11:09 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқандда меҳнат муҳожирларини уйга қайтариш кампанияси бошланди

27.08.2014 13:55 msk

Тошпўлат Рахматуллаев

Самарақанд – Ўзбекистоннинг энг машҳур, дунёга танилган шаҳри. Яқин ва узоқ хориж мамлакатларида қаҳвахона ва ресторанларга бу ном тез-тез қўйиб турилади. Фотосуратда – Жанубий Кореянинг вилоятларидан бирида самарқанликлар очган “Самарқанд” қаҳвахонаси

Ўзбекистон расмийлари хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирларини ватанга қайтариш истагида республика вилоятларида тушунтириш йиғилишларини ўтказишмоқда. Август ойида шунақа йиғилишлар Самарқанд вилоятида – аввал шаҳар кўламида, кейин Самарқандаги жами 219 та маҳалласида ва вилоятнинг барча қишлоқларида ўтказилди.

Шаҳар йиғилишида “Узоқ муддатга мамлакатдан чиқиб кетган фуқароларни излаб топиш ва қайтариш бўйича бажарилган ишлар тўғрисида” ҳисоботи тингланди. Мисол учун, аҳолиси ярим миллионга етиб қолган шаҳардан 63.002 киши ишлагани хорижга чиқиб кетган бўлиб, улардан 38.846 нафари эркак ва 24.156 нафари аёллар. Кўп ҳолларда ота-онаси билан балоғатга етмаган болалар ҳам сафарга чиқишмоқда: бунақалар 2622 нафар.

Йиғилишда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида алданган, тўғри йўлдан адашган ёшлар борлиги таассуф ила қайд этиб ўтилди. Уларнинг баъзилари турли шубҳали оқимларга жалб қилинган. Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоатчилик олдида тўғри йўлдан адашган барча одамларни аниқлаш, нима ишлар билан шуғулланаётганини билиш, уларнинг оилалари сафарга чиқиб кетган яқинларига таъсир ўтказиб, ватанига қайтишга мажбур қилиш учун тушунтириш ва ташвиқот ишларини ўтказиш вазифаси турибди.

Ҳудди шунга ўхшаш йиғилишлар Самарқанднинг барча маҳаллаларида, шу жумладан, 11 август куни Боғимайдон-2 маҳалласида ҳам ўтказилди. Олдиндан айтиб қўяй: биз билан ўтказилган йиғилишда баъзи интернет нашрлар ёзганидек “гастарбайтерларнинг қариндошларига руҳий босим ўтказишлар” бўлмади.

Маҳалламиз аҳолиси 1870 кишидан иборат. Қўшниларимиздан 340 нафари (18,2%) хорижда. Шу йил 125 нафар фуқаро ватанга қайтди. Аммо рақамлар доим ўзгариб туради: биров келса, бошқаси кетади. Маҳалламаиздан 36 киши Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетишди, улардан 22 нафари грин карта ютиб олган. Россия Федерациясида 147 киши жойлашиб олди, аксарияти доимий иш ўринларига эга эмас, яшаш манзилларини тез-тез ўзгартириб турадилар.


Самарқанддаги Боғимайдон-2 маҳалласида ўтказилган йиғилиш

Маҳалламизда ўтказилган йиғилишда Самарқанд ҳокимининг муовини Марҳабо Ғофурова иштирок этди. У сўзга чиқа туриб фуқароларнинг хориждаги мамлакатларга чиқиб ишлашини ҳеч ким , шу жумладан, шаҳар ҳокимлиги ҳам чекламоқчи ёки тўсқинлик қилмоқчи эмаслигини таъкидлаб ўтди. “Бу уларнинг конституция томонидан кафолатланган ҳуқуқи, - дея билдирди у. – Мақсадимиз, чет элларга чиққан фуқароларимизнинг хабардорлигини ошириш, уларнинг муносиб иш шароитларига эга бўлишлари, турли экстремистик оқим ва гуруҳларга қўшилиб кетишларининг олдини олиш”.

Ғофурованинг қайд этишича, меҳнат муҳожирларининг ота-оналари ва яқин қариндошлари уларнинг ишлаш ва яшаш манзилларини, бирор-бир экстремистик гуруҳга кириб қолганини билишлари шарт. Маҳалла эса, дейди мутасадди аёл, муҳожирларни ватанга қайтариш бўйича тегишли ишларни олиб бориши лозим.


Марҳабо Ғафурова

Аммо қайтганларни қанақа иш билан таъминлаш мумкин? Ҳоким муовинига кўра, “8 Март”, “Бофанда”, “Шарқ-озиқ-овқат” фабрикалари иш ўринлари билан таъминлайди. Айни пайтда уларда икки мингдан зиёд иш ўринлари бор. Ойлик иш ҳақи миқдоричи? Бу собиқ меҳнат муҳожирининг бундай ишга кўниши учун жавоб берилиши лозим бўлган энг асосий савол бўлиб қолмоқда.

Шу кунларда маҳалламиздан тўрт киши шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига мурожаат қилдилар, уларга ойлик иш ҳақи 350 минг сўмдан ошмайдиган истиқболи йўқ иш таклиф этилди.

Шу билан бир пайтда маҳалла раислари устига ечими топилмайдиган муаммони ҳал этиш вазифаси юклатилди: улар қайтарилиши лозим бўлган меҳнат муҳожирларининг сони ойма-ой кўрсатилган мажбуриятга имзо чекишлари керак.


Самарқанддаги Боғимайдон-2 маҳалласида ўтказилган йиғилиш

“Катта пул эвазига ишлашга кўниккан одамни қанақа қилиб қайтишига кўндиришга ақлим бовар қилмаяпти, - дея зорланади маҳалла оқсоқолларидан бири (у мен билан исми ошкор этилмаслик шарти билан суҳбатлашишга рози бўлди). – Ҳатто у оғир шароитларда ишлаётган бўлса ҳам ва доимий иш ўринларига эга бўлмаса ҳам, унинг ўзга юртда топаётган миқдорда ойлик оладиган иш топиб бера олмайманку. Бу ерга қайтганидан сўнг, оиласи моддий жиҳатдан қийалиб оғир аҳволга тушиб қолса, менга таъна қилишадими? Уларга нима дейман?”

Тошпўлат Раҳматуллаев

* * *

Эслатиб ўтамиз, “Фарғона” олдинроқ Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Фарғона водийсига келиб, хориж мамлакатларида ишлаётган барча ўзбекистонликларнинг рўйхатини тузиш, маҳаллий корхоналарга мурожаат қилиб иш сўраган барча одамларни иш билан таъминлаш талабини қўйиб кетганидан сўнг водий вилоятлари расмийлари меҳнат муҳожирларини ватанга қайтариш ҳаракатига тушиб қолгани ҳақида хабар бергандик. Турли манбларимизнинг айтишларига қараганда, қайтишдан бош тортган меҳнат муҳожирларини ва уларнинг қариндошларини катта жарималар билан қўрқитишмоқда.

Фуқароларнинг ҳаракатланиши устидан назоратнинг кучаяётганига фуқароларининг ўз паспортларига юмалоқ муҳр урдиришга қийналаётганлари далил бўляпти. Эслатиб ўтамиз, паспортнинг прописка тамғаси уриладиган ерида юмалоқ муҳр бўлмаса, унинг эгасини чегарадан ўтказмайдилар. Бундан ташқари, норасмий маълумотларга кўра, илгари паспорт столида қўйилган юмалоқ муҳрни энди ҳокимиятларда қўйишаётган эмиш. Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб биометрик паспортга эга бўлмаган република фуқароларини чет элга чиқармаслик тартиби жорий этилиши натижасида паспорт столларида биометрик паспорт олувчиларнинг навбати ҳаддан зиёд катта бўлиб кетди. Uznews.net тарқатган хабарда айтилишича, тошкентликлар август ўртасида 2015 йил февралида паспорт олиш учун навбатга ёзиляптилар.

Хорижга чиқаётган Ўзбекистон фуқароларининг миқдорини қисқартириш истагини Ўзбекистон расмийлари уларнинг ёт ўлкаларда тақиқланган гуруҳларга кириб кетишининг олдини олиш билан изоҳлаяптилар. Шу билан бирга, ҳудди шу арсмийлар республикамизнинг барча фуқароларини муносиб иш билан таъминлашга қодир эмас. Ва шу бугунги кунда Ўзбекистонда агар миллион бўлмаса, ўн минглаб одамлар иш излаб юришибди. Бордию, эртага Россиядаги ФМС томонидан рўйхатга олинган 2,5 миллион ўзбекистонлик уйига қайтса, нима бўлади? Одамларни уйга қайтариш бўйича бошланган ушбу кампаниянинг асл мақсади нима ўзи?

Ўзбекистон расмийлари ўз ҳаракатларининг бесамар эканлигини яхши тушунадилар, мазкур кампания бош вазир Шавкат Мирзиёев ва президент Ислом Каримовнинг истакларини бажараётгандек қилиб кўрсатиш учун хўжакўрисинга ўтказилмоқда, дея тахмин қилиш мумкин. Бордию, бу кампанияда хўжакўрсинлик йўқ бўлса, унда расмийлар учун нега қўққисдан миллионлаб ишга қодир одамларни мамлакатга қайтариш керак бўлиб қолгани ҳақида фақат фол очиш қоляпти, холос.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги