11:34 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Ўзбекистонда инқилоб ҳеч кимга керак эмас”

17.12.2014 19:00 msk

Фарғона

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев қатор постсовет республикаларида амалга оширилган инқилоблар ҳамда Ўзбекистон тақдири ҳақида таҳлил қилиб, ўз фикрларини “Фарғона.Ру” ўқувчилари билан баҳам кўришга қарор қилди. Унинг шу мавзуда тайёрлаган бир нечта мақолаларидан биринчисини бугун эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ўзининг мақоласида журналист аҳолини радикал ҳаракатларга ундаши мумкин бўлган турмушимиздаги кўплаб муаммоларни қайд этмоқда ҳамда уларни ҳал этиш учун расмийлар халқ билан ҳамкорлик қилиши лозим, дея таъкидламоқда.

***

Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларига “араб баҳори”нинг таъсири мавзусида кўплаб илмий тадқиқотлар ўтказилиб, мақолалар ёзилди, баъзи олимлар ва экспертлар мазкур минтақада “рангли инқилоблар” бошланиб қолишини башорат қилсалар, бошқалари алоҳида олинган мамлакатларда, мисол учун, Ўзбекистонда ҳеч қанақа инқилоблар бўлмайди, дея таъкидламоқдалар.

Шахсан мен Ўзбеистонда амалга оширилажак инқилоблар ҳалокатга олиб келади, деб ишонаман. Инқилобга ҳамроҳ радикализм кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Мамлакатда элатлар, кланлар, турли миллат вакиллари ўртасидаги зиддиятлар кучаяди, турмуш даражаси эса янада пасаяди. Биз эса таассуф ила “ҳар қандай инқилоблар романтиклар ҳаёлида битади, мутаассиблар амалга оширади, унинг самараларидан эса аблаҳлар фойдаланади”, деган машҳур афоризмни эслаб қоламиз.

Ўзбекистон инқилобий эмас, балки эволюциявий рижожланиш йўлидан бориши керак. Аввалига иқтисодий ислоҳотларни, кейин эса сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш лозим. Ўзбекистондаги мавжуд муаммоларни чет элда эмас, балки унинг ўзида ҳал қилиш учун амалга оширилиши имкониятли ва имкониятсиз бўлган барча ишларни бажариш зарур. Хорижий “ҳомийлар”нинг турли ўйдирма баҳоналар билан мамлакатимизнинг ички ишларига аралашувига йўл қўймаслигимиз керак.

Муҳим масала шундаки, Ўзбекистонда ижобий ўзгаришларга олиб келадиган ушбу ислоҳотларни ким ва қанақа йўллар билан амалга оширади?

Кучли фуқаролик жамияти бўлмаса кучли давлатни қуриб бўлмаслиги – акисома ва бу ҳақиқатни Ўзбекистонда кўпчилик билади. Мамлакатда “Кучли фуқаролик жамиятидан – кучли давлатга!” деган шиорни тез-тез кўриб туриш мумкин, аммо бу кучли фуқаролик жамияти қаерда? Бу жамиятни ким ва қанақа қилиб яратади? Агар халқ у ёки бу қарорларнинг қабул қилинишига ўз таъсирини ўтказмай, ҳеч қанақа ташаббус кўрсатмаса, унда иқтисодда, жамиятда ва давлат қурилишининг бошқа соҳаларида ривожланишга умид қилмаса ҳам бўлаверади.

Давлатни бошқараётган амалдорлар ва мулозимлар фуқаролик жамияти ёрдамисиз халқ фаровонлигини ошириб, мамлакатни гуркираб яшната оладиларми? Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасига суяниб жавоб берадиган бўлсак – йўқ! Бундан ташқари, бизда барқарорлик кафолати саналмиш ўрта синф ҳозиргача шакллангани йўқ.

Ўзбек мутасаддиларининг қанақа ишлаши эса ҳаммага маълум. Тафсилотларга берилиб ўтирмай, Ўзбекистон Адлия вазирлигининг маълумотларини келтириб ўтаман, холос. Адлия вазирлиги 2014 йилнинг 9 ойи давомида давлат органларининг 1195 та ноқонуний қарорларини бекор қилган, 807 нафар мансабдор шахслар маъмурий ва яна 20 киши жиноий жавобгарликка тортилдилар. Судларга 102 миллиард сўмлик (33 млн долларга яқин) даъво аризалари киритилган, мутасаддиларининг ҳаракатларидан жабрланган 1493 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланган.

Эътибор беринг, булар фақат аниқланган қонунбузарликлар, холос. Адлия вазирлигининг назарига тушмаган бунақанги бошбошдоқликлардан яна қанча бор? Жабрланган одамлар ўзларининг ҳақ эканлигини исботлашлари учун қанчадан-қанча вақт ва маблағларини сарфладилар?

Мутасаддилар қонунга қарши ҳар қанақа ҳаракат ёки ҳаракатсизлик одамларнинг норозилигини келтириб чиқаришини, халқ шунақа ҳолатларга қайта-қайта тўқнаш келаверса, бу норозилик кайфияти борган сари кучайишини тушунишлари керак.

Бироқ бизнинг мутасаддилар оддий одамларнинг кайфияти ёки фикри билан мутлақо қизиқмайдилар, негаки улар халқ олдида ҳисобот беришга масъул эмас. Амалдор ва мутасадди учун энг биринчи ўринда ўз бошлғининг топшириғини бажариш вазифаси туради. Чунки бошлиқларнинг марҳамати билан улар ўз иш ўринларида қоладилар ва турмушлари фаравон бўлади. Оддий аризачининг амалдор касб фаолиятида ва хизмат поғоналаридан кўтарилишида ҳеч қанақа роль ўйнамайди, шунинг учун ҳам ўзбек мутасаддиси олдига келган аризачини назарига илмайди. Амалдорлар халқнинг одамларнинг кайфиятида норозилик оҳанглари кучаяётганини эътиборга олмаётганлари бир кун панд бериб қолиши мумкин, чуни одамлар бора-бора ўзларига ва ўзгаларга “нималар содир бўляпти?”, “ким айбдор?” ва “нима қилиш керак?” каби саволларни бера бошлаяптилар. Бу саволларнинг жавоблари бугунги кунда шинам кабинетларда ўтириб фақат ўз бойлигини кўпайтириш ва амал поғоналаридан кўтарилиш ҳақида ўйлаётган амалдорларни ташвишга солиши керак. Ахир беш-олти йил аввал бирор киши арабларнинг қўзғолон кўтариб, ҳокимиятни алмаштиришини ҳаёлига келтирганми? Ёки Киевдаги Майданни эсланг: аввалига кундалик эҳтиёжларини қондириш талаби билан чиққан омманинг тинч намойишлари шунақа оқибатларга олиб келишини ким билибди?

Мутахассисларнинг фикрича, Грузия, Қирғизистон ва Украинадаги ҳаммага маълум воқеаларнинг келтириб чиқарган воқеаларга сабаб бўлган асосий омиллар – мамлакатнинг ички муаммолари бўлган. “Рангли инқилоб”ларнинг деярли ҳаммаси – халқ оммасининг расмийлар олиб борган сиёсатидан норозилиги натижасидир. Мухолифатчилар ўз вақтида чиқиб, фуқаронинг норозилигини керакли оқимга йўналтириб юборди ва бунга хориждан келаётган “ёрдам”нинг ҳиссаси катта бўлди.

Инқилобларнинг ҳаммаси одамлар ўз ҳаётини яхшилашга йўл топа олмай қолганида амалга оширилиши ҳаммага маълум. “Қашшоқлик инқилобга олиб боради, инқилоб эса қашшоқликка”, - деган эди Виктор Гюго. Рангли инқилоблар натижасида халқлар фаравонлиги ўсмади, балки аксинча, кўп ҳоллатларда кўп йиллик меҳнат эвазига эришилган позициялар бой берилди.

Тарихдан кўриниб турибдики, ўтиш даврлари ҳам ҳокимият, ҳам раъият учун доим оғир бўлиб келган. Хитойларда “ўтиш даврида яшагин сен!” деган тилак қарғиш сифатида қабул қилинади. Расмийлар бирор соҳанинг бирор босқичида бирор нарсани эплай олмай қолса ёки камчиликлар бўлса, халққа юзага келган аҳвол ҳақида очиқ-ойдин ҳисобот бериши, тушунтириши лозим. Очиқлик ва шаффофлик фақат фойда келтиради. Ҳокимият томонидан тан олинган муаммоларга кўпчилик тўғри муносабатда бўлади, ҳеч ким одамларни расмийларга қарши “майдонга” тўпланишга даъват қилмайди.

Бугунги кунда агар бирорта давлат ўзга давлатнинг ички ишига аралашаётган бўлса, фақат ўзининг сиёсий, иқтисодий, ва ҳарбий манфаатларини кўзлаётганини ҳамма билади. Лекин ташқи кучларнинг ҳаракатлари айнан мамлакат ичида норозилик кайфиятлари кучайиб, аҳоли сиёсий жиҳатдан фаоллашган пайтда самарали бўлади.

Ўзбекистонда муаммолар етарли. Уларни муваффақиятли ҳал қилиш учун ҳокимият ва халқ мамлакат тақдири учун ўз масъулиятини тўлиқ англамоғи лозим. Энг асосийси – расмийлар мамлакат фуқароларининг кучини тан олиши, фақат уларнинг ёрдамига таянган ҳолда на амалдорлар учун ва на халқ учун яхшиликка олиб бормайдиган ағдар-тўнтарларнинг олдини олишлари зарур бўлади.

“Инқилоб” дея аталувчи ижтимоий ҳодисалар натижасида марказий ҳокимият заифлашади, миллатлараро зиддиятлар кучаяди, ҳаёт кечиш оғирлашади. Қирғизистондаги ҳодисалар жамиятнинг демократлаштиришга олиб келдими ёки одамларнинг ҳаёти яхшиландими? “Майдан”дан сўнг Украинада нималар содир бўляпти? Мамлакат яхлитлиги бузилди, иқтисодиёт оғир аҳволга тушиб қолди. Энг асосийси – қанчадан-қанча одамлар уйларидан айрилдилар, бошпанасиз қолдилар, қанчаси ўлиб кетди, ярадорлар қанча... “Майдан”га чиққан одамлар шуни истаганмидилар? Бунақа “инқилоб” кимга керак эди? Шахсан мен бунақа воқеаларнинг Ўзбекистонда содир бўлишини истамайман. Бунақа инқилоб менга керак эмас.

Ҳозирча Ўзбекистонда жиддий иқтисодий ислоҳотларни ўтказса бўлади. Нега ҳозирча? Расмийларнинг қанақанги ҳаракатлари барқарсизликка ҳамда мамлакатни ағдар-тўнтар ва тўполонларга олиб келиши мумкин? Бу ҳақда келгуси мақоламда ҳикоя қилиб бераман.

Тошпўлат Раҳматуллаев

“Фарғона.Ру” таржимаси

халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама