02:15 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон фаравонлик рейтингида МДҲ мамлакатларининг деярли барчасидан ўзиб кетди. Нега?

11.11.2014 18:30 msk

Фарғона

Буюк Британиянинг Бирлашган Араб Амирлигида жойлшган Legatum Institute инвестициявий ва таҳлилий маркази навбатдаги йиллик Фаравонлик индексини («The 2014 Legatum Prosperity Index™») эълон қилди.

Ўзбекистон 142 мамлакатни ўз ичига олган рейтингда “ўртадан юқори фаравонлик” (upper middle) гуруҳидан жой олиб, 57-ўринни эгаллади ҳамда деярли барча МДҲ мамлакатларини ортда қолдирди. Биргина Қозоғистон икки поғона юқоридан ўрин олиб Ўзбекистондан ўзиб кетган.

Ушбу фавқулодда ва беназир янгилик Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида негадир юзаки тилга олинди ҳамда жамоатчиликни ажаблантириб қўйди. Ўзбекистон фуқаролари ҳар қанча ватанпарвар бўлмасинлар, гуркираб яшнаш бўйича нафақат Европадаги баъзи мамлакатларни, масалан – Грецияни қўя турайлик, ҳатто Россиядан ўзиб кетмаганларини яхши тушунадилар.

Бироқ бу жадвалга кўз югуртириб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг бунақанги юқори рейтинги қандай юзага келганини тушуниш мумкин: умумий баҳо – ижтимоий капитал бўйича жуда яхши кўрсаткич билан бошқа бўлимлардаги жуда ёмон кўрсаткич ўртасидаги ўрта арифметик кўрсаткич натижасидир.



Бутунжаҳон банки тушунчасига кўра, ижтимоий капитал атамаси жамиятдаги ижтимоий ўзаро ҳаракатларни шакллантирувчи институтлар, муносабатлар ва меъёрларни англатади. Бошқача қилиб айтганда, булар қандайдир жамоатчилик тузилмалари, оилавий муносабатлар, қўшнилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ягона маданий умумийлик ва ҳоказолар тушунилади. Бу муносабатларнинг мамлакат гуркираб яшнаши учун муҳимлигини бирор киши инкор этмаса керак. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёда 16-ўринни эгаллаган. Шу билан бирга, рейтинг тузувчиларига кўра, Ўзбекистон оилавий ришталарнинг мустаҳкамлиги бўйича дунёда иккинчи ўринни эгалламоқда (маъруза муаллифлари биринчи ўринни ким эгаллаганини кўрсатмадилар).

Ўзбекистоннинг таълим (69) ва соғлиқни сақлаш (60) бўйича кўрсаткичлари ҳам ўртадан юқори ўринда. 12 ойдан 23 ойгача бўлган болаларни иммунлаш бўйича кўрсаткичлар ҳам жуда юқори – 99%. Бундан ташқари, Ўзбекистон аҳолисининг 85 фоизи ўзларининг дам олиш сифатидан мамнунлар.

Шахс эркинлиги бўйича кўрсаткичлар шахсларнинг ўзлари ифода қилган ҳиссиётларга қараб баҳоланган. Маълум бўлишича, 94,8 фоиз ўзбекистонликлар танлаш эркинлигидан қониқиш изҳор этганлар ва бу ҳолат мамлакатни 57-ўринга олиб чиқди.

Бироқ Ўзбекистоннинг бошқа кўрсаткичлари унчалик қувончли эмас: иқтисодий ривожланиш бўйича мамлакат 67-ўринни, тадбиркорларнинг имкониятлари бўйича – 92- ва давлат бошқаруви бўйича – 118-ўринни эгаллаган.


Фаравонлик ҳаритаси -2014

Дунёдаги энг гуркираб яшнаётган мамлакат сифатида Норвегия тан олинди, энг қолоқ – Марказий Африка Республикаси. Ушбу рейтингда Туркманистон бўйича маълумотлар берилмаган. Россия ҳақида сўз юритиладиган бўлса, сўнгги йилда бу мамлкаатдаги вазият таҳлили халқаро муносабатларга қараб баҳоланмоқда: БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Сурия бўйича резолюциясига вето қўйилиши, Қримни қўшиб олиши ҳамда Украинанинг шарқий вилоятларидаги қуролли можароларга аралашуви асосий омиллардан бўлиб қолган. Ички муаммолар ҳам ўзига алоҳида эътибор қаратмоқда. “Давлат бошқаруви”, “Шахс эркинлиги” ва “Хавфсизлик” категориялари бўйича Россия 113, 124 ва 96-ўринларни эгаллаган. Қайд этилишича, бу мамлакатда этник озчиликка ва муҳожирларга нисбатан тоқатсизлик муносабати кучайиб бормоқда. Россияликларнинг бор-йўғи 46 фоизи тунда якка-ёлғиз кўчаларда қўрқмай сайр қила олишини таъкидламоқда. Фуқаровий эркинликлар ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида гап кетганда, россияликларнинг 27 фоизи сайловларнинг эркин ва ҳалол ўтишига ишонадилар. Шу билан бирга, бизнес ва ҳукумат коррупциялашган дея ишонадиганларнинг сони 82 фоизга тенг.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги