14:39 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Давлат душманлари ёки Марказий Осиёда Сўз тутқунлиги

25.09.2014 13:42 msk

Екатерина Иващенко

“Журналистлар нафақат расмийларнинг фаолиятини ёритадилар, балки жамиятда содир бўлаётган воқеалардан хабардор қиладилар ҳам. Агар жамиятда қандайдир норозичилик пайдо бўлса, бу ҳақда матбуотдан билмай қаердан билсин? Ва бу норозиликни келтириб чиқарган сабабларни ўрганиб, бартараф этиши ва шу билан можаро ва тўқнашувларни олдини олиши керак эмасми? Аммо расмийлар матбуот уларга гўё ҳалақит беряпти, деган фикрда қаттиқ туриб олса, бу вазият Марказий Осиё минтақасидаги журналистларнинг оғир аҳволини янада бадтар қилади ва демократиядан узоқлаштиради”, - дея минтақадаги сўз эркинлиги борасидаги мулоҳазаларини баҳам кўра туриб ўз фикрини изҳор этади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Европа ва Марказий Осиё бўлимининг ходими Музаффар Сулейманов “Фарғона.Ру” нашрига интервьюда.

“Фарғона”: Марказий Осиё мамлакатларида ва хусусан, Қирғизистонда сўз эркинлигига қандай баҳо бера оласиз?

Музаффар Сулейманов: Ташкилотимиз мамлакатлар бўйича рейтинг тузиш билан шуғулланмайди. Бироқ шуни қайд этишим жоизки, Қўмита Марказий Осиёда ва шу жумладан, Қирғизистонда ҳам сўз эркинлигига таъсир кўрсатувчи воқеаларнинг содир бўлаётганидан ташвишланмоқда. Бунақа воқеалар сарасига 2010 йил июнь воқеалари ортидан умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг тақдири ёрқин мисол бўла олади. Асқаров милиционерни ўлдиришга алоқадорликда ва миллатлараро низоларни қўзғашда айблов билан ҳибсга олинган эди.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар каби бизнинг Қўмита ҳам унга қўйилаётган айбловларни ноҳақ дея ҳисоблайди. Ўз текширувларимизга таянган ҳолда шуни таъкидлай оламизки, унинг айби исботланмаган, журналистнинг тергови ва ҳибсга олиниши кўплаб қонунбузарликлар билан ўтказилган. Шунингдек, судда ҳимоя томони гувоҳларининг кўрсатма беришларига имконият яратиб берилмаган (ҳеч ким уларнинг хавфсизлигига кафолат бермаган). Яъни суд процесси бир томонлама, нохолис тарзда ўтказилган.

Қирғиз расмийлари коррупцияга қарши кураш олиб бораётганлари ва қонун устиворлигини таъминлашга уринаётганлари ҳақида баландпарвоз баёнотлар билан чиқаётганларига қарамай, Асқаровнинг ишини қайта кўришдан бош тортяптилар. Улар қонун бузилишларига эътибор бермай ўзларини ҳақ дея таъкидлашда давом этмоқдалар. Агар расмийлар Асқаровнинг айбдор эканлиги борасида барча далил ва исботларга эга бўлсалар, унда мантиқан олиб қараганда ҳеч нарсадан қўрқмасликлари ва янги процесснинг ўтишига қаршилик кўрсатмасликлари керак эди. Аксинча, улар ўзларининг ҳақлигини яна бир кўрсатиш имкониятига эга бўлардилар, аммо ташкилотимиз бунга ҳамон шубҳа билан қарамоқда.

Ушбу ишнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Асқаровнинг этник ОАВ вакили сифатида таъқиб этилганидир. Этник журналистларнинг таъқиб этилиши нафақат Асқаровнинг ишида, балки бошқа ўзбек миллатига мансуб, сиртдан маҳкум этилган “Мезон ТВ” ва “Ўш ТВ” эгалари Жавлон Мирзахўжаев ва Халил Худойбердиев каби ОАВ ходимларига ҳам таъсир кўрсатади. Уларга қарашли ОАВ йўқ қилинди, ўзлари эса профессионал фаолияти ҳамда миллий мансублиги туфайли таъқиб этилганлари боис мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар.

- Июнь воқеалари ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситаларининг ёппасига ёпилишига олиб келди...

- 2014 йилнинг бошида чоп этилган ҳисоботимизда айнан шуларни кўрсатиб ўтганмиз. Унда ўзбеклар зич яшайдиган Қирғизистон жанубида ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари деярли йўқ қилингани қайд этилган. Демак, расмийлар бу вилоятлардаги аҳолининг ўз она тилида ахборот олиш ҳуқуқидан маҳрум этганлар. Яъни, Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган асосий ҳуқуқ бузилган.

Боз устига, журналистларга ҳужумлар, босим ўтказишлар давом этмоқда. Мисол учун, марҳум журналист Алишер Соиповнинг укаси Шоҳруҳ Соипов сал бўлмаса Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг даъвоси билан судга тортиладиган бўлганди, аммо бахтимизга ишни тинч йўл билан ҳал қилишга эришилди. Қўмитамиз бу қарорни маъқуллайди. Биз бу каби воқеалар қайтарилмаслигига, расмийлар матбуот эркинлигига муносабатларини ўзгартиришларига ва ОАВ ходимларига нисбатан таъқиблари тўхтатишларига, мамлакатда сўз эркинлиги даври бошланишига ва ўзбек ОАВ яна очилишига умид қиламиз. Азимжон Асқаров, Жавлон Мирзахўжаев ва Халилжон Худойбердиевга нисбатан суд ишлари тўхтатилиши шу йўналишдаги дастлабки ижобий қадам сифатида баҳоланарди. Қирғизистон бу ишларни амалга оширмас экан, бу мамлакатда журналистика билан шуғулланиш хавфли деб ҳисобланади.

- Юқорида санаб ўтилган камчиликларга қарамай, Қирғизистон Марказий Осёдаги бошқа мамлакатлардан оз бўлсада сўз эркинлиги мавжудлиги билан фарқ қилади дея оласизми?

- Минтақага умумий назар ташланадиган бўлса, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон – эркин бўлмаган минтақа саналади. Ҳар бир мамлакатда расмийлар журналистларни таъқиб этадилар ва матбуот эркинлигини чеклаб келадилар ва бу ишлар мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Юқорида айтиб ўтганимдек, биз рейтинг тузиш билан шуғулланмаймиз, аммо бешта мамлакатдаги қонунбузарликларга назар ташлайдиган бўлсак, сўнгги йил давомида Қирғизистонда Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга нисбатан матбуотга босим ўтказишлар камроқ қайд этилган. Бироқ бу ҳолат Қирғизистонни матбуот учун эркин қилиб қўймаяпти, чунки бу мамлакатда қонунбузарликлар мавжуд. Қирғизистон постсовет майдонида журналист ва ҳуқуқ ҳимоячини умрбод қамоққа маҳкум қилган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Бу шармандалик!

Менинг субъектив фикримча, кейинги ўринда Тожикистон ва ундан кейин Қозоғистон келмоқда. Аммо сўнгги ўрин учун курашда Туркманистон ғолиб келадими ёки Ўзбекистон – буни била олмайман.

- Ижтимоий тармоқларнинг сўз эркинлигига таъсири қандай? Бир томондан олиб қараганда, сайтларга тўсиқ қўйилмоқда, бошқа тарафдан эса “Фарғона” каби сайтларида чоп этилган хабар ва мақолаларни бемалол Фейсбукда ўқиш мумкин ёки сайтни прокси-серверлар ёрдамида очиш мумкин...

- Ахборот технологияларининг ривожланиши ҳамда ижтимоий тармоқларнинг яратилиши ахборот тарқатишга жуда катта кўмак бермоқда. Мазкур технологик тараққиёт матбуотга ҳар қанча босим ўтказилмасин, расмийлар учун ахборот оқимини тўхтатиш мумкин эмаслигини ва назорат қилиш борган сари қийинлашиб бораётганини кўрсатмоқда.

Шунинг учун расмийлар ҳамма нарсага тўсиқ қўйган Great Chinese Firefall тизимини яратган Хитойдан ўрнак олишга уринмоқдалар. Ҳозир технологиялар ривожланаётганини, глобаллашув жараёни кетаётганини кўриб турган компаниялар билан блогерларни журналистларга тенглаштирувчи, уларни ОАВ сифатида рўйхатдан ўтишга мажбур қилувчи аҳмоқона қонунларни чиқариб, вазиятни назорат қилишга уринаётган расмийлар ўртасида урушга ўхшаш кураш кетмоқда.

- Минтақа мамлакатлари расмийлари билан иш олиб бораётганингизда қанақа қийинчиликларга дуч келяпсиз?

- Қийинчилик шундаки, улар журналистларни ва уларни қўлловчи ҳуқуқ ҳимоячиларни ўзларига душман деб биладилар ва расмийларни танқид қилаётган оммавий ахборот воситалари давлат асосларини емирмоқда, деб ҳисоблайдилар. Ўзбекистонда мустақил журналистларни аксилконституциявий фаолиятда айблаб келганлар. Ўзбекистон Республикаси – маҳбусликда сақланаётган журналистлар сони бўйича рекорд қўйган мамлакатлардан бири саналади. Муҳаммад Бекжонов ва Юсуф Рўзимуродов 1999 йилда қамалган ва шу чоққача озодликка чиқарилмаган.

Биздаги маълумотларга кўра, дунёдаги бошқа бирорта мамлакат бунчалик узоқ муддат давомида журналистларни маҳбусликда ушламаган. Ҳуддди шунақа жараёнлар Туркманистонда ҳам содир бўлганди. Бу ҳолатлар бизни хавотирга солади ва ҳатто қўрқитади ҳам.

Расмийлар журналистика давлат ривожланишига, ахборот тарқатилишига (нафақат қандайдир мутасаддининг порахўрлиги ёки милиционерларнинг қийноқлар қўллаши ҳақида) кўмак беришини тушунмаётгани жуда ёмон тенденция. Гап шундаки, матбуотга ўтказилаётган босим аҳоли айнан оммавий ахборот воситаларидан билиши керак бўлган, мисол учун, фалокатлар, экологик ҳодисалар каби ижтимоий жиҳатдан муҳим бўлган ахборотнинг йўлини тўсади.

Расмийлар матбуот мамлакатда демократия даражасини кўрсатувчи барометр вазифасини бажараётганини англаб етишлари лозим. Матбуот бўлмаса, расмийлар ва жамият ўртасида алоқа тўхтаб қолади.

Менинг тушунишимча, журналистлар нафақат расмийларнинг фаолиятини ёритадилар, балки жамиятда содир бўлаётган воқеа ва ҳодислар ҳақида гапирадилар. Мисол учун, агар одамлар бирор нарсадан норози бўлсалар, расмийлар бу ҳақда матбуотдан билганлари яхши эмасми? Ана ўшанда улар бу норозичиликнинг келиб чиқиши сабабларини ўрганиб, можаро ва тўқнашувларнинг олдини оладилар. Аммо расмийлар матбуот уларга гўё ҳалақит беряпти, деган фикрда қаттиқ туриб олса, бу вазият Марказий Осиё минтақасидаги журналистларнинг аҳволини янада оғир қилади ва демократиядан узоқлаштиради.

Екатерина Иващенко суҳбатлашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги