23:15 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Фарғона” журналистидан 20 минг доллар ундирмоқчи... Кўплик қилмайдими?

26.08.2014 08:58 msk

Фарғона

Фотосуратда: Шоҳруҳ Соипов – мустақил журналист, “Фарғона.Ру” агентлигининг Қирғизистондаги штатсиз мухбири, 2007 йилда ёлланма қотил томонидан отиб ўлдирилган таниқли ўшлик журналист Алишер Соиповнинг кенжа укаси

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (бундан кейин МХДҚ) Ўш вилояти бошқармаси “Фарғона” агентлигининг журналисти Шоҳруҳ Соипов устидан Ўш шаҳар судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Даъво аризасида таъкидланишича, штатсиз мухбиримизнинг шу йил 31 май куни чоп этилган мақоласида қирғиз махсус хизматларининг обрўсига путур етказилиб, шаъни булғанган экан. “Фарғона” агентлиги таҳририяти чекистларнинг барча эътирозларини асоссиз деб ҳисобламоқда ҳамда ушбу даъво аризасини давлат ҳокимият идораси томонидан уюштирилган очиқдан-очиқ таъқиб сифатида баҳоламоқда.

ИШНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Ўшлик махсус хизмат ходимларининг ғазабини жунбушга келтирган мақоламизда МХДҚ Ўш вилояти бошқармаси ходимлари жиҳод учун Сурияга бориб келгани ҳамда уларнинг террорчилик гуруҳларга алоқадор деган гумон билан ўнлаб одамларни қўлга олгани ҳикоя қилинганди. Шу билан бирга, нашр манбаларининг таъкидлашича, бир вақтнинг ўзида оддий диндорларга ҳам босим кучайди. “Фарғона” суҳбатдошларидан бирининг айтишича, махсус хизмат ходимлари террорчилик ва экстремистик ташкилотларга мансублиги исботланмаган ўшлик йигитлардан 500 доллардан пул берасан деб туриб олишган. Матндан олинган иқтибос:

“Махсус хизмат ходимлари ҳамма соқол қўйган диндор йигитларни қўлга олиб текширишмоқда. Агар унинг бирорта тақиқланган диний ташкилотга аъзолиги исботланмаса ва агар унинг телефонидан диний маърузалар топилмаса ва умуман олганда, унинг бегуноҳлиги аниқланса, махсус хизматлар уни 500 доллар эвазига қўйиб юборяпти. Улар йигитларга очиқдан-очиқ: “Сени ушлаш учун анча ҳаракат ва харажатлар қилдик, энди харажатларимизни қоплашинг керак, 500 доллар тўлаб қўй-да, кетавер” дейишяпти”, - дейди суҳбатдошимиз.

Қайд этамиз, “махсус хизмат ходимларининг” товламачилик билан шуғулланаётгани ҳақида мақола муаллифи эмас, балки номи ошкор этилмаслигини шарт қилиб мухбиримизга маълумот бераётган суҳбатдоши гапиряпти. Хавфсизлиги ҳақида қайғуриб номини яширган бу одамнинг гапларида товламачилик билан шуғулланаётганлар айнан МХДҚ Ўш вилояти бошқармаси ходимлари, деган тўғридан-тўғри ишора йўқ. Буларнинг ҳаммаси арзимас гаплар, уларни суд текширсин. МХДҚ бу гапларни қанақа далиллар билан инкор қилиши биз учун қизиқ.

БИЗ ҲАҚ ЭМАСМИ?

“Миллий хавфсизлик органларини бадном қилувчи фактлардан бирортаси ҳам Қирғиз Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида қайд этилмаган. Бу мақола асоссиз, конкрет фактлар билан тасдиқланмаган ҳамда жамоатчилик кўз ўнгида органимизга бўлган ишончга ва обрўсига футур етказади”, - дейилади МХДҚ Ўш вилояти бошқармаси раҳбари К.Қўжобеков имзолаган даъво аризасида (орфография сақлаб қолинган).

Аризадаги гаплар кўча одамлари тушунадиган тилга ўгириладиган бўлса, бу эҳтимол товламачиликка дуч келган одамлардан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳеч қанақа ариза келиб тушмаганини англатса керак. Балки фуқаролар товламачиларнинг ўч олишидан хавотирлангани боис қудратли махсус хизматлар устидан шикоят қилишга қўрқишар?..

Боз устига, шунақа шикоятлар тушганида, маҳаллий милиция МХДҚнинг бирорта ходими устидан текширув бошлашга ботина олармиди? Ахир қудратли МХДҚ билан алоқаларни бузишни ҳеч ким истамаслиги ҳаммага маълумку. Ушбу ҳолатда аризачига тилини тийиб юришни ҳамда жони омонлигида туёғини шиқиллатишни маслаҳат берган афзал.

“МИЛЛИОН СОМ САДАҚА ҚИЛИНГ!”

МХДҚ Ўш бошқармаси суддан “Фарғона” сайтида чоп этилган мақоладаги маълумотларни ҳақиқатга тўғри келмайди дея тан олишни, муаллифдан раддия билан чиқишни ҳамда Шоҳруҳ Соиповдан маънавий зарарни қоплаш мақсадида бир миллион сом (19,2 минг доллардан бир оз кўпроқ)миқдорида товон пули ундиришни сўрамоқда.

Олийжаноб қирғиз чекистларида бу пулларни ўзларига олиб қолиш ёки давлат хазинасига ўтказиш нияти йўқ. Улар суддан Соиповдан ундирилган пулларнинг ҳаммасини Ўш шаҳридаги кўзи ожиз болалар мактаб интернатига ўтказишни сўраяптилар.

Албатта болалар ҳақида қайғуриш, боз устига, бу болалар ногрион бўлса, ҳар бир инсоннинг ва ҳатто давлат органининг бурчи. Бироқ, МХДҚ вилоятда фаолият юритаётган ёш журналистнинг шунча пули борлигини қаердан билди?

Фаолияти Қирғизистонда эркин ахборот майдонини ривожлантиришга йўналтирилган Медиа Полиси Институти мутахассисларининг “Фарғона” агентлигига маълум қилишича, сўнгги йилларда судга журналистлар ва ОАВ таҳририятлари устидан ўнлаб даъво аризалари келиб тушган. Обрўлари ва шаъни ҳимояси йўлида келтирилган маънавий зарар учун эллик миллион сом ёки бир миллион долларгача товон пули тўланиши талаб қилинган аризалар ҳам бор. Журналистнинг ёки нашрнинг айби суд томонидан исботланган тақдирда таҳририятлардан ёки муаллифлардан 20 минг сомдан ошмаган миқдорда товон пули ундириш тўғрисида қарорларни чиқариляпти. Аммо бизнинг мухбиримиз нима айб иш қилиб қўйибди?

Шохрух Саипов
Шоҳруҳ Соипов аноним манбасининг сўзлари Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари ғазабини шунчалик жунбушга келтиришини ухлаб тушида ҳам кўрмаганди

ТАҲРИРИЯТ ПОЗИЦИЯСИ

- Таҳрририятимиз судга ўз таъсирини ўтказишни асло ўзига мақсад қилиб олмаган, аммо ушбу иш бўйича ўз фикрларини билдиришни лозим деб билади, чунки гап бизнинг нашр учун ёзилган ҳамда биз таҳрир қилган мақола, шунингдек, ўшлик чекистлар қоралаётган бизнинг мухбиримиз ҳақида кетяпти, - дейди “Фарғона.Ру” АА бош муҳаррири Даниил Кислов.

- Биринчиси. Бизнинг журналистга МХДҚ қўйган даъво ғалати туюлса ҳам, шахсан мен буни кўп йиллардан бери ўз ахборот манбаларининг хавфсизлиги борасида қайғуриб келаётган ахборот агентлигимизни обрўсизлантиришга уриниш сифатида баҳолайман. Мен қатъий туриб журналистимиз манбанинг ижтимоий аҳамияти муҳим бўлган муаммо ҳақида тўғридан-тўғри гапирган сўзларини ўзгартириб, ҳас-пўшлашга ҳақи йўқ, деган фикрда қоламан. МХДҚ ходимларининг товламичилик билан шуғулланаётгани тўғрисидаги манбамиз тақдим этган маълумотлар бу маҳкамада жиддий текширувлар бошланиши учун туртки бўлиши керак эди. Бироқ МХДҚ даъво аризасига илова қилинган ҳужжатларда шунга ўхшаш текширув ўтказилгани ҳақида ҳеч қанақа гаплар йўқ. Ҳеч бўлмаса, Сурия бўйича барча ишларнинг фигурантлари, шу йўналиш бўйича тергов олиб бораётган барча ходимлар сўроқ қилиндими? Агар шу иш бажарилиб, поранинг бирорта изи топилмаган бўлса, унда ўйлашимча МХДҚ Ўш вилояти бошқармаси жаҳл ила бор-йўғи бировнинг гапирган гапини етказган ёш журналистга ташланмасдан, енгил нафас олиши керак эди.

“МЕДИА ПОЛИСИ ИНСТИТУТИ” ЮРИСТИНИНГ ШАРҲИ

“Ҳуқуқ муносабатларида юридик шахсларнинг иштирокини белгиловчи меъёрлар қўлланиши мумкин бўлган давлат органлари (агар қонунда бошқаси кўзда тутилмаган бўлса), Қирғизистон Фуқаролик Кодексининг 18 моддасига мувофиқ ФАҚАТ хизматга алоқадор бўлган обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилиши ҳамда унинг обрўсини тўкувчи маъломотларга раддия берилишини талаб қилиши мумкин. “Номус” ва “қадр-қиммат” номоддий эзгуликларга тааллуқли ҳамда фақат инсонга тегишли ахлоқ категорялари бўлгани учун фақат фуқаролар ўз номуслари ва қадр-қимматларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга”.



Юрист билан ўтказилган интервьюнинг рус тилидаги тўлиқ матнини бу ерда ўқишингиз мумкин.

Иккинчиси. Қирғизистон Фуқаролик Кодексида баён қилинган қонунларга амал қилинадиган бўлса, бу мамлакатнинг давлат муассасалари номуси ва қадр-қимматини ҳимоя қилиб судларга даъво билан мурожаат қилишга умуман асослари йўқ экан. Умуман олганда, ўйлаб “обрў” ҳақида гапириладиган бўлса, Шоҳруҳ Соиповнинг мақоласига қараганда судга бу каби даъво билан мурожаат қилиш МХДҚга кўпроқ зарар етказади. МХДҚ шахсий таркибида нопок ходимлар борлиги тахмин қилинадиган бўлса (бунақалар дарча давлат органларида бор), унда порахўрларга бўлган салбий муносабатни бутун бир “контора”га нисбатан ёйиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмайди.

Учинчи. Қизиғи шундаки, даъво аризаси 21 июль куни ёзилиб судга топширилган, унинг нусхасини эса жавобгар Соиповга фақат бир ой ўтиб – 20 август куни топширилган. Суд тингловларининг биринчи мажлиси индинга пайшанба куни бўлиб ўтади. Демак, бизнинг мухбиримиз процессга етарли даражада тайёрланмаслиги учун атайлаб шундай қилинган деган фикр ҳаёлга келади. МХДҚ ишни адолатли равишда кўриб чиқилишини истайдими ёки ҳар қанақа йўл билан судда ютиб чиқишними?

Айтгандек, айни пайтда Ўш вилоят суди раиси вазифасини Жўлборс Қудаяров бажармоқда. У яқин ўтмишда ўша бизни муаллифимизни судга тортган МХДҚ Ўш вилояти бошқармасининг тергов бўлимига раҳбарлик қилган. Биз бу ҳолат ишни Бишкек судига ўтказиш учун етарли асос бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Шу ерда мен суд қарори чиқишини ҳам кутиб ўтирмай МХДҚ Ўш вилояти бошқармасига ва шахсан унинг раҳбарига нашримиз саҳифасида Соипвонинг мақоласига ўз жавобларини бериш ёки бизга интервью беришга имконият яратишимиз мумкинлигини билдирмоқчиман. Менимча, МХДҚ ишни шундан бошлаши: авввалига таҳририятга мактуб ёзиб, мақоламизга ўз муносабатларини билдириши, бизнинг позициямизни тинглаб кўриши керак эди...

Шунга қарамай, биз эркин ахборот тарқатиш бўйича ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз. Биз Қирғизистоннинг барча журналистларини ҳамкасблари Соиповнинг тақдирига бефарқ қолмай, ўз нашрларида ушбу ишни кенг ёритиб боришларини сўраймиз, чунки расмийлар билан матбуот ўртасидаги муносабатларда содир бўлаётган жараёнларни тушуниш жамият учун жуда ҳам муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, “Фарғона” таҳририяти қирғизистонлик ва халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларига, хусусан, “Чегара билмас репортерлар” ташкилотининг Париждаги офисига, Нью-Йоркдаги “Журналистларни ҳимоя қўмитасига”, Норвегиядаги Хелсинки фондига мурожаат қилиб, ушбу суд процессида ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишда ёрдам беришларини сўради.

Биз Соиповнинг иши адолатли тарзда кўриб чиқилишига умид қиламиз, чунки на муаллифимизни ва на ўзимизни қонун бузарликда айбдор деб ҳисобламаймиз, - дея фикрларига хулоса қилади Даниил Кислов.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги