13:48 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Би-би-си Тошкентдаги ваколатхонасини ёпмоқда

27.10.2005 07:20 msk

BBC

26 октябр куни эълон қилинишича, Би-би-си Жаҳон Хизматининг Тошкентдаги ваколатхонаси мухбирларининг хавфсизлигига оид хавотирлар туфайли ёпилади ва айни муносабат билан у ердаги барча мухбирлари мамлакатдан олиб чиқиб кетилади.

Тошкент ваколатхонаси ўз фаолиятини 6 ойга тўхтатиб туради, бироқ мазкур қарорни қайта кўриб чиқиш эҳтимоли назардан соқит этилмаган.

"Биз хавфсизлик билан боғлиқ сабаблар туфайли бу ишга қўл урмоқдамиз,"-деб айтган Би-би-си Жаҳон Хизматининг минтақавий раҳбари Беҳрўз Офоқ.

Жаноб Беҳрўз Офоқнинг билдиришича: "Андижондаги зўравонликлар ортидан орада кечган 4 ой давомида Ўзбекистондаги Би-би-си мухбирлари таъқибу таҳдидларнинг нишонига айланганлар ва бунинг оқибатида мамлакатда юз бераётган воқеалар хусусида хабар беришлари қийинлашган".

Ўтган июн ойида Би-би-си Жаҳон Хизматининг минтақадаги мухбири Моника Уитлок ҳукуматнинг босими остида Тошкентни тарк этишга мажбур бўлган эди.

Расмийлар томонидан таҳдид ва таъқибларга учрашлари ортидан, Ўзбекистондаги қолган 6 ходими ҳам охир-оқибат мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган.

Улардан икки нафарига ҳозирда Бирлашган Миллатларнинг қочқинлик мақоми берилган.

Билдирилишича, мазкур қарор Би-би-си Ўзбек, Рус, Қирғиз ва Қозоқ Хизматларининг ЎЗбекистондан хабар олиш ва узатиш амалиётларини қийинлаштиради.

"Би-би-си Жаҳон Хизмати Ўзбекистондаги воқеаларни ёритиш аҳдида қатъий қолади ва инглиззабон мухбирлари бунинг учун Ўзбекистонга кириш имкониятларини қидиришда давом этадилар".

"Би-би-сининг Тошкентдаги ваколатхонаси 10 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган. Биз Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб иш бошлаганмиз ва у ерда иш олиб бораётган энг йирик халқаро оммавий-ахборот воситаси сифатида қолаётирмиз. Бу-бизнинг Ўзбекистонга нисбатан қатъий аҳдимиз ва Марказий Осиёда муҳим ўрин тутган Ўзбекистондаги ҳаётнинг барча қирраларини эркин ҳамда холис ёритиш истагимизда акс этади. Биз Ўзбекистондаги мухбирларимизнинг холис ва бетараф журналистиканинг олий мезонларида иш олиб бораётганликларига иймонимиз комилдир".

Би-би-си ташкилотнинг Бош раҳбари муовини Марк Байфорднинг кафолат сўраб Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга йўллаган мактубига жавоб олганича йўқ.

Лондондаги ўзбек элчиси Тўхтапўлат Рисқиев жаноблари эса айни масалани Би-би-си Жаҳон Хизмати билан мубоҳаса этишдан бош тортган.

У Би-би-си Ўзбекистонда бирор бир муаммога дуч келаётганлигидан бехабар эканлигини айтган.

"Биз ваколатхонамизнинг қайта очишдан аввал, ўзбек расмийларининг барча Би-би-си мухбирларининг мамлакатда ҳукуматнинг айблов ва аралашувидан холи фаолият олиб боришларига имкон берилишига оид қатъий кафолатларини хуш қаршилаймиз,"-деб айтган Би-би-си Жаҳон Хизматининг минтақавий раҳбари Беҳруз Офоқ.