23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Парламент сайловлари арафасида фуқароларнинг сонини қандай қилиб аниқласа бўлади?

21.10.2014 16:28 msk

Фарғона

Выборы в Узбекистане
Октябрь бошланиши билан Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларида ҳаёт ҳатто тунлари ҳам тинмаяпти. Кун тартибида долзарблиги пахта теримидан кам бўлмаган масала – бўлажак парламент сайловларидан олдин (ва бундан кейин президент сайловлари) аҳолининг паспорт пропискаси тартибини системалаш мақсадида уйма-уй юриб, айланиб чиқиш.

Туман ҳокимликларида ўтувчи тунги мажлис иштирокчиларининг ўзлари таъкидлашича, фуқароларнинг паспорт маълумотларини ўзига хос ревизияси жараёнига ёшу-қари, коммунал хизматларнинг чилангар-сантехникларидан тортиб, санитария-эпидемиология станциялари, ободонлаштириш хизматлари ходимлари, маҳалла фаоллари, таълим-тарбия муассасалари педагоглари ва ўрта бўғиндаги медперсонал жалб қилинган. Давлат ташкилотларининг кўплаб раҳбарлари иш тўлиб-тошиб кетган бўлса ҳам, бунақанги “савоб” ишга ўз ходимларини ҳеч иккиланмай қўйиб юборадилар.

“Аҳолини уйма-уй юриб рўйхатга олиш учун одам ажратиб бериш тўғрисидаги фармойишлар Вазирлар маҳкамасидан ва шаҳар ҳокимлигидан келяпти, - дейди Ўзбекистон пойтахти Яккасарой тумани хусусий турар-жой ширкатларидан бирининг раиси исми ошкор этилмаслик шарти билан. – Тунги мажлислар, асаббузарликлар одатий ҳолга айланди. Юқори турган раҳбарларнинг одамлар эрталаб ишга боришлари кераклиги билан умуман иши йўқ. Ҳар куни ҳар бир маҳалладан уйма-уй айланиб юриш учун бир неча одам берасан деб туриб олишади. Пахтага зўрға одам етказиб беряпмиз, маҳалла айлангани қаердан одам оламиз?...”

Суҳбатдошимизнинг айтишича, юқоридагиларнинг қарорини бажаришдан бош тортаётган раҳбарларни бошқаларга ўрнак бўлсин деб милицияга олиб кетишяпти. “Маҳбуслар” ўша заҳоти туман ҳокими Акром Солиҳовга телефон қилиб, “асирликдан” қутқаришни талаб қила бошлаяптилар. Ҳоким ўзини ҳайрон қолганга солиб, милиция бошлиғига мурожаат қилади. Аччиғи келган “начальник” бўлса ўз навбатида ҳокимга қараб: “Ахир ўзингиз шунақа буйруқ бердингизку!” дея жиғбайрон бўлади...

“Мантиқан олиб қараганда, паспорт ва прописка масалалари билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шуғулланиши керак. Аҳолини рўйхатга олиш эса ижтимоий хизматларга юкланадиган вазифа”, - дейди Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Ўрикзор маҳалла фуқаролари йиғини фаоли бўлган аёл. – Аммо бизнинг милицияда шу чоққача ишончли ягона маълумотлар базаси йўқ, мамлакатимизда сўнгги бор аҳоли агар адашмасам советлар даврида рўйхатга олинган...”

Туман ҳокимликларида ўтказилаётган тунги мажлисларнинг баъзи иштирокчилари таъкидлашича, мутасаддиларнинг босими билан маҳалла фаолларини мамлакатдан ташқарига чиқиб кетган одамларнинг қариндошларини сайловгача қайтиб келсин, дея даъват қилмоқдалар, айтишларича, сайловчилар сони етарли бўлиши муҳим экан.

Бироқ расмийлар ҳам тирикчилигини ўнглаб олиш учун ватанини тарк этиб, ўзга юртларда пул ишлаётган миллион-миллион меҳнат муҳожирлари мутасаддиларнинг битта чақириғига лаббай дея бир соатдаёқ ватанига қайтиш ҳаракатига тушиб қолмаслигини яхши биладилар. Ҳатто ўз юртида қолган ўзбекистонликларнинг аксарияти ҳам сайловларга боришни бефойда машғулот деб биладилар: сайловга келадиган одамларнинг сони жуда кам. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати учун мамлакатда истиқомат қилаётган аҳолининг аниқ сони керак, дея ўйлаш мумкин. Чунки, сайловолди ва сайловдан кейинги расмий ҳисоботларда қўпол хатоларга йўл қўймаслик лозим.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашларига сайлов кампанияси жорий йилнинг 15 сентябрида бошланган.

Парламент сайловларига ҳуматнинг чизиғидан чиқмайиган ҳамда Адлия вазирлигида расман рўйхатдан ўтган бир-биридан деярли фарқ қилмайдилан тўртта партияларнинг иштирок этишига рухсат берилган. Булар: Ўбекистон Либерал-демократлар партияси, “Миллий тикланиш” Демократик партияси, Халқ-демократик партияси ва “Адолат” Социал-демократик партияси ҳамда Экологик ҳаракат.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама