08:40 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистондаги ўзбекистонлик қочоқларни ҳуқуқсизлик, ишсизлик ва очлик таъқиб қилмоқда

26.10.2005 14:58 msk

Элмурад Жусупалиев (Ўш)

“Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Қирғизистонда уч мингдан кам бўлмаган ўзбекистонлик қочоқ яшаб келмоқда. Бироқ расмий тузилмалар томонидан эълон қилинаётган маълумотлар анча камтаронадир. Бишкекдаги БМТ ҚИОКБ ваколатхонаси берган маълумотларга кўра, айни пайтда фақат 40 ўзбекистонлик қочоқ расман рўйхатдан ўтган. Улардан йигирмата қочоқ Қирғизистон ТИВ миграция департаментида рўйхатга олинган.

Қирғизистон ҳуқуқ ҳимоячилари рақамлардаги бу фарқларни икки сабаб билан изоҳламоқдалар: биринчидан, Ўзбекистонда устиларидан жиноий ишлар очилган кўплаб қочоқлар қаттиққўллик ҳукм сурган ватанларига депортация қилинишларидан қўрқишиб, машруълашишга шошилмаяптилар. Иккинчидан, ўзбекистонлик қочоқларнинг асосий қисми Ўзбекистондаги вазият барқарорлашишини кутмоқдалар, улар шундан кейингина ватанларига қайтиш ниятидалар.

Айтиш жоизки, ўзбекистонлик қочоқларнинг Қирғизистонга оқиб келиши тўхтамаяпти. Агар аввал Қирғизистонга асосан “Андижон воқеалари”нинг иштирокчилари ўтган бўлсалар, охирги пайтларда эса дунёвий сиёсий мухолифат фаоллари қўшни юртлардан паноҳ қидирмоқдалар. Ўзбекистонлик мухолифатчилар, асосан, Қирғизистон пойтахти Бишкекка ўрнашишга ҳаракат қилаяптилар.

Қочоқларнинг деярли барчаси оғир маиший шароитларда яшаяптилар.

- Биз БМТ ҚИОКБнинг Ўшдаги ваколатхонасида рўйхатдан ўтганимизда, бизга 1200 сўмдан (тақрибан 30 АҚШ доллари) молиявий ёрдам бердилар, - дея маълум қилади исмини ошкор қилмасликни сўраган қочоқлардан бири, - Бу тўрт ой муқаддам бўлганди. Ўшандан бери биз ҳеч нарса олмадик. Айни пайтда биз оғир молиявий аҳволдамиз. Кунига бир маротаба овқатланаяпмиз, баъза эса бир неча кунлаб оч қолмоқдамиз. Биз ижарада яшаётган хонадонлар совуқ, иситкичлар ва иссиқ кийимлар йўқ.

Ўзбекистонлик бу фуқарога кўра, улар вақтинчалик

По словам этого гражданина Узбекистана, они перебиваются временными заработками.

Баъзи қочоқлар жуда паст ҳақ эвазига хусусий иш берувчиларга қора ишчи бўлиб ёлланадилар. Уларга тўланаётган пул фақат нон ҳамда хонадондаги жой ижарасига етади, холос. Қочоқларга кўра, ҳатто иш берувчи ишчи кучига муҳтож бўлса ҳам, уларни ўз мутахассисликлари бўйича ишга олмаяптилар. ҚР ТИВ миграция департаменти Жанубий бошқармаси бошлиғи Н. Жўлдошевага кўра, ишга эга бўлиш учун Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ қочоқлар миграция департаментида рўйхатдан ўтишлар керак бўлади.

- Биз бу одамнинг бошпана изловчи шахс эканини тасдиқловчи гувоҳнома берамиз. Биздаги қонунларга мувофиқ, ёнида бундай ҳужжатга эга бўлган киши республикамиз ҳудудида эркин ҳаракатлана олиши ва ишга жойлашиши мумкин, - дея маълум қилди “Фарғона.Ру” агентлиги мухбирига Н. Жўлдошева.

Бироқ ҳатто расман рўйхатдан ўтган қочоқларни ҳам иш берувчилар ёллашдан бош тортмоқдалар, шу билан бирга улар нима сабабдан бош тортаётганликларини маълум қилмаяптилар. Қочоқлар масаласи билан шуғулланувчи ўшлик ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча фирма ва корхоналар раҳбариятига расман мурожаат қилганлар. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, раҳбарлар аввалига одамларни ишга ёллашга розилик берганлар, аммо уларнинг корхоналарига айнан андижонлик қочоқларни жойлаштирмоқчи бўлганликларини билганларидан кейин ўша заҳотиёқ бош тортганлар.

“Франс Пресс” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилувчи ўшлик журналист Павел Громский андижонлик қочоқлар муаммоларини ўрганади. Унга кўра, иш берувчилар ўз ҳавфсизлиги учун хавотирланганлари сабабли Ўзбекистондан бўлган қочоқларни ишга ёллашдан бош тортаяптилар.

- Кўплаб қочоқлар ишга жойлашиш учун иш билан таъминлаш идораларига мурожаат қилганлар. Аммо Қирғизистонда, айниқса, жанубий ҳудудда бугунги кунда Ўзбекистон махсус хизмат ходимларининг бемалол фаолият олиб бораётганликлари ҳеч кимга сир бўлмагани учун иш берувчилар бу кишиларни ишга қабул қилишдан қўрқаяптилар. Табиийки, иш берувчилар ўз ҳавфсизлиги учун хавотирланаяптилар, - деди Павел Громский.

Юқоридан келиб чиққан ҳолда Қирғизистондаги ўзбекистонлик қочоқлар мутлақо ҳақ-ҳуқуқсиз, дея ҳисоблаш мумкин, гарчи мамлакатнинг “қочоқлар ҳақида”ги қонунчилиги уларга ишлаш, эркин ҳаракат қилиш ва бошқа ҳуқуқларни берса-да. Қочоқлар Қирғизистон қонунлари билан таниш бўлмаганликлари учун ўз ҳуқуқларни билмайдилар. Масалан, 21 октябрь куни “Нолегал” амалиёти доирасида Ўш шаҳар милицияси ходимлари андижонлик бир неча қочоқни ушлаганлар. Бу ҳақда бизга қочоқларга ҳуқуқий ёрдам бериш билан шуғулланувчи “Ўш-Адилет” ташкилоти раҳбари Солижон Моитов гапириб берди.

- Биз аралашганимиздан кейин ушланганларнинг учтасини озод қилдилар, бир қочоқ эса ҳалиям милицияда, - дейди Солижон Моитов. – Бизга милициядан айтишларича, бу қочоққа нисбатан Ўзбекистонда жиноий иш очилиб, кейин қирғизистонлик махсус хизмат ходимларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари Ўшга талабнома юборган эканлар. Биздаги куч ишлатар тузилмалар вазиятни жуда яхши тушунадилар ва халқаро қонунчиликни биладилар. Мен, бизнинг куч ишлатар тузилмаларимиз бу каби амалиётларни қасддан ўтказаяптилар ва қочоқларни ушлаяптилар, деб ўйламайман. Улар шунчаки ўз ишларини ва Минск Конвенцияси талабларини бажараяптилар, гарчи бу Конвенция айрим халқаро қонунларга зид келса-да.

Солижон Моитов қўлга олинган қочоқнинг фамилиясини айтмади. Аммо “Фарғона.Ру” агентлиги мухбири уни барибир билиб олди. Фаёз Тожиҳалилов, бизга ахборот берувчининг сўзларига кўра, БМТ ҚИОКБнинг Ўшдаги ваколатхонасида бошпана изловчи шахс сифатида рўйхатга олинган.

Ўш милициясининг номини мақолада келтирмаслигимизни истаган раҳбарларидан бири бизга “Нолегал” амалиётининг пировардидаги мақсади Ўш шаҳри ҳудудида ноқонуний тарзда яшаётган ўзбекистонлик қочоқларни аниқлаш ва уларни Ўзбекистонга чиқариб юбориш бўлиб ҳисобланмайди.

- Ушбу амалиёт чоғида биз муддати ўтиб кетган виза билан ёки умуман ноқонуний тарзда яшаётган икки юзга яқин кишини аниқладик. Амалиёт мобайнида ўзбекистонлик бир неча қочоқ ҳам қўлга олинган, уларнинг шахси аниқланганидан кейин қўйиб юборилганлар. Мен бизнинг сиёсатга аралашмаслигимизни ва ўзимизнинг кундалик ишимизни бажараётганимизни эслатиб қўймоқчиман, - деди бизга Ўш шаҳри милициясининг масъул ходими.