01:36 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Робия Қодир: “Хитойни СССР тақдири кутмоқда”

24.10.2014 09:33 msk

ADAM bol

Фото AFP

Бир неча йил бўлибдики, Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида (ШУАР) барқарорсизлик сақланиб қолмақда: уйғурларнинг бир қисми Шарқий Туркистонни хитой расмийлари бошқараётганидан норози бўлиб, Пекиндан мустақилликни талаб қилишмоқда. ШУАРда вақти-вақти билан уйғурлар билан хитой расмийлари ўртасида қуролли тўқнашувлар қайтарилиб турибди. Одатда бу каби можаролар оммавий тартибсизликларни уюштирган одамларни шавқатсиз равишда қатл этишлар билан тугаяпти.

УРУМЧИ СИНДРОМИ

Икки ҳафта илгари Хитой расмийлари Шинжонда қуролли экстремизмга қарши бир йиллик кампаниянинг бошланаётгани ҳақида эълон қилдилар. Бунга беш нафар ҳудкушнинг турли туманларда амалга оширган терактлари натижасида 39 кишининг ҳалок бўлгани баҳона бўлди. Ўшанда, хитойнинг Синьхуа давлат агентлиги хабар берганидек, ШУАРнинг бир неча катта бўлмаган аҳоли пунктларида содир бўлган портлашлар натижасида камида 50 киши ҳалок бўлди ва яна 54 киши яраландилар.

Маҳаллий ҳокимият идораларининг расмий маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар ичида тўрт нафар полициячи, олти нафар ўткинчи ва қирқ нафар ҳудкуш бор. Ҳудкушлар озиқ-овқат бозорларидан бирида, иккита полиция участкасида ва дўконда портловчи мосламани ҳаракатга келтирдилар. Ҳужум қилганларинг баъзилари портлашлар натижасида ҳалок бўлдилар, қолганлари кўчада содир бўлган отишма давомида полиция томонидан ўлдирилди.

Пекин Шинжонни ХХРдан ажратиб олишга уринаётган бўлгунчиларни терактлар содир этишда айблаяпти. ШУАР аҳолси ўртасида вақти-вақти билан норозлик кайфияти пайдо бўлаётгани кўпчиликка маълум. Сўнгги ойларда Урумчи ва Кунминдаги темир йўл станцияларига ҳужумлар уюштирилди, Пекинда бўлса, уйғур миллатига мансуб ҳайдовчи бошқараётган автомобиль Тяньанмэнь майдонида турган оламонга бориб урилди ва натижада беш киши ҳалок бўлди.

2009 йилда ШУАРнинг маъмурий маркази – Урумчи шаҳрида уйғурлар ва этник хитойлар ўртасида содир бўлган тўқнашувлар натижасида 150 дан зиёд киши ўлдирилди. Ўшанда расмийлар шаҳарда коммендантлик соатини жорий этиб, масжидларни очишни тақиқладилар.

Ушбу терактларнинг ортида турганлар ким ўзи? ШУАР ва Тибетда Ҳонконг сценарийсини кутиш мумкинми? Ушбу мавзу бўйича Қозоғистондаги ADAM bol ҳафталик журналининг (бош муҳаррири – Гулжан Ералиева) мухбири Вашингтонда истиқомат қилаётган уйғур мухолифатининг лидери Робия Қодир билан телефонда суҳбатлашди.

“БУ ТЕРРОР ЭМАС!”

АДАМ bol: - Робия хоним, ШУАРда содир бўлган сўнгги воқеаларни қанақа қилиб шарҳлай оласиз? Чиндан ҳам бу Хитой расмийлари таъкидлаётганидек уйғур бўлгунчиларининг ишими?

Робия Қодир: Пекиннинг зўравон сиёсати уйғурларни шунақа радикал йўл тутишига мажбур қилмоқда. Бугунги Хитойда уйғурлар миллатчилик негизи остида ситамга олинган. Бизга ўз она тилимизда гаплашишни, ўз динимизги ўқитишни тақиқлаяптилар. ШУАРдаги вазият ҳудди Украинадаги каби, Иккинчи жаҳон урушини эслатади. Йирик шаҳарларнинг кўчаларида қуролланган ҳарбийларни кўриш мумкин.

Кўчага чиққан бегуноҳ ёш йигитларни ҳибсга олиб, суд ва тергов қилмай турмаларга ташлашяпти. Ҳеч ким уларнинг кейинги тақдирини билмайди. Уларни отиб ташлаётганлари ҳақида кейинроқ билиб қоляпмиз. Шу билан бирга, судлар инсон ҳуқуқларининг бузилишлари билан ўтмоқда. Уйғурларга ҳатто адвокат беришмаяпти. Оналар болаларини кўчага чиқаришдан қўрқиб қолдилар. Мактабдан, институтдан уйига қайтиб келмаган болаларнинг сони қанчадан-қанча. Кейинроқ маълум бўлишича, шунақа йўқолган болалар полиция участкаларида ўлиб кетяпти. Полиция устидан шикоят қилишга уринган оналарни кейинроқ ўлигини топишяпти. Менимча, ҳеч қайси миллатнинг бошига бунчалик кўп ғам ва ҳақоратлар ёғилмаган. Расмийлар бизнинг кўплаб шикоятларимизни эътиборга олмаяпти. Шунинг учун ҳам сўнгги воқеаларни Пекиннинг уйғурларга нисбатан ўтказаётган геноцид сиёсатига жавоб деса бўлади.

Биз буни терроризм деб санамаймиз. Биз ҳам украиналиклар каби ўз мустақиллигимизни ҳимоя қилмоқчимиз ва Хитойнинг мустамлакачлик, мустабид тузумидан халос бўлишни истаймиз. Халқимизнинг норозилик акциялари тинч характерга эга бўлган. Хитой расмийлари эса бунга жавобан бизнинг қонимизни тўкишга бошладилар. Бундан ким ҳақиқий экстремистлиги кўриниб турибди.

ТЕРАКТЛАР – МАХСУС ХИЗМАТЛАР ТОМОНИДАН УЮШТИРИЛГАН ПРОВОКАЦИЯ

- Хитой ОАВ таъкидлашича, уйғурларнинг “Шарқий Туркистон” миллий-озодлик ҳаракатининг “Ал-Қоида” билан қандайдир алоқалари бор эмиш. Шунга нима дейсиз?

-ХХР ўзини халқаро аксилтеррорчилик коалициясининг бир қисми деб эълон қилганидан сўнг, расмийлар диндор мусулмонларга алоҳида эътибор қарата бошладилар ва амалда уларни полиция назорати остига олдилар. Муаммо бир неча ўн йиллаб давом этмоқда. Аммо бу ҳақда мисол учун, қўшни Тибетда камроқ эсга оладилар.

Пекин ўзи учун “ёвузликнинг учта кучини” белгилаб олган: экстремизм, терроризм ва сепаратизм. Уларга қарши кураш зарурати инсон ҳуқуқларининг ҳар қанақа бузилишларини оқламоқда. Мисол учун, динимиз устидан мисли кўрилмаган ишларни амалга оширдилар. Улар масжидларимизни чўчқахоналарга айлантирдилар, имомларни кўчаларда Қуръонни ёндиришга мажбурладилар. 18 ёшга етмаган уйғур ёшларига диний таълим бериш тақиқланган, агар фарзандингизни мадрасага берсангиз, ҳукумат томонидан жазога тортиласиз.

Бизнинг “Ал-Қоида” радикаллари билан ҳеч қанақа алоқамиз йўқ. Хитой махсус хизматларининг ўзлари шунақа провокаторларни тайёрлаб, булар экстремистлар дея кўрсатадилар. Шу билан бирга, улар бутун дунёга уйғурларни террорчи деб кўрсатмоқчи бўладилар. Аслида эса биз тинчликсевар миллатмиз. Бизнинг биргина мақсадимиз бор – халқимизни хитой истибдодидан қутқариш.

ШУАР – уйғурлар замини, Хитой бу ерларни 1949 йилда босиб олган. Хитой истеълочи. Истеълочи давлат эгаллаб олган ердаги аҳолини сепаратизмда айблаши тўғрими? Уйғурлар Хитойдан ажралиб чиқишни истаган тақдирда ҳам уларни сепаратист сифатида кўриш тўғри эмас.

Бизнинг Афғонистон, Сурия, Чеченистондаги жанг қилаётган жанггариларга мансубликда айбловлар – Пекиннинг навбатдаги иғвосидир. Яқин Шарқ мамлакатларидаги жанггарилар орасида уйғурлар ҳам бўлиши мумкин, аммо биз уларни қўлламаймиз. Умуман олганда, ИШИД радикаллари ўртасида бошқа миллат вакиллари ҳам борку.


ADAM bol ҳафталик журналининг муқоваси

“ҒАРБНИНГ АЛОҚАСИ ЙЎҚ”

- Баъзи экспертлар бугунги кунда Хитойнинг асосий рақиби Ғарб, деган фикрни илгари суришни одат қилиб олдилар. Гўё “ғарб тамаддуни” минтақада барқарорсизлик зоналарини уюштириб, Хитой Халқ Республикасининг дунёдаги энг йирик давлатига айланишига ҳалақит беришга уринмоқда, деган фикрларни сингдирмоқчи бўладилар. Бунга нима дея оласиз?

- Хитой дунё бўйлаб ўз обрўсини кўтариш ҳақида қайғуриб келади. Шунинг учун ҳам ҳар қандай йўллар билан беш минг йиллик буюк ҳазорага эга бўлган сиймосини сақлашга ҳаракат қилади. Бироқ хитой расмийларининг шавқатсизлиги ва бадномлиги ошкор бўлиши билан, уларнинг ижобий сиймосидан асар ҳам қолмайди. ШУАР, Тибет ва Ҳонгконгда содир бўлаётган ишларга Ғарбнинг алоқаси йўқ. Ҳаммасига Пекин айбдор.

Жаҳон аренасида Хитойга жиддий рақиб сифатида муносабатда бўлиш учун мамлакат уйғурларга, тибетликларга нисбатан содир этилган жиноятлари учун жавобгарлкни зиммаига олиши ҳамда ўзининг репрессив сиёсатини ўзгартириши лозим. Хитой бир вақтнинг ўзида ҳам буюк, ҳам бузуқ бўлиши мумкин эмас.

“ТИНЧ МУЗОКАРАЛАР ЎТКАЗИЛИШИНИ ТАЛАБ ҚИЛАМИЗ”

- Тибетлик фаоллар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қиласизми?

- Хитойнинг Шарқий Туркистон ва Тибетда олиб бораётган сиёсати ўз мазмун-моҳияти жиҳатидан бир хил. Бу сиёсат маданий геноцид йўли билан маҳаллий халқларни йўқ қилишга қаратилган. Пировардида, уйғурлар ва тибетликлар ўз ерларида хитой расмийларининг шавқатсизлигидан азият чекишмоқда.

ШУАРдаги можароларни тартибга солиш учун менимча, воқеалар ривожланишининг фақат икки йўли мавжуд. Бу Хитой раҳбарияти қайси йўлни танлашига боғлиқ. Биринчи йўл: Хитой норозилик акцияларини шавқатсилик билан бостиришга қарор қилади ҳамда уйғур аҳолисига нисбатан қатағон сиёсатини давом этади. Бу Шарқий Туркистондаги вазиятнинг эскалациясига олиб келади. Иккинчи йўл: Пекин уйғурлар билан тинч музокаралар ўтказади. Биз тинч музокара ўтказилишини талаб қиламиз.

Халқаро ҳамжамият томонидан ўтказилаётган босимининг аҳамияти катта бўлиши мумкин. Шунинг учун халқаро ҳамжамият Хитойга босимини давом этиши керак. Акс ҳолда, Хитой бундан фойдаланиб уйғурларни, тибетликларни ва Ҳонгконг аҳолисини қатағон этишни кучайтиради.

ҚУВҒИНДАГИ ҲУКУМАТ

- Бир вақтлар Сиз уйғурларнинг муҳожирликдаги ҳукуматини тузиш ҳақида гапиргандингиз...

- Ҳа, олдинроқ биз бу ишни уюштирмоқчи эдик, аммо баъзи хитой жосуслари ёлғон муҳожирлик ҳукуматини тузганлари тўғрисида эълон қилдилар ва шу йўл билан режаларимизни амалга оширишга йўл қўймадилар. Айни пайтда иккита муҳожир ҳукумати мавжуд. Буларнинг иккиови ҳам хитой давлат органлари меҳнатининг самарасидир. Бу ишни улар бизга муҳожирликдаги уйғур ҳукуматини тузишга ҳалақит бериш учун қилдилар. Аммо биз ҳам бу ҳукуматни тузишга шошилмаймиз. Уни тузиш учун вақт керак бўлади.

ПЕКИННИНГ СИЁСИЙ ЎЙИНЛАРИ

- Бир неча йил олдин Қирғизистонда Хитой чегараси яқинида чегарачилар билан қуролланган одамлар гуруҳи ўртасида отишма бўлганди. Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фикрича, ўлдирилган одамлар уйғур террорчилари бўлган ва гўё улар чўпонлар ва овчиларнинг қуролларини тортиб олиб, бир нечта террорчилик актларини амалга оширишни ва Хитойга қайтишни режалаштирганлар. Сиз бу ҳақда нималарни биласиз?

- Улар чиндан ҳам уйғур бўлган. Аммо уларга бу провокацияни амалга оширишни хитой махсус хизматлари мажбур қилган. Биз бу ёш йигитлар турмада ўтирганларини биламиз, уларни шунақа қилишга мажбур қилдилар. Хитой расмийлари Қирғизистон махсус хизматлари билан ушбу операцияни ўтказишни келишиб олдилар. Агар бу йигитлар чиндан ҳам террорчи бўлганларида, унда нега уларни тириклайин қўлга олмадилар? Нега уларни сўроқ қилмай, ушлаган жойларида ўлдирдилар? Бу Пекиннинг навбатдаги сиёсий ўйини эди ва бу ҳақда барча уйғурлар яхши биладилар.

- Ҳонгконгдаги воқеалар қандай тугаши мумкинлиги борасида нима дея оласиз? Ушбу вилоят аҳолиси Пекин билан имзоланган келишувларда кўзда тутилганидек, ўз автономлигини сақлаб қола оладими?

- Ҳонгконг ҳам ШУАР сингари ўз мустақиллиги учун кураш олиб бормоқда. У ерда содир бўлаётган воқеалар Хитойнинг парчаланишида ҳал қилувчи ролини ўйнаши мумкин. Яқин келажакда ХХР СССР тақдирини қайтариши мумкинлигини истисно этиб бўлмайди. Биз Пекиннинг мустамлакачилик истибдодидан қутилишга эриша оламиз. агар Ҳонгконг аҳолиси ўз мустақиллигини ҳимоя қила олса, Хитойдаги бошқа ҳудудий тузилмалар ҳам шунга эриша олишлари мумкин.

Диларам Аркин суҳбатлашди/ ADAM bol

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги