05:27 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Санжар Умаров: Катта бизнесдан – сиёсатга ва яна ортга

13.08.2014 07:31 msk

Фарғона

Ўзбекистонлик тадбиркорларига ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошидан бери жуда яхши таниш бўлган Санжар Умаровнинг номи республика ташқарисига 2005 йилдан кейин танила бошланди. Ўшанда СССРда биринчи уяли алоқа компанияси “Ўздунробита”таъсисчиларидан бири, АҚШда доимий яшаш ҳуқуқига эга ҳамда америкалик инвесторлар билан иш олиб бораётган 49 ёшли бизнесмен “Серқуёш Ўзбекистон” фуқаролик ҳаракатини бошқариб, бирданига мухолифатчига айланди.

ЭНДИ КЎТАРИЛА БОШЛАГАНДИ, АММО ЎША ЗАҲОТИ ТУРМАГА ТУШДИ

2005 йил 13 май фожиали Андижон воқеаларидан сўнг “Серқуёш Ўзбекистон” бир неча кескин баёнотларни кўтариб чиқди. Мисол учун, Коалиция зудлик билан ҳукуматнинг истеъфога чиқишини ҳамда муддатидан олдин президент сайловлари ўтказилишини талаб қила бошлади. Санжар Умаров Ўзбекистоннинг “тиз чўккан” ўрта синфини қалқиб туришга чақирди ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётини инқирозли ҳолатдан олиб чиқиш дастурини ишлаб чиқарганини эълон қилди.

Куни-кеча физикадан дарс бераётган ўқитувчи, ишбилармон кишининг кутилмаганда нуфузли мухолифатчига айланиб қолгани расмий Тошкентни ғазабини қўзғатмай қолмаслиги аён эди. Бир неча ой ўтиб Умаров ҳибсга олинди ҳамда иқтисодий жиноятларда айбланди. 2006 йил баҳорида суд сиёсатчи ва иқтисодчини давлат мулкини талон-тарож қилишда ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айблов билан етти йилу саккиз ойга озодликдан маҳрум этди.

Ўзбекистон турмасининг даҳшатли шароитларини ва ҳатто қийноқларини бошидан кечирган Санжар Умаров тўрт йил ўтиб амнистия бўйича озодликка чиқди ва ўша заҳотиёқ АҚШга, оиласи бағрига учиб кетди. Балки бошқа кўплаб рақиблари каби Умаровни қамоққа ташлашга шошилган президент Каримовни айнан Умаровнинг Америка билан яқиндан алоқада экани чўчитгандир. Айнан Америка касал ва беҳол мухолифатчини инсонпарварлик нуқтаи-назаридан қўйиб юборишни сўраб Умаров учун кураш олиб борди ва айнан Америка ўзининг ноанъанавий сиёсий позияси учун азият чеккан собиқ сиёсатчини самимийлик билан ўз бағрига қабул қилди.


Санжар Умаров ва унинг турмуш ўртоғи Индира

ҚЎШМА ШТАТЛАРДАГИ ЯНГИЧА ҲАЁТ

Бугунги кунда Санжар Умаров кескин сиёсий баёнотлар билан чиқаётгани йўқ. Бир неча бор интервью берди, ҳамма нарсани ўз номи билан атади, яъни Ўзбекистонни ҳозирги раҳбарият бошқарар экан, мамлакат иқтисодий жиҳатдан муваффақиятларга эриша олмаслиги муқаррарлигини далиллаб берди.

Аниқ далиллар кадрлар ортида қолди, уларни баён этишга ҳожат йўқ: айни пайтда қувғинликдаги мухолифат гуруҳларидан бирортаси мамлакатнинг ички иқтисодий сиёсатига таъсир ўтказа олмайди. Шундан кейин Умаров умрини тўла ҳолда оиласига, болаларига ва бизнесга бағишлади.

Маълум бўлишича, Умаровнинг Америкадаги бизнеси муваффақиятли кечмоқда. 2014 йил 5 августида Мемфис шаҳар (Теннеси штати) муниципал кенгаши Санжар Умаров оиласига қарашли Silk Road Hospitality компаниясига шаҳар марказидаги йигирма қаватли бинонинг реконструкция ишларини олиб боришига рухсат берди.

Умаровнинг оилавий компанияси кам таъминланган фуқаролар истиқомат қиладиган бу уйни 2010 йилда сотиб олганди. Энди бўлса ўзбекистонликлар икки юздан зиёд квартиралардан иборат бўлган турар-жой биноси реконструкциясига катта маблағлар сарфлаб, уни замонавий меҳмонхонага айлантирмоқчилар.


1910 йилда қурилган Мемфис марказидаги ушбу уйда илгари маҳаллий пахта биржаси жойлашган эди. Мана тўрт йил бўлибдики, бу бино ўзбекистонлик муҳожир Санжар Умаров оиласининг мулки бўлиб қолмоқда

МУАММОЛИ ОТА ЮРТ

Шу билан бир пайтда номи чиқмаган фуқаролар ҳам мамлакатни оммавий равишда тарк этишмоқда. Собиқ совет Давлат план қўмитасининг раиси Ислом Каримов томонидан мана йигирма беш йилдан бери жорий этиб келаётган “ўзбек иқтисодий модели”нинг мевалари кўзга яққол ташланмоқда: мамлакатнинг уч миллиондан зиёд меҳнатга лаёқатли фуқаролари чет элларда тирикчилик илинжида иш қидириб юрибдилар. Республика аввалгидек пахта ва газдан бўлак ҳеч нарса ишлаб чиқараётгани йўқ. Давлат томонидан ўрнатилган қатъий чекловлар эса кичик бизнес ва ўрта синфнинг ривожланишига йўл қўймаяпти.

Тадбирорлик фаолияти учун ноқулай шароитлар туфайли ишбилармон одамлар доимий яшаш учун ўзга юртларга, шу жумладан, Америка Қўшма Штатларига кетишяпти. Ўзбекистонда йигирма йиллар аввал тўқилган “олти бошлар” ва “олтин қўллар” аллақачон чиқиб кетдилар, фақат “олтин тишлар” қолдилар, холос, мазмундаги латифа шу бугунги кунда ҳам одамларда аччиқ табассум келтириб чиқармоқда.

“Олтин тишлар” деб порахўр тўралар, фақат ўз чўнтагини қаппайтириш билан машғул ҳокимиятга яқинлашган одамларга айтилади. Улардан бирортаси чўзилиб кетган инқироздан чиқиш бўйича дастурлар устида бош қотирмайдилар. Шунингдек, улардан бирортаси ҳам ўз фарзандларининг келажагини Ўзбекистон билан боғламайдилар. Болаларини Европа ва АҚШга ўқиш ва яшаш учун жўнатаётганларнинг биринчи сафида давлат мулозимлалари туради.

Ўзбекистонда ёппасига эркинсизлик билан боғлиқ чуқур иқтисодий ва сиёсий инқироз давом этмоқда. Ўзбек халқининг энг фаол ва энг яхши вакиллари Ислом Каримовга керак эмас, боз устига – режим учун улар хавфли. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиёдаги биринчи хусусий банкни тузган Рустам Усманов 15 йилдан бери қамоқда ўтирибди. “Озод деҳқонлар” партиясининг лидери Нигора Ҳидоятова таъқиб ва қатағонлардан хавотирланиб мамлакатни тарк этди. Фермерлик ишини дўндириб қўйган Баҳодир Чориев АҚШ йўлларида катта юк машинасида юк ташиб юрибди...

Ҳамма кетаверса ёки турмаларда чириб кетаверса, вақт етиб келганида мамлакатни ҳалокатли иқтисодий жар ёқасидан ким олиб чиқади? Америкаликларми?..

“Фарғона.Ру” таҳририяти Санжар Умаровга ва унинг оиласига АҚШдаги бизнесига чин кўнгилдан муваффақиятлар тилаб қолади ҳамда унга ўхшаган кишилар ўз истеъдодларини ватанларида қўллай олмаётганидан афсусланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги