳеч нима қила олгани йўқ. 2009 йилдан кейин эса “оптималлашган” фермерлар хонавайрон бўла бошладилар.

Пахта ва буғдой бўйича имтиёзли кредитларни банкларга қайтара олмаган фермерларни судга бера бошладилар ва суд қарз эвазига фермернинг техникасини мусодара қилиш бўйича қарор чиқариб келди. Шундай қилиб, 2010 йилнинг бошланишида кўплаб фермерлар техникасиз қолдилар. Боз устига, айнан шу пайтда деҳқончиликдан мутлақо бехабар, аммо пахта ва буғдой ўрнига томорқа экинлари жойлаштирилганини кўрмаганга олиши учун СИУ директори ва ер ўлчовчига пора билишни яхши биладиган муттаҳам фермерлар пайдо бўла бошлади. Томорқа экинлари етиштиришга кўпчилик қизиқади: пахта ва ғалла учун 50-70 гектар ери бор фермерлар 15-30 гектарини сабзавотга ажрата бошладилар. 2014 йил бошида бунақанги “томорқачиларга” қарши репрессиялар бошланди.

Оптималлаштириш аграномлар билан ҳамкорлик қилиб келган фермерларнинг ишига нуқта қўйди, деса ҳам бўлаверади ва оқибатда кўп ерлар яроқсиз ҳолга келиб қолди.

Бош вазирнинг янги ташаббуси

Афтидан, барча камчиликларни таҳлил қилган бош вазир Мирзиёев 2014 йил декабрь ойининг бошида вилоят ҳокимларига оғзаки фармойиш берди, ҳокимлар ҳам ўз навбатида йиғилишлар ўтказиб фермерларга бош вазирнинг фикрларини оғзаки равишда етказдилар.

Шундай қилиб, барча ҳокимларга пахта ва ғалла учун ажратилган ерларни 20 фоизга қисқартириш топшириғи берилди. Аммо бу ерлар тоза, шўрланмаган ва суғориш учун осон бўлиши лозим. Қолган ерлар чорвачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, шу жумладан, картошка етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларини барпо этиш учун биринчи навбатда Россия ва Қозоғистондан қайтиб келаётган қишлоқ аҳолисига беришга қарор қилинди.

Бундан ташқари, фермерга битта контурда турли йўналишдаги икки фермер хўжалигини, мисол учун, пахта-ғалла ва боғ-томорқани жойлаштириш тақиқланмоқда. Гап шундаги, агар фермер ҳам томорқага, ҳам пахтага эгалик қилса, у албатта яхши ерларини томорқага ажратиб, чигитни шўр ерга экиши мумкин.

Проблемы фермеров в Узбекистане
Яроқсиз ерларга куни қолган фермерлар яхши ҳосил етиштира оладиларми? Фото © “Фарғона.Ру”.

Маҳаллий ҳокимларга ҳар бир янги фермернинг насл-насабини синчиклаб ўрганиш топширилди: қўшни фермерлар бир-бирига ҳатто узоқ қариндош ҳам бўлмаслиги керак эмиш.

Расмийлар бундан буёғига пахта ва ғаллани номақбул ерларга экишга мажбур қилмаймиз, деб ваъда қиляпти. Агар маҳаллий ҳокимлар бу қоидани бузсалар, маҳаллий прокурорлар бу ҳақда юқорига, ҳатто бош вазиргача хабар беришлари лозим.

Ажиб некбин ваъдалар!

Аммо одамлар бунақа гапларга ишонмай қўйдилар.

Ўн йилдан бери ҳар йилнинг охирида шунақа ажойиб сўзлар янграб келади. Ўтган йилда ҳам, аввалги йилда ҳам, ундан олдинги йилларда ҳам прокурорлар бутун қиш давомида боғдорчилик, чорвачилик, сабзавотчилик фермер хўжаликларида пахта ва ғалла экиш тақиқланади, дея таъкидлаб келдилар. Аммо чигит экиш мавсуми етиб келиши билан прокурорлар ҳаммасини “унутиб”, туман ҳокимининг чорвага ихтисослашган фермер қанча чигит экиши кераклиги тўғрисидаги топшириғини етказади.

- Бу сенинг фермер хўжалигингми? Сенга шунча-шунча гектар ерга чигит экиш топширилади.

- Ахир мен чорвачилик... Ахир ўзингиз қишда айтгандингизку...

- Мен сизларга ерларингизда чигит экилишига йўл қўймаслигингиз керак дегандим. Аммо сен йўл қўйибсан, демак, жавоб берасан. Энди шу гектарга чигит экишинги керак.

- Лекин...

- Ҳеч қанақа лекин-пекини йўқ, эртага келиб текшираман, агар чигит экмасанг, кўрадиганингни кўрасан.

Келиб текширишарди ҳам, кўрадиганини кўрсатишарди ҳам.

Бу ишларни одамлар асло унутмаганлари учун ҳоким буйруғининг ижрочисига айланган прокурорларга ишонмай қўйдилар.

Олдиндан тўлов

Янги ташаббусда энг асосийси – янги фермер олинаётган ҳар бир гектар учун 500.000 сўм нақд пулни низомдаги капитал сифатида киритиши лозим. Тартиби эса қуйидагича: ҳокимнинг қарорини, муҳр ва тамғасини олиш. Кейин банкда ҳисоб рақамини очиш ва пулларни киритиш.

Лекин ҳокимлар ҳеч кимга ишонмаяптилар ва қарор чиқаришдан олдин пулларни банкга қўйишни талаб қиляптилар. Ҳокимлар банк справка берганидан сўнг фермер хўжалигини очиш тўғрисида қарорга имзо чекяптилар.

Бунақа шартни бажаришга фермерлар иккиланиб қолишяпти. Пулни банкга тўлаб қўйилсаю, ҳоким қарор бермаса нима қилиб бўлади? Бундан ташқари, ҳокимнинг қарори бўлмаса, фермерлик ҳисоб рақамини ҳам очиб бўлмайди?

Шунда ҳоким пулларни гектарларини сизга бераётган фермернинг ҳисоб рақамига қўйишни таклиф қилади. Калласи ишлаган баъзи фермерликка номзодлар ўша контурда фаолият олиб бораётган фермер билан пулларни жойлаштириш тўғрисида келишиб оляптилар, вақти келса, экин ўринларини ҳам алмаштириш тўғрисида келишларига шубҳа йўқ. Прокурорларнинг таҳдидлари – бир тийин, ҳар йили қишда ўша-ўша эски тос – эски ҳаммом. Баҳор келиши билан ваъдалар унутилади.

Аммо бир гектар учун 500.000 сўмлик тўлов мажбурий. Бу нарсани бош вазирнинг ўзи назорат қилиб боради, шунинг учун ҳам прокурорлар ва ҳокимлар фермердаги ер ва низомдаги капитал ўртасидаги мутаносибликни доим текшириб юрадилар.

Ёшлар пахта ёки ғалла етиштиришни умуман истамайдилар, чунки улар бу ишнинг нақадар қийинлигини ва фойда билан чиқиш мушкуллигини яхши биладилар. Улар ер олишни режалаштирган тақдирда ҳам фақат томорқа экинларини етиштиришни кўзлайдилар, холос.

Шу кундарда боғдорчилик, сабзавотчилик ва чорвачилик гектарларини олмоқчи бўлаётганлар ҳокимнинг ўзига ҳам қўшимча 500 минг сўмдан пулни нақд бериш керак экан, деган миш-мишлар тарқала бошлади. Ўшанда, нафақат яроқсиз, балки семиз ва ҳосилдор ерларни ундириш мумкин бўлар экан. Ер ўлчовчига ҳам узатишни унутмасангиз, ҳосилдор ерларингизни “шўрланган” дея белгилаб бериши мумкин.

Шунинг учун ҳокимиятларда тумонат одам. Ҳамма семизроқ ер олиш илинжида юугуриб юришибди. Улар чаққонроқ ҳаракат қилиб, яхши ерларни бошқалардан олдин эгаллаш илинжида.

***

Ҳозирги аҳволда ҳукумат раҳбарининг ташаббусини ўринли ва мақтовга лойиқ дея тан олиш мумкин. Қишлоқ жойларида яшайдиган кўпчилик иш билан таъминланадилар: сабзавотчилик, боғдорочилик ва чорвадор фермер хўжаликларига кўплаб ишчи қўллар керак бўлади. Бир гектар ерда ўртача битта оиа ишлайди, деб ҳисобланса, хом тахминларга кўра, битта туманда 2000 га ер шунақа хўжаликларга берилиши ва [ҳар бири ўртача 10 гектардан] 200 та фермер хўжаликлари ташкил этилиши мумкин. Демак, 2 мингта оила, ёки ўн минг киши иш билан таъминланади.

Бундан ташқари, сабзавот, мева ва чорвачилик маҳсулотлари сероб бўлади, буни эса фақат табриклаш мумкин.

Аммо хавотирга солувчи битта омил бор: бош вазир Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳеч қачон ўзини битта ишни бошлаб охиригача етказадиган изчил раҳбар сифатида намоён этмаган. Одатда у қўққисдан битта буйруқни бериши, бу топшириқ бажарилиши авжига чиққанида эса у тўхтаб қолиши, ҳамма нарсани унутиши ва бошқа бирор нарса ўтиб кетиши ва ҳатто у аввалги топшриғига мутлақо зид келувчи буйруқларни бериб қолиши мумкни. Биз бунақа ишларнинг жуда кўпига гувоҳ бўлганмиз.

Мисол учун, 2012 йилда Шавкат Мирзиёевнинг оғзаки кўрсатмаси ва Тошкент шаҳар туманлари ҳокимларининг ёзма фармойишлари билан кўп қаватли уйлар ёнидаги хусусий гаражлар бузила бошланди. Эски гаражларнинг ўрнига янги, кўпқаватли автомобиль бекатларининг қуриб берилиши ваъда қилинди. Гаражлари бузилган машиналар кўчада қолиб кетдилар, уларни олиб қочиш, ичидаги буюмларни, бузиш ва эҳтиёт қисмларини ўғирлашлар кескин кўпайди. Одамлар ғазабланишга бошлаганларида, бош вазир кутилмаганда барча айбни маҳаллий ҳокимларга ағдариб, гаражлар бузилишини тўхтатиб қўйди.

Бир неча йил илгари кўп қаватли уйларга ёндашган қўшимча биноларни бузишлар билан боғлиқ воқеалар ҳам ҳудди шунга ўхшаган эди.

Шунинг учун ҳам экин майдонларини қайта тақсимлаш бўйича Мирзиёевнинг янги ташаббуси охиригача етказилишига тўлиқ ишонч йўқ.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама