00:37 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

TeliaSonera ва Ўзбекистон: Бир-бирига мос келмадими?

12.09.2014 17:08 msk

Даниил Кислов

Швеция-Финляндия TeliaSonera телекоммуникация концернининг Ўзбекистон уяли алоқа бозорини тарк этаётгани тўғрисидаги хабарларни “Фарғона” агентлигининг Тошкентдаги баъзи манбалари ҳам қисман тасдиқлаяптилар. Воқеанинг бу каби тус олиши сабаблари эса равшан.

Эслатиб ўтамиз, европаликларнинг бу нияти ҳақида биринчи бўлиб Тошкентдаги Uzmetronom веб-сайти 8 сентябрь куни хабар берди. “Ucell помашет дядям ручкой” (“Ucell амакиларга “хайр-хайр” деяпти”) дея аталувчи хабарда TeliaSonera раҳбарияти компаниянинг Ўзбекистонда Ucell бренди остида ишлаётган шўъбасини сотиш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида сўз юритилган эди.

Нашрнинг “ишончли манбалари” тақдим этган маълумотга кўра, TeliaSonera гуруҳининг вице-президенти Эрик Ҳалбергнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида гўё Ucell маблағларининг конвертация масаласи кўтарилган бўлиб, агар мазкур масала ижобий ҳал этилмаса, компания Ўзбекистон уяли алоқа бозорини тарк этишга мажбур бўлиши билдирилганди.

Нашрга кўра, Ўзбекистон ҳукумати томонидан конвертацияга ижозат берилмади. “Демак, яқин кунлар ичида Ucell компаниясининг янги бош директори Тону Грюнберг (у 15 сентябрдан бошлаб вазифасини бажаришга киришади) компанияни сотиш пайига тушишини кутса бўлади. Экспертларнинг қайд этишича, компанияни сотиб олишга фақат хитойлар истак билдиришлари мумкин”.

Қайд этиш жоиз, TeliaSonera ҳозирча бу ҳақда ҳеч қанақа расмий баёнот билан чиққани йўқ. “Фарғона” агентлигининг Швециядаги ҳамкасблари бўлган журналистлар ҳам бу каби режалар ҳақида ҳозирча ҳеч қанақа янгилик эшитганлари йўқ.

Бироқ TeliaSonera компаниясининг Ўзбекистондаги бош директорини шошилинч равишда алмаштирилиши ва бу лавозимга жуда йирик менежернинг тайинланиши сергак бўлишга ундайди. Қайд этамиз, айни пайтда Тону Грюнберг Евросиё минтақасида технологиялар масалалари бўйича вице-президент лавозимини эгалламоқда. Балки янги бош директорнинг зиммасига қандайдир йирик ишни амалга ошириш вазифаси юклатилгандир?

“Фарғона” агентлигининг Тошкентдаги ўз манбалари ҳам TeliaSonera компаниясининг Ўзбекистонни тарк этиши тўғрисидаги миш-мишларни қисман тасдиқлаяптилар. Компанияни келгуси йилнинг иккинчи чорагида сотилиши мумкин, деган тахминлар мавжуд. Аммо Тошкентдаги Ucell компаниясининг бош офисида бу янгилик шу бугуннинг ўзида муҳокама қилинмоқда.

“Ҳамма ҳайрон. Баъзилар янги иш қидиришга тушган бўлса, энг кучли мутахассисларни эса янги компанияга таклиф этишяпти”, - дейди компаниядаги манба. Шу билан бирга, у шведларнинг Ўзбекистон ҳукумати билан олиб бораётган музокаралари ҳозирча ниҳоясига етмаганини таъкидламоқда.

Ўзбекистонда валюта конвертацияси тизими бозор иқтисодиётига мутлақо мос келмайди. Мавжуд тизим бир-биридан мустақил равишда ҳаракатланадиган бир неча механизмлардан ташкил топган бўлиб, давлат мулозимларига порахўрлик учун кенг майдон ҳамда Ўзбекистон банклари учун фирибгарлик ва қонун бузиш йўллари билан даромад ортириш имкониятини яратиб беради. Бу эса ўз навбатида хорижий бизнеснинг мамлакатдаги фаолиятига кўп жиҳатлар бўйича ҳалақит беради.

Конвертация атрофидаги муаммолар TeliaSonera компаниясининг Ўзбекистон уяли алоқа бозорини тарк этишига мажбур қилган ягона сабаб эмас. Европа мамлакатларида қатор жиноятларни содир этишда айбланаётган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова номи билан боғлиқ жанжалларни эътибордан соқит этиб бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Швеция прокуратураси TeliaSonera компаниясини Ўзбекистон сиёсий элитасига, шу жумладан, Гулнора Каримовага пора беришда айблаганди. “2007-2010 йиллар ўртасидаги давр мобайнида компания зарур частоталарга эгалик қилиш учун пора бериб келган. Айни пайтда тергов музокараларни айнан Гулнора Каримова уюштиргани ва олиб боргани, шунингдек, ушбу схеманинг бевосита бенифицаиари бўлгани тўғрисида муайан далилларга эга”, - дейилади Швеция прокурорларининг баёнотида. Швеция назорат органлари расмийлари таъкидлашича, Каримова TeliaSonera билан тузилган битим ортидан 240 миллион евро миқдорида пора олган.

Яқин кунлар ичида Швецияда ушбу жиноят ишлари бўйича суднинг бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бирор-бир ўзбекистонлик мутасаддининг ёки Гулнора Каримова вакилларининг суд процессида иштирок этишидан кўра этмаслигига эҳтимоли катта, аммо шунга қарамай, процесс давомида TeliaSonera билан “ўзбек маликаси” ўртасида биз шу чоққача билмаган нопок муносабатларнинг янги тафсилотлари юзага чиқиши мумкин.

Бошқа тарафдан олиб қараганда, Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Гулноранинг фаолиятини текшира бошлаганига деярли бир йил тўлди. Бу мамлакат расмийлари Ўзбекистон президентининг қизини пул ювишда айблашмоқда. Швейцария банкларида унга ва унинг яқинларига қарашли шахсларнинг бир миллиард долларга яқин маблағлари музлатиб қўйилган.

Албатта, ушбу икки процесс Европа матбуотида кенг ёритилади. Қадрдон европа бизнесининг ўртаосиё мамлакатидаги коррупция механизми билан чамбарчас боғланиб кетиши тўғрисидаги тафсилотлар турли журналистларнинг диққат-эътиборида бўлади.

Шунинг учун ҳам Гулнора Каримова бугун Стокҳолмда эмас, балки уй қамоғида ўтирибди (уй қамоғи инсценировка бўлиши ҳам мумкин), унинг бир неча ишонган одамлари эса Ўзбекистон судининг ҳукми билан турмада ўтиришибди (суд юқоридан туширилган қарорларни самарали равишда ҳукмга айлантираётгани ҳақида шубҳа йўқ).

Тошкентда сизиб оқаётган ҳар қандай ахборот ҳозирги шароитларда Ўзбекистон давлатининг обрўсига путур етказади. Шунинг учун ҳам республика расмийлари TeliaSonera билан тузилган битимларга ҳамда Европа банкларига пул қўйилишига алоқадорликда гумонланган одамларнинг овозини ўчириш ҳаракатига тушиб қолишган.

Республикада ҳар жиноятчилар қанчалик юқори мавқега эга бўлмасинлар, уларни муқаррар жазо кутмоқда, деган тасаввурни ярата туриб (бош прокуратура пресс-релизларини ўқинг) расмий Тошкент бир ўқ билан икки қуённи уриш пайига тушган. Биринчидан, аҳоли орасида мамлакатда адолатга эришиш мумкин, деган умид чироқлари сўнмай қолади. Ўзбекистонлик тадбиркорлар учун анчадан бери “ола-бўжи” бўлиб қолган Гулнора Каримова нинг аҳволига қараб, одамлар: “Ана, Каримов ҳатто қизини ҳам аямади”, - дея бошлайди ҳамда бундан буёғига порахўрлик камаяди, деган хулосага келади.

Иккинчидан, халқаро битимларни тузишда нопок йўлга турган кимсаларни жиноий жавобгарликка торта туриб, Ўзбекистон гўё жиноятчиларга қарши кураш олиб бораётганини кўрсатиб қўймоқчи бўлади. Шу билан бирга, потенциал инвесторларни Ўзбекистон давлати билан келгусида яхши муносабатлар ўрнатиш мумкин дегандек ишонтирмоқчи бўлади. Ҳар ҳолда, TeliaSonera атрофида содир бўлган ножўя ишлар Ўзбекистоннинг обрўсига жиддий путур етказди ҳамда молиявий сармоялар оқимидан маҳрум бўлиш таҳликаси остида қолган тўраларнинг манфаатларига тегиб ўтди.

Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилган сўнгги ўзгартиришлар натижасида бери пора бериш билан пора олиш тенг даражада жазоланади. Мисол учун, порани қандайдир яқори лавозимли амалдор эмас, балки ўша пайда сохта дипломат ва шоу-дива (дива – опера санъатида машҳур қўшиқчи аёл.-тарж.) бўлиб юрган Гулнора Каримова олган. Шунинг учун ҳам республика расмий ҳукуматига эътироз билдира олмайсиз. Порани Гулнорага таниқли европалик шериклар беришган (шу йўл билан улар гўё Гулнорани “тўғри йўлдан уришган”), бунақа нопок шериклар билан “ҳалол” ва “мустақил” Ўзбекистон ҳамкорлик қила олмайди.

Шунинг учун ҳам энди Тошкетдагилар “обрўсини йўқотиб қўйган” шерикдан қутилиш йўлларини излаб қолган. Шерикнинг эса боши қотиб ўтирибди – буёғига нима қилсам бўлади энди?

Ucell компанияси томонидан TeliaSonera акциядорларининг Тошкентга ташрифи якунлари бўйича чиқарган пресс-релизда нимага урғу берилганига эътибор беринг: “Делегация аъзолари бизнеснинг барқарор ривожланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар, хусусан, Ucell компаниясининг мамлакат фаравонлиги ва TeliaSonera гуруҳи манфаати йўлида бизнеснинг шаффоф ва барқарор ривожланишини таъминлашга йўналтирилган ташаббусларига юқори баҳо бердилар. Уяли алоқа оператори ички аксилкоррупциявий дастурини ва TeliaSonera Бизнеси ахлоқи ва этикаси кодексини амалга ошириш, шунингдек, уларнинг маҳаллий қонунчилик базасига ҳамда Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган халқаро меъёрларга тўлиқ мос келиши учун бор кучини аямаяпти”.

Уяли алоқа оператори Ўзбекистонда бизнес юритиш шаффофлигига эришиш учун бор кучини сарфлаётганига қарамай, бунга эришиб бўлмайди, деб ўйлайман. Тошкентда чиқарилган ҳукмларнинг шавқатсизлиги, Ўзбекистон расмийларининг ишонтиришга уринишлари ёрдам бермаса керак. Шведлар янги воситачиларга ҳам пора бериш кераклигини тушунадилар, аммо Гулнора билан бўлиб ўтган муносабатлар оқибатида ортирилган тажриба “сутдан куйган оғизни қатиқини ҳам пуфлаб ичишга” мажбур қилмоқда.

Яхшси, бу каби “ўта таҳликали бозордан” тезроқ жуфтакни ростлаш керак.

Агар Стокҳолмда бўлиб ўтадиган суд давомида TeliaSonera компаниясининг Гулнора Каримовага пора беришда айби исботланса, компаниянинг Ўзбекистондаги активлари ноқонуний бўлиб қолиши мумкин. Балки уларни арзон бўлса ҳам тезроқ сотиб юборган яхшидир? Шунақами, жаноб Тону Гюнберг?..

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги