23:29 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ноқулай фурсат. Гулнора Каримова янги пиарчиларни ёллабди

19.09.2014 15:24 msk

Марина Яновская

Шу кунларда кўплаб Россия ва Европа оммавий ахборот воситаларида Гулнора Каримованинг қўлини қўполлик билан ушламоқчи бўлган камуфляж формадаги одамларнинг фотосуратлари чоп этилди. Фотосуратлар Гулнора Каримованинг “расмий вакили” бўлмиш Лондондаги Davidson Ryan Dore компаниясидаги жаноб Локсли Райан томонидан тарқатилган.

“Фарғона” фотосуратлар остига изоҳ сифатида қўйилган матнларни эътиборингизга ҳавола қилади.

“Гулнора Каримова фақат сиёсий мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда ҳибсда сақланмоқда. Куни-кеча элита томонидан амалга оширилган беўхшов ҳаракатлар яқинда президент сайловолди кампаниясининг бошланаётганига тўғри келаётгани бежиз эмас. Кўринишидан, ушбу кампания давомида Гулнорани қўллаётган кучлар унинг отасига ҳамон носоғлом таъсир ўтказаётган ва шу таъсирини сақлаб қолишга интилаётган одамларни саросимага солаётганга ўхшамоқда. Бироқ Гулнора отасига ҳурмати туфайли сиёсий кампаниялардан ўзини доим четга олиб юрган ва мен ишонч билан тасдиқлашим мумкинки, у бугунги Ўзбекистоннинг сиёсатига мутлақо қизиқиш билдирмаяпти.

Гулнора авваллари ҳам бир неча бор ўзига қарши қўйилаётган айбловлардан мутлақо поклигини билдириб келган. У қонун устиворлиги таъминланган ҳар қандай судга бориб ўз номини оқлашга тайёр. Ўзбекистон Ҳарбий суди томонидан ёпиқ тартибда ўтказилган судда унинг шериклари айбдор дея тан олингани боис, Ўзбекистонда нормал суд процесси доирасида Гулнорага адолатли ҳукм чиқарилишига умид йўқ.

Уй қамоғида қолаётган Гулнора ва унинг қизи шошилинч медицина ёрдамига муҳтож. Яна шуни қўшиб қўйиш жоизки, Гулнорани ва қизини ҳибсда сақлаётганлар озиқ-овқат етказиб берилишига тўсқинлик қилиб, уларни мунтазам равишда очлик билан қийнаяптилар.

Гулнора халқаро ҳамжамиятга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, ўзига нисбатан қонун устиворлигини таъминлаш ҳамда унинг тақдири сиёсий манфаатларни кўзлаган шахслар томонидан эмас, балки мустақил судлар томонидан ҳал этилишини талаб қилинишини сўрамоқда”.

Гульнара Каримова и охрана

Ушбу релиз Гулнора Каримова атрофидаги вазиятга мутлақо ойдинлик киритмади, боз устига кўплаб саволларни келтириб чиқарди. Биз алоқа манзиллари релизда кўрсатилган Davidson Ryan Dore ходимаси Елена Куделькога савол беришга қарор қилдик. Елена саволларимизни ёзма равишда тақдим этишни сўради ва бизни кўп куттирмай, тез орада жавоб қайтарди. Ёзма интервьюни қуйида ўқишингиз мумкин.

- Компаниянгиз Гулнора Каримова билан анчадан бери ҳамкорлик қилиб келадими?

- 3 ой бўлди.

- Агар у уй қамоғида бўлса, у билан қанақа қилиб боғланяпсиз?

- Биз турли манбалар ёрдамида маълумот оляпмиз, уларни ошкор қила олмаслигимиз сабабани ўзингиз тушунасиз.

- Ўзбекистон қонунлари бунақа алоқаларни тақиқламайдими?

- Ўзбекистонда қонун борми ўзи?

- Гулнора Каримованинг манфаатларини халқаро судларда ҳимоя қилишг бўйича сизга ваколат берилганми? Швейцарияда ҳам унинг манфаатларини ҳимоя қиляпсизларми? (Швейцария прокуратураси уни пул ювишда гумонлаяпти – таҳр.)

- Гулноранинг юристлари иш адолатли Швейцария судлари томонидан кўрилса яхши бўлади, дея қаттиқ туриб олишган, аммо бу нарса амалга ошиши учун айни пайтда унинг адвокатлар билан учрашишига йўл берилмаяпти.

- Релизда айтилишича, “Гулнора бир неча бор ўзига қўйилаётган айбловларнинг ноўрин эканлигини, ва ўзининг мутлақо айбсиз эканини билдириб келган. <…> Гулнора халқаро ҳамжамиятга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, ўзига нисбатан қонун устиворлигини таъминлаш ҳамда унинг тақдири сиёсий манфаатларни кўзлаган шахслар томонидан эмас, балки мустақил судлар томонидан ҳал этилишини талаб қилинишини сўрамоқда”. Демак, Ўзбекистонда унга айбловлар қўйилган эканда? Уни нимада айблашяпти? Г. Каримова Швейцария судида жавоб беришга тайёрми?”

- Биз Ўзбекистонда унга қарши қанақа айблов қўйилаётганини билмаймиз. Гулнора қонун устиворлиги кафолатланган дунёдаги ҳар қандай суд олдида жавоб беришга тайёр.

- Бу йил Ўзбекистонда “Гулнора Каримова яширинчи Ригага жўнаб кетибди, уй қамоғида сақланаяпти деган гаплар эса матбуот ва халқаро ҳамжамият учун хўжакўрсинга уюштирилган” деган миш-мишлар тарқалди. Бироқ бу миш-мишлар тасдиқланмади. Тақдим этилган фотосуратлар Тошкентда олинганини исботлаш учун қандай далиллар тақдим эта оласиз? Биз Ўзбекистонда VIP-маҳбус сақланаётган уйнинг олдига бориб бўлмаслигини, маҳбуслар қаттиқ тартибда қўриқланаётганини ҳамда телеобъективли кимса эътибордна четда қолмаслигини яхши биламиз.

- Ушбу фотосуратларда Гулнорани қўриқчилар қуршаб олгани кўриниб турибди. Биз ҳеч қанақа тафсилотларни айта олмаймиз, чунки фотосуратга олган одамни ҳимоя қилиш бурчимиз.

- Уй қамоғининг тафсилотларини биласизми?

- Йўқ.

- ...Каримова ва унинг қизи сақланаётган уйни неча киши қўриқлаяпти, уларнинг уйдаги юмушини бажаришга ёрдам берадиган хизматкорлари борми, уларга ким озиқ-овқат етказиб беряпти? Агар муҳбусалардан бирортаси касал бўлиб қолса, шифокорларни чақиртириш тартиби қанақа?

- Агар сиз уларга уй юмушларини бажаришда ёрдамчилар борми дея сўраётган бўлсангиз, унда ушбу вазиятнинг нақадар жиддийлигига етарли даражада баҳо бера олмаяпсиз. Гап шундаки, Гулнорани бир неча кунлаб овқатсиз қолдиришмоқда. Унга шошилинч медицина ёрдамига муҳтож.

- Компаниянгиз Гулнора Исламовна билан боғланиш имкониятига эга бўлса, унда у бизга интервью беришга рози бўлар?

- Гулнора интервью бермоқчи, аммо у ҳозир фақат қаттиққўл қўриқчилардан бошқа ҳеч ким билан гаплаша олмайди.

Гульнара Каримова и охранники

***

Куделько хонимнинг жавоблари кўп нарсаларни очиб бергани йўқ. Фақат Гулнора Каримова ўз ҳимоясига фаол пиар-кампанияни бошлаб юборгани кўриниб турибди. Бироқ Ўзбекистон президенти қизининг вакили жиддий тарзда “Гулнора ва унинг қизи бир неча кунлар давомида оч қоляптилар”, дея ишонтирмоқчи бўлса, баёнотнинг қолган қисми ҳам лофга баробарлашади.

Биз Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубновдан Гулнора атрофида юзага келган вазиятни шарҳлаб беришни сўрадик.

“Гулнора Каримова атрофида қандайдир мужмал ва машъум ишлар содир бўлаётганга ўхшаяпти, деб ҳисоблайман. Унинг ҳаракатлари ва мулоқотлари чекланаётгани туфайли оғир аҳволга тушиб қолгани ҳам рост бўлиши мумкин. Бироқ унинг оиласи томонидан ёлланган пиарчилар қўллаётган иборалар бу воқеаларни жуда бемаза комедияга айлантириб қўймоқда. Ўзбекистон президентининг қизи ва набираси бир неча кунлаб оч қолдириляпти, дея жиддий туриб ишонтирмоқчи бўлаётган “ҳимоячилар” бу республикада нималар бўлиши ва нималар мутлақо бўлмаслиги ҳақида умуман тушунчага эга эмасликларини намойиш этмоқдалар. Лондонда бунақа бизнес билан шуғулланаётган одамлар ўта ишончли далил-исботларсиз бу каби сўзларни гапириб бўлмаслигини яхшилаб англаб етмоқлари зарур. Гулноранинг ёруғ кунларига хос бўлган ҳимоянинг бунақанги “ялтироқ” услуби унинг ҳозирги кунда бошидан кечираётганларига бўлган ишончни бутунлай чиппакка чиқариб юборади.

Ҳимоячиларнинг Ўзбекистонда президент сайловолди кампанияси бошланган, ва бу кампания давомида Гулнора Каримова қўллайдиган кучлар мавжуд, деган фикрларни эшитиб, нима дейиш мумкин? Бўлажак президент сайловлари тўғрисида ва унда гўё Гулнора ўзи хоҳламаса ҳам қатнашаётгани ҳақидаги гаплардан бехабар қолаётган Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти пиарчиларнинг бу гапларини эшитса, ҳайратдан лол қотган бўларди. Шунинг учун ҳам тарқатилган ушбу баёнот Ғарб мамлакатлари ва Европа сиёсий элитасига ва жамоатчилигига етиб бориши учун аталган: зора улар Гулнорага ишониб, Европадаги бир енча мамлакатларида бошланган суд таъқибларидан уни озод қилишса”.

Марина Яновская

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги