11:43 msk, 15 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон туғруқхонаси: Қўполлик, таъмагирлик, антисанитария

29.08.2014 08:21 msk

Гулбаҳор Тўраева

Ўзбекистон ҳукуматининг ҳисоботлари ва расмий матбуотдаги мақолалар ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатидан тубдан фарқ қилади.

Ўзбекистонда 2014 йил Соғлом бола йили деб эълон қилинган, тегишли давлат дастури қабул қилинган, кўплаб тадбирларнинг ўтказилиши анонс қилинган. Расмийларнинг ушбу қарори балки мамлакатнинг қандайдир медицина муассасаларида аҳволнинг яхшиланишига олиб келгандир, аммо Андижондаги туғруқхоналар уларнинг қаторига кирмай қолгани аниқ. Гап туғруқхоналарни зарур материаллар, препаратлар ва жиҳозлар билан таъминланиши ҳақида эмас. Асосий муаммо – медицина персоналининг касб маҳорати етарли даражада эмаслиги ҳамда уларнинг туққан ва туғадиган аёлларга нисбатан қўпол муносабатида. Қуйида таҳририятимиз эътиборингизга Андижондаги туғруқхоналардан бирига мижоз бўлган аёлнинг тақдири ҳақида ҳужжатли қиссани тақдим этади. Бу аёлнинг бошидан кечирганлари ўзбекистонлик аёлларни ҳайрон қолдирмаслиги табиийга ўхшаяпти. Чунки уларнинг аксарияти ҳудди шундай шароитларни бошидан кечирганлар.

***

Тўлғоқ тута бошлаган ўн етти ёшли Заҳро Абдулҳакимова 2014 йилнинг июлида Андижондаги Фитрат кўчасида жойлашган 2-туғруқхона мажмуасига етказилди. (Изоҳ: Фитрат кўчаси илгари Сальвадор Альенде деб номланган, 2-туғруқхона эса илгари 3-туғруқхона бўлган, чунки №1 туғруқхона перинитал марказ дея атала бошланганидан сўнг тартиб рақамини ўзгартирган).

Туғруқхонага келиб тушган Заҳро киндик остидаги оғриқ, бош айланиши, ухтин-ухтин кўнгил айниши тўғрисида шикоят қилган, сўнгги ой давомида эса оз-оздан суви кетиб турган. Қоннинг умумий таҳлили гемоглобин миқдорининг пастлигини кўрсатган – 4,9, аммо шунга қарамай, бўлим шифокорлари туғадиган аёлга медикаментоз терапия белгиламаган. Гемоглобин пасайиб кетгани боис она қонида озуқа моддалари ва кислород тақчиллиги пайдо бўлди, бунинг натижасида гипоксия авж олиши мумкин. Бундан ташқари, анемия нафақат ҳомиланинг ривожланишига таъсир кўрсатиши, балки ҳомилани ўраб турувчи сувнинг кетиб қолишига олиб келиши мумкин. Унинг гемоглобинини кўтариш учун темир препаратлари билан даволашлари керак эди, аммо даволамадилар.

29 июль кунининг иккинчи ярмида Заҳрода кучли тўлғоқ бошланди, икки соат ўтиб сув кетиб бўлди. Сув рангсиз, аммо сал қўлланса ҳидга эга эди. Уни туғруқ залига ўтказдилар, бу ерда у бир ярим кун ётди. Тиббиёт ходимлари унга эътибор бермай юравердилар.

Заҳрода туғруқ фаолиятининг иккинчи даври, яъни кучан бошланганида навбатчи врач Ирода Ҳолдарова гўё ёрилган қарқаноқни (плодний пузирь) очган бўлди, тўпланган сўнгги сувлар оқиб тушди. Бу ишларни бажара туриб акушер-гинеколог Заҳрога таъна қила бошлади, гўё унга бошқа туғадиган аёлларга қараганда кўпроқ вақт сарфлагани экан. Айтишича, у туғадиган аёлларни ҳар тўрт соатда кўриб туриш керак эди, аммо Заҳронинг олдига ҳар 20 дақиқада келиб туришга мажбур бўлган эмиш.

Аммо Ҳолдарова ноҳақ. Биринчи бор туғаётган аёлларга тўлғоқ тутаётган пайтда врач уни ҳар тўрт соатда кўриб туриши керак, чунки ортиқча кўриш бачадонни бўғзини (шейка) ортиқча яллиғлантириб қўйиши ҳамда вақтидан олдин қарқаноқ очилиши ортитидан инфекция тушиб қолишига қулай шароит яратиши мумкин. Тўлғоқ аста-секин кучанга келиб қолганида эса врач туғадиган аёлни узоқ вақт эътиборсиз қолдирмаслиги лозим. Ҳолдарова навбатчи врач бўлгани сабали бошқа ҳомиладор аёлларга ҳам қараб тургани учун кузатувлар ўртасидаги вақт 20 дақиқани ташкил этиши мумкин. Қарқаноқ очилганидан сўнг аёл узоғи билан бир ярим соат ичида туғиши керак, акс ҳолда туғруқ процессини рағбатлантириш ёки туғруқни операция воситасида амалга ошириш ҳақида ўйлаш керак. Негаки ёрилган қарқаноқ – инфекциялар учун очилган катта дарвоза. Қорин ичи пневмониясини олдини олиш учун акушер аввалдан антибиотикларни қўллашга кўрсатма беради. Аммо Заҳрога нисбатан қўлланган тактика бошқача бўлди: вақтидан олдин сув кетиб қолганини билган врач ҳомиланинг узоқ вақт сувсиз қолиб кетишини олдини олиш учун ўтаётган дақиқаларни санаши ҳамда антибиотикотерапия қўллашни буюриши керак. Бола она қорнида қанча узоқ қолиб кетса, унинг инфекциядан заҳаланиши таҳликаси шунчалик кучаяди. Боз устига, Заҳронинг гемоглобин даражаси паст. Болага кислород етишмайди, тўлғоқ пайтида кислород бачадоннинг силлиқ мушакларида сарфланади ва болага ҳаво икки баробарига етишмай қолади.

Анемияда туғруқ фаолиятининг заифлиги каби қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Врач бу ва анемия билан боғлиқ бошқа ҳолатларни ҳисобга олиши зарур. Аммо Ҳолдорава вазиятга тўғри баҳо бера олмади, аниқроғи, тўғри баҳо беришни истамади ва шунинг учун туғруқнинг нотўғри тактикасини олиб борди.

Қарқаноқ сувлари кетиб бўлганидан сўнг олти соат ўтиб врач тезроқ туғдиришнинг ҳаракатини қилиш керак эди. Аммо Ҳолдарова Абдулаҳикмованинг операция учун пул беришини кутиб ўтирди. Пул олишга кўзи етмагач кесарь кесмасини (Кесарево сечение – қироллик кесмаси, туғруқ операцияси услуби) ўтказишга қарор қилди. Тез орада бола бачадондан олинди, янги туғилган болада кефалогематома (суяк парда ва бош суяги ташқи сатҳи ўртасида қон оқиши) аломатлари яққол кўриниб турарди. Оперция ярасини боғламай очиқ қолдиришди. Ярадан қон сизиб турарди. Врач ҳозирг кунда яралар умуман боғланмай қўйилган, яра очиқ ҳолатда қуриши керак, деб айтди. Аммо яра озгина ҳаракат оқибатида яллиғланиши, шилиниши мумкин ва бунинг натижасида кучли оғриқ пайдо бўлади...


Фотосурат 2014 йил 30 июль куни операция ўтказилиши билан олинди.

Операция ўтганидан сўнг Заҳрони палатага ўтказдилар, унинг матрасига ҳатто чойшаб ҳам тўшаб бермадилар. Заҳрога туғруқхонада ҳеч нарса йўқ, дея олиб келиши зарур бўлган керакли укол ва медикаментлар рўйхатини ёзиб бердилар. Қўшимчасига опреацияга кетган материаллар ва препаратларнинг пулини тўлаб қўйишни талаб қилишди. Шундан кейин врач Заҳро билан чақалоқни гўё унутиб қўйди.

Биз болада қорин ичи пневмонияси йўқлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида йўлдошининг (плацента) гистологик таҳлилини ўтказмоқчи бўлдик. Гистология лабораториясига йўлланма ёзиб беринг, деган илтимосимизга Ирода Ҳолдарова кўзини лўқ қила туриб: “Мен ҳеч қанақа йўлланма ёзиб бермайман. Бу ҳақда биринчи марта эшитяпман. Плацентани ҳеч қачон текширмаганмиз. Уни мевали дарахтнинг тагига кўмиб қўйиш керак, бўлмаса бола нобуд бўлади. Боринг дарахт тагига кўмиб келинг. Биз йўлдошни текширмаймиз”,- деб жавоб берди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг операциядан қолган материалларни албатта лаборатория текширувидан ўтказиш лозимлиги тўғрисида махсус буйруғи бўла туриб, Ҳолдарова қандай қилиб бу гапларни айтади? Андижон вилоятида патологоанатомик хизмат даражаси юқори даражада эмаслиги маълум, патологоанатомия бюросида гистологлар йўқ, аммо бу Ҳолдарованинг ҳаракатларини оқламайдику. Боз устига, мазкур туғруқ мажмуасида Андижон давлат медицина институтининг акушерлик ва гинекология кафедраси ҳам бор.

Оперциядан беш кун ўтиб Заҳронининг операция ярасидан чокларини сўтиб уйига қўйиб юбордилар. Чақалоқнинг киндиги охиригача тушмаса ҳам онаси блан бирга кетди. Опреациядан қолган ярага қоида бўйича антисептик қоришма билан ишлов бериш лозим бўлишига қарамай, яра боғланмай уйига жўнатилди. Заҳро уйига келганидан сўнг иситмаси 39 даражага кўтарилди, операция ярасининг чети очилиб қолди, қон оқиб, йиринг ажрала бошлади. Боланинг шишиб кетган киндигидан қон сизиб чиқар, атрофи эса қизарган эди.

Заҳрони яна туғруқ мажмуасига олиб келдилар, уни қабул қилдилар аммо врачлар ўчакишиб уни даволашдан бош тортдилар. Бола қаровсиз ётар, киндиги тушиб қолгани билан, ярасидан қон аралаш патос оқар, киндик атрофи шишган эди.

Шу ерда савол туғилади: неонатолог врачлар киндикдаги яра инфекция учун очиқ эшик эканлигини, бунинг ортидан омфалит, киндик чурраси тушиши ва ҳатто сепсисга олиб келишини билишадими ўзи?

Шу ерда 2013 йилда саккиз ёки тўққиз нафар аёлларни айнан шу туғруқхонадан Республика шошилинч медицина ёрдами республика илмий марказининг реанимация бўлимига ўтказилгани ва улар кейинчалик вафот этганларини эслатиш жоиз.

Аммо келинг, Заҳро Абдулҳакимовага қайтайлик. Туғруқхонадан иккинчи бор чиқариб юборилганидан сўнг у уйида ётиб қолди, иситмаси тушмади. 15 август куни туғруқхона мажуасидан унинг олдига врач Муҳаббат Инакова доялар билан бирга келишди. Ўша куни Заҳронинг иситмаси 40 даражадан юқорига кўтарилиб кетди. Врач уни кўриб, айни пайтда Заҳронинг касали унга қарашли эмас, чунки у грипп бўлиб қолган, деб айтди. Дори ёзиб берган медицина ходимлари Заҳронинг хонадонини тарк этдилар. Ҳарорат пасаймагани боис Абдулҳакимованинг онаси “тез ёрдам” чақиртирди. Шифокорлар иситмани тушириб Заҳрони касалхонага олиб кетишни таклиф этдилар. Аммо туққан аёлнинг онаси стационар даволаш курсидан бош тортди: чунки касалхона барибир пул талаб қилади унинг моддий шароити эса буни кўтармайди. Бироқ иложи бўлмай “тез ёрдам” иккинчи марта чақиртирилди ва Заҳрони туғруқхона мажмуасига олиб бориб реанимация бўлимига ётқиздилар. У ерда унинг баданига малҳам суркадилар, томирига сув қуйдилар. Аммо ҳарорат тушмади, қорнида қаттиқ оғриқлар қолмади. Заҳрода туғруқдан кейинги эндометрит – яра инфекцияси аломатлари кузатиларди (айтгандек, агар Ҳолдарова ўз вақтида плацентани гистологик текишрувга юборганида, бу ҳолат бўлмас эди). 16 август куни эрталаб Заҳрони ички наркоз остида тозаловга олиб кетдилар, шундан кейин ниҳоят унинг аҳволи яхшиланди.

Пулсиз силжиш йўқ

Туғруқхона мажмуасида барча дори-дармонлар учун пул тўлаш керак, врачлардан бошлаб санитаркаларнинг хизматига ҳам пул тўлашга мажбурсиз. Мана икки мисол. Аёл туғиши биланоқ бачадонига спираль қўйишди ва уйига жўнатишди. Бир ҳафта ўтиб уни туғруқхона мажмуасига жуда оғир ҳолатда, юқори ҳарорат билан олиб келдилар. Уни реанимацияга жойлаштириб “тозалашни” бошладилар, бола эса палатада деярли қаровсиз қолди. Аёлни зўрға сақлаб қолдилар, аммо бола иситмалаб қолди. Болага парацетамол свечасини қўйиш учун онасидан ҳар биттасига минг сўмдан пул берасан деб туриб олдилар.

Бошқа ҳолатда эса бошқа туққан аёлга иситмалаётган боласи учун аптекадан градусник олиб келишни буюрдилар ва у қайтгунича чақалоққа қарамадилар ҳам.

Айтгандек, Андижоннинг барча туғруқхона мажмуаларида градусниклар муаммо бўлиб қоляпти, бошқа касалхоналарда етарли, аммо дори-дармон ва ишлатилувчи материаллар тақчиллиги мавжуд. Беморларнинг қариндошларидан шу нарсаларни олиб келишни талаб қилинади. Мисол учун, август бошида Республика тез ёрдам илмий марказининг Андижон филиалида клиник лаборатория лаборанти беморни резина қўлқоп олиб келгани жўнатди. Мен “чиндан ҳам марказда қўлқоп йўқми?” деб сўрадим. “Қўлқоплар пуллик ва фақат шошилинч беморлар учун”, деб жавоб берди у. Мен “бемор шошилинч, пулга бўлса беринг”, - дедим. “Қўлқоплар фақат ётиб қолган беморлар учун”, - деган жавобни олдим.

Ахлоқ меъёрларидан ва билимлардан мосуво

2-туғруқхона мажмуасининг яна бир ходимаси ҳақида икки оғиз сўз айтиб ўтмоқчиман. У туғишга тайёрлаш бўлими мудираси Лола Султонова. У ахлоқ меъёрлари деган нарсадан йироқ, туғадиган ва туққан аёлларга жуда қўпол муомала қилади, доим уларга бақириб ҳақорат қилади. У бир неча беморларнинг ўлимига айбдор, унинг айби билан ўлган марҳумалардан бири ёш эди, биринчи туғиши эди, энди бўлса ундан етим гўдак қолди, ҳозир бир ёшда.


Туққан аёллар полда ётишибди. 2014 йил 13 август

Маҳаллий врачлар кўп ҳолларда оддий нарсаларни ҳам билмайдилар. Мисол учун, онага омнопон препарати берилганидан сўнг (афюнсифат оғриқни қолдирувчи дори), унга тўрт соат давомида эмизиш учун гўдакни бериб бўлмайди, чунки дори она сути орқали болага ўтади. Бироқ кўп ҳолларда болани эмизишга эртароқ олиб келадилар.

Бошқа мисол. Туғадиган аёл юқори артериал босим, шишиб кетган оёқлар билан реанимация бўлимига келтирилди. Бир сўз билан айтганда – гестоз. Унга томирига сув қўйиб ўзига ҳам кўпгина сув ичишни буюрдилар. Шу билан улар ҳомиладорларнинг кечки гистозини даволаш тактикасини буздилар: туғадиган аёлда сув ичмаса ҳам суюқлик етарлигидан ортиқ, кам сияди, қўл-оёқлари шишган, катта миқдордаги суюқлик ва юқори қон босими туфайли юраги зўриқиш билан ишлайди. Туғадиган аёлда преэклампсия аломатлари (ҳомиладорликда патологик ҳолат, аломатлари – оёқ шиши, юқори қон босими ва протеинурия (сийдикда оқсил) яққол кўзга ташланаб турарди. Врачлар уни ўз вақтида даволамай ва ҳомиладорлик муддатини меъёрга етказа олмай, бир йўла операцияга олдилар. Кесарь кесимини ўтказиб онасининг қорнидан вазни 1600 граммлик чала ривожланган болани чиқариб олдилар. Чақалоқ кузовга олинган.

Туғруқхона бўлимларида антисанитария ҳукм сурмоқда, канализациядан келаётган қўлланса ҳиддан қайга қочишингизни билмайсиз, сувараклар ҳатто чақалоқлар ётадиган хоналарда ҳам югуриб юришибди, кўрпаларга чойшаблар йўқ, матрасларда қон излари. Медперсонал бир-брии биллан баланд овозда баралла гаплашади, иш жойида нарса сотиб ўтиришади, беморларнинг муаммолари билан ишлари йўқ. Санузеллар ҳақида эслашнинг ўзи даҳшат – ифлослик ва зах.

Қайд этиш жоиз, бу каби ҳолат нафақат Андижоннинг иккинчи туғруқхонасида, балки бошқа ҳамма туғруқхоналарида ҳам кузатилади. Мисол учун, биринчи туғруқхонада ҳам ҳудди шундай антисанитария, бинонинг ярми реконструкция қилиняпти. Ўтган қишда маъмуриятнинг масъулиятсизлиги туфайли янги туғилган чақалоқ совқотиб ўлди. Туғруқхонада оналар ўлими кўрсаткичи ҳам юқори, аммо бу рақамлар статистикага киритилмайди.

Андижондаги туғруқхона мажмуаларида Соғлом бола йилидаги манзара шунақа. Туманларда аҳвол бундан ёмон. Айни пайтда касалхона ички инфекцияси туфайли Асака, Жалақудуқ, Андижон туманларидаги туман соғлиқни сақлаш бирлашмалари (туман касалхонали энди шунақа деб аталмоқда) қошидаги туғруқхона бўлимлари ёпилган. Перинатал маркази ҳомиладорларни қабул қилиб улгурмаяпти. Шунинг учун туққан аёллар чақалоқлари билан ночор антисанитария шароитларида йўлаклардаги полларга матрас тўшаб ётишибди...

Гулбаҳор Тўраева

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги