06:05 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Green Card учун сўровномани тўлдириб беришлик учун 5000 доллар

07.08.2014 10:36 msk

Тошпўлат Рахматуллаев

Самарқандда турли хусусий фирмалар вакиллари бўлмиш ёш йигитлар маҳаллама-маҳалла, корхона ва муассасалар, таълим, ўқув юртларини айланиб, одамларга Green Card лотереяларини тўлдиришни таклиф этиб юришяпти.

“Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилувчи ўзбекистонликларнинг аксариятини нега самарқандликлар ташкил этади?” деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Сўнгги йиллар ОАВ бу масалани кўп бора кўтарган. Чиндан ҳам, Ўзбекистонди Green Card лотереяси эгаларининг аксарияти самарқандликлар.

Асосий сабаблардан бири – Самарқандда жуда кўп одамлар Green Card лотереясида қатнашадилар. Самарқандда Green Card лотереясида иштирок этиш учун анкеталарни тўлдиришни таклиф этиб, маҳаллама-маҳалла, корхона ва муассаса, ўқув юртларини айланиб юрувчи кўплаб хусусий фирмаларининг вакиллари оз эмас. Анкетани тўлдириш бепул. Аммо фирма сиз билан шартнома тузиб, анкетага ютуқ чиққан тақдирда қанча мукофот пулини олишини келишиб олади.

Сўнгги икки ой ичида ҳам бизнинг маҳалламизга шунақа фирмаларнинг бир нечтасидан вакиллар келиб кетишди. Яқинда уйимга икки ёш йигит келди. “Агар истасангиз, сиз ва оилангиз аъзолари учун Green Card лотереяси бланкаларини тўлдириб берамиз. Бепул”, - деди улардан бири. “Ютсангиз, Америкада қонуний равишда яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўласиз. Доллар ишлаб келасиз”, - дея гапга қўшилди қўлида папка кўтарган шериги.

Қизиқиб суҳбатни давом этишга қарор қилдим. Лотереяда ютиш имконияти қанчалиги ҳамда агар ютуқ чиқса, хизмат ҳақига қанча беришим керак бўлишини сўрадим. Улардан бирининг айтишича, фирма бу йўналишда узоқ вақтдан бери ишлаб келади ва катта тажрибага эга. “Ўз ишимизни биламиз. Бизнинг ёрдамимиз билан кўпчилик Америкага боришди. Ҳар йили бир неча оила Green Card лотереясида ютадилар”. У агар ютуқ чиққан тақдирда фирма ҳар бир одамдан 5000 доллар олишини айтди. “Ҳаммаси қонуний, тегишли ҳолатда иккитомонлама шартнома имзоланади”, деди у.

Маълум бўлишича, хизмат ҳақи “арзонроқ” фирмалар ҳам бор экан. Бир неча танишларим мукофот пули 100 минимал иш ҳақига тенг сумма кўрсатилган шартномани имзоладилар. Бу тахминан кўчадаги курс бўйича 3200 долларни ташкил этади. Бир танишим эса бирданига иккита лотереяга ариза берибди: бири американинг Green Card лотереяси ва иккинчиси, воситачиларнинг тушунтиришича, “канаданинг Red Card – Diversity Visa (RC-2015)”. Фирма вакиллари мижоз учун иккита шартнома туздилар, уларнинг ҳар бири 100 минимал иш ҳақига тенг.



Шартномага эътибор беринг, у жуда ажабтовур. Биринчидан, Канадада Америкадаги сингари виза лотереяси йўқ. Иккинчидан, Diversity Visa – америка лотереяси шунинг учун ҳам унинг анкетасини “Канада иммиграция сиёсатига мувофиқ” тўлдириш мумкин эмас, Канадада бунақанги иммиграция дастури йўқ. Бундан ташқари, Diversity Visa (RC-2015) тушунчанинг ўзи йўқ, фақат Diversity Visa (DV-2015) бор. Воситачилар қанақа анкета тўлдирганлари жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Самарқандда воситачи фирмалар ҳаддан зиёд кўп. Улар навбатдаги лотерея натижалари чиқадиган май ойини сабрсизлик ила кутадилар. Мижозлари орасида ютуқ эгалари борлиги уларни чексиз шодлантиради. Чунки “ютуқ эвазига пул” ярим криминал схема амалга оша бошланади.

Лотерея шартлари

Аслида “Грин-кард” лотереясида иштирок этиш мутлақо бепул. Ютуқ чиққанида виза учун 165 доллар тўлашингиз керак, холос. Бироқ лотерея ташкилотчилари ютуқ автоматик равишда Грин-кардга эгаликка олиб келмаслигини қайта-қайта таъкидлаб келадилар. Ютуқ эгаси аввалига АҚШ консуллигида суҳбатдан ўтиши, бундан аввал барча тасдиқловчи ҳужжатларни тўплаши лозим. Ютуқ асосида сизга виза берилишига ҳеч қанақа кафолат йўқ.

Лотереяда иштирок этувчилар ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлишлари (ёки сўнгги беш йил давомида кам деганда икки йиллик таълим асосида ишлаши мумкин бўлган лавозимни эгаллаши) лозим, бу маълумотларнинг бари ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарт. Бундан ташқари, суҳбат давомида сиз Америкага бориб олиб давлатдан нафақа олишга умид қилмаслигингизга ишонтира олишингиз зарур, демак АҚШга борганингизда кам деганда бир йил давомида ҳаёт кечиришга етарли маблағга эга бўлишингиз керак.

Гарчи “грин-кард” ютуғи чиқса ҳам, АҚШга киришига йўл қўйилмайдиган сабаблар рўйхати мавжуд (жиддий юқумли касалликлар, психикадаги оғишлар, наркомания, жиноий ўтмиш ва бошқалар). Лотерея ташкилотчилари: “Пул мукофоти эвазига green card лотереясида ютуқ кафолатлаётган шахсларга ишониб ўтирманг, - дея огоҳлантириб келадилар. - Ютуқни компьютер томонидан тасодифий рақамларни танлаш воситасида аниқланади. Компьютер эса пора олмайди”.

Воситачилар ва умидлар

Шунга қарамай,Самарқандда воситачи фирмалар гуркираб-яшнаяпти. Афсуски, ҳозирги шароитларда кўпчилик уларнинг хизматига муҳтож. Ҳамма ҳам инглиз тилида он-лайн режимида ариза беришга қодир эмас. Аризачининг фотосуратига нисбатан қўйилган талабларни ҳам ҳамма тушунавермайди.

Воситачи фирмалар ютуқ чиққан одамларда консулликдаги суҳбатда кам деганда икки марта қатнашиш ҳуқуқи борлиги ҳақида огоҳлантирадилар. Бундан ташқари, фирма мижозларга молиявий жиҳатдан муҳтож эмаслигини исботлашга далилларни тўплашга ёрдам бермайди. Одамлар ҳомийларни ўзлари истаб топадилар ёки процентга қарз оладилар.

Воситачи фирма лотерея натижалари эълон қилиниши билан ўша заҳотиёқ шартномада кўрсатилган пулларни берилишини талаб қилади: акс ҳолда, улар юутуқ эгасига АҚШдан келган хатни бермайдилар ва онлайн-ариза кодини айтмайдилар.

Яқинда бир танишимни учратиб қолдим. Кўринишидан нима қилишини билмай, саросимага тушиб қолганга ўхшади. “Унга нима бўлди экан?” деган фикр ҳаёлимдан ўтди. Чунки бир неча кун илгари учрашганимизда у мени қучоқлаб: “Мени табрикланг, “Грин-карда” ютуғи чиқди менга”, деганди. Маълум бўлишича, анкетасини тўлдириб берган фирма ундан 10 миллион сўм пул ва 100 доллар суюнчи талаб қилаётган экан.

Воситачи фирма пулни олиб, ютуқ эгасига АҚШ консуллигидан келган ҳужжатлар пакетини тўлдиришга ёрдам беради. Фирма ютуқ эгаларининг ҳаммаси ҳам виза ололмаслиги мумкинлиги ҳақида олдиндан огоҳлантиради.

Яқинда шунақа гапларни эшитдим: тўрт кишидан иборат оила: эр-хотин ва икки фарзанд номига ютуқ чиққан бўлиб, улар текширувнинг барча босқичларидан ўтгунларига қадар 12 минг доллар сарфлаган экан. Аммо сўнгги суҳбатда бу оилага виза бермаслик тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарор узил-кесил бўлиб, устидан шикоят қилиб бўлмайди. Аммо Самарқандда барибир виза учун 15-20 минг доллар тўлашга тайёр одамлар топилади. Уларнинг АҚШга бориш учун “грин-кард”дан бошқа йўллари йўқ.

Бироқ АҚШга кетишни истаган самарқандликларнинг аксариятида воситачиларга тўлайдиган катта пуллар йўқ. “Шунча пулни қаердан оламан?, - дейди шунақа ютуқ эгаларидан бири. – Кўнгилдан чиқариб 500 доллар беришим мумкин...”

Тошпўлат Раҳматуллаев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги