11:34 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳамма ишлар бир кишининг хавфсизлиги учун

14.12.2014 11:49 msk

Жек Смит

Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЭОАВМА) раҳбари Фирдавс Холиқов буюртмаси билан суратга олинган ҳамда “Россия 1” телеканали орқали 17 октябрь куни намойиш этилган Ўзбекистоннинг гўзал масканлари ҳақидаги реклама фильми кутилмаганда учувчисиз учиш қурилмалари, шу жумладан, квадрокоптерларни мамлакатга олиб киришга ва фойдаланишга тақиқ киритилишига сабаб бўлди.

Тақиқнинг сабаблари сифатида “ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш ва ҳаво майдонидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш” дея расман билдирилганига қарамай, биз кимдан сўрамайлик, ҳамма тақиқ фақат бир киши – мамлакат президенти Ислом Каримовнинг хавфсизлигини таъминлаш учун киритилган деб ҳисобламоқдлар. Чунки бу тақиқ Ўзбекистонда юзага келган аҳволга мутлақо мос келади.

Ўшанга мумкин эмас

Юксак операторлик маҳорати билан ҳаммани лол қолдирган ҳамда мазмун ва моҳияти жиҳатида катта реклама ролиги деб атаса бўладиган “Ўзбекистон. Саҳро жавоҳири” дея аталувчи 40 дақиқалик фильмини суратга олиш пайтида осмондан туриб тасвирга олинган панорамали кадрлар айнан радиобошқарувли унчалик катта бўлмаган аппарат – квадрокоптер ёрдамида амалга оширилган.

Учувчисиз учиш қурилмаси

Беспилотник
Объектларни осмондан туриб суратга олишга мослашган учувчисиз бошқариладиган квадрокоптерларнинг сони жуда кўп. Бу ўшалардан бири

Фильм ҳамманинг эътиборини ўзига қаратиб, жуда кўпчилик томошабинлар тасвирчилар гуруҳи бажарган ишидан завқланиб қойил қолдилар.

Расмийларнинг фильмга муносабатини узоқ кутишга тўғри келмади. Премьерадан бир ой ўтиб, 26 ноябрь куни ҳукуматнинг 2015 йил 1 январидан бошлаб учувчисиз учиш қурилмаларини мамлакатга олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш тақиқловчи “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори чиқди.

Қарорда таъкидланишича, бу ишлар “ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш ва ҳаво майдонидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида” амалга оширилмоқда.

Давлат божхона қўмитасига, Давлат солиқ қўмитасига, Миллий хавфсизлик хизматининг давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасига ва Ички ишлар вазирлигига “учувчисиз учиш қурилмаларининг қонунга зид равишда олиб кирилиши, сотилиши ва фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича зарур чораларни кўриш” вазифаси топширилди.

Квадрокоптер президентни чўчитиб қўйди

Шундай қилиб, Ўзбекистонда бундан-буёғига квадрокоптерлар ва бошқа қурилмалар ёрдамида панорамали съёмкаларни амалга ошириб бўлмайди. Ҳар ҳолда, бу тақиқ расмийлар томонидан рухсат берилмаган съёмкаларга тааллуқли. Расмийларнинг рухсат беришни ёқтирмаслиги эса ҳаммага маълум.

Картина Лекима Ибрагимова

2014 йил июнида Ўзбекистон кузатув ва ҳаво разведкаси учун Хитойдан ўрта баландлик ва узоқ масофали парвозга мўлжалланган учувчисиз учиш қурилмаларини сотиб олгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ учиш қурилмалари қачон сотиб олингани ва уларнинг сифат кўрсаткичлари тўғрисида маълумотлар йўқ.

Афтидан, фильм суратга олинаётган пайтда фойдаланилган учувчисиз учиш қурилмаси каримов режимини хавотирга солиб қўйганга, бу каби “таҳдид” шу чоққача ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаганига ўхшайди. Ҳар ҳолда, сўнги пайтларда турли-туман террорчиларни айнан шунақа аппаратлар ёрдамида йўқ қилинаётгани тўғрисидаги хабарлар бу таҳдиднинг мутлақо асосли эканини кўрсатди шекилли.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда Каримовнинг хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилган: мамлакат президентининг хавфсизлигини таъминлаш чораларининг амалга ошириш учун Тошкентда бажарилаётган ишларни постсовет майдонидаги бирорта мамлакатида кўрмайсиз (эҳтимол қўшни Туркманистонда кўриш мумкиндир).

Бутун пойтахт Тошкент орқали ўзига хос “алоҳида линия” ётқизилган, бу йўналишда Каримовнинг кортежи ҳар куни эрталаб шаҳар четидаги қароргоҳдан шаҳар марказидаги қароргоҳга ва кечқурун орқага қараб катта тезликда ўтади. Авваллари Ўзбекистон пойтахтининг оддий кўчаларини энди таниб бўлмайдиган бўлиб қолди.

Йўлнинг икки четидаги маҳаллалар йўлдан узун бетон ва темир деворлар билан ажратилган, “президент трассаси”га олиб чиқувчи кўчаларга бетон тўсиқлар қўйилган, трассага олиб чиқувчи қачонлардир катта ва серқатнов ўнлаб автомобиль йўллари устига тупроқ тортилиб, ўрнига дарахтлар экиб қўйилди.

Қўйлиқдан Тошкентнинг марказига олиб борувчи йўлдаги кўприкнинг катта қисми бузиб ташланди, илгари йўл ўтган жойларга эса “ҳашаматли” кўпқаватли ғиштли бинолар қурилди.

Бир пайтлар Космонавтлар проспекти деб аталган ва Афросиёб дея номи ўзгартирилган Тошкентнинг марказий кўчасига кўплаб икки-уч қаватли ойнаванд офислар қурилганди. Афтидан бу кўчани пойтахтнинг ва демак, бутун мамлакатнинг асосий кўчасига айлантиришни кўзлаган бўлсалар керак.

Президент Каримов кунига икки марта проспектдан ўтгани учун офисларнинг аксарияти ишламайди: эшиклар зич ёпилган, бинога олиб кирувчи йўл йўқ, эшиги фақат орқадан.

Аммо булар ҳаммаси ҳолва экан: кўплаб километрлага чўзилган президент йўналиши бўйича йўлнинг четидаги барча қаҳвахоналар ва дўконларнинг кўпи бузиб ташланган, канализация қапқоқлари очилмайдиган қилиб пайвандлаб қўйилган. Шунингдек, ҳукумат қонун чиқариб, Тошкент нинг марказий кўчаларида мотоциклда ҳаракатланишни тақиқлаб қўйди (қўққисдан қуршовни ёриб ўтиши мумкин).


Матбуотчилар кўчасида (эски номи - Ленинградская) илгари автомобиллар қатнаган. 2010 йилда бу кўчани яшил зонага айлантирдилар. Фото © “Фарғона.Ру” (2010 й.)

Кртеж йўналиши бўйлаб юзлаб милиционерлар тизилиб оладилар, улар ўткинчиларга шубҳали нигоҳларини қадаб, рация орқали тинмай сўзлашадилар. Атрофда эса тошкетликлар томонидан “теннисчилар” ёки “гитарачилар”дея номланган ва автоматларини махсус ғилофларга солиб кўтариб юрган ҳуфия агентлар изғиб юрадилар. Транспорт ҳаракати бутунлай тўхтатиб қўйилади, ҳамма тек туриб қолган автомобиллар ва автобусларнинг ичида ўтириб, президент кортежининг ўтишини индамай кутадилар.

Ушбу эҳтиёт чораларининг ҳаммаси – Ўзбекистонда сураётган умумий восвослик муҳитининг бир кўриниши, холос. Уларнинг яна бошқа аломатлари орасида – Тошкент метро станцияларидаги огоҳликка чақирувчи плакатлар, аэропорт биносига кутувчилар ва кузатувчиларни киритмаслик, кўчаларда фотосуратга олишдаги қийинчиликларни мисол қилиб келтириш мумкин...

Жек Смит (Тошкентда истиқомат қилувчи муаллифнинг тахаллуси)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама