07:02 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда пахта қуллиги: “Раҳбар бўлишни истамайман!”

10.09.2014 19:26 msk

Фарғона

Ўзбекистонда ҳеч қайси бошқа мамлакатларда учрамайдиган пахта бўйича “вакиллар” тайинлаш тартиби мавжуд. Бу тартиб нимадан иборат? Турли корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларини фермерларга ёрдам кўрсатиш бўйича масъул қилиб тайинланишидан. Кўп ҳолларда бу ёрдам тўхтовсиз молиявий донорликка айланиб қолади. Тадбиркорлар ва бошлиқлар бу каби “жамоатчилик ишларига” пул топиш учун турли қонунбузарликларни содир этишларига тўғри келади ва бунинг ортидан улар прокуратура ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қарам бўлиб қоладилар. Фермерлар, тадбиркорлар, мутасаддилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг бир-бирларини сирини яшириш, бир-бирини қўллаш тизими қандай барпо этилаётгани, фермерларнинг чўнтагидаги бор пулларини “қоқиб олиб”, ким-кимга пахта сотаётгани, тадбиркорларни қандай “соғаётганлари” ҳақида – “Фарғона” агентлигининг навбатдаги материалида ҳикоя қилинади. Ҳикоямизни эса “ёғлиқ” лавозимни эгаллаш таклифини олган бир инсоннинг бошидан кечирган воқеаларидан бошлаймиз.

Номзод ҳикояси

“Бу ишлар уч ой олдин бошланган. Тошкентда яшайдиган собиқ курсдошим телефон қилиб, ишлаб чиқариш коорхоналаридан бирида раҳбар лавозими бўшаб қолганини ва бу лавозимга янги раҳбарни тайинлаш вазифаси унга топширилганини маълум қилиб, агар шу ўринни эгаллашга рози бўлсам зудлик билан пойтахтга боришим ва у билан барча шартларни келишиб олишим зарурлигини айтди.

Тошкетда учрашдик. Маълум бўлишича, яқинда бош офисда раҳбарият ўзгарган бўлиб, курсдошимнинг яқин дўсти раҳбар лавозимга тайинланган экан. Кадрларни танлаш ишида фақат курсдошимга ишонар экан. Мен яшайдиган вилоятдаги шаҳарда ўша компанияга қарашли ишлаб чиқариш фабрикаси жойлашган бўлиб, унинг раҳбари, бош бухгалтери ва бошқа қатор мутасаддилари корхона мулкини талон-тарож қилишда айбланиб турли муддатларга қамалган эдилар.

- Иш шунақа бўлса, нега мени бундай хавфли жойда ишлашимни хоҳлаб қолдинг?, - деб сўрадим курсдошимдан.

- Хавфли эмас, “ёғли” жой. Биласанку, ҳамма ёғли жойлар хавфли бўлади. Бунақа жойларда катта пуллар айланади, доим ҳаловатсизлик, - дея тушунтирди у.

- Бу фабрикада даромад шунчалик каттами?

- Невара-эвараларингга ҳам етадиган пул ишласанг бўлади.

- Йўғе? – ишонмадим мен. – Билишимча бу фабрикада асосан ночорлар ишлаб келган. Қанақа қилиб катта пул топиш мумкин?

- Мумкин! Бошлиқ уддабурон бўлса, ҳаммаси мумкин. Мана қарагин: бизда хом ашёга лимит бор, пахта трестдан ҳар йили минг тоннагача пахта толаси оламиз ва корхоналаримиз ўртасида тақсимлаймиз. Бизга яқинроқ бўлган бошлиқларга кўпроқ тола берамиз, у эса бизга ҳар тоннасига юз доллардан тўлайди. Бизга пулни тўлайсану, пахта заводдан тоннасини 800 доллардан пахта толаси сотиб оласан. Ва ўша ернинг ўзида уч минг доллардан сотиб юборасан. Ҳар тоннасида 2200 доллардан фойда қолади. Юз тонна сотсанг, қанча фойда олишингни ҳисоблаб кўрчи.

- Кимга сотаман? – дея ҳайрон бўлдим.

- Оладиганлар бор! Пахта толасига доим ҳаридор топилади.

- Бу хавфли эмасми?

- Айтдимку, қаерда пул айланса, ўша ерда доим хатар бор. Сен фақат бу толани қоғозда тўғри расмийлаштиришинг керак бўлади: пахта толасини гўё фабриканга олиб келиб қайта ишлагансан, бунинг учун ишчиларинга иш ҳақи тўлагансан ва ҳаридор топиб ишлаб чиқарган маҳсулотингни сотгансан. Қоғоздаги ишларинг ҳаммаси силлиқ бўлиши керак. Бунинг учун ўзинг ишонган, яхши бухгалтер топишинг лозим. Фабриканинг олдинги бошлиғида бухгалтери хом экан, ҳаммасини чалкаштириб юборгани учун бутун раҳбарият қамалиб кетди.

Курсдошим билан суҳбат давомида ушбу лавозимни эгаллаш учун беш минг доллар нақд тўлашим кераклиги маълум бўлди. Анча тортишдим, бунча пулни берсам, қуруқ қоламан. Корхона уч ойдан бери ишламайди, ҳаммаси пароканда бўлиб ётибди. Прокуратура ва суд топшириғига мувофиқ фабриканинг банкдаги ҳисоб рақами музлатиб қўйилган. Суд ижрочилари фабрика мулкини рўйхатга олган, истаган пайтда ҳаммасини мусодара қилиб, сотиб юбориши мумкин. Фабрикани ишлаб кетиши учун нақд пул керак. Мен шу пулларни сарфлаб икки-уч ойдан сўнг курсдошимга нафақат беш, балки ўн минг доллар ҳам олиб келишим мумкин. Менга икки ой муҳлат бергин, дея ялиндим.

Бироқ курсдошим бўш келмади. Айтишича, ҳар ойда республикадаги раҳбарларга белгиланган миқдорда пул бериб туришим керак бўлади. Аммо ҳозир гап дастлабки бадал – беш минг доллар ҳақида кетяпти.

- Мени ҳам тушунгин, - деди курсдошим. – Бунча пулни мен ва ҳатто компания раҳбари бўлган дўстим ҳам белгилаб бераётгани йўқ. Бунақа ишлаб чиқариш фабрикаси бошлиғининг тайинланишини компания раёсатининг саккиз нафар аъзоси тасдиқлаши керак. Уларнинг ҳар бири ўз улушини олмагунича, сени тасдиқлашмайди. Қайта тасдиқдан ўтиш янада қимматга тушади, унда ўн минг доллар беришинга тўғри келади. Тушундингми? Шунинг учун пулни ҳозир чўзиб қўй.

У билан узоқ тортишдим, аммо фойдаси бўлмади. Уйга қайтиб келганимдан сўнг дўстим билан маслаҳатлашдим. Айнан уни бош бухгалтерликка мўлжаллаган эдим. У менга қуйидаги манзарани тасвирлаб берди.

- Беш минг долларсиз сени тасдиқламасликлари аниқ. Умуман олганда, инсоф қилишибди, бу корхонадаги ставкалар баланд. Фабриканинг банк ҳисоб рақами музлатиб қўйилгани учун лавозимга ҳаридорлар кам бўлса керак... Аммо сен бу пулни топиб, бошлиқ бўлсанг, нима бўлишини бир фараз қилиб кўрайлик. Тошкент тасдиқлаганидан сўнг сени вилоят ва шаҳар ҳокимига таништирадилар. Улар сени табриклаб янги лавозимда муваффақиятлар тилаб қоладилар. Сен қувониб кетганингдан, ватан учун, халқ учун, вилоят учун хизмат қилишга доим тайёрман дейсан. Буёғига байрам келяпти. Ҳокимлар мисол учун, сенга вилоят аҳолисини хушнуд қилиш учун Тошкентдан бирорта машҳур артистни таклиф қилишни топширадилар. Сен топшириқ уларнинг чўнтаги учун эмас, балки вилоят учун, халқ учун экан дея ҳаракатга тушиб қоласан. Боз устига, байрам тантаналарига вилоятнинг бутун элитаси тўпланади, машҳур артистни олиб келганинг обрўйингни қанчалик кўтаришини ўйлайсан.

Кейин эса машҳур артист беш минг доллардан камига келмаслигини билиб қувончдан асар ҳам қолмайди. Артистни икки минг долларга ва ҳатто миллион сўмга ҳам топса бўлади, аммо бу пулларни сен чўнтагингдан тўлашинг керакми? Шунда сен фабриканинг чўнтагига қўл солишга қарор қиласан. Мисол учун, курсдошинг айтганидек, пахта толасини сотасан. Бироқ бу нарса иқтисодий жиноят деб аталади. Сени истаган пайтда қўлга олиб, қамашлари мумкин. Бир кун келиб прокурор сени ими-жимида таклиф қилиб: бир оз пул етмай қолди, ёрдам бериб юбормайсизми, мана бу ишни амалга ошириб юборайлик, дейди. Унга йўқ дея олмайсан, чунки унинг кўзларига қараб, прокурор сенинг барча кирдикорларингни билишини англаб етасан.

Бироқ бу бошланиши, холос, - дея давом этади бўлажак бухгалтерим. - Бир кун келиб вилоят ҳокими сени бирорта совхозга вакил қилиб тайинлайди, сен у ерда бир йил давомида “ўтлаб” юришинг ҳамда ундаги ҳар бир камчилик учун жавоб беришинга тўғри келади. Совхозга ҳар куни комиссиялар келади. Вилоят комиссияларини қандайдир йўл билан кўндириш мумкин. Аммо қишлоқ хўжалигидан, вазирлик маҳкамасидан, шахсан бош вазирнинг комиссияларичи?!.. Булар тирноқ остидан кир қидириб, тўхтамай: “Бу ҳақда жаноб бош вазирга етказишга мажбурман”, дея пўписа қилаверадилар. Бунақанги таҳдидларни эшитиб, ишқилиб бош вазирга етиб бормаса бўлди, дея ҳар нарсага, ҳатто бор-йўғингни сотишга тайёр бўласан. Аммо улар тўхтамай келаверадилар, келаверадилар, бош вазирнинг шахсан Ўзига етказиш учун хато ва камчиликларни топаверадилар, топаверадилар...

Уларнинг жим қилиш учун пул чаплаш керак. Албатта фермерлар, хўжалик раислари ҳам қараб ўтирмайдилар, бироқ сенинг ҳам сарф қилишинга тўғри келади. Бош вазирнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича ўтказган селектор йиғилишида бўлганмисан? У сендакалар билан ҳатто гаплашиб ҳам ўтирмайди. Хўжаликнинг айби учун ҳокимни, прокурорни ва милиция бошлиғини Тошкетга чақиртиради. Улар қора рўйхатга тушиб қолмаслик учун сенга ўхшаганларни тириклайин еб қўйишга тайёр.

Мисол учун, фермерларнинг бирида 50 гектар ғўза экилган. Май ойи, кўчатлар яхши, бироқ экинзорни бегона ўт босган. Фермернинг ўзи мустақил равишда далани бегона ўтлардан тозалай олмайди – пули йўқ. Чунки ҳамма сотадиган нарсасини сотиб бўлган, бундан ташқари кундалик харажатлари етарли: техника ремонти, металлом топшир, туман марказига мажлисга бор, буғдойга сепиш учун заҳарли кимёвий моддалар сотиб ол, ҳаммасига нақд пул керак. Бу йил фермерларнинг ҳисоб рақамларида маблағлар йўқ. Ҳар бир фермер ҳисоб рақамига ўзининг нақд пулини низомдаги фонд қилиб қўйиши қоида қилиб қўйилган, кейин бу пулларнинг тасарруфига ҳокимлар хўжайинлик қиладилар. Ҳозир қоидалар шунақа бўлиб қолган...

Шунинг учун ҳам май ойига келиб фермернинг жамғармалари тугаб қолади. Ягана қилиш учун ҳар гектарга 20-30 минг сўм нақд пул керак, эллик гектарга кўпайтирчи! Шу пайтда комиссия келиб қолди. Қора рўйхатга тушиб қолсанг, сени ишдан четлатадилар, фабриканга ревизор келади, унга сени “ҳеч бўлмаса беш йилга қамаш учун етарли далиллар тўплаш” вазифа қилиб топширилади. Селектр йиғилишларида иши қовушмаган вакиллар ҳақида гап кетганда шунақа иборалар тез-тез янграб туради. Ўшаларнинг қаторига тушиб қолмаслик учун бир миллион сўм пулни чўнтагингдан оласанда, одамларни яганага олиб келасан. Саноат корхонасининг раҳбаримисан? Демак сенда доим пул бор, демак сени қолоқ фермер хўжалигига вакил қилиб юборишлари аниқ.

Тез орада ғалла ўрими бошланади. Сен оталиққа олган фермер қолоқ, уруғни ярмини, селитрани ҳаммасини сотиб бўлган, буғдойга кимёвий ишлов бермаган, демак у ғалла топшириш режасини бажармайди. Аммо сени фермер ўз планини бажариши учун вакил қилиб қўйишган. Агар у бажара олмаса, демак сен айбдорсан, демак унга ёрдам бермагансан...

Мисол учун, унда режани бажариш учун 30 тонна етмаяпти. Фермернинг пули йўқ. Сен унга “Яхши, ярмини сен қоплайсан, ярмини мен”, деб айтасан. Ўн беш тонна ғаллага камида беш миллион сўм керак – истасанг буғдой сотиб ол, истасанг элеваторчиларга пул бериб накладной ол.

Яна бир жиҳати: культивация. Фермернинг культиватор қиладиган трактори бузилиб қолди, зудлик билан ремонт қилиш керак, буёғда комиссия келиши кутилмоқда. Запчастга 100 минг сўм керак. Сен вилоят марказига учасан, керакли запчастни сотиб оласанда комиссиянинг келишига тракторни далада ишлатиб қўясан. Комиссия бўлса культиваторнинг агрегатлари тўғри ўрнатилганми-йўқми, культивация чуқурлиги етарлими-йўқми, ғўза илдизини кесиб қўймаяптими-йўқлигини текширишга тушади. Буларнинг ҳаммаси сенинг чўнтагинг ҳисобига. Албатта биринчи навбатда фермер жавобгар, аммо сени ҳам жавобгарликка тортишлари аниқ.

Буларнинг ҳаммаси харажат устига харажат. Натижада, иқтисодий жиноятларга ботиб қоласан. Боши берк кўчага кириб қолганингни англаганингда эса, ўзинга-ўзинг нима бўлса бўлди, дейишдан бошқа чоранг қолмайди.

Пахта мавсуми ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман. Бу вакил учун даҳшат...

Агар шуларнинг барига рози бўлсанг, пешона тери билан топганларингни курсдошинга бериб бошлиқ бўл. Аммо кечириб қўясану, мен сенинг қўлингда бош бухгалтер бўлиб ишламайман.

Дўстимнинг сўзларини яхшилаб ўйлаб кўрдимда, шу қарорга келдим: раҳбар бўлишни истамайман!..”

БАЪЗИ ТАФСИЛОТЛАР

Давлат билан бизнес ўртасидаги, шунингдек, корхона раҳбарлари ва фермерлар ўртасидаги мураккаб муносабатлар қай тарзда барпо этилишини яхшироқ тушуниш учун Ўзбекистонда бир неча ўн йиллардан бери қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиб келаётган мутахассисга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. Мурод Каримов (исми-шарифи ўзгартирилган) бизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

Ўзбекистонда “Вакиллар”ни тайинлаш тартиб-қоидаси қандай? Нега энди саноат корхонаси директори кимнингдир томонидан фермерлар бўйича “вакил” этиб тайинланиши мумкин?

- Бунинг илдизи шўроларга бориб тақалади. СССР даврида Ўзбекистонни пахта етиштириш бўйича хом ашё базасига айлантириб қўйдилар. Ҳамма нарса пахта етиштиришга, теришга ва топширишга қаратилган. Қийинчилик туғилган пайтда пахта соҳасига бошқа соҳа раҳбарларини, бошқа касб вакилларини ёрдамга чақириб келишган. “Сенинг ишинг тўхтаб туриши мумкин. Сенинг ишинга ҳеч нарса қилмайди, аммо бугун ғўза суғорилмай қолса, ягана вақтида ўтказилмаса, пахта соҳасидаги йўқотишларимиз катта бўлиб кетади. Тонна-тонна пахтани йўқотамиз. Агар давлатга оз пахта топширсак, Москва ҳафа бўлиб қолади”. Бироқ одамлар пахта соҳасига жонкуярлик қилмасдилар. Қўл учида ишлардилар.

Одамларнинг жонкуярлик билан ишламаётганини кўрганларида эса, ҳар бир бошлиқ қўл остидаги ўз одамларининг устида туришлари ва шу йўл билан пахта соҳасига фойда келтиришлари лозим, деган қарорга келдилар.

Бугунги кунда советлар тажрибаси “системалаштирилди”. Ҳар бир мавсумнинг бошидан охиригача қандайдир ташкилотнинг раҳбарини фермерга вакил сифатида боғлаб қўядиган бўлдилар. Болалар боғчалари мудиралари, мактаб директорлари ва бошқа ҳар қандай ташкилотлар раҳбарларини қишлоқ хўжалиги соҳасига оёқ-қўллари билан боғлаб қўядилар. Мисол учун, ягана ва чопиқ давомида фермер орқада қола бошласа, унга болалар боғчаси мудирасини боғлаб қўядилар ва у ягана-чопиққа ёрдам бериши учун қўл остидаги тарбиячилари ва энагаларини фермернинг даласига олиб келиши керак бўлади. Одатда дала боғчадан 10-15 километр масофада жойлашган. Шу ерда транспорт харажатлари юзага келади. Мудира ақлли бўлса фермер билан келишиб олади: сенга пулини берамиз, одам топиб ўзинг ягана қилиб оласан. Фермер бунақа таклифга дарҳол кўнади. Мудира боғчага қайтиб келадида, ходимлари билан келишиб олади ва ҳаммаларига мукофот пули ёзиб беради. Бу уларнинг маошларига тегишли бўлмайди. Бунақа таклифга тарбиячилар ҳам кўнадилар.

- Бунақа топшириқдан бош тортиш мумкинми?

- Мумкин, аммо туман миқёсдаги ҳар бир раҳбар фақат туман ҳокимининг розлиги билан раҳбарликка тайинланади. Яъни, бунақа топшириқни туман ҳокими ўз қўли остидаги раҳбарга беради. Вакил бўлишдан бош тортганларда тез орада муаммолар пайдо бўлади. Уларнинг ташкилотига прокурорларнинг топшириғи билан ревизорлар келишни бошлайдилар, алал-оқибат, асов раҳбар лавозимини яхшиликча тарк этиш имкониятини излаб қолади. Аммо кўп ҳолларда бунақа раҳбарларни жазо кутади. Баъзан шавқатсиз жазо. Ишини судга ошириб, қамаб юборишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун ёзилмаган тартиб қоидага кўра, ёки бўйсунасан ёки лавозимни бўшатасан.

Ҳозирги пайтда қонун-қоида шунақа: барча туман миқёсидаги раҳбарлар у ёки бу фермерга боғлаб қўйилган. Барча вилоят миқёсидаги раҳбарлар вилоятдаги хўжаликларга вакил, республика миқёсидаги раҳбарлар эса туманларга вакил қилиб қўйилган. Бош вазирга энг яқин мулозимлар вилоятларга вакил қилиб қўйилган бўлиб, улар бош вазир номидан ҳамма нарсани ҳал қилишлари мумкин. Агар унга бўйсунмасалар, у бош вазир билан тўғрима-тўғри боғлана олади.

Бу раҳбарлик жамоатчилик асосида бажарилади.

- 800 доллардан олинган пахта толасини ким 3000 доллардан сотиб олишига аниқлик киритиб олмоқчи эдик. Бу пахтани ким сотиб олади? Сотиб олган одам бу пахтани нима қилади? Экспортга чиқарадими ёки қайта ишлайдими?

- Ҳозир пахта терими мавсуми бошланяпти. Кўплаб туманларда қурғоқчилик, ёқилғи-мой материалларининг етишмаслиги, иш яхши ташкил этилмагани, яъни объектив ва субъектив сабабларга кўра давлатга пахта топшириш режалари бажарилмайди. Режани бажармаган туман ҳокими, прокурори ва милиция бошлиғининг ҳолига вой. Улар билан бирга вакиллар ҳам омон қолмайдилар: демак улар топширилган вазифани сидқидилдан бажармаганлар, муаммоларни ўз вақтида ҳал қилмаганлар ёки шахсан Бош вазирнинг ўзига вақтида ахборот бермаганлар. Ҳоким, прокурор, милиция бошлиғи ва вакил айбдор бўлиб қолади, демак улар ҳар қанақа йўл билан айбларини яширишга, яъни қўшиб ёзиш ҳаракатига тушиб қоладилар. Етарли миқдорда пахта ҳосили етиштира олмаган ҳамма фермерларни нақд пул билан пахта заводга боришга ҳамда керакли “ёлғон” килограммларни сотиб олишга мажбур қиладилар. Пахтазаводлар ўз навбатида етишмаётган пахтанинг ўрнини қоплаш ҳаракатига тушиб қоладилар, завод директорларининг чўнтаги фермерларнинг пули билан тўлган.

Шундай қилиб, пахта заводдан 800 долларда пахта толаси сотиб олаётган фабрика шу толанинг ўзини яна қайтиб заводнинг ўзига қимматига сотади. У ёғига жиддий мафия тузилмалари тасарруф қиладилар, бу ҳақда гапиришнинг ўзи даҳшат, шунинг учун шу ерда овозимни ўчираман...

***

“Фарғона” одатдагидек, ўқувчиларимизга мурожаат қилиб, Ўзбекистондаги пахта кампаниясининг ички механизмлари ҳақида ҳикоя қилиб беришларини сўрайди. Агар сиз фермер ёки мутахассис, мутасадди ёки “вакиллик” тажрибасига эга раҳбар бўлиб, шу соҳа ҳақида етарли маълумотга эга бўлсангиз, бизга ёзиб юборинг. Мактубларингизни “Фарғона” ахборот агентлиги бош муҳаррири Даниил Кислов номига dan@kislov.ru электрон манзилига юборишингиз мумкин.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама