17:59 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентдаги чорраҳаларда видеокамералар ўрнатишяпти, автомобиллар ҳаракати қийинлашиб қолди

23.10.2014 19:23 msk

Фарғона

Ўзбекистон пойтахтидаги барча гавжум чорраҳаларда йўл ҳаракати хавфсизлигини қайд этувчи видео-тизим мосламаларини ўрнатиш ишлари жадал суратлар билан олиб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳайдовчиларга қатор қийинчиликларни туғдирмоқда. Видеокамерали ўрнатиладиган жойга ерости коммуникацияларини ўтказиш зарур, баъзи кўчаларда ҳаракат бутунлай тўхтатиб қўйилган, шунинг учун ҳам айланиб ўтиш учун йўл қидиришга тўғри келмоқда, бошқа йўлларда эса улкан тирбандлар ҳосил бўлаётгани боис ҳаракатланиш жуда қийинлашиб кетди. “Бу ишларни нега тунги соатлара олиб боришмаяпти? Бу камералар кимга керак бўлиб қолди?”, - дея аччиқланиб ҳасрат қиладилар ҳайдовчилар.

Расмийлар ваъда қилишларича, видекузатув тизими Тошкент кўчаларидан ГАИ ходимларини йўқ қилиш имкониятини яратиб беради, ахир халқ уларни бекорга таъмагирлиги учун ёқтирмайдику. Камералар автомашиналарнинг давлат рақамини, тезлигини, светофорнинг қизил чироғига ўтиб кетганини ва йўл ҳаракати қоидаларининг бошқа бузилишларини қайд эта олади. Қоидани бузган ҳайдовчига почта орқали жарима тўлаш тўғрисидаги хабарномалар юборилади. 2014 йилнинг охиригача Тошкентдаги 120 та чорраҳаси видеокузатув камералари билан жиҳозланади ва тахмин қилинишича, келгуси йилнинг бошида ишга тушади.

Бу қувонтирадиган хабарлар сарасига киради, албатта. Аммо ҳайдовчилар ва пиёдаларни қийин аҳволга солмай, видеокамераларни ўрнатиш ишларини тунда бажарса бўлмасмиди?


Тошкент чорраҳасидаги ерости ишлари. “Фарғона.Ру” фотоси.

Тошкентда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишини видео-мосламалар воситасида қайд этиш тизимини Швейцариянинг AGT International компанияси ўрнатмоқда. РИА Новости хабар беришича, Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг исмини айтишни истамаган вакили айтишича, ушбу лойиҳанинг қиймати деярли 30 млн долларга тенг. 2016 йилга келиб Тошкентдаги 1690 та чорраҳада видеокамералар ўрнатилади ва шундан сўнг дастар Самарқандда ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоят марказларида жорий этилади. ЙҲХББ маълумотига кўра, республикда уч миллион атрофида транспорт воситалари рўйхатга олинган, уларнинг деярли 40 фоизи Тошкет улушига тўғри келади. Мамлакатда йилига автомобиллар сони 25 фоизга кўпаяди.

Агар гап кутилмаганда ёрилиб кетган иссиқ ёки совуқ сув қувурини таъмирлаш бўйича ерости ишлари олиб борилаётгани ҳақида кетмаса, бунақанги ишлар одатда барча ривожланган мамлакатларда тунги соатларда бажарилади: йўл ишларини бажариш режалаштирилган ерга кундузи барча зарур техника келтирилади ва туни билан асфальт очилиб, ички комуникациялар ётқизилади ва янги асфальт босилади. Кўп ҳолларда бунақа ишлар майдони 20-30 квадрат метрдан ошмайди.

Аммо Ўзбекистонга ўхшаган мамлакатларда тунда ҳеч кимни ишлатишмайди, чунки ишчиларга икки ҳисса тўлашга тўғри келади. Бундан ташқари, тез ва сифатли ишлашга ҳам одатланишмаган.

Шунинг учун ҳам расмийлар осонгина йўлни бир неча кунга тўсиб қўядилар ва автотранспорт оқимини турар-жой массивлари ичидан ўтган кўчаларга йўналтирадилар (жорий йилнинг августида Педагогика университети ҳудудида ҳам шунақа бўлганди).

- Даҳамиздан ўтган президент трассаси бутунлай тўсиб қўйилгани боис, ёнимиздан ўтган ва кенглиги бор-йўғи саккиз метр бўлган кўчадан икки томонлама ҳаракат бошланиб кетди, - дейди тўрт қаватли уйда истқомат қилувчи Феруза М. – Тасаввур қилинг: турар-жой массивининг қоқ ўртасида жойлашган уйимиз ёнидан автобуслар қатнашга бошлади. Енгил машиналарнинг сон-саноғи йўқ!.. Тунда камроқ бўлса ҳам, кундузгидек шовқин, машиналарнинг гулдурашлари эшитилади, чанг-тўзон туфайли уйдан чиқиб бўлмайди...


Бешёғочдаги йўл тирбандлиги. “Фарғона.Ру” фотоси

“Бу камералар кимга керак бўлиб қолди?”

Айланма йўл излашга тушиб қолган енгил автомашиналар ҳайдовчиларнинг ҳасрати бундан кам эмас.

- Одатда ишхонамга ўн беш дақиқада етиб борардим, бугун йўлга 40 дақиқа сарфладим. Бешёғоч бозорининг ёнида йўл кенглигининг учдан икки қисмини тўсиб қўйишибди, ярим километрга чўзилган “пробка”да ўн етти минут қолиб кетдим, - дейди йигирма йил ҳайдовчилик стажига эга Акрам Р,


ГАИ ходими Бешёғочдаги автомобиль тирбандлигини тартибга солишга уриняпти. “Фарғона.Ру” фотоси

Расмийлар нега қўққисдан кузатув камераларини ўрнатиш пайига тушиб қолди, дея одамлар ҳайрон. Энг асосийси, улар кимга керак экан? Кўпчилик автоҳаваскорларга кўра, бу камераларнинг оқибати яхши бўлмайди.

- Блатнойлар, крутойлар, ҳар хил “ада”ларининг арзанда болалари аввалгидек йўл ҳаракати қоидаларини бузаверадилар ва уларга бунинг учун ҳеч қанақа жазо қўлланмайди. Биз каби оддий одамлар учун эса “эски ҳаммом – эски тос”. Ўзбекистонда коррупцияни хали ҳеч ким бекор қилгани йўқ, - дея ишонч билан куюнади Виктор Т. – Айтайлик, мен қоидани буздим ва менга почта орқал жарима тўлаш учун квитанция келди. Қарасам, жуда катта жарима қўйишибди. Албатта автоинспекияга разбор қилгани бораман. У ерда менга нафақат қизил чироққа ўтганим, балки катта тезликда келиб “зебра”дан ўтаётган пиёдани ҳам ўтказиб юбормаганим маълум бўлади. Хўш, шунда нима қиламан? Албатта талаб қилинаётган сумманинг ярмини кимнингдир чўнтагига солишга ҳаракат қиламан...


Кабель шланглар ётқизишга тайёр. “Фарғона.Ру” фотоси

Жарималар маҳаллий мезон билан ҳисоблаганда, ҳаддан зиёд оғир. Мисол учун, Uznews.net ёзишича, светофорнинг қизил чироғига ўтиб кетган ҳайдовчи 215.270 сўм ($71) тўлайди. Салоннинг олд қисмида ўрнатилган монитор (дисплей) учун жарима 322 минг сўмга ($110) тенг. Шунинг учун ҳайдовчилар ГАИ ходими билан келишиб, пора билан қутилиб қолишга уринадилар.

“Фарғона” суҳбатдошларидан ҳеч ким матбуотда йўлларга кузатув камераларни ўрнатиш тўғрисида бирор қарор ёки фармоннинг босиб чиқилганини кўрмаган. Шунинг учун ҳам улар “бир балоси бўлмаса...”, дея гумондалар.


Тошкент марказидаги айланма йўл. “Фарғона.Ру” фотоси

- Кўринишидан, яширин, ички фойдаланиш учун дея аталган шаклдаги ва кимнингдир манфаати йўлида хизмат қилувчи қандайдир фармойиш мавжуд. Эҳтимол, юқоридагилардан бирортаси арзонроқ нархда ушу камераларнинг каттароқ партиясини сотиб олган ва уларни зудлик билан ҳар бир чорраҳада осиб қўйиш эҳтиёжи туғилган, - дейди Руслан П. Шу билан бирга, унинг фикрича, бу ерда коррупциясиз иш битказиб бўлмайди: “камераларни ўрнатиш учун бир миқдорда пул олишган бўлса, амалда икки баробар кам сарфланади. Қолган пуллар кимнингдир чўнтагига тушади, “юқори”дагиларнинг ҳаммаси хурсанд бўлади”.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги