13:14 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Тошкентлик йўлбарс” Руфат Рисқиев: Ғалабадан сўнг қирқ йил

22.08.2014 18:21 msk

Фарғона

1974 йилда Гаванада (Куба) ҳаваскорлар ўртасида бўлиб ўтган биринчи жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг жонли афсонаси бўлмиш Руфат Рисқиевнинг ғалаба қозонганига августда қирқ йил тўлади. 2 октябрь куни эса Руфат Асадович 65 йиллик юбилейини нишонлайди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ушбу шонли санани ўзига хос тарзда нишонлашга қарор қилди – ўтган асрнинг етмишинчи йилларида “тошкетлик йўлбарс” деган номга сазавор бўлган Руфат Рисқиевнинг деярли тўкилиб қолишга келиб қолган уйи давлат ҳисобидан таъмирланадиган бўлди. Тошкентдаги Кўкча даҳасида жойлашган уйнинг таъмир ишлари июль ўрталарида бошланган ва айни пайтда тезлаштирилган суратларда амалга ошириляпти. Мақсад – уй эгаси ўзининг икки шонли саналарини янгиланган ҳашаматли уйида нишонласин. Ҳисоб-китобларга кўра, таъмир ишларига 40-50 миллион сўм сарфланади ($14.000-17.000).

“Фарғона” мухбири собиқ жаҳон чемпиони Рисқиев билан учрашиб, ёшликда шуҳрат қозонган йиллари ҳақидаги ўз хотиралари билан баҳамлашишни сўради.

Руфат Рисқиев – СССР Халқлари спартакиадасининг икки карра чемпиони, Совет Иттифоқининг тўрт карра чемпиони, Жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори. СССРда хизмат кўрсатган спорт мастери. АҚШ, Куба, Австрия, Югославия, Испанияда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби. “Ҳурмат Белгиси”, “Буюк хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари кавалери. Боксдаги 30 йилдан зиёд фаолияти давомида жами икки юзга яқин жанг ўтказган, улардан 174 тасида ғалаба қозонган. 1971-йилдан бошлаб 1976-йилгача “тошкетлик йўлбарс” Рисқиев иккинчи ўрта вазнда (75 кг) Европада ва бутун жаҳонда биринчи қўлқоп эгаси бўлган. Яқин ўтмишда – Ўзбекистон Профессионал бокси федерациясининг вице-президенти, айни пайтда – оддий пенсионер (иттифоқ миқёсидаги пенсионер мақоми Ўзбекистон мустақилликка эришгани боис ўз аҳамиятини йўқотган).

“Фарғона”: Руфат Асадович, бир қатор ҳолатлар бўлмаганида, Сизнинг тақдирингиз учун ўта муҳим бўлган Кубадаги 1974 йилда жанг ҳам бўлмай қолиши мумкинлигини кўпчилик билмайди. Бу ҳақдаги тафсилотларни айтиб бера оласизми?

- Кубага бориш учун ўн бир нафар энг кучли спортчилар қатори мени ҳам Совет Иттифоқи терма жамоаси таркибига киритдилар. Бироқ сўнгги дақиқагача чемпионатга ким бориши ноаниқ қолди – менми ёки кўплаб унвонларнинг эгаси Слава Лемешевми? Шу чоққача мен уни уч бор мағлубиятга учратганимга қарамай, Европа чемпионатлари ва Олимпиадага мен эмас, балки айнан у бориб юрган. Бунга сабаб сифатида катта обрў эгаси бўлмиш Юрий Родоняк унга тренерлик қилганида деб гумон қилинади. Шунинг учун ҳам Кисловодскдаги саралаш жангларида айнан мен ғалаба қозонганимга қарамай, Кубадаги чемпионатга Лемешевни юборишни режалаштираётганларига ҳайрон бўлмадим. Кўнглим қолгани боис, юзага келган аҳвол ҳақида ўз отам қаторида кўрган тренерим Борис Гранаткинни хабардор қилдим. Тошкентга телефон қилиб, алам ила: “Мен бормайдиган бўлдим!” дедим. “Мени кут, тезда етиб бораман!” – деди у лўнда қилиб. Ўша пайтда уяли алоқа телефонлари бўлганида ҳаммасини турган жойда ҳал қилса бўларди балки...

- Нима, ўшанда Гранатки чиндан ҳам етиб келдими?

- Сиз Гранаткинни билмас экансиз! Ўша пайтда у Дорхон мавзесида яшарди, ўша ерда авиачипталарни аввалдан сотадиган катта касса бор эди. Ўша кунларда керакли рейсга билет сотиб олиш осон бўлмагани катта ёшдаги одамлар яхши билишади! Билетни қанақа қилиб олганини билмайман, аммо бир неча соат ўтиб у Кисловодскдаги меҳмонхонага пайпоқ киймаган оёғида уй тапочкасида етиб келди! Борис Андреевичнинг ташаббуси билан Москвага, КПСС Марказий Комитетига телефон қилинди, менинг Лемешев билан ўртамизда яна битта текширув жанггини ўтказиш талаби қўйилди. Тренерларга айтилди, ким ғалаба қозонса, Кубага ўша боради, деб. Улар истамайгина кўндилар.

Ўша спарринг давомида мен Лемешевни уч раунд давомида ҳудди “халқ душмани” каби саваб ташладим, шундан кейин ҳам анчагача тинчлана олмадим. Ўшанда кундалик дафтаримга қисқагина тарихий сатрлар битгандим: “Руфат, эртага ҳал қилувчи жанг. Агар (Лемешев устидан) ғалаба қозонсанг, чемпионатга борасан ва албатта чемпион бўласан!” Шунга қарамай, Лемешевнинг номзоди биз спарринг ўтказган куннинг эртасига самарқандлик таниқли безори-боксчи Николай Анфимов уни нокаутга жўнатганидан сўнг узил-кесил бекор қилинди. Олдиндан яна айтиб қўяй, мен Славикни яна 75-йилда Тошкентда ҳам калтаклаганман.


1975 йил, Тошкент, СССР Халқлари спартакиадаси. Шоҳсупада биринчи ўринни эгаллаган Руфат Рисқиев, иккинчи ўринда – Вячеслав Лемешев, учинчи ўринда – Анатолий Клеманов

1974-йил 17 август бокс тарихига ҳаваскор боксчилар ўртасида илк жаҳон чемпионатининг ўтказилиши билан из қолдирди. Гаванадаги зафар қозонган кунингизни яхши эслайсизми?

-Бунақа нарсани унутиб бўлар эканми! Чемпионат икки ҳафта давом этган, мен рингга беш марта чиқдим, финалда румин Алекс Нестак устидан ғалаба қозондим. Ғолиблар номи эълон қилинаётган пайтда қанчалик тўлқинланганимни жуда яхши эслайман. Уч еридан синган панжаларим қаттиқ оғриётганига қарамай, тошкентлик Руфат Рисқиев ва Пермь вакили Василий Соломин Гаванада биринчи совет чемпионлари бўлганимизни тушуниб англашимиз ҳар қандай оғриқни ва чарчоқларни босиб юборди. Мен рингга фақат ғалаба қозониш мақсадида чиқардим ва шунга эришдим! Олег Каратаев ва Борис Кузнецов кумуш медаль совриндорлари бўлдилар.

Панжаларимдаги оғриқ ҳозир ҳам бор, айниқса об-ҳаво бузилса. Қўлларимни бинт билан боғлаётганлари, оғриқ қолдирувчи уколларни қилаётганлари ҳозиргача тушимга кириб чиқади.

- Айтишларича, команданте Фидель Кастронинг ўзи сизни ғалаба билан табриклаган экан?

- Кастро билан аввал ҳам кўришганман, чемпионатдаги учрашувимиз тўртинчи ёки бешинчиси бўлган. Ўша 74-йил августида “Тропикано” ресторанида ғолиблар шарафига берилган зиёфатда у менинг бинтларга ўралган қўлларимни кўриб, ҳамдардлик билан бошини чайқаб қўйганди. Тўхтаб, “Оу, Руфат РиККиев!” деб қўйди (инглиз тилида “ск” “кк” каби ўқилади-муааллиф изоҳи) ва елкамни қоқиб қўйиб ўнг қўлимни авайлаб қисиб қўйди. Ўшанда адашмасам у 50 ёшга ҳам кирмаганди чоғи...

- Бир вақтлар қироллар ва президентлар сизнинг қўлингизни сиқишган, сизнинг кучингиз ва бардошингиз ҳақида кўплаб ривоятлар ҳикоя қилинган. Сизнинг номингиз биринчи ўзбек жаҳон чемпиони сифатида Муҳаммад Али, Жо Фрезер, Майкл Спинкс, Теофило Стивенсон, Ласло Папп каби бошқа машҳур боксчилар қаторидан ўрин олган. Мураббийларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, катта боксга қандай кириб келгансиз?

- Ҳаммаси тўнғич акам Алишернинг боксга жиддий тарзда қизиқишидан бошланган, мен унинг думи бўлиб юрганман. Анча вақтгача хали кичкинасан, деб боксга олиб боришга кўнмаганди. Бокс рингига илк бор кирганимда ўн бир ёшда эдим. Биринчи тренерим (1960 йилдан 1963 йилгача) бокс оламида таниқли инсон - Сидней Жаксон бўлган. У “бокс югуриш йўлагидан, сакрабодом ва турникдан бошланади” дейишдан чарчамасди. Ҳақиқий бокс қўлқопларини кийгунимга қадар жуда кўп ойлар ўтди.

Боксчи-спортчи бўлиб шаклланишимда уч нафар ажойиб устозлар қўлида тарбия топганим учун тақдирдан миннатдорман. Бокс алифбосидан илк дарсларни Сидней Львовичдан олган бўлсам, чинакам бокс пойдеворини қуйишда Алексей Барановнинг хизмати катта бўлган (у 1966 йил Тошкент зилзиласидан сўнг Ўзбекистонни тарк этганди).

Кейин мен энг зўр педагог Борис Гранаткиннинг қўлида шуғулана бошладим, уни яхши кўрганимдан ота деб атардим. Бугунги кунда уларнинг бирортаси ҳам ҳаёт эмас, Борис Андреевични уч йил аввал ўзим Тошкентдаги Боткин қабристонида дафн қилганман.

1965 йил охирида мени илк бор “Буревестник” спорт жамияти бокс секциясининг ўсмирлар жамоасига олдилар. Бир йил ўтганидан сўнг 1966 йил 26 апрель куни мен шаҳар биринчилигининг ғолиб бўлдим. Ўша биринчиликдаги жангларимни кузатган катта ёшдаги жамоадошларим ҳазилашибми ёки чинакамигами, боксда катта ютуқларга эришишим мумкинлиги тўғрисида башорат қилишганди.


Муҳаммад Али билан Тошкентдаги учрашув

1968 йилда ўтган “Олимпия умидлари” турнирини кузатган Польшанинг буюк тренери Феликс Штамм кубалик Сильвио Кесало билан ўтказган жангингизни кўриб, сизнинг жангаворлик қобилиятингиздан лол қолгани ҳамда сизни СССР терма жамоасига киритишни қатъий туриб тавсия қилгани маълум. Демак, “отахон Штамм” ўз башоратларида адашмаган эканда...

- Ҳа, шундай бўлганди (кулади). Афсонавий Штаммнинг бундай тавсияларига эришиш учун жуда қаттиқ меҳнат қилганман. “Боксчининг юраги қайноқ, ақли теран, оёғи енгил ва қўллари тез бўлиши керак”, деган ибора унга тегишли. Айтгандек, 68-йилда Львовда ўтган ёшлар ўртасида мамлакат чемпионатида биринчи ўринни эгаллаганман.

Аммо боксчи сифатида юксак поғоналарни эгаллашимга номи юқорида зикр этилган ҳамда бу йўлда қимматли вақтини, манфаатларини, асабларини ва кучини аямаган Борис Гранаткиннинг хизмати беқиёс. Унинг менга нисбатан оталарча муносабатини жуда ҳам қадрлар эдим, шунинг учун “катталар боксига” ўтганимда (бу 70-йилда бўлган) мен ҳар қанақа одам билан ҳар қанақа ерда жанг ўтказишга тайёр эдим. Ва тез орада омад менга кулиб боқди ва мен Югославияда олтин медални қўлга киритдим.

Руфат ака, одамлар орасида ўша ғалабангиз ортидан жуда кўп мукофотлар ва қимматбаҳо совғалар олгансиз, деган гаплар юради. Айтишларича, 70-йилларда кўпчилик сизнинг бойлигингизга ҳавас (балки ҳасад) қилишган экан, шу ростми?

- Ҳаммаси бекорчи гаплар –бойвачча бўлиш ҳеч қачон қўлимдан келмаган. Ўша йиллари биринчи ўрин учун 1500 сўм тўлашарди, ўша давр учун жуда катта пул. 25 ёшга кирган йигитни ватанига қайтиши билан “Хизмат кўрсатган спорт мастери” унвонига лойиқ кўрганларида, мен ўзимни чинакамига давлатманд ва бахтиёр ҳис этдим. Боз устига, давлат менга квартира билан ер участкаси ажратиб берди! Ўшанда навбатдан ташқари “Волга” автомашинасини сотиб олиш бўйича имтиёз ҳам берилган, аммо бунга пулим етмаган (кулади). Айтгандек, менга қарашли барча мукофотлар, орденлар, қимматбаҳо совғалар бугунги кунда пойтахтнинг Ўрда массивида жойлашган Олимпия шуҳрати музейида сақланмоқда.

-

Катта рингни қачон тарк этишга қарор қилгансиз ва бунинг сабаби нима?

- 1976 йилда Монреалда ўтган XXI Олимпия ўйинлари ўтиб бўлиши биланоқ, финалда профессионал боксда бўлажак жаҳон чемпиони Майкл Спинксга қарши жанг қилганимдан сўнг. Ўшанда совет терма жамоаси бокчилари орасида фақат мен финалгача етиб бордим, аммо иккинчи ўринни эгалладим, холос. Ўша жангда рефери негадир Спинкснинг киндикдан пастга қарата урган зарбасига эътироз билдира олмади. Мен Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори сифатида боксни ўзим тарк этдим. Ўйлашимча, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган жисмоний ва руҳий чарчоқ, шунингдек, бошқа қатор омиллар, мисол учун, кимлардир томонидан уюштирилган сунъий равишда яккалаб қўйиш таъсири остида бўлганим бунга сабаб бўлгандир... Ўшанда мени боксга алоқадор муҳим тадбирларга таклиф қилишни “унутаётганларини” ҳис эта бошладим, спорт раҳбарлари билан учрашувлар камайиб кетди. 1979 йилда Тошкетга Муҳаммад Али келганида ҳам спорт раҳбарларига унинг ўзи мени эслатган:, “жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев қани? Уни таклиф этмайсизларми?” деганини бировлардан эшитгандим. Ўшанда мени “эсга олиб” учрашувга олиб келишга мажбур бўлишган... Аммо элим-юртим орасидаги менга бўлган ҳурмат, илиқ муносабатни бир лаҳза бўлса ҳам ҳис этишдан тўхтамадим. Одамлар ҳозиргача мени кўчаларда тўхтатиб, ўз меҳрларини изҳор этишлари жуда ҳам қувонарли ҳол.


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Руфат Рисқиевга “Эл-юрт хурмати” орденини топширмоқда

Билишимча, Сиз Професионал бокс федерацияси вице-президенти сифатида WBA (Жаҳон бокс ассоциацияси) ҳакамлар секциясига ҳам аъзо, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари профессионал боксида халқаро тоифадаги биринчи ҳакам бўлгансиз. Бунинг ўзбек боксига қандай фойдаси тегди?

- Бу 1997 йил октябрида WBA президенти мамлакатимиз профессионал бокси вакилларига федерациямиз чиндан ҳам ушбу нуфузли халқаро ташкилотга аъзо бўлганини тасдиқловчи сертификатни топширганидан сўнг содир бўлди.

Айтиш жоизки, тўқсонинчи йилларда Ўзбекистон профессионал боксда илк қадамларини қўяётган пайт бўлганига қарамай, бизнинг миллий бокс мактабимиз яхши позицияларни эгаллаб келаётганди. Жамоамиз профессионал бокс битта шаҳар ва ҳатто битта мамлакат ичида чекланиб қолиши мумкин эмаслигини яхши англаган ҳолда боксни нафақат томошабинлар учун, балки ҳомийлар учун ҳам қизиқарли қилиш йўлида қўлидан келган бор ишлари амалга оширди. Яъни, ўзбек профессионал боксчилари хорижий мамлакатлардаги энг кучли ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказиш имкониятига эга бўлишлари лозим эди. Профессионаллар жангларини ўтказиш бўйича тажрибамиз ҳамда муносиб даражадаги жангчиларимиз етарли бўлмагани боис, ишни деярли нолдан бошлашга тўғри келди.

Менимча, кўпчиликнинг сай-ҳаракати билан бошқа мамлакатлар – Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Белоруссия ва бошқалар билан узилиб қолай деган алоқаларни тиклаб олишга эришдик ва бунинг ўзи ҳам катта муваффақият саналади.

Ўзбек боксига сизнингча нима етишмаяпти?

- Маълум муддат давомида тренерлик билан шуғулланганим боис, бокс жангларидаги кўплаб камчиликларни кўра олдим. Аввалига спорт учун мутасадди амалдорлар ҳам мен каби жангларни кузатиб таҳлил қиладилар дея ишончим комил эди, аммо тез орада аҳвол бунақа эмаслиги маълум бўлди. Тушунишимча, кўпчиликка бокс олишувларида юзакилик, томоша эффекти ёқар экан, шу билан бирга, жангларнинг ҳеч қанақа таҳлили ўтказилмас экан. Боксчи жангга тайёргарлик қила туриб нафақат ўз зарбалари устида тинимсиз шуғулланишига эътибор бериши керак, балки биринчи навбатда, рақибининг тактикасини ўрганиши ва шу билан бирга янги рақибига нисбатан ўзининг янги тактикасини ишлаб чиқариши, жанг давомида яшин сингари самарали қарор қабул қилишни ўрганиши лозим.

Мураббийлик фаолияти давомида маслаҳатчи тренернинг кўрсатмалари ҳаммага ҳам ёқавермаслиги, баъзиларнинг эса, ҳатто аччиғини келтириши маълум бўлди. Нима дейишим мумкин, 1980-йилларда мамлакатимиз терма жавосини Владимир Шин бошқарган пайтда биз дунё бўйича олтинчи ўринни эгаллаб келганмиз, ҳозир эса йиллар ўтиб рейтингнинг шармандали қуйруқ қисмига тушиб қолдик. Мутахассисларнинг айтишича, бунда миллий терма жамоамизнинг бош тренери Шароф Худойбердиевнинг “хизматлари” катта. Яхшики, уни яқинда ишдан бўшатишди.


Руфат Рисқиев таъмирланаётган уйи олдида

-Бугунги кунда мамлакатимиз бокси истқиболларини қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Боксда яхши тренерлик ишидан ташқари (бунақалари бармоқ билан санайдиган даражада оз), яхши жамоа сифатида ҳаракатланиш лозим! Соғлом рақобатчилик, шериклар ўртасида ҳамкорлик учун шароитлар яратиш керак. Палов мазали бўлиш учун нафақат гўшт билан гуруч, балки бошқа масаллиқларни ҳам қўшиш керак деганидек, боксда ҳам шунақа. Мамлакатимизда бокснинг юксак чўққиларини эгаллашни орзу қилувчи истеъдодли болалар етарли. Аммо уларнинг ҳаммасида ҳам пуллик машғулотларга қатнашиш имконияти бор деб бўлмайди, чунки боксда бирор нарсага эришииш учун кўп йиллар давомида тинимсиз шуғулланиш керак. Ёшлик давримизда “камбағаллар спорти” дея аталувчи боксни тижорат воситасига айлантириб қўйганлари шахсан мени қаттиқ ғазаблантиради. Шўролар даврида мураббийлар биз билан бепул шуғулланишга, ҳозир бўлса тренерлар 10-20 кишилик гуруҳлардаги ҳар бир боладан ойига 40 минг сўмдан ($17) олишяпти. Айтгандек, Европада ва Америкада ва ҳатто Россияда ҳам бокс машғулотлари бепул. Ўзингиз хулоса қилаверинг.

* * *

“Тошкетлик йўлбарс” бугун пенсияда. Бутун дунёга машҳур бу инсоннинг пенсияси уч йил аввал бор-йўғи 82.800 сўмни ташкил этган ($36). Бироқ қариндошлари, дўстлари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва туман ижтимоий таъминот бўлимининг ҳалол ходимлари сай-ҳаракатлари билан унинг пенсияси қайта ҳисобланиб анчага кўтарилди. Экс-чемпионнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги йўқолган ёзувларни тиклашда ёрдам берган москвалик архивариусларга ҳам алоҳида раҳмат айтилмоқда. Спортчиларнинг тақдирига бефарқ қарамайдиган Миллий Олимпия қўмитаси раиси Мираброр Усманов Руфат Рисқиевга кўп ишларда ёрдам бериб келган ва ҳозир ҳам ёрдам беришни давом этмоқда. Собиқ чемпионга унинг яшаб турган уйини бепул таъмирлаб бериш кўринишидаги шоҳона совғани айнан Мираброр Усманов туҳфа этди.

Руфат Асадович сўнгги йилларда кўз ва оёғида бир неча мураккаб жарроҳлик операцияларни ўтказди, соғлом турмуш тарзига ўтиб олганига ҳам кўп йиллар бўлиб қолди, ичадигани фақат аччиқ чой ва қаҳва. Кроссвордларни ечишни, ҳаётнинг ҳар бир соҳасига тааллуқли латифа ва ривоятларни ҳикоя қилишни, болаларга ҳар-хил совғаларни тарқатишни ва айниқса бокс ҳақида сўзлаб беришни жуда ҳам ёқтиради.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги