18:57 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қанақа инвестор ёки Голландлар, хитойлар ва эллик миллион доллар

03.12.2014 18:02 msk

Фарғона

Ура, янги инвестор!

Шу кунларда Ўзбекистон ва Россиянинг кўплаб веб нашрлари Голландиянинг қандайдир ширкати Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатига эллик миллион доллар инвестиция киритар эмиш деган хабарни тарқатдилар. Бу хабарни биз ҳам чоп этдик (“Голландия компанияси Ўзбекистонда тўқимачилик комбинати қурилишига инвестиция киритади” хабарига қаранг), чунки сайтимиз Ўзбекистонга оид муҳим янгиликларни ёритишга ихтисослашган бўлиб, мамлакат иқтисодиётига чет эл инвестициялар киритиш билан боғлиқ муаммолар ўқувчиларимизни қизиқтириши табиий ҳол.

Биз олдин ҳам Ўзбекистонда хорижий бизнес қатор муаммоларга дуч келаётгани, бюрократия ва порахўрлик билан боғлиқ тўсиқларнинг мавжудлиги ҳақида ёзиб келганмиз. Давлат амалдорлари билан тил топиша олмаган кўплаб йирик ширкатлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани кўпчиликка маълум.

Ўзбекистонда тўқимачилик саноатининг аҳволи тўғрисида алоҳида гапириш лозим. Сўнгги йилларда ўзбек пахтаси билан боғлиқ бўлган барча ҳаракатлар европалик ва америкалик ҳаридорларни шубҳага солиб қўйди. Ўзбекистонда олдинги йилларда пахта терими палласида болалар мажбурий меҳнатидан фаол фойдаланиб келингани, бугунги кунда эса далаларда фермерлар ўрнига шифокорлар, ўқитувчилар ва бюджет ташкилотлари ходимларини қул каби ишлатаётганларини бутун дунё билади.

Шунинг учун ҳам қандайдир голландлар ўзбек пахтасининг қайта ишлаш соҳасига сармоя ётқизаётгани тўғрисидаги хабарларни эшитганлар ажабланиб қолдилар. Кўринишидан, бизнинг ўқувчиларимиз ҳам ҳайрон бўлдилар ва улардан бири эринмай Google қидирув тизимидан ушбу компания ҳақидаги маълумотларни излаб, LT Textile Cooperatief UA тўғрисида Тармоқда деярли ҳеч қанақа маълумот йўқлигини аниқлади.

Қанақанги инвестор экан бу?..

Бу ҳақда билиб қолиб, таҳририятимиз барча юридик шахсларни рўйхатга олувчи Нидерландлар давлати реестрига мурожаат қилди.

Етти евро тўлаб, LT Textile Cooperatief UA компанияси яқинда – 2014 йилнинг 24 июнь куни Амсетрдамда рўйхатга олинганини билиб олдик. Низом ҳужжатларида айтилишича, фирма тўқимачилик саноати билан боғлиқ ҳолдинг ва молиявий фаолияти йўналишида иш олиб боради. Фирма одатда ҳолдинг компанияларига бериладиган SBI-6420 коди билан белгиланган.

Ташкилотнинг муассислари тўрт киши: биринчиси Iwan Petrus Leonardus van Munster 1976 йилда туғилган, халқаро иқтисодий ҳуқуқлар бўйича мухассис юрист.

Иккинчи муассис – қандайдир Daniël Willem Gustaaf Kwantes. Қолган икки муассислар Хитой Халқ Республикаси фуқаролари Yaowu Wang ва Hao Jin. Очиқ манбаларда бу икки жаноб ҳақида ҳеч қанақа маълумот топа олмадик.

Қизиғи шундаки, фирмада ишлайдиган одамлар сони нолга тенг. Яъни, LT Textile Cooperatief UA фирмасида на директор, на котиб, на қоровул ва на ҳайдовчи бор. Кўринишидан, ташкилотга юридик манзил берилган ва бу манзил бўйича банкларда ҳисоб рақам очиш мумкин.

“Сизга ҳеч қанақа маълумот бера олмаймиз”

Маълумотлар жуда оз. Ўзбек пахтаси халқаро ташкилотлар томонидан бойкот қилинаётганига қарамай, уни қайта ишлаш соҳасига эллик миллион доллар сармоя киритмоқчи бўлаётган европалик инвестор ҳақида кўпроқ ахборот тўплаш мақсадида биз Голландиядаги юридик шахсларини рўйхатга олган давлат реестрида кўрсатилган телефон рақамини терамиз: +31205755600. Афсуски, бу телефон орқали инвестор ширкатини топа олмадик.

Телефон гўшагидан аёл кишининг овози эшитилди.

“Фарғона”: - Салом, бу LT Textile Cooperatief компаниясими?

- Бу TMF компанияси, хизмат?

- Телефон рақамингиз LT Textile Cooperatief компанияси билан алоқа қилиш учун кўрсатилган экан, мен мазкур компания ходимлари билан гаплашмоқчи эдим.

-Эҳтимол бу компания бизнинг мижозимиз бўлиши мумкин, нима ҳақда гаплашмоқчи эдингиз?

-Янгиликларда бу компаниянинг Ўзбекистон тўқимачилик саноатига инвестиция киритиаётгани ҳақида хабар берилган. Мен ушбу лойиҳанинг тафсилотларини билмоқчиман, айта оласиизми, бу мавзуда ким билан гаплашсам бўлади?

- Эҳтимол, биздаги маълумотлар базасида уларнинг алоқа телефонлари бўлиши мумкин. Сиз кимсиз?

- Мен фалончиман, Ўзбекистондаги вазиятни ёритувчи ахборот агентлигида ишлайман.

- Сиз журналистмисиз? Исмингиз нима? (сўзма-сўз ёзиб олмоқда)

- Ҳа, мен журналистман.

- Сиз компания билан тўғрима-тўғри боғланишингиз керак, мен мижозларимиз тўғрисида маълумот бера олмайман. Уларни ўзингиз топинг, биз фақат букинг билан шуғулланамиз.

- Бироқ компания сизнинг мижозингиз эканлигини тасдиқлайсиз, шундайми?

- Кечирасиз, аммо журналистлар билан гаплашишга ваколатим йўқ.

Алоқа тугади.

TMF нима-ю, “букинг” нима?

Бу компаниянинг раҳбарларини топа олмаганимиздан умидимиз пучга чиқаёзди. Аммо бахтимизни синаб кўриш учун Фейсбук саҳифаларини ораладик ҳамда голланд компаниясининг бош асосчиси Iwan Petrus Leonardus van Munster бир вақтнинг ўзида ўша котибаси биз билан телефон орқали гаплашган TMF-Group ташкилотининг мижозлар билан ишлаш бўйича бошқарма раҳбари эканлигини аниқладик. Бу маълумотлар Иваннинг ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида ёзилган.

Хўш, компаниянинг ўзи нима билан шуғулланади? Келинг унинг расмий веб-сайтига кўз югуртириб кўрайлик.

“TMF-Group компанияларнинг кенгайтирилишига ҳамда хорижий мамлакатларга инвестицияларни тўсиқсиз жойлаштиришга ёрдам бериб келади. Бизнинг малакали мутахассисларимиз ... бутун дунё бўйлаб жойлашган, бу эса ... турли географик манзиллардаги мижозларимизга ўз корпоратив тузилмаларини бошқаришга имконият беради.

Бутун дунё бўйлаб outsourced compliance services (қонунчиликка риоя қилишни таъминлаш аутсорсинги, деб таржима қилинади) хизматларини тақдим этиш бўйича фаолият юритар экан, TMF-Group маҳаллий эҳтиёжлардан бохабар эксперт сифатида дунёга танилган”.

Демак, TMF фирмаси LT Textile Cooperatief UA компаниясини рўйхатга олган ва унга Ўзбекистондаги инвестицияларини кузатиш бўйича хизмат кўрсатади (шу жумладан, юридик манзил ва телефон билан таъминлаш бўйича хизмат кўрсатган ва бунинг номи “букинг” дейилади). Умуман олганда, бизнесда бунақа ишлар одатий ҳол саналади ва бунда ҳеч қандай жиноят аломатлари йўқ.

Ушбу саҳифада айтилишича, Иван ван Мюнстер айни пайтда TMF компаниясида мижозларга хизмат кўрсатиш директори лавозимини эгалламоқда. У юристлар ва бухгалтерлар жамоасини бошқариб, 250 га яқин бизнес мижозларининг молиявий манфаатларига хизмат кўрсатмоқда.

Фақат фаразлар

Бу ишнинг мазмун-моҳиятини яхшилаб англаб олиш учун биз халқаро инвестициялар соҳаси бўйича экспертга мурожаат қилдик. У бу ишларнинг ҳаммаси қонуний кечаётганига ишончи комил, аммо аҳвол оммавий ахборот воситалари талқин этаётганидек эмас, дея тахмин қилмоқда.

Биз суҳбатлашган мутахассиснинг айтишича, Голландия ўзининг тўқимачилик саноати билан шуҳрат қозонган. Агар бирорта номи чиққан фирма Ўзбекистонга инвестиция киритаётгани тўғрисида баёнот берганида, ҳеч ким ажабланмаган бўларди. Лекин инвесторни ҳеч ким танимаслиги, куни-кеча тузилган бошқарув компаниясининг Ўзбекистон ҳукумати билан ўша заҳотиёқ инвестиция шартномасини имзолагани кўп нарсаларнинг маҳфий қолаётганига далил бўлиб қоляпти. Яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, айтилаётган гапларнинг ҳаммаси – биз суҳбатлашган манбанинг тахминлари, холос.

- Нидерландиялик инвесторлардан Ўзбекистонга келаётган пуллар голландиялик эмас, балки хитойлик ва ҳатто ўзбекистонлик бизнесменларга қарашли бўлишининг эҳтимоли йўқ эмас, - дея биз билан фикрларини ўртоқлашади тошкетлик иқтисодчи А. - Буни бир ўқ билан икки қуённи уриш дейилади. Ҳукумат мулозимларига яқин бўлган ўзбекистонлик тадбиркор мамлакат бозорига чет эллик инвестор ниқоби остида кириб келади. У аввалдан имтиёзлар ҳақида келишиб олган, ҳукуматнинг имтиёзлар тўғрисидаги расмий қарори ҳам унинг қўлида. Чет эллик инвестор номи остида сармоя ётқизиш унга кўпроқ манфаат келтиради, чунки у машина ва жиҳозларнинг импорти учун бож тўловларидан озод этилади.

- Бошқа тарафдан олиб қараганда, бунақанги бизнесни овоза қилишдан ким кўпроқ манфаатдор?

- Албатта бундан давлат манфаатдор. Ҳукумат гўё европа бизнесини мамлакатга жалб этгани учун мақтовга сазавор бўлади. Чунки МТС ва Telia Sonera билан бўлиб ўтган жанжаллардан сўнг бошқа европалик инвесторлар Ўзбекистонга сармоя ётқизишдан чўчиб қолишган. Қандайдир инвесторнинг Ўзбекистонда муваффақият қозонаётганини кўрган бошқа европалик сармоядорлар ҳам бу мамлакатга кўнгилларини буриб қолишлари мумкин. Бу жуда жиддий пропагандистик амалиёт бўлиб, биз бутун дунёга ҳеч қанақа “пахта бойкоти” йўқлигини, ғарб капиталистлари мамнуният ила Ўзбекистондаги ушбу хом ашёнинг қайта ишлаш саноатига ўз пулларини тикаётганларини намойиш этамиз. Аслида эса, бу пуллар ўзбекларга қарашли ва фақат ўзбекларнинг манфаатини кўзлайди. Ёки бўлмаса хитойларники...

Ўқувчиларимизни қизиқтириши мумкин бўлган саволлар

Юқорида баён этилган фикрларни инобатга олган ҳолда “Фарғона” ахборот агентлиги ўқувчиларимиз учун қизиқарли бўлган бир нечта саволлар билан жаноб Iwan Petrus Leonardus van Munsterга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига мурожаат қилади.

- Голландиянинг LT Textile Cooperatief UA компанияси тўқимачилик саноатига инвестициялар киритиш бўйича қандай тажрибага эга?

- LT Textile Cooperatief UA компаниясига оид маълумотларда телефон рақами кўрсатилган TMF-Group компаниясининг ҳамда LT Textile Cooperatief UA ширкатига асос солган ходимнинг Ўзбекистон билан бизнесига қанақа алоқаси бор?

- LT Textile Cooperatief UA компаниясининг фаолиятида Хитой фуқароларининг роли қанақа? Бизнеснинг ҳақиқий хўжайинлари улар эмасми? Нега хитойликлар компанияни Ўзбекистонга Пекин ёки Шахайдан эмас, балки Амстердамда рўйхатдан ўтказиб Голландиядан келдилар? Бунинг сабаби нимада?

- Ва энг асосийси: нега айнан авваллари ҳеч кимга танилмаган ушбу компания Ўзбекистонда бож тўловларисиз ишлаш бўйича имтиёзларга эга бўлди (эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати LT Textile Cooperatief UA компаниясининг 2022 йил 1 январигача имтиёзли тартибда ишлаш бўйича инветициявий битимни маъқуллади)?

***

Қайд этамиз, бу саволларнинг бари фақат қизиқувчанлигимиз туфайли туғилди. Биз Ўзбекистон ва Голландия томонларининг ишбилармонлик манфаатларига етарли даражада ҳурмат билан қараймиз ҳамда улар тузган тижорий битимларининг маҳфийлигига тажовуз қилиш ниятимиз йўқ. Бироқ мамлакат иқтисодиётидаги энг муаммоли секторларидан бири саналган Ўзбекистоннинг пахта саноатига инвестициялар киритиш масаласи пахта далаларида икки букилиб “оқ олтин” ҳосилини тераётган ва бунинг эвазига муносиб даражада тақдирланмаётган ўзбек жамиятининг манфаатига ҳам тегишли дея ҳисоблаймиз.

P.S. Биз LT Textile Cooperatief UA компаниясининг бош муассиси жаноб Иван ван Мюнстердан маълумот олиш илинжида ушбу мақолани чоп этмай келдик. Унга тегишли телефонларнинг ҳаммасига TMF-Group офисининг котиб жавоб берарди. Аёл овози жаноб Мюнстерни гоҳида муҳим “учрашув” ўтказаётгани маълум қилар, гоҳида эса улаяпман, дея бизни куттириб қўяр, аммо бу жаноб телефон гўшагини кўтармас эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги