08:41 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда пахта кампанияси хроникаси: Болаларни пахта теримига жалб қилиш масаласи очиқ қолмоқда

15.09.2014 19:58 msk

Тошпўлат Раҳматуллаев

“Фарғона.Ру. галереясидан”, олинган ушбу 2008 йилги фотосуратда 11 ёшли Умида Турсуновани кўриб турибсиз. Ўшанда бу қизалоқ Наманган вилояти Уйчи туманидаги №26 мактабнинг 5-синфида ўқир эди. Ҳозир у ўн етти ёшга кирган бўлиши керак. У ҳозиргача пахта теримида қатнашаётган бўлса керак...

“Самарқандда касб-ҳунар коллежларининг иккинчи ва учинчи курс талабаларини пахта теримига сафарбар қилинаётгани ҳақида эълон қилдилар. Шу ерда қайд этиш жоизки, иккинчи курс талабалари 17 ёшга етиб-етмаган ўспиринлардир.

Набирам коллежлардан бирида иккинчи курсда ўқийди. Бешинчи сентябрь куни ўқувчиларнинг ота-оналарини коллежга таклиф этиб, гуруҳлар бўйича алоҳида йиғилишлар ўтказдилар. Йиғилишда таълим муассасаси директори, гуруҳ раҳбари ҳамда потокнинг, яъни бутун иккинчи курснинг раҳбари қатнашди.

Гуруҳ раҳбари, ўқувчиларга хушмуомалалиги туфайли уларнинг ҳурматига сазавор бўлган хушсурат аёл парталарда ўтирган ҳар бир ота-она олдига қоғоз ва ручка қўйди. Шундан сўнг мажлиснинг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди. “Тез кунлар ичида пахта ҳосилини теришга ёрдам бериш учун жўнаб кетамиз, - деди у. – Сизлар фарзандингиз ўз ихтиёри билан пахтага кетаётгани тўғрисида тилхат ёзиб беришингиз керак” . Ушбу “кафолат хати”ни коллеж директори номига ёзилиши керак экан.

Бир оз ўйлаб туриб мен қуйидаги мазмундаги кафолат хатини ёздим: “Мен неварамни пахта теримига юбормайман, чунки у сентябрнинг бошида эндигина 16 ёшга кирган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 26 июлда имзоланган “18 ёшга етмаган шахслар учун тақиқланган меҳнат фаолияти кўринишлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ набирамни пахта теримига жалб этиш мумкин эмас. Ушбу ҳужжат иловасида 18 ёшга етмаган шахслар учун тақиқланган меҳнат фаолияти рўйхати орасида пахтани қўлда териш алоҳида бандга қўйилган”.

Бир оз вақт ўтиб поток раҳбари йиғилганларга мурожаат этиб, ёзганларини ўқиб беришни сўради: “Қани, кўрайликчи ким нима деб ёзибди”. Навбат менга етиб, ёзган кафолат хатимни ўқиб берганимда, у бир-мунча муддатга жим бўлиб қолди. Бир оз ўтиб ўзига келганидан сўнг у пахта теримида иштирок этиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг ватанпарварлик бурчи, дея олди, холос. Ёш бўлса ҳам потокка раҳбарлик қилаётган йигит менга мурожаат қила туриб, ушбу кафолат хатларининг ҳаммасини ҳокимиятда ўқишади, бу ишда прокуратура ва милиция ходимлари ҳам иштирок этадилар, деб айтди. Яна сиз жиддий муаммоларга дуч келиб қолишингиз мумкин, дея қўшиб қўйди.

Шунда мен унга 18 ёшга етмаганларнинг пахта теришини айнан давлат тақиқалаётганини эслатдим. Боз устига, икки вазирликнинг қарори Адлия вазирлигида рўйхатга олинган. “Биз нима қилайлик? Биздан 2- ва 3- курс ўқувчиларини пахтага олиб чиқишга буюрилган. Шу билан бирга, ҳеч ким ёшга қўйилган чекловлар ҳақида индамаяпти”, - дея ўзини оқлади поток раҳбари.

Йиғилишдан сўнг коллеж директори мени йўлакда тўхтатиб, “Ҳаммани олдида сўзга чиқиб бекор қилдингизда. Мени олдимга кириб, ўзимга айтмайсизми шу муаммони. Энди агар ҳамма ота-оналар болаларини пахтага қўйиб юбормаса, мен нима қиламан? Мендан теримчиларнинг сонини талаб қилишяпти. Юқоридагилар буни тушунмайдилар. Биласизми, менинг ўрнимга кўз олайтирганлар қанчалигини ?..”

Мен директорга 18 ёшга кирмаган ўқувчиларнинг рўйхатини тузишни ҳамда вилоят ҳокимлигига тақдим этишни таклиф этдим. Шу рўйхатга қараб, пахта теримига олиб чиқиладиган одамларнинг сонини камайтиришсин. Бироқ директор бу ишнинг фойдаси йўқ, менга ҳеч ким қулоқ солиб ўтирмайди, деб жавоб берди.

Шунда мен директорни руҳлантирмоқчи бўлиб, агар биз 16-17 ёшли ўқувчиларнинг пахтага боришига йўл қўймасак, мутасаддиларга қараганда кўпроқ ватанпарвар бўлишимиз мумкин, деб айтдим. “Уларни пахта теримига сафарбар қилаётган мутасаддилар халқаро миқёсда мамлакатимиз обрўсига жуда катта путур етказишмоқда. Чунки кўпчилик мамлакатлар бу ишда болалар меҳнатидан фойдаланиш мавжуд дея таъна қилмоқда”, дея суҳбатдошимга эслатдим. Гапим қуруқ эмаслигини исботлаш мақсадида Америка ҚЎшма Штатлари Меҳнат вазирлиги вакиллари билан учрашувда иштирок этганимни сўзлаб бердим. Ўша учрашувда айнан шу мавзу муҳокама этилганди.

Шу йилнинг июль ойида АҚШ меҳнат вазири ёрдамчисининг мовини Эрик Биль (Eric Biel) ҳамда шу вазирликнинг халқаро бўлими ходими Кристин Спардинг (Kristin Sparding) Ўзбекистонга келган эдилар. Самарқанд шаҳрига ташрифи чоғида улар мен билан учрашдилар ва биринчи навбатда ўтган йили ўн беш ёшли набирамни пахта теримига юбормаганим учун тазйиққа учрамадикми деб сўрадилар.

Мен меҳмонларга мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этяпмиз, деб жавоб бердим. Неварамни пахтага жўнатмай, мен қонунга бўйсинувчи фуқаро сифатида ҳукумат қарорини бажардим. Балоғатга етмаган набирамни пахтага жўнатмаганим учун нега энди мени ёки неварамни жазога тортиш керак экан?! Кўринишидан, меҳмонлар жавобимдан қониқмаганга ўхшадилар. Улар саволни бошқача тарзда қўйдилар: сиз мамлакатда таниқли одамсиз, балки шунинг учун ҳам сизни тинч қўйишгандир? Сиздан бошқа одам шунақа қилганида, расмийлар уларга босим ўтказган бўлармиди?

Мен суҳбатдошларимга мамлакатимизда 12 йиллик таълим тизими жорий этилганини маълум қилдим. Қонунга мувофиқ, коллеж ёки лицей ўқувчиларини ўқишдан ҳайдаш мумкин эмас. Нафақат менинг набирам пахтага бормади: турли баҳоналарни рўкач қилиб бошқа ота-оналар ҳам фарзандларини пахта теримига чиқармадилар. Уларга ҳам ҳеч қанақа босим бўлгани йўқ, болалари бемалол ўқишини давом этиб юришибди.

Коллеж директорига америкалик мутасаддилар билан учрашувим ҳақида сўзлай туриб, бизнинг ҳаракатларимиз мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказиб қўйиши ёки аксинча кўтариши мумкинлигини таъкидлаб ўтдим. Ахир хориждаги шерикларимиз ҳаммасини билиб олишлари мумкин. Боз устига, Эрик Биль Халқаро меҳнат ташкилотида Ўзбекистонда ўтказилажак мониторингни бир ой давомида эмас, балки анча кўпроқ вақт давомида ўтказилишини таклиф қилишини айтди. Фақат шу ҳолатда Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши тўғрисида объектив маълумот олиш мумки бўлади, деганди Биль...”

***

Тошпулат Рахматуллаев
Тошпўлат Раҳматуллаев
... Коллежда “кафолат хати” ёзаётган пайтимда Қашқадарё вилоятида мажлис бўлиб ўтгани ва унда мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиққанини билмагандим. У 18 ёшга етмаган болаларни пахта теримига жалб қилмаслик бўйича барча раҳбарларга қатъий топшириқ берган экан.

Мирзиёевнинг нутқи ҳақида эшитиб мен 8 сентябрь куни яна коллежга бориб директорга учрадим. Ундан бош вазирнинг буйруғи ҳақида эшитдингизми, деб сўрадим. Директор бу ҳақда қандайдир гаплар унга етиб келганини, аммо у вилоят ҳокими ўз буйруғини бекор қилмагунича топшириқни бажаришда тўхтамаслигини билдирди.

Тошпўлат Раҳматуллаев.

“Фарғона” агентлиги Ўзбекистон пахта далаларидаги воқеалар хроникасини ёритишни давом этади. Содир бўлаётган воқеаларни шарҳламоқчи бўлсангиз, ёки бирор янгилик билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, марҳамат бизнинг ferghana@fergananews.com манзилига ёзишингизни сўраймиз. Энг муносиб ахборот ва ҳикоялари сайтимизда чоп этилади. Келинглар, биргаликда ўзбекистонлик амалдорларни мамлакат қонунларига риоя қилишга мажбур қилайлик!

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги