11:45 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда бензин яна тақчил бўлиб қолди

17.10.2014 09:45 msk

Фарғона

Тошкент АЁҚШдаги автомобиллар навбати. Газета.Uz фотоси
Ўзбекистонда бензин яна тақчил бўлиб қолди, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) узундан-узун машиналар навбати тизилмоқда, баъзи АЁҚШлар ёпилган, ёқилғининг шу турига нарх кўтарилиб кетди, дея хабар берадилар Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари.

Тошкентдаги мустақил Узметроном веб-сайти хабар беришича, Самарқандда АИ-80 русумдаги бензин 4000 сўмдан сотиляпти ($1,3 реал курс бўйича), бу ҳукумат томонидан белгиланган нархга қараганда икки баробар юқори. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида каби Фарғонада АЁҚШларда бензин йўқ. Хоразм вилоятида бензин тақчиллиги бошланганига икки ой бўлди, - дея хабар беради РИА Новости.

Пойтахт Тошкент ҳам “дефецит”дан азият чекмоқда: Газета.Uz хабар беришича, пойтахт АЁҚШларида эрта тонгдан бошлаб, заправкалар очилмай туриб автомашиналар навбати тизилмоқда, одамлар бир неча соат вақтларини сарфлаб бензин сотиб олишяпти. АЁҚШдаги навбатлар туфайли баъзида йўлларда автомашиналар тирбандлиги юзага келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сўнгги бир неча йиллар давомида ёзда ва кузда мунтазам равишда бензин муаммоси юзага чиқиб туради. Бунинг сабабини турлича изоҳлаб келишяпти: баъзилар нефть ва газ соҳасининг юқори лавозимли корчалонлари ўртасида юзага келиб турадиган қарама-қаршиликларни кўраётган бўлсалар, бошқалари сунъий тақчилликни юзага келтириш ортидан пул ишлаб олишга интилиш бўлса керак, деб ўйлаяптилар, учинчилар - пахта терими кампанияси ўтказилаётгани учун бензин сотиш чекланган десалар, тўртинчилари Ўзбекистон конларида нефть камайиб кетди, шунинг учун бензин тақчил бўлиб қолди, деган мулоҳазаларини изҳор этмоқдалар (2002 йилда 7,24 миллион тоннадан 2012 йилда 3,17 млн тоннагача).

“Ўзнефтемаҳсулот” акциядорлик компанияси мутасаддилари ўз навбатида бензин тақчиллигида истеъмолчиларнинг ўзлари айбдор, дея билдирмоқдалар. “Баъзи автомобил эгалари уйларида ва гаражларида бензин захираларини тўплаяпдлар, бензинни керагидан ортиқ сотиб оляптилар, натижада АЁҚШларда бензин тақчиллиги юзага келмоқда”, - дея ёзади РИА Новости нефть корчалонларига таяниб.


Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек туманидаги АЁҚШда автомобиллар навбати. Газета.Uz фотоси

2014 йил августида бензин тақчиллиги бутун мамлакат бўйлаб сезила бошланганида, “Ўзнефтемаҳсулот” ўз сайтида “Хавотирга ўрин йўқ!” дея номланган ватандошларига мурожаатномасини эълон қилганди. Унда хусусан, “охирги кунларда республиканинг баъзи ёқилғи қуйиш станцияларида, шу жумладан, Тошкент шаҳрида автобензин сотиб олиш учун навбатлар юзага келмоқда ва бу ҳолат республика аҳолсини ташвишга солиб, англашилмовчиликларга олиб келмоқда. Бунинг натижасида “хом ашё ҳамда тайёр маҳсулотни қайта ишлаш етишмовчилиги важидан ёқилғи-мой материалларининг тақчиллиги юзага келиши ва уларнинг нархи кўтарилиши эҳтимоли” тўғрисида пайдо бўлган асоссиз миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайди. “Ўзнефтемаҳсулот” акциядорлик компанияси барча масъулиятни зиммасига олган ҳолда шуни билдирадики, республикамизда ёқилғи-мой маҳсулотлари таъминотида муаммолар мавжуд эмас. Республикамизда халқаро стандартларга мос келувчи барча турдаги ёқилғи-мой маҳсулотлари тўхтовсиз ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозир эса аҳолининг бензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ ва тўхтовсиз қондириш бўйича барча зарур чора ва тадбирлар кўрилмоқда. Шу муносабат билан, азиз юртдошлар саросимага берилмаслигингизни, шунингдек, гўё “автобензин тақчил бўлиб қолди, энди унинг нархи кўтарилар эмиш” каби турли миш-мишларга ишонмаслигингизни сўраймиз”, - дейилади “Ўзнефтемаҳсулот” раҳбариятининг республика аҳолисига мурожаатномасида. Ўшандан бери компания сайтда бу мавзуга қайтгани йўқ.

РИА Новости хабар беришича, Ўзбекистонда фаолият юритаётган учта - Бухоро НПЗ, Фарғона НПЗ ва Олтиариқ НПЗ нефтни қайта ишлаш заводларининг умумий қуввати бугунги кунда 11,12 миллион тоннани ташкил этади. Мавжуд нефть конларида захиралар камайиб кетгани боис нефтни қайта ишлаш заводларининг ишлаб чиқариш қувватлари 60 фоизга юкланган, холос. Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон ҳукумати автомобиль ёқилғиси ички бозори эҳтиёжларини қоплаш учун нефть импорти ҳажмини оширмоқчи бўлаётгани ҳақида маълум қилган эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама