11:08 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўшда ўзбекларга қарашли уйларнинг кўпида тиклаш жараёни тўхтаб қолган

24.11.2014 11:56 msk

Алишер Навоий институти

Қирғизистон жанубидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, Ўш шаҳар Черемушки микрорайонидаги Сема Турк лицейи ва Партсъезд кўчасида 10 қаватли турар-жой биноси қурилиши тугалланмоқда. Ҳолбуки, 2011-2013 йилларда Ўш шаҳри ҳокимлиги Черемушки тарар жой даҳаси гўё ер плитасининг тектоник ёриғи устида жойлашгани, бу эса Қирғизистон каби сейсмик фаол ҳудуд учун жуда хавфли ҳисобланишини айтиб, бир неча бор баёнотлар билан чиққан эди. Шаҳар ҳокимлиги топшириғи билан тайёрланиб эфирга узатилган бир нечта махсус телекўрсатувларда асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи мазкур турар жой массиви тектоник ёриқ устида жойлашгани важидан аҳолига зудлик билан ўз уйларини тарк этиш зарурлиги таъкидланган.

Маҳаллий газеталар ҳам ҳудди шундай тарғибот материалларини тайёрлаб, аҳолини шундай йўл тутишга ундаган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг шаҳар бўлими вакиллари Черемушки аҳолисига сейсмик фаол ҳудудлар хавфи билан қўрқитиб, уларни Ўш яқинидаги Ўттиз-Адир Олмалиқ қишлоғига кўчиб ўтишга чақирганди.

Маҳаллий ўзбекларни зудлик билан ўз уйларидан кўчиб кетишга чақирувчи расмий тарғиботлар билан бир пайтнинг ўзида маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, қирғиз миллатчилик гуруҳларининг ўзбекларга қарши босими ва тазйиқлари кучайиб кетди. Қуруқ туҳмат ва ноқонуний ҳибслардан хавфсираган ўзбек ёшлари Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Европа мамлакатларига чиқиб кетишга мажбур бўлдилар.

Бугунги кунга келиб Ўш шаҳар ҳокимлиги Черемушки микрорайонидаги кўп қаватли уйлар қурилишини якунламоқда.


Бу уйлар айнан расмийлар тектоник ёриқда жойлашгани учун сейсмик жиҳатдан ўта хавфли экани ҳақида бонг урган ўша ҳудудда қурилмоқда. Шу муносабат билан қатор саволлар пайдо бўлади: Тектоник ёриқ устига бинолар, шунингдек, кўп қаватли турар жой биноларини қуриш мумкинми? Бу қурилишга ким рухсат берди?

Зилзила таҳликаси туфайли ушбу ҳудуддаги ўзбек аҳолисини зудлик билан ўз уйларини тарк этишга кўндирган барча ҳукумат идоралари – Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, шаҳар лойиҳа бошқармасининг экспертлари қаерда қолдилар? Черемушки микрорайони остида ер плитасининг тектоник ёриғи мавжудлигини ким ва қайси усулларга асосланиб аниқлаган? Балки шаҳар расмийлари бу баёнотларнинг ҳаммасини ўзбекларни ўз уйларидан кўчириш учун махсус тўқиб чиқаргандирлар?

Кўп қаватли янги бинолар кўплаб оилалар истиқомат қилаётган уйларнинг ўртасига қурилмоқда. Бордию, чиндан ҳам зилзила содир бўлса ёки мавжудлиги зикр қилинган тектоник плиталар силжиб қолса, янги бинолар уларнинг устига қулаб тушмайдими? Хўш, нима рост ва нима ёлғон? Тушуниш қийин. Эҳтимол бу ҳаракатлар айирмачилик кайфиятидаги маҳаллий расмийларнинг Ўшни ўзбеклардан тозалашга йўналтирилган навбатдаги акцияси, деган ҳаёлга бориш мумкин. Ҳозир ҳам Черемушкида истиқомат қилаётган ўзбеклар сейсмик хатар ҳақида огоҳлантирилмоқда ва уйларидан кўчиб кетиш ҳақида таклифлар олишмоқда.

Маҳаллий расмийлар микрайондаги хусусий уйлар шаҳар янги бош лойиҳасига мувофиқ тез орада бузилиши муқаррарлигини ва бу ишлардан мурод маҳаллий аҳоли манфаати кўзланаётганини таъкидламоқда. “Ҳали вақт борлигида (!) ўз уйидан кўчиб кетганга нима етсин!” қабилида шаъма қилишяпти. Қайд этиш жоиз, ушбу огоҳлантиришлар расмий кучга эга эмас.

Шаҳар мутасаддилари аҳолини огоҳлантираётганда ҳеч қанақа расмий ҳужжатларни тақдим этмаяптилар. 2010 йил июндаги фожиавий воқеалар давомида Ўш шаҳри марказидаги асосан ўзбеклар яшайдиган Черемушки микрорайонига жуда қаттиқ талафотлар еказилди. Бу мавзеда жами 283 та уй вайрон қилинди. Июнь воқеаларидан сўнг эса ашаддий миллатчи Мелис Мирзақматов раҳбарлик қилаётган Ўш шаҳар ҳокимлиги ўзбеклар зич яшайдиган турар-жой массивларини, маҳаллаларни тиклаш жараёнига тиш-тирноғи билан қаршилик қилди. Бунга кўрсатилган сабаб ҳам антиқа: советлар даврида амалга оширилиши режаланган, аммо 1978 йилда бекор қилинган шаҳар бош лойиҳасини рўёбга чиқариш экан.

Шаҳар ҳукуматининг таъкидлашича, мазкур бош лойиҳада шаҳарнинг ўзбеклар яшайдиган микрайонларидаги хусусий уйлар бузилиши ва ундаги аҳолини шаҳар четида уй-жой қуриш учун ажратилган махсус ерларга кўчирилиши кўзланган. Ҳолбуки, бу лойиҳани ҳеч ким ўз кўзи билан кўрмаган ва бу ҳақда маҳаллий ўзбек аҳолиси билан ҳеч ким муҳокама қилмаганди.

Мирзақматов шаҳар мэри лавозимидан четлатилди, аммо унинг Ўш шаҳридаги ўзбек микрорайонларини бузиб ташлаш бўйича миллатчилик ғояси ҳамон яшаб келмоқда.

Шаҳар ҳукумати уйи бузиладиган аҳолига янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан квартира беришга ваъда қиляпти. Бош лойиҳа тарафдорлари ниятига кўра, шаҳардаги ўзбек микрорайонлари ўрнида этник аралаш мавзелар вужудга келади. Гўё шундай қилинса, қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги таранглик пасаяр экан.

Бироқ бу йўналишдаги ҳаракатларнинг натижаси ижобий эмас. Кузатишларга кўра, фойдаланишга топширилган дастлабки кўп қаватли турар-жойларга асосан қирғизлар ўрнашмоқда, ҳолбуки 2010 йилги июнь воқеаларида жабрланганларнинг аксариятини ўзбеклар ташкил этганди.

Ўзбеклар яшайдиган микрайонларида аҳолининг аксариятида хусусий мулкни тасдиқловчи ҳужжатларнинг йўқлиги ҳам аҳволни мураккаблаштирмоқда. Чунки айрим уйлар учун мулкга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳеч қачон бўлмаган. Кўплаб уй эгалари эса июнь воқеаларидаги тўполонлар ва ёнғинлар давомида ҳужжатларини йўқотганлар.

Ўшда вайрон қилинган ўзбек хонадонларининг мулкчилик хукукини тиклаш жараёни тегишли идоралар томонидан жуда секинлик билан амалга оширилмокда. Қирғизистон жанубидаги ўзбек аҳолиси орасида 2010 йилги фожиавий июнь воқеаларидан мерос қолган қўрқув ва хавотирга афсуски шу чоққача барҳам берилмади.

Алишер Навоий институти

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги