23:30 msk, 15 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Би-би-си Жаҳон Хизматида ўзгаришлар

25.10.2005 21:29 msk

BBC

Би-би-си Жаҳон Хизмати саккизта Оврўпо тилларида радио дастурларини қисқартирмоқда.

Жаҳон Хизмати 12 та Оврўпо тилида дастурлар ва интернет саҳифаларга эга.

Мазкур қисқартиришлар Би-би-си Жаҳон Хизматининг 2010 йилга қадар янги стратегиясининг бир қисмидир.

Жаҳон Хизмати бу 2010 йилга қадар Араб тилида телевизион янгиликлар хизматини бошлайди, шу билан бирга рақамли технология ёрдамида ўз фаолиятини кенгайтиришни режаламоқда.

Би-Би-сининг Булғор, Хорват, Чех, Юнон, Можар, Поляк,Словак ва Словен хизматлари ўз фаолиятларини тўхтатган ҳолда, Албан, Македон, Румин ва Серб хизматлари эса тингловчи ҳамда ўқувчиларига янгилик етказиб беришни давом эттиради.

Бу ислоҳотлар келаси йил март ойига қадар давом этади ва Би-би-си Жаҳон Хизмати Оврупо Иттифоқига аъзо давлатлардаги тилларда ўз дастурларини тўхтатади.

Марказий Осиё ва Қовқоз хизматлари орасида Қозоқ тилидаги дастурлар тўхтатилиши кўзда тутилган.

Жаҳон хизматининг директори Найжел Чапман бу ўзгаришлар ҳақида гапираркан, Оврўподаги ҳафталик радиотингловчилар сони ўтган беш йил давомида уч миллионга камайганини урғулаган.

Унинг айтишича, Оврўпо хизматлари "Совуқ Уруш" даврида озодлик машъали бўлган, аммо бугунга келиб минтақада вазият ўзгарган, фикр эркинлиги таъминланган ва мустақил матбуот ривожланмоқда.

Бу ўзгаришлар туфайли Жаҳон Хизматидаги икки юздан ортиқ иш ўринлари қисқаради.