21:59 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда “Хамза” ва “Олмазор” метро станциялари номини ўзгартиришмоқчи

06.11.2014 16:27 msk

Фарғона

Тошкентда 2014 йил охиригача “Хамза” метро станциясининг номини ўзгартирадилар. Бу ҳақда Podrobno.uz агентлигигига Чилонзор тумани ҳоминининг биринчи муовини Сайфулло Аҳмедов маълум қилган.

Унга кўра, “Собир Раҳимов” станцияси номини “Олмазор” дея ўзгартиришда шошқалоқликка йўл қўйилган ва эҳтимол бу станциянинг номи ҳам Ўзбекистоннинг кўзга кўринган намояндаларидан бири номига ўзгартирилади. Айни пайтда махсус комиссия номни ўзгартириш билан боғлиқ масалаларни ўрганиб чиқмоқда. Шоир ва драматург, ўзбек театрига асос солган Хамза Ҳакимзода Ниёзий ҳукуматга нимаси билан тўғри келмай қолгани ҳақида ҳоким муовини индамади.

“Хамза” метро станцияси Тошкет метрополитенининг Чилонзор линиясида жойлашган бўлиб, 1977 йил 6 ноябрь куни ишга туширилган. Унга тенгқур “Собир Раҳимов” станцияси 2010 йил ноябрдан бошлаб “Олмазор” деб атала бошланган.

Эслатиб ўтамиз, Хамза номини халқ хотирасидан ўчириш бўйича ҳаракатлар СССР парчаланганидан сўнг бошланган бўлиб, 1990-йиллар бошланишида аввалига Тошкент медицина институти (“эски ТошМИ”) биносининг рўпарасидаги Хамзанинг ҳайкали олиб ташланган эди.

Ўзбек Миллий академик драма театри ҳам ўзига асос солган Хамзанинг номидан мосуво бўлди.

Тошкентда Хамзага бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик. Кўпчилик уни унутган бўлса керак

Ўзбекистонда нафақат Хамзага ўрнатилган ёдгорликлар олиб ташланди, балки унинг номини кўтариб юрган кўплаб мактаблар, кўчалар ва театрлар ҳам бошқача аталадиган бўлдилар. Жумладан, 2014 йилдан бошлаб Тошкентдаги Хамза тумани қаердандир топилган Яшнабод номини олди.

Хамза Ҳакимзода Ниёзий 1889 йилда Қўқон шаҳрида, табиб оиласида туғилди. Унинг назмдаги истеъдоди эрта намоён бўлди: 1903 йилдан 1914 йилгача икки юздан зиёд шеърлар ёзилди. Хамза ўзбек, тожик, араб ва рус тилларида сўзлаша олар, 1909 йилда Мунаввар қори, Абдулла Авлоний, Раҳимий каби маърифатпарварлар бошқараётган жадидлар ҳаракатга қўшилди. У Тошкентда, Марғилонда ва Қўқонда янги услубдаги мактабларни очиб, уларда дарс берди. Шу йилларда у мактаблар учун адабиёт ва ўқиш китоби дарсликларини ёзди. Хамза мусиқа билан ҳам шуғуллана бошлади. 1915-1916 йилларда “Миллий ашулалар” тўпламини ҳамда “Оқ гул”, “Қизил гул” “Сариқ гул” каби шеърий тўпламларини тузди.

Хамза ижоди ижтимоий мавзулар, маърифатпарварлик ғоялари, мудҳиш ижтимоий тенгсизлик ва адолатсизлик устидаги ўйлар билан тўлдирилган. Мисол учун, у бойларнинг батракларга нисбатан сурбетларча муносабатини қоралайди, мардикорлар муаммоларини очиб ташлайди ва аёлларнинг ҳурлигини ёқлаб чиқади.

Шўролар тарихи Хамза айнан паранжига қарши курашда иштирок этгани учун Хамза Шоҳимардонда тошбўрок қилиб ўлдирилган, дея таъкидлаб келади.

Қайд этамиз, Хамзанинг ижтимоий пьесалари ва хусусан, унинг энг машҳур “Бой ила батрак” Ўзбекистон театрларининг репертуарларидан бадарға қилинган.

“Ҳукуматнинг Хамзага қарши йўналтирилган барча ҳаракатларида қандайдир ўрта асрларга хос тушунчаларга қайтиш тенденциясини кузатиш мумкин. Замонавий ўзбек жамиятида аёлларнинг ҳуқуқи камситилаётганини кўриш мумкин. Мисол учун, агар 35 ёшгача бўлган аёллар хорижий мамлакатларга чиқиш учун виза олмоқчи бўлсалар, эрларининг ёки ота-оналарининг ёзма равишда берган рухсатномаларини тегишли органларга тақдим этишлари лозим бўлади. Бошқа тарафдан олиб қараганда, жамиятда бойлар синфининг қайта шаклланаётгани ва аҳолининг қашшоқ табақалари камситилаётганини кўряпмиз”, - дейишади тошкентликлар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кўчалар, майдонлар ва аҳоли пунктлари 1991 йилдан бошлаб қайта номлана бошлаган. Асосан русларга, шўроларга оид ёки ғайриўзбекча номлар ўзгартирилган. Қизиғи шундаки, Тошкентда баъзи кўчаларнинг номлари бир неча мартадан ўзгартирилган ва “Фарғона” бу ҳақда олдин бир неча бор ёзган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги