10:17 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Умрбод қамоққа ҳукм қилинган Азимжон Асқаровнинг хотини Халқаро PEN клуб аъзоларига мурожаат қилди

30.09.2014 16:16 msk

Фарғона

Халқаро ПЕН-клубнинг 80-Конгресси 2014 йилнинг 29 сентябрдан бошлаб 3 октябргача Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтади. Душанба куни Бишкекдаги турмада умрбод қамоқ жазосини ўтаётган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг рафиқаси Ҳадича Асқарова конгрессга турли мамлакатлардан келиб тўпланган адабиётчилар олдида сўзга чиқди. Эътиборингизга ушбу маъруза матнини тўлиқ ҳолатда тақдим этамиз.

***

Супруга Азимжана Аскарова
Азимжон Асқаровнинг рафиқаси унинг автопортрети олдида. Г.Михайлов фотоси, 2011 йил 17 май., Бишкек
Ҳурматли 80-чи Конгресс қатнашчилари!

Мен ноҳақдан қамалиб 4 йилдан ортиқ вақт мобайнида қамоқда ўтирган Азимжон Асқаровнинг аёли Асқарова Ҳадича бўламан. Бизнинг дардимизга шерик бўлганингиз учун сизларга ўзимнинг ва куёвимнинг номидан ташаккур айтаман.

Куёвим Азимжон Асқаровга қарата уюштирилган туҳмат айбловлар унинг 15 йиллик ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида иш олиб бориб Бозор-Қўрғон райони ИИБ бўлимидаги ваҳшийликларнинг очиб ташлаганига ўч олиш бўлган деб баралла айта оламан. 2000-йиллар бошида Бозор-Қўрғон район милициясида еттита ўлим ҳодисаси содир бўлган, шундай 6 факт ҳақида куёвим дунёга жар солган ва жабрланганларга ёрдам берган.

Мисол учун, шулардан бири 35 ёшлик Мойдинов Тошкенбой ўлими юзасидан 2010 йилда БМТ милиция ходимлари ва давлатни айбдор деб топиб, Мойдиновга компенсация тўлаб бериш ҳақида қарор қабул қилган, бирок компенсация тўлангани йўқ, Тошкенбойнинг қотиллари эса ҳеч нарса бўлмагандек ишлашмоқда.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев куёвимни озодликка чиқариш учун бир дона факт беринглар, деб жуда кўп маротаба айтди. Лекин унинг айбсизлигини исботловчи 167 тирик гувоҳлар кўрсатмаси туриб эрим қамоқда ўтирибди. Мен гувоҳларни излаганим йўқ, улар ўзлари мени излаб топиб гувоҳлик беришган. Гувоҳлар ичида менинг қариндошларим йўқ.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларини текширишга Бош прокуратурадан борган одам гувоҳларни адвокат иштирокисиз сўроқ қилиб, кўрсатмаларидан тониши учун ҳаммасига босим ўтказган. Сабаби, эримга туҳмат ёлгон иш кўзғаб, уни уюштирганлар Жалолобод, Бозоркўрғон район прокуратурасидаги режиссёрлар ҳозирда Бош прокуратурада ишламоқдалар. Агар Бош прокуратура ўзига ишонса, нега куёвимни “ёлғон детектори”дан ўтказишга кўнмаяпти?

Мени эримни қамашлари билан уйимизни бутунлай “тозалашиб” кетишди, бизга тегишли автомашина ва бошқа мулкимизни талаб кетишди. Бугунги кунда арзимаган пенсияга яшайман, 4 ёшли набирамнинг юриб кетиши учун 20 минг доллар пул керак бўляпти. Мен эса ёлғизман, куёвимнинг соғлиги ночорлашяпти, гуноҳсиз қамоқхонада ўтирибди. Агар у эркинликда бўлганда, шу муаммоларни ҳал қилишда бош бўлган бўларди. Бугун бизга ёрдам бераётган ташкилотлар, куёвимнинг ҳамкасбларига рахмат.

Мен Бош прокуратурага ва экс-президент Роза Ўтунбаевага қайрилганман. Лекин Жалолобод вилояти прокуратураси ишни текширмасдан ёпиб қўйган. Агар Қирғизистонда қонун олдида ҳамма баробар бўлганда, эрим ва бошқа юзлаб жабрланган ўзбеклар туҳмат айблов билан қамалмас эди.

Шу кунгача бирота журналист Бозоркўрғонда бўлган воқеалар бўйича ҳақиқий воқеаларни ёза олгани йўқ ва бундан буён ҳам ёза олмайди. Кимлар менинг кишлоғимда 286 нафар ўзбекнинг уйига ўт қўйиб, мол-мулкини талон-тарож қилди? Кимнинг қуролидан 50 дан ортиқ одамлар яраланди ва 20 дан ортиғи ўлдирилди? Менинг куёвим ана шу саволларга жавоб излаган эди. Бу саволларга жавоб бўлмайди ҳам, чунки ўша кунларда куёвим бошқарган “Воздух” ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти идораси таланди ва ўт қўйилди.

Биз халқаро ташкилотларга жуда кўп мурожаат килдик, лекин Қирғизистонга ҳеч ким таъсирини ўтказа олмаяпти. Фурсатдан фойдаланиб, сизлардан яна бир бор ёрдам сўрайман ва куёвимнинг тез орада озодликка чиқиши учун биргалашиб ҳаракат қиласизлар деган умиддаман. Эътиборингиз учун рахмат!

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги