11:45 msk, 15 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: Қорамуртда нима бўлди?

05.09.2014 20:11 msk

Фарғона

Август ойининг охирида Қозоғистон жанубида хавотирли миш-мишларни келтириб чиқарган ҳодиса содир бўлди: асосан қозоқлар истиқомат қиладиган Мадани овули ёшлари аҳолисининг кўпчилиги ўзбек бўлган қўшни Қорамурт қишлоғида тўполон уюштирдилар. Қорамуртлик аёлнинг “Время” газетасига айтишича, можаро 25 август куни бошланган, ўшанда қўшни Мадани овулдан келган тўрт нафар йигит маҳаллий дўконлардан бирига киришган. “Бу 18-23 ёшлардаги йигитлар дўконда олти минг тангалик мол ҳарид қилдиларда, ташқарига қараб юрдилар. Дўкон эгаси эшикнинг олдида уларнинг йўлини тўсиб, пулини тўлаб қўйишни талаб қилди. Маданийликлар шу пайт дўконга кириб қолган маҳаллий йигитга ишора қилиб, “Ана у тўлайди”, деб айтишган. Бола уларга нотаниш, гап талашиб, жанжал бошланган”, - дейди “Время” газетаси суҳбатдоши.

Икки кун ўтиб маданийликлар сони 30 кишидан 150 кишигача тахмин қилинаётган ёрдамчиларни бошлаб келдилар. “Нотаниш йигитлар, баъзилар ниқоб тақиб олган, йўлида учраган нарсаларни вайрон қилишга тушган. Улардан на дўконлар пештахталари, на қаҳвахона, на техника, на қаҳва дўконлари техникаси, на мебель ва на бир уюм моллар омон қолджи. Йўл четида ва уйлари ёнида турган кўплаб машиналарни пачақлаб ташладилар, пятакда мижозларини кутиб турган такси ҳайдовчиларини калтакладилар. Ҳатто уларга тасодифан учраб қолган аёлларни ҳам аяшмаган. Биз қўрққанимиздан болаларимизни маккапоя орасига яширдик, ўзимиз эса оғилхонага кириб олиб, ҳатто нафас олмай ўтирдик”, - дейди қозоқ ҳужумига шоҳид бўлган қорамуртлик киши.

Ҳужум йгирма дқиқадан сўнг, полициячилар етиб келганидан сўнг тўхтади. Айтгандек, маҳаллий полиция бўлиими ҳодиса содир бўлган ердан бир неча метр нарида жойлашган.

Қайд этамиз, полиция содир бўлган ҳодисани бошқача тақдим этган: Жанубий Қозоғистон вилояти (ЖҚВ) Ички ишлар департаментининг расмий маълумотига кўра, “жорий йилнинг 27 август куни Сайрам тумани Қорамурт қшлоғи Навоий кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўконида сув ва сигарета сотиб олган ҳаридорнинг 60 тенге пули етмай қолган ($0,3). Сотувчи билан ҳаридор ўртасидаги тортишув жанжалга айланиб кетган. Ҳодиса иштирокчиларининг барчаси шахси аниқланган, текширув ўтказилмоқда”.


Қорамурт – Жанубий Қозоғистон вилояти Сайрам туманидаги қишлоқ. Чимкентдан 25 километр шарқда оқадиган Сайрамсув ва Оқсув сойлари ўртасида жойлашган. Аҳолиси 16 мингдан зиёд, асосан ўзбеклар. Иқтисоди кўпроқ деҳқончиликка таянган. СССР парчаланишидан аввал Киров номли колхоз таркибига кирган. Қозоғистонда иқтисод бозор муносабатларига ўтганидан сўнг хўжаликнинг деярли барча инфратузилмалари бузилди. Айни пайтда қишлоқда кўплаб майда хўжаликлар ҳамда бир неча заминдорлар мавжуд. Консерва заводи деярли ишламаяпти. Қишлоқда юзта ўринли амбулатория, иккита болалар боғчаси бор. Газета ва журналлар чоп этилмайди, телевидениеси йўқ. Сайрам туманидан 30 дан зиёд олимлар, профессорлар ва академиклар чиққан, улардан баъзилари айни пайтда Ўзбекистонда истиқомат қиладилар.


Бироқ Сайрам тумани ҳокими Валихан Қайназаровнинг сўзлари Время газетаси манбаси тақдим этган маълумотларни тасдиқлаяпти. “Биздаги маълумотларга кўра, бунгача икки кун олдин Қорамуртда жанжал бўлган. Тўлебий райони Мадани қишлоғилик икки йигит отувчи билан тортишиб қолдилар, орада муштлашув бўлиб ўтди. Икки кундан кейин бўлса мана бу можаро содир бўлди”, - дея маълум қилди Қайназаров "Интерфакс-Казахстан” агентлигига 28 август куни.

Ҳокимнинг айтишича, Мадани қишлоғидан 30 дан 50 нафаргача ёш йигитлар келишган ва ўн дақиқа ичида 17 та машинани пажақлаб, саккизта дўкон пештахталарига шикаст етказишган. Жиноят иши қўзғатилди, ОАВ Қорамуртда коммендантлик соати жорий этилди, деб хабар тарқатдилар, аммо ҳоким бу хабарга раддия бериб, “овулда полиция патрулининг кучайтирилган тартибда хизмат олиб бориши йўлга қўйилди, аммо одамларнинг ҳаракатларини чекловчи ҳеч қандай чора кўрилгани йўқ”, деб билдирди.


Можаро натижасида “Муҳиддин”, “Элёр” савдо уйлари, “Аҳмадқул ота” қаҳвахонаси биноларига қисман шикаст етказилди. “Фарғона.Ру” фотоси

Қайназаровнинг айтишича, икки қишлоқ аҳолиси ўртасидаги жанжал тўхтади. “Мен Маданига бордим, оқсоқоллар билан учрашдим, вазиятни тушунтирдим. Улар бугун ўзларида муҳокама қилиб оладилар ва эртага уларнинг делегацияси Қорамуртга сота 10 келади ва жанжал оқибатларини тугатиш учун маҳаллий аҳоли билан учрашади”, - дея маълум қилди Сайрам ҳокими. Учрашувда иштирок этган “Фарғона.Ру” агентлигининг штатсиз мухбири айтишича, 29 август куни Қормурт қишлоғида Киров номли ўрта мактабнинг мажлислар залида можарода жабрланган қишлоқ аҳолиси, шунигдек, Сайрам тумани ҳокими Валихан Қайназаров, туман прокурори Султан Орманов, Тўлебий тумани ҳокими маъмурияти (аппарати) бошлиғи Сейит Бекмурзаев, Сайрам тумани ИИБ бошлиғи Нурлан Қарабаев, Сайрам тумани МХҚ бошлиғи Жасулан Асқаров ҳамда Сайрам тумани ўзбек маданияти маркази раиси Фахриддин Исломовлар иштирокдиа йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда жами 400 киши иштирок этдилар.


“Жорий йилнинг 29 август куни сот 8:30 ларда Қормурт қишлоғига борар эканман, 27 август куни воқеадан жабр кўрган KZ141 BRA 13 рақамли Нексия автомашина эгаси билан сўнг унинг онаси Холбуви ая билан суҳбатлашдим, - дея ҳикоя қилади “Фарғона.Ру” мухбири. – Баҳодирнинг айтишича, ўша куни кундузи сот 16.20-16.30 лар чамасида рейсдан келгач бир оз дам олиш мақсадида машинани йўл четига қўйган пайтда қишлоқнинг маданият уйи томонидан турли қуролларни кўтариб олган (арматура кесимлари, мотнтировка ва бошқа буюмлар) 50-60 нафар қозоқ ёшлари ҳайқириқ, шовқин-суронлар билан уларга яқинлашиб, ҳеч нарсадан-ҳеч нарса йўқ машиналарни пачақлай бошладилар. “Янги машинамни тош-толқонини чиқариб, ярамасҳолга келтиришди”, - дейди Баҳодир. Онаси Холбуви ая эса машинани қарзга олгандик, энди нима қиламиз? – дея надомат қилмоқда” “Фарғона.Ру” фотоси

У.Қайназаров қорамутликларга йиғилиш иштирокчиларини ҳамда Тўлебий тумани, Мадани овулидан ташриф буйирган меҳмонларни таништиргач, 27-августда содир этилган можаро ҳусусида вилоят ҳокими хабардор эканлиги ва вазиятни у ўз назоратига олганлигини маълум қилди.

Туман ҳокими, хусусан, шу кунги воқеа юзасидан ўз фикрини баён этаркан, маданийлик безориларнинг бу ҳаракатини “чинакам бузуқчлик” деб баҳолади.

Шу билан бирга, ҳоким можаро аслида 25 август куни бошланганига эътиборни қаратди, яъни шу куни тунги пайтда қўшни қишлоқдан ташриф буюрган меҳмонларни мезбонлар кўнгилддагидек кутиб олмаган экан. Шунинг оқибатида қоронғи тунда кўчада бўлган муштлашувда маданийликлар кўпроқ жабрланган экан. Шу сабабли жабрланувчи томондаги “ёшлар” икки кун тайёргарлик кўриб, ўз атрофига бир неча пистолет билан қуролланган ёшларни тўплаб, 50-60 га яқин ёшларни арматура, монтировка ва бошқа хавфли предметлар билан қуроллантириб, ўзбек қишлоғига бир неча бир неча машиналарда сафарга отландилар. Кўзланган манзилга яқинлашгач М.Мухиддинов ва Жанис ота кўчалари чорраҳасида хавфсизроқ пастлиқ (очиқ) жойга “темир тулпор”ларини қўйиб, бир тепаликда жойлашган қишлоқ марказига бирдан ҳужум бошладилар. Безориларнинг тезкорлик билан амалга оширган операцияси натижасида қишлоқнинг 4-5 нафар бегуноҳ ўғлонлари оғир жароҳатлар билан касалхонага жўнатилади. Иккита юк ташувчи Газель ва 15 дан зиёд енгил (айримлари янги) автомашиналарнинг ойналари, фаралари синдирилиб, машиналар фойдаланишга яроқсиз ҳолга келтирилади. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги берган маълумотга кўра, 8 та кўчмас мулк биноларини (магазинлар, қаҳвахона, фотосалонлар ва бошқа маданий-маиший хизмат кўрсатиш объектлари ойналарини, витриналарни синдирилиб, мулк эгаларига маълум миқдорда моддий зарар келтирилган).


Синдирилган витрина. “Фарғона.Ру” фотоси

Туман раҳбари содр бўлган ҳодиса ҳақида тўхталиб, безорилар қилмишига яраша жазоланадилар, жабрланувчилар, талафот кўрганларнинг моддий зарари қопланади, - дея ишонтирди. Бироқ бундай кўнгилсиз ҳодисани қайта такрорланмаслиги учун нима қилиш керак? – деган саволни ўртага ташлади. Туман ҳокимига кўра, бунинг учун ёшлар ўртасида панд-насиҳатни кучайтириш, уларни иш билан таъминлаш керак. Бу борада келажакда қишлоқнинг Саноқ ҳудудида 200 гектар ер ўзлаштирилиб, янги фабрика ишга солинишини маълум қилди. Бундай хушхабар йиғилганлар томонидан илиқ қабул қилинди.


Қорамурт қишлоғи аҳолиси 29 август куни бўлиб ўтган йиғилишда. “Фарғона.Ру” фотоси

Йиғилишда сўзга чиққан прокурор туман ҳокимининг сўзларини тасдиқлади ва бу масала 28 август куни Мадани овул округида бўлиб ўтган йиғилишида муҳокама қилинганини маълум қилди. Шундан сўнг маданийлик оқсоқолларга, овул имомига сўз берилди. Улар ёшларни тарбиялашда камчиликларга йўл қўйганларини тан олдилар, қорамуртликлардан кечирим сўраб, уларни ҳам инсофли, ориятли, кечиримли бўлишга чорладилар. “Эгилган бошни қилич кесмаслигини” эслатдилар.


“Газель” автомашинасининг эгаси Санжар Эргашев машинаси ойна фаралари синганини кўрсатиб, бунинг зарари қачон тўланиши ва ким томонидан таъмирланишини билмай боши қотганини билдирмоқда. “Фарғона.Ру” фотоси

Сўзга чиқиш навбати қорамуртликларга берилди. Рустам хожи Шарипов икки халқ орасидаги дўстликни тиклайлик, тотувликни мустаҳкамлайлик, айрим безориларнинг қилмиши учун икки қишлоқ халқи жабрланмасин, деса, Қозоғистон Олий кенгашининг собиқ депутати Ирисой Расулова “қурол билан ҳужум қилиш” қайси конституцияда ёзилган, жиноятчилар тегишли жазосини олиши шарт эканлигини уқтирди.

Жабрланувчи Элмурод Тошпўлатовнинг онасининг “бузуқиларни пистолет билан ким қуроллантирган?” саволига ҳозирча аниқ жавоб берилмади. Ушбу ҳодиса бўйича текшириш ишлари хали тугамаган.


Можарода оғир жароҳат олган Элмурат Тошпўлатов айни пайтда Сайрам тумани марказий касалхонасида онаси ва укалари қаровида даволанмоқда. Унинг икки қобурғаси синиб, кўплаб тана жароҳатларини олган. Унинг айтишича, зўравонлар машинани пачақлаганлар, ўзини машинадан чиқариб, уриб тепкилаганлар. У касалхонада ҳушига келган. Онаси А. Тошпўлатова “умримда бунақа ваҳшийликни кўрмагандим, ўғлим нима айб қилибди?” – дея кўз ёши қилади. Жабрланганлар орасида Ихтиёр Пазлиев, Равшан Эшметов, Достон Саидов, Шоҳруҳ Зокиров ва бобир Сўраповлар ҳам турли тан жароҳатлар билан шифокорларга мурожаат этишган. “Фарғона.Ру” фотоси

Ўзбек маданий маркази раиси Фахриддин Исломов ўз сўзида “бир тиррақи бузоқ бутун подани булғар экан”, бир гуруҳ безорилар туфайли туманиимиз бутун Республикага танилди, дея афсусланди ҳамда икки халқни, ёшларни ақл билан иш тутишга, тотувликка чорлади.

Сўзга чиққан тадбиркор Ғофур Тўлагенов “Ушчерб (моддий зарар) тўланиб, безорилар тегишли жазоларини олгач, яраш оши қилинса, борлиғи йўлга тушиб кетишлигига ишонч билдирди.

Содир бўлган ҳодисани муҳокама қилиб, учрашув иштирокчилари тарқалиб кетдилар. Аммо можарога нуқта қўйишга хали эрта. Жабрланганларга ва уларнинг оила аъзоларига етказилган зарар қоплангани йўқ, моддий ёрдам кўрсатилмаган, бузғунчилар ва можаронинг келиб чиқиши учун масъул бўлган мутасаддилар жавобгарликка тортилганлари йўқ.

***

Ҳозирча фақат “Фарғона” агентлиги жазоланди: Қозоғистонда сайтга тўсиқ қўйилди. жамиятда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишнинг “туяқушона” сиёсати расмийларга ёрдам берармикан?..

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги