02:55 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Cotton Campaign: Ўзбекистон расмийлари одамларни аввалгидан кўра кўпроқ пахта теришга мажбурламоқда

17.11.2014 18:43 msk

Фарғона

Ўзбекистон ҳукумати 2014 йилда пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатдан аввалгидан кўпроқ фойдаланмоқда ва бу аҳвол институционал таъқиб, таъмагирлик ва ноўрин ўлимларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда, дея билдиради “Пахта кампанияси” (Cotton Campaign).

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми (“Пахта кампанияси” ташкилоти аъзоси) эълон қилган маърузада айтилишича, маҳаллий ҳокимият идоралари миллионлаб ўзбек фуқароларини пахта далаларида ишлашга мажбур қилдилар. Катталар мажбурий меҳнатидан кўпроқ фойдаланилгани боис болаларнинг мажбурий меҳнати камайди, аммо бутунлай воз кечиш тўғрисида гапиришга эрта.

“Ўзбекистонда пахта етиштириш инсон ҳуқуқларининг оммавий равишда бузилиши ҳисобига амалга оширилмоқда, - дея билдиради Ўзбекистон-Германия форумининг директори Умида Ниязова. – Катталарнинг мажбурий меҳнати ҳисобига далалардаги болалар сонини қисқартирилиши етарли эмас. Ҳукумат мажбурий меҳнатдан бутунлай воз кечиши керак”.

Маърузанинг энг аянчли хулосаларидан бири шундаки, 2014 йилда пахта терими мавсуми давомида 17 киши ҳалок бўлди, бу ўтган йилга қараганда олти кишига кўпроқ. Мисол учун, уч ва беш ёшли икки боланинг онаси пахтага мажбуран олиб чиқилганида, уйда ёлғиз қолган болалар содир бўлган ёнғин туфайли ҳалок бўлишган.

Маърузада Қашқадарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 13-15 ёшли болаларнинг пахта териш кампанияси охирига келиб мажбурий меҳнатга жалб этилганига далиллар келтирилган. Пировардида, пахта плани бажарилмаса иш ўринларидан ажралишига кўзлари етган маҳаллий мутасаддилар ҳукуматнинг болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги фармонларига ҳамда шунга оид миллий қонунчиликлар ҳақида мунтазам тарзда эслатилишга қарамай, ҳукуматнинг пахта далаларига олиб чиқиладиган одамлар сони тўғрисидаги талабни бажариш учун болаларни пахта далаларига олиб чиқишга қарор қилдилар.

“Республика ҳукумати бу йил системали болалар меҳнати кўламини камайтирди. Бироқ маҳаллий ҳукумат органлари пахта терим режаларини бажаришга бор кучи билан уриниб, ҳамон мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиб келмоқда, - дея билдиради Болалар меҳнати коалицияси муассисдоши, Америка ўқитувчилари федерацияси ғазначи-котиби Лоретта Жонсон. – Пахта теримига жалб қилинмаган болалар ўқитувчилари пахта тергани чиққанлари боис таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлдилар. Биз Ўзбекистон ҳукуматини болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш сиёсатини тўхтатишга чақирамиз”.

Маърузада айтилишича, пахта тера олмаган ва пахтага чиқишни истамаган одамлар ўзларининг ўринларига мардикор ёллашга мажбур қилинди. Баъзи мактабларда ўқувчиларнинг ўрнига уларнинг ота-оналарини пахта теришга мажбур қилдилар. Ҳукумат давлат ташкилотларига, шу жумладан мактабларга, касалхоналарга ва маҳалла фуқаролари йиғинларига пахта териш бўйича режа белгилаб, персоналнинг 30-60 фоизини далага чиқаришни талаб қилди. Натижада соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари каби ҳаёт учун муҳим бўлган ижтимоий хизмат соҳаларининг фаолияти жиддий тарзда оқсаб қолди.

Бу йил Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилоти кўмаги остида Муносиб меҳнат дастури доирасида пахта теримида болалар меҳнати мониторингини ўтказди ва ХМТ унинг натижаларини маъқуллади. Бироқ Ўзбекистон-Германия форуми шарҳловчилари тўплаган далиллар ҳукумат томонидан ўтказилган мониторинг натижаларни инкор этмоқда.

Муносиб меҳнат дастури мажбурий меҳнатни йўқ қилиш бўйича дастлабки қадам сифатида Халқаро меҳнат ташкилотини ишга ёллаш амалиётини текшириб туришга чақиради. Бироқ Ўзбекистон расмийлари ХМТ текширувларининг ўтказилишига рухсат бермай, ҳамон пахта терими жараёни тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва тарқатишга уринган фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг мустақил вакилларини қўлга олиш билан шуғулланиб келмоқда.

“Ушбу маърузадан маълум бўлишича, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммолар халигача тугатилмаган, - дея билдиради Америка либослари ва пойафзаллари ассоцияцияси вакили Нейт Херман (Nate Herman). – Шу сабабдан кўпчилик аъзоларимиз ўзбек пахтасини сотиб олмасликка ва ундан фойдаланмасликка қарор қилган. Биз Ўзбекистон билан алоқа қилаётган барча компанияларни биздан ибрат олишга ҳамда “узумни ейишдан олдин боғини суриштиришга” чақирамиз”.

Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллаб, ишлаб чиқарилган пахта толасинининг катта қисмини экспортга чиқаради. Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштириш жараёнининг барча бўғинларини назорат остига олиб, фермерларга етиштирилган ҳосилнинг ҳаммасини ҳукумат томонидан белгиланган нарх бўйича давлатга топшириш мажбуриятини юклаган. Ўзбекистон пахта терими соҳасида дунёда энг йирик мажбурий меҳнати тизимини жорий қилган давлат сифатида танилган.

“Пахта кампанияси” АҚШ ва Европа иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, мажбурий меҳнат тизимини тугатишга Халқаро меҳнат ташкилотига қишлоқ хўжалиги соҳасида одамларни мажбурий меҳнатга мажбурлаш ҳолатларини текшириш учун тўсиқ қўймасликни ҳамда иқтисоднинг шу секторида ислоҳотларни бошлаб юборишни чақиришни қайта-қайта таъкидлаб келмоқда.

Маърузанинг тўлиқ матнини инглиз тилида қуйидаги ҳаволадан ўқишингиз мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги