17:17 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳуқуқ ҳимоячилар Ўзбекистонни барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга яна чақирмоқдалар

21.12.2014 18:57 msk

Фарғона

Ўзбекистон ҳукумати Конституция куни муносабати билан эълон қилинган амнистия давомида ҳибсда сақланаётган барча сиёсий маҳбусларни озод қилиши ҳамда 2014 йил сентябрда қазо қилган 37 ёшли сиёсий маҳбус Нилуфар Раҳимжоновнинг ўлими тафсилотларини текшириш лозим, дея билдиради Human Rights Watch ва AHRCA (Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси) ҳуқуқ ҳимоячилари.

Улар Ўзбекистон расмийлари минглаб одамлар, шу жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилар, мухолифат фаоллари, журналистлар, диндорлар, мусаввирлар ва режимнинг танқидчилари дея гумонланувчилар сиёсий сабаблар билан турмаларда сақланаётганини қайд этишмоқда. Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлоу Ўзбекистон ҳукумати ўзларининг асосий ҳуқуқларини тинч йўл билан амалга оширишга ҳаракат қилгани учун қонунга зид равишда қамалган ҳамда қамоқ муддати узайтирилганларнинг ҳаммасини амнистиядан фойдаланиб озод қилиши керак, деб ҳисобламоқда.

Human Rights Watch маълумотига кўра, Ўзбекистон расмийлари сўнгги йилларда сиёсий маҳкумларнинг 44 нафаридан кам деганда ўн тўрт нафарига нисбатан жазони ўташ муассасаси тартиб ва қоидаларини бузишда айблов билан қамоқ муддатини чўзиб беришган ҳамда диний экстремизм бўйича айбланиб қамалганларнинг кўпчилигига нисбатан шу бу баҳонани ишлатган.

“Муҳаммад Бекжон, Акром Йўлдошев, Мурод Жўраев ва Солижон Абдураҳманов каби ноқонуний қамалганларнинг баъзилари пенсия ёшидан ўтиб кетишган ёки оғир дардларга чалинган”, - дейди AHRCA Надежда Атаева.

Фикр эркинлигини изҳор этиш бўйича ўз ҳуқуқини амалга оширишга уриниб қамалганлар орасида 14 та ҳуқуқ ҳимоячилар бор, булар: Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Нураддин Жуманиязов, Матлуба Комилова, Ғанихон Маматханов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Фаҳриддин Тиллаев ва Аъзам Турғунов.

Яна олти киши: Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Эркин Мусаев, Даврон Тожиев ва Равшанбек Вафоев режим танқидчилари сифатида танилганлар. Маҳкума Дилором Абдуқодирова 2005 йил 13 май андижон фожиасининг гувоҳи сифатида судда иштирок этган эди.

Нилуфар Раҳимжонова

Нилуфар Рахимжонованинг ўлими ҳақда гапира туриб, ҳуқуқ ҳимоячилар унинг 2014 йил 12 сентябрь куни Тошкет вилоятидаги Зангиота аёллар колониясида вафот этганини маълум қилишмоқда. У эндигина ўзининг ўн йиллик қамоқ муддатининг уч йилини ўтаган эди. Унга қарши чегарани қонунга хилоф тарзда кесиб ўтиш ва жосуслик бўйича сахталаштирилган айбловлар қўйилганди. Афтидан, аёл ўзининг отаси, диний уламо домла Истарфшоний ва айни пайтда Эронда истиқомат қилаётган турмуш ўртоғи Саидюнус Истарафшони номи билан танилган Саидюнус Бурхонов туфайли жабрланганга ўхшайди. Мазкур уламолар Ислом Каримовни очиқдан-очиқ танқид қилиб келишгани билан танилган эдилар.

Марҳуманинг турмуш ўртоғ Human Rights Watch ташкилотига маълум қилишича, Нилуфарни 2011 йил декабрь ойида ҳибсга олишган ва шундан сўнг Ўзбекистон телеканали ундан интервью олиб, эри Саидюнусни ва отасини Ўзбекистон Исломий ҳаракатига (ЎИҲ) кирган дея айблашга мажбур қилганди. Суд унинг тергов пайтида қийноқлар қўллангани ҳамда адвокат берилмагани тўғрисидаги аризасини инобатга олмай, уни ўн йилга озодликдан маҳрум этди. Унинг ўлими сабаби ҳам номаълум. Истарафшоний айтишича, унинг хотини ҳибсга олингунига қадар мутлақо соғлом бўлган, Нилуфарнинг жасадини акасига беришаётганда, уни зудлик билан дафн этиш талаб қилинган. Раҳимжанованинг адвокати бир ой ўтиб Саидюнусга Нилуфар ўзини осиб қўйган, деб айтди.

“Бунақанги ҳолатда содир бўлган ўлим шубҳали саналади ва мустақил комиссиялар томонидан синчковлик билан текшириши лозим эди, - дейди Стив Свердлоу. – Ўзбекистон ҳукумати барча турмалардаги бунақа ҳодисаларнинг очиқ ва тўлақонли текширувинт ўтказишини таъминлаши лозим”.

Ушбу ҳавола орқали Human Rights Watch ташкилотиниг “Сўнгг лаҳзагача. Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар” дея аталувчи маърузаси билан танишиш мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги