12:23 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ирландиянинг собиқ бош вазир ўринбосари: “Азимжон Асқаров озод қилиниши керак”

11.12.2014 17:16 msk

Екатерина Иващенко

Ирландия бош вазирининг собиқ ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Эймон Гилмор (Eamon Gilmore) Front Line Defenders таклифигига биноан 9 декабрь куни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровни бориб кўрди. Асқаров жаноб Гилморга ўз иши ҳақида сўзлаб берди, Гилмор эса ўз навбатида, бу ишни қирғизистонлик мулозимлар билан муҳокама қилиб олди.

Эймон Гилмор сафарининг якуни бўйича Европа иттифоқи ва БМТ вакиллари билан учрашишни режалаштирмоқда ҳамда бутун дунёга танилган ҳуқуқ ҳимоячининг озод этилишига кўмак беришни сўраб Қирғизистон президентига мактуб ёзмоқчи. Эймон Гилмор ўзининг Қирғизистонга сафари якуни бўйича “Фарғона” ахборот агентлигига эксклюзив интервью берди.

- Бир неча бор мурожаат қилишимизга қарамай, бизнинг ахборот агентлигимиз вакилларига Азимжон Асқаров билан учрашишга рухсат берилгани йўқ. Уни бориб кўриш учун рухсат олишингизда қийинчилик бўлмадими?

Эймон Гилмор: - Азимжон Асқаровнинг иши дунё ҳамжамияти эътиборига тушиб бўлган, унинг озод қилиниши бўйича турли ҳаракатлар амалга оширилди ҳам. 2011 йилда Ирландия ташқи ишлар вазири ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раиси лавзимини эгаллаб юрган чоғимда мен бу иш билан қизиқиб, Қирғизистон расмийлари вакиллари олдида Асқаровни озод қилиш масаласини кўтариб чиққанман.

Лавозимни тарк этганимдан сўнг, 2014 йил июль ойида ҳуқуқ ҳимоячиларнинг ҳимояси билан шуғулланаётган Front Line Defenders ташкилоти мендан бу иш билан шуғулланишни сўради. Шунингдек, улар мендан Қирғизистонга боришимни ва турмада ўтирган Асқаровни кўриб келишимни илтимиос қилишди. Мен рози бўлдим, улар сафар тадорикларини кўриб қўйдилар. Билишимча, турмага бориб Асқаровни кўриш учун рухсатнома олишда қийинчиликлар бўлгани йўқ, бизни яхши кутиб олдилар.

Учрашув деярли бир ярим соат давом этди, шу вақт ичида Азимжон ҳибсга олинишининг тафсилотларини, мамлакат жанубида ўтган тергов ва суд пайтида калтакаланганларини, унга нисбатан қийноқлар қўлланганини сўзлаб берди. Шунингдек, у фақат тинчгина ҳуқуқ ҳимоя фаолияти билан шуғулланиб келганини ва айбсиз эканлигини таъкидлади.

Асқаров учун халқаро ҳамжамият унинг ишини унутмаганини билиши муҳим эди.

Бундан ташқари, биз унинг саломатлигини ҳам муҳокама қилиб олдик. Азимжон Асқаровнинг соғлиғида муаммолар борлиги ҳаммага маълум. Шахсан мен уни биринчи марта кўрдим, аммо бунгача у билан кўришган ҳамкасбларим айтишича, унинг соғлиғи анча ёмонлашган. Шу муносабат билан мен Қирғизистон расмийларидан унга нисбатан инсонпарварлик ҳуқуқи меъёрларини қўллашни ҳамда турмадан озод этишларини сўрамоқчиман.


Азимжан Аскаров ва Эймон Гилмор

- Учрашувда яна кимлар бўлдилар? Азимжон Асқаров сиз билан эркин гаплаша олдими?

- Учрашув турма маъмуриятининг икки ходими иштирокида ўтди, улар бизнинг суҳбатимизга мутлақо аралашмадилар. Уларнинг иштироки Асқаровнинг эркини ҳеч қанақасига чеклаб қўйгани йўқ, деб ўйлайман. Суҳбатимиз давомида у мутлақо эркин ва жуда қатъият билан гапирди.

Маҳбусликка қарамай, Азимжон Асқаровнинг турмуши фаол кечмоқда, у янги тилларни ўрганиб, расмлар яратмоқда. Унинг хотини Ҳадича ҳуқуқ ҳимоячилар кўмагида бир неча бор унинг суратлари кўргазмасини ташкил этди.

- Унинг турмадаги ҳаёти ҳақида ҳам гаплашдингизми?

- У қандай шароитларда яшаётгани ҳақида гапиргани йўқ. Унга ҳибсга олиш қандай кечгани, адолатсиз суднинг қай тарзда ўтгани ҳақида гапириш муҳим эди. У ўзининг айбсиз эканини очиқ-равшан таъкидлаб, турмада ўтиришини адолатсизлик дея ишончи комил.

-Қирғизистон расмийларидан кимлар билан учраша олдингиз?

- Азимжон Асқаровнинг олдидан чиқишим билан мен Жўқўрғу Кенеш (мамлакат парламенти) депутати, халқаро ишлар бўйича қўмита раиси Қанибек Иманалиев билан кўришдим. Унга Асқаровни бориб кўрганимни сўзлаб бердим ҳамда юзага келган вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўли – уни инсонпарварлик нуқтаи назардан озод қилиш зарурлигини қайд этиб ўтдим. Ўйлашимча, ушбу сафарим якуни бўйича президент Атамбаевга шахсий илтимос билан мурожаат қилиб мактуб ёзаман. Халқаро хамжамиятнинг бу ишга қизиқиши катта ва биз ҳар қанақа йўл билан Асқаровни қўллашга ҳаракат қиламиз. Шунинг учун мен бу ташрифим ҳақида ҳамкасбларимга сўзлаб бераман ва ҳисобот тайёрлайман. Мен бу иш бўйича ўз фикрларимни ЕХҲТнинг Бишкекдаги офиси вакилларига сўзлаб бердим. Шунингдек, унинг ишини Европа иттифоқи вакиллари ва БМТ тузилмаларида муҳокама қилишни режалаштиряпман.

- Иманалиев сизга нима деб жавоб берди?

- Бу ҳақда яхшиси унинг ўзидан сўранг. Ўзининг жавобида у Асқаров ишининг юридик жиҳатларига тегишли позициясини баён қилди. (“Фарғона” Қанибек Иманалиев билан телефон орқали боғланиб, учрашув тафсилотлари ҳақида сўради. Депутат ҳозирча Гилмор билан учрашув натижалари ҳақида гапира олмаслигини, тез орада унга Асқаровга тегишли ҳужжатларни келтиришларини ва улар билан танишганидан сўнг шарҳ бера олишини айтди.-таҳр.)

Шунингдек, Асқаровнинг шикояти Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитасига топширилгани муҳим ва биз хали БМТ жавобини ҳам эшитамиз деб умид қиламан.

Бироқ, ишнинг юридик жиҳатларини ҳисобга олинган тақдирда ҳам, бу инсоннинг соғлиғида жиддий муаммолар мавжудлигини эътиборга олиб, инсонпарварлик нуқтаи назаридан уни озод қилиш учун барча асослар бор, деб ўйлайман.

- Ишни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги илтимиосни рад этувчи Олий суднинг узил-кесил саналган қароридан кейин унинг озод этилиши мумкинлигига ишонасизми?

- Бунинг учун шунга ўхшаш бошқа ишларни кўриш кифоя. Мен ўзим шахсан таниш бўлган кейсларни мисол тариқасида келтиришим мумкин, чунки Шимолий Ирландиядаги можароларни ҳал қилиш доирасида юридик жиҳатларни четга суриб қўйилган, одамлар эса инсонпарварлик нуқтаи назаридан озодликка чиқариб юборилган кўплаб ишлар бўлган. Уларнинг баъзилари маҳбусликда кўп вақт ўтиргани боис, бошқалари эса – можарони тинч йўл билан ҳал қилиш жараёни бошлангани муносабати билан озод қилинган. Шунинг учун ҳам мен бу ишни ҳал қилиш учун расмийларнинг иродаси керак бўлади, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, жаҳон ҳамжамияти халқаро миқёсда республика ҳукуматининг бу каби инсонпарварлик ҳаракатини қутлаган бўларди.

- Асқаровнинг кайфиятини қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Унинг аҳволи енгил эмас. Унинг ёши ҳам бир жойга бориб қолди, соғлиғи кундан-кунга ёмонлашмоқда. Шунга қарамай, у воқеликка хушёр баҳо бермоқда ва умидсизликка тушмаган.

***

Эймон Гилмор билан Асқаров учрашувида Front Line Defenders ташкилотининг ҳимоя бўйича координатори ва тадқиқотчиси Мария Шишченкова ҳам иштирок этди. Азимжон ака Мария билан олдин ҳам кўришгани учун уни кўриб йиғлаб юборди...

“У бизга фақат ўзбек бўлгани учун қамоқда ўтирганини бетимизга айтди, - дейди Шишченкова. – Бошқа ҳолатларда одамларни қўйиб юборишарди, аммо унинг иши туриб қолди. Унга қанчалик ёмон муносабатда бўлганлари, сал бўлмаса, ўз жонига суиқасд қилишига оз қолганини сўзлаб берди. Унинг бу сўзлари юракга оғир ботади. Мен Новкендаги биринчи инстанция суди мажлисида бўлганман, суд процессини кўриб кўнглим айниб кетган. Аммо ўша пайтда биз учун энг асосийси суд эмас, балки Асқаровни тезроқ мамлакат шимолига олиб чиқиб кетиш бўлган. Чунки, Қирғизистон жанубида Асқаровнинг иши бўйича адолатли ҳукмга умид мутлақо йўқ эди. Биз вақт ўтиб можарони ҳал қилиш процесси бошланади, дея умид қилгандик. Ана ўшанда ишни адолатли кўриб чиқиш ҳамда қийноқлар қўлланишининг текшируви имкониятли бўлади, дея режалаштиргандик. Халқаро стандартларга мувофиқ, қийноқларнинг қўлланиши – ишни қайта кўриш учун етарли асосдир. Бироқ бундай бўлмади. Шунга қарамай, биз бу ишнинг яхши томонга ҳал бўлишига умидимизни узганимиз йўқ”.

Екатерина Иващенко

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги