10:08 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Энг сўнгги лаҳзагача”. Human Rights Watch Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар ҳақида таҳлилномасини чиқарди

30.09.2014 16:12 msk

Мария Яновская

Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти 26 сентябрь куни Варшавада “Энг сўнгги лаҳзагача: Ўзбeкистондаги сиёсий маҳбуслар” дея номланган таҳлилномасини тақдим этди. 121 бетлик таҳлилномада тўпланган фактлар собиқ сиёсий маҳбуслар, ҳозирги сиёсий маҳбусларнинг қариндошлари ва ҳимоячилари,ҳуқуқ ҳимоячилар, экспертлар, Ўзбекистоннинг собиқ давлат амалдорлари билан ўтказилган 150 та батафсил интервьюларга асосоланган. Таҳлилнома муаллифи Стив Свердлоу “Фарғона.Ру” агентлигига айтишича, таҳлилнома устидан бир неча йил давомида иш олиб борилган.

- Биз сўнгги 2-3 йил давомида озодликка чиққан собиқ сиёсий маҳбуслардан олган маълумотлардан фойдаландик, улар жами ўн нафар: Тўрабой Жўрабоев, Норбой Холжигитов, Абдурасул Худойназаров, Маҳмадали Маҳмудов, Фарҳодхон Мухтаров, Қаюм Ортиқов, Неъматжон Сиддиқов, Мўътабар Тожибаева, Санжар Умаров и Гулноза Йўлдашева. Биз, шунингдек, маҳбусларнинг қариндошлари, уларнинг адвокатлари ва ҳуқуқ ҳимоячилар билан ҳам суҳбатлашдик. Биз Ўзбекистон қамоқ тизимида етти йил ишлаган мутасадди билан жудда жиддий суҳбат ўтказдик.

- Қариндошларни қандай қилиб гапиртира олдингиз? Улар бирор нарсага умид қилишяптими ёки аксинча, умидларини йўқотиб қўйганларидан сўнг интервью беришга рози бўлишдими?

-Қариндошларнинг кўпи қўрқувни енгиб ўз ҳаракатларини фаоллаштириб юбордилар ва буни мен ғалабамиз сифатида баҳолайман. Мисол учун, Муҳаммад Бекжоннинг қариндошлари. Улар 15 йил маҳбуслик давомида жим туриб келдилар, кейин эса олдимизга келиб, шу чоққача биз дипломатларнинг айтганларини қилиб, индамадик. Бу нимага олиб келди? Қамоқ муддатини узайтирилишигами? (М. Бекжоннинг озодликка чиқишига бир ой қолганида унга беш йил қўшиб бердилар – таҳр.) Одамлар “юмшоқ ёндашув”нинг фойдаси йўқлигини тушуна бошладилар.

Ойгул Бекжон: “Отамнинг қайтишига умид қиламан”

Журналист ва мухолифатчи Муҳаммад Бекжоннинг қизи Ойгул ҲРВ таҳлилномасининг тақдимоти муносабати билан Варшавага келди. Ўзбекистон махсус хизматлари “Эрк” газетаси бош муҳаррири Бекжонни у оиласи билан Украинада яшаб турган пайтда ўғирладилар ва Тошкентдаги 1999 йил портлашларига мансубликда айбладилар. Бекжон барча айбловларни рад этди. Тергов давомида уни шавақатсиз равишда қийноққа солдилар, 1999 йил августида эса уни 15 йилга озодликдан маҳрум этдилар. 2003 йилда Бекжоннинг қамоқ муддатини амнистия бўйича қисқартирдилар ва у 2012 йил февралида озодликка чиқиши керак эди. Аммо 2012 йил январида уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 моддаси билан айблаб, “маъмуриятнинг қонуний талабларига бўйсунмагани учун” қамоқ муддатига яна беш йил қўшиб бердилар.

Ўзбекистон ЖК 221-моддаси бўйича қамоқ муддатига қўшиб бериш расмийлар озодликка чиқаришни истамаган одамларга нисбатан мунтазам равишда қўлланиб келинади. Мисол учун, Мурод Жўраевга (1994 йилдан бери қамоқда) доим қўшимча муддат улаб турадилар. 2009 йилда унга “сабзини нотўғри арчигани учун” 3 йил 4 ой қўшиб бердилар.

- Ҳисоботимизда тутуриқсиз баҳоналар билан қамоқ муддатини узайтириш амалиётини аниқлаганимиз янгилик бўлиб қолган, - деди Свердлоу “Фарҳона” агентлигига интервьюда. – Ўзбекистон сиёсий сабаблар билан ҳибсга олишларни қўлловчи мамлакатлардан шуниси билан ажралиб туради. На маҳкумларнинг ўзлари ва на уларнинг қариндошлари бу сафар қанақа баҳона билан муддат узайтирилишини билишмайди. Биз кузатган 44 та ҳолатдан 14 тасида шунақанги амалиёт қўллангани кузатилган. Халқаро ҳуқуқ маҳкумларга бу каби муносабатларни “ғайриинсоний ва инсон шаънини камситувчи” дея малакалаган. Бу қийноқлардан бир поғона паст туради, холос. 13 йиллик қамоқ жазоси тугашига беш кун қолганида, “сен турма тартибини буздинг, шунинг учун яна шунча йил ўтирасан”, дейиш нақадар даҳшатли. Бу каби муносабатлар ортидан одам нафақат руҳан, балки жисман ҳам азият чекади.

- Ойгул, онангиз дадангиз билан сўнгги бор қачон учрашди?

- Биз уч опа-сингилмиз, бироқ бирортамиз ҳам отамизни 15 йилдан бери кўрганимиз йўқ. Биз ҳозир Америка фуқароларимиз, ойимиз эса Ўзбекистонга бориш имкониятига эга бўлиш учун Украина фуқаролигини қолдирган. Сўнгги бор у икки йил олдин борган. Мен бир неча бор боришга ҳаракат қилдим, аммо менга виза беришмаяпти.

- Ойингиз Украина фуқаросими? Нега?

- Ойим украин миллатига мансуб. Биз Ўзбекистондан Украинага қочганимизда, унинг совет паспорти сақланиб қолганди, ўшанда у у ўзига Украина фуқаролигини олган. Дадамни ўғирлаб кетишгунига қадар у ерда беш йил яшадик.

- Ойингиз дадангизни икки йил аввал кўрганми?

- Ҳа, ўшанда у дадамни зўрға таниган. Унга беш йил қўшиб беришларидан аввал кўриниши анча яхши эди. Бўйи 183 см, вазни 63 килограмм эди, ҳудди концлагерь маҳбуси каби. У дабба касалига чалинганига қарамай ғишт завдида ишлашга мажбурлашяпти. Отамнинг жигари касал, силга чалинган. Ойимнинг айтишича, аҳволи жуда оғир, унга қараб кўз ёшларини тийиб бўлмайди.

- Қайси сабабларга кўра унга беш йил қўшиб берганларини биласизларми? Маъмуриятнинг қайси талабига бўйсунмабди?

- Бу ҳақда ҳеч ким аниқ жавоб бермаяпти. Биз сўровнома юбордик, аммо жавоб беришмади. Арзимаган сабаблар бўлиши мумкин деб ўйлайман, оқ футболка кийиб олган ёки сабзини нотўғри арчиган каби... менимча, дадамнинг тирноқ оладиган асбоби бўлган, рухсат берилганидан бошқачароқ.

- Дадангиз ҳақида маълумотларни қандай қилиб оласизлар?

- Унинг қариндошлари орқали (Муҳаммад Бекжон – “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлади – таҳр.) У ерда икки амаким, жиянлари (Солиҳнинг икки укаси бир вақтлар қамоқда ўтириб чиқишган, ҳозир очиқда. – таҳр.) яшайдилар. Ойим дадамнинг олдига борганида, бизнинг унга ёзган хатларимизни олиб кетади, аммо хатлар дадамга етиб борадими-йўқми, билмаймиз. Турма маъмурияти истаса, хатларни бермай қўйиши мумкин. Баъзида ўзи бзга хат ёзади, аммо жуда кам. Унинг хатлари жуда қисқа, соғлиғи ҳақида индамайди, чунки бунақа хатларни ўтказмасликларини билади.

Ойим ҳозир Ўзбекистонда, 29 сентябрь куни учрашув бўлиб ўтиши керак. Хабар кутиб ўтирибмиз.

- Сиёсий маҳбуслар тўғрисидаги таҳлилноманинг тақдимотида иштирок этганингиздан туфайли ойингизни учрашувга қўймасликларидан қўрқмаяпсизми?

- Жуда ташвишланяпман, ҳа. Аммо бу аксинча таъсир кўрсатади, дея умид қиляпман. Шу чоққача бизни қўрқитиб келишди, тилингни тийиб юр, акс ҳолда баттар бўлади, дея талаб қилишди. Аммо дадам озодликка чиқишидан олдин яна беш йил қўшиб беришганида, биз бундан баттар яна нима бўлишини билмай қолдик. Мен халқаро ташқилотларга мурожаат қилиб, оиламиз ҳақида сўзлаб беряпман, биз қачонлардир бахтли яшаган оила эдик, деяпман. Мен дадамнинг озодликка чиқишига ҳамда биз билан АҚШда яшашига қаттиқ умид қиляпман.

“Муҳаммад Бекжонов – Ўзбекистон ҳукумати 1990-йиллар бошидан сиёсий баҳонали айбловлар билан панжара ортига ташлаган режимнинг минглаб чинакам ёки ҳаёлий оппонентларидан ва танқидчиларидан бири, холос, - дейлади ҲРВ ҳисоботида. - Қатағон қурбонлари орасида ҳар хил тоифадаги одамлар – ҳуқуқ ҳимоячилар, журналистлар, сиёсий мухолифат фаоллари, дин пешволари ва диндорлар, маданият арбоблари, рассомлар, тадбиркорлар ва бошқалар биргина эркин фикр изҳор этиш ҳуқуқини амалга оширгани ҳамда ҳукумат уларни “давлат душманлари” қаторига киритиб қўйгани учунгина озодликдан маҳрум этилган”


Ўзбекистондаги қийноқлар ҳақида. “Ҳьюман Райтс Вотч” видеоси

Ҳуқуқ ҳимоячилар таъкидлашича, Ўзбекистонда бугунги кунда минглаб сиёсий маҳбуслар бор. “Энг сўнги лаҳзагача” таҳлилномасида 34 нафар кишининг тақдири ҳужжатлаштирилган, улар бугунги кунда сиёсий сабаблар билан ҳибсда сақланмоқда, баъзилари эса, мисол учун, Мурод Жўраев 20 йилдан зиёд вақт давомида қамоқда ўтирибди.

Уларнинг орасида 15 нафар ҳуқуқ ҳимоячилар: Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулҳумор Ҳамдамова, Исроиолджон Ҳолдоров, Носим Исақов, Ғайбулло Жалилов, Нуриддин Жуманиязов, Матлуба Комилова, Ғанихон Маматханов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Фаҳриддин Тиллаев, Аъзам Турғунов;

беш нафар журналистлар: Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжонов, Ғайрат Миҳлибоев, Юсуф Рўзимуродов, Дилмурод Сайидов;

тўрт нафа мухолифатчи: Мурод Жўраев, Самандар Кўканов, Қудратбек Расулов, Рустам Усманов;

уч нафар мустақил дин пешволари: Руҳиддин Фаҳриддинов, Хайрулло Ҳамидов, Акрам Йўлдошев бор.

Яна етти кишини ҳукумат расмийларни танқид қилувчилар ёки Андижондаги 2005 йил 13 май қонли тўқнашувларнинг шоҳидлари деб ҳисоблайди: Дилором Абдуқодирова, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳхром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Эркин Мусаев, Даврон Тожиев, Равшанбек Вафоев.

“Ўзбекистонда сиёсий мотивлар бўйича айбловлар билан маҳкум бўлганларнинг рўйхати юқорида номи келтирилган одамлар билан чекланиб қолмаган ҳамда конкрет шахсларнинг намуна қилиб танланишига сабаб уларнинг тақдири бошқаларнинг тақдирига қараганда муҳимроқ эканлигини англатмайди. Аксинча, Ўзбекистоннинг барча вилоятлари вакиллари бўлмиш мазкур 34 нафар шахсларнинг тақдири Ўзбекистондаги сиёсий қатағонларнинг умумий тенденцияларини ҳамда ҳукуматнинг давлат назоратидан ташқарида содир бўлаётган мустақил фаолиятнинг кенг спектрини бостиришга уринишини намоён этади. Шу билан бирга, тақдирларнинг кўпи юксак истеъдод, ижодкорлик ҳамда Ўзбекистон мустақил фуқаролик жамиятига қўшилаётган ҳиссаларга, шунингдек, уларнинг озодликдан маҳрум этилиши давом этаётгани боис содир бўлаётган улкан йўқотишларга иллюстрация бўлиб хизмат қилади”, - дейилади “Ҳьман Райтс Вотч” таҳлилномасида.

Узбекские политзаключенные
Фотосуратда –ўзбек сиёсий маҳбусларининг баъзилари. Юқори қаторда чапдан ўнгга: Аъзам Фармонов, Ғайбулло Жалилов и Муҳаммад Бекжон. Қуйида чапдан ўнгга: Исроилжон Ҳолдоров, Мурод Жўраев и Дилором Абдуқодирова

Тақдирлари ҳужжатлаштирилган 34 нафар маҳбуснинг:

- Камида 29 нафари судгача қамоқда сақланиш даврида ўзларига нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида билдирдилар;

- Камида саккиз кишига терговнинг ҳал қилувчи босқичларида ёки судда, шу жумладан, дастлабки ҳукмда белгиланган муддатга қўшимча муддат улаб берилган пайтда адвокат билан таъминланмадилар;

- Камида саккиз киши Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари рухсат берганидан зиёд вақт давомида вақтинча тўлиқ изоляцияда сақланганлар;

- Кам деганда олти киши 15 йил ва ундан зиёд муддат давомида панжара ортида сақланмоқда, булар: Мурод Жўраев ва Самандар Кўканов – 20 йилдан зиёд, 22 киши 10 йилдан зиёд муддатга озодликдан маҳрум этилган;

- Кам деганда тўққиз кишининг ёши 60 дан юқори, тўртта аёл бор, уларни ҳар йили эълон қилинадиган амнистия билан озодликка чиқариш мумкин эди, аммо ички тартиб бузилиши баҳонаси билан уларни озодликка чиқариш қайта-қайта рад этилмоқда;

- Кам деганда ўн бир маҳбусга нисбатан жазони ўташ муддати давомида чоп этилмаган, муайан бўлмаган ва ўзини оқламаган кенг “ички тартибларнинг бузилиши” негизида янги муддатлар қўшиб берилган. Бир неча кишига қўшимча муддатлар бир неча бор қўшиб берилган, бир маҳкумга эса тўрт марта қўлланган;

- Кам деганда 15 кишининг соғлиғида сил, асаб тизимининг бузилиши, суяк синиши, гипертония, юрак хуружлари, ошқозон яраси каби жиддий муаммолар бор;

- Камида тўққиз киши шшоилинч медицина ёрдами ололмаганлари ҳақида таъкидлаяптилар;

- Камида 12 киши узоқ вақт иссиқда ва совуқда сақлаш ёки узоқ вақт давомида жарима изоляторида ёлғизсақлаш йўли билан шавқатсиз, кишини камситувчи муносаатларга дуч келганлари ҳақида гапирмоқдалар;

- Камида тўрт киши қамоқ муддатини Жаслиқ колониясида ўтаганлар ёки ўтамоқдалар. Бу колония ўн йилдан зиёд вақт давомида қийноқлар қўлланиши билан танилган. Турли мамлакатлар ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар уларнинг ёпилишини талаб қилмоқдалар;

- Беш киши бошқа мамлакатлар ҳудудларида, шу жумладан, Қозоғистонда, Қирғизистонда ва Украинада қўлга олиниб, ўғирлаб кетилган ҳамда халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда Ўзбекистонга мажбуран келтирилган;

- Кам деганда бир маҳкум зўрлик билан йўқ қилинган: расмийлар унинг қаердалиги ҳақида шунчалик узоқ вақт давомида индамай келяптиларки, унинг тириклиги ёки вафот этгани номаълум бўлиб қолмоқда.

- Сиз сиёсий маҳбусларни зудлик билан ҳеч қандай шартларсиз озод этилишини талаб қиляпсиз, - дея савол берамиз таҳлилнома муаллифи Стив Свердлоуга. - Аммо Ўзбекистон бизда сиёсий маҳбуслар йўқ деб бир неча бор билдириб келган. Ҳамма муайан жиноий ёки иқтисодий жиноятларни содир этганлари учун озодликдан маҳрум этилган эмиш. Ушбу туташ доирани бузиш учун бирор механизм борми? Режимни танқид қилганларни, қамалгунига қадар сиёсий ёки ҳуқуқ ҳимоя фаолияти билан шуғулланганларнинг ҳаммасини ишини қайта кўриб чиқиш керакми? Турма маъмуриятининг талабларин бажармаганлари учун қўшимча муддат олганларнинг ишини қайта кўриб чиқиш керакми? Зудлик билан озод этилиши лозим бўлган одамларнинг рўйхатини тузиш керакми?

- Биринчидан, таҳлилномада биз тақдири ҳақида гапирган 34 нафар маҳбусни зудлик билан озод қилиш керак, деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун ҳеч қанақа механизмнинг кераги йўқ: Ўзбекистон томонида уларнинг зудлик билан озод этилишини тасдиқлаш учун барча зарур фактлар мавжуд.

- Биз муаммони тушунамиз. Ўзбекистонда сиёсий сабаблар билан ҳибсга олишларга қарши қандай қилиб курашса бўлади? Бизда бу одамларни ҳибсга олинишига олиб келган тизим Конституция ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мос ҳолда амал қилмаётганини тасдиқловчи маълумотлар етарли миқдорда тўпланган. Бир неча йил олдин бўлиб ўтган судлар халқаро стандартларга жавоб бермайди, шунинг учун энг аввал уларни озод қилиш керак. Агар Ўзбекистон расмийлари маҳбуслардан бирортаси содир этилган қандайдир зўравонликка мансуб деб ўйласа, унда улар объектив текширув учун шароит ярати бериши керак ва ундан кейин янги суд процеси ёки янги айбловлар ҳақида гапирса бўлади.

- Европа иттифоқи санкциялари бекор қилингандан бери беш йил давомида биз Ўзбекистон ҳукумати ҳар олти ойда ёки йилда бир битта сиёсий маҳбусни озод қилаётганини кўряпмиз. Бироқ кўп ҳолларда озод қилишнинг сабаби – бу одам Санжар Умаров каби зудлик билан мамлакатни тарк этиши керак ёки бўлмаса, ўлими яқинлашиб қолгани важидан ҳуқуқ ҳимоя фаолиятига қайта олмайдиган ёки фуқаролк фаоллигини намоён қила олмайдиган ҳолда озодликка чиқариляпти (ҳуқуқ ҳимоячи Абддурасул Худойназаров 2014 йил майда озодликка чиқарилганидан сўнг 26 кун ўтиб вафот этган. Саккиз йил давомида турма назоратчилари унинг тиббий ёрдам тўғрисидаги мурожаатларини эътиборга олмаган. – таҳр.).

- Биз Ўзбекистон ҳукумати баёнотларимизга жиддий муносабатда бўлиб, 34 кишининг ҳаммасини озод қилишини истаймиз. Президент Каримов агар истаса, буни бир зумда амалга ошириши мумкин. Ўйлашимизча, Европа ва АҚШ ҳамда Ўзбекистоннинг барча шериклари агар сиёсий маҳбуслар зудлик билан озод қилинмаса, бу ҳолат Тошкет билан муносабатларга таъсир кўрсатиши мумкинлги ҳақида очиқдан-очиқ билдириши лозим.

Human Rights Watch ташкилотининг “Энг сўнгги лаҳзагача: Ўзбeкистондаги сиёсий маҳбуслар” таҳлилномасининг тўлиқ матнини инглиз тилида ҲРВ сайтида ўқишингиз мумкин.

Таҳлилноманинг қисқартирилган матнини ҳамда ҲРВ ташкилотининг Ўзбекистон ҳукуматига, Европа иттифоқига ва Европа иттифоқига аъзо бўлган алоҳида давлатларга, шунингдек, АҚШ ва БМТга тавсияларини сайтимизда (рус., .pdf) ўқишингиз мумкин.

Мария Яновская

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги