06:04 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкент онкология диспансерига янги жиҳозлар ва молиявий текширув керак

05.08.2014 20:24 msk

Фарғона

Тошкент шаҳар онкология диспансеридаги “Medison” русумли Даққиюнусдан қолган УЗИ-аппарати

Тунда тизила бошланадиган тийиқсиз навбатлар, болаларнинг йиғиси, жанжал, шовқин-сурон Тошкент онкология диспансери учун одатий ҳолга айланиб бўлди. Текширувдан ўтиш учун доим етишмайдиган талонлар берадиган рўйхатхона туйнуги олдида одамларнинг кўплигидан даҳшатга тушиб қолиш мумкин.

Айни пайтда онкология диспансерида ғайриоддий сукунат ҳукм сурмоқда: муассаса 1 августга қадар чўзилиши режалаштирилган тозаловга тўхтатиб қўйилган. Фақат радиология бўлими одатдаги тартибда ишлаяпти, негаки нур терапияси муолажаларини тўхтатиш қатъий тақиқланган. “Саратон корпуси” меҳнат жамоасига санитария-тозалов ишлари ниҳоясига етгунига қадар “ўз ихтиёрлари билан” ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзишга буйруқ берилган. Раҳбарият банкда ойлик иш ҳақи тўлаш учун пул маблағлари йўқлигини баҳона қилиб персонални ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбур қилди. Фақат санитаркалар қолди, холос.

Ўз иш хоналарининг моддий-техникавий таъминотини ва ҳатто таъмирлаш ишларини ҳам ўз зиммасига олган медицина ходимларининг кўпчилиги, гарчи икки ҳафталик ишсизлик уларнинг чўнтагига зарар келтирса ҳам, тилларини тийиб юрибдилар. Аммо муҳтамал босимларга ва таҳликаларга қарамай, клиникада юзага келган вазиятдан норози бўлган саноқли довюраклар жамоатчиликнинг эътиборини чидаб бўлмайдиган ҳолатларга қаратишга уринмоқдалар.

Таъмир шифокор ҳисобидан дегани – беморлар ҳисобидан дегани

Ташқаридан олиб қараганда ҳаммаси жойида деб ўйлайсиз – клиника раҳбарияти “тер тўкиб” беморларнинг фойдасига ҳаракат қилаётгандек. Бўлимлар корпусларида яқинда таъмир ўтказилгани сезилмоқда, аммо бу ишларнинг каттагина қисми мутлақо медицина ходимларининг кучи билан амалга оширилган. Ахир давлат муассасасида таъмир ишлари учун бюджетнинг махсус белгиланган харажатлар банди борку.

Аммо раҳбарият бевосита масъул бўлган таъмир ишларидаги камчиликлар яққол кўриниб турибди. Мисол учун, функционал ташхис бўлимида (ФТБ, клиниканинг юрани саналади) ремонт ишлари тугаши билан шифтларнинг баъзи жойлари кўчиб тушди – яхшиям қулаб тушган синиқлар ҳеч кимга жароҳат етказмади. Куни-кеча ҳам шифтнинг кроватга тенг очилиб қолган туйнугини ёпиб қўйдилар. Шунингдек, ходимлар ўз чўнтакларидан куйиб кетган 2 миллион сўмлик тақсимот шчитини қайта тиклаб олдилар...

Суҳбатдошларимиз айтишича, тез кунлар ичида бўлимда иссиқлик коммуникацияларини ётқизиш бўйича ишлар ҳам тиббиёт ходимларининг ҳисобидан амалга оширилади. Шундан кейин дўхтурларнинг барча харажатларини беморлардан ундиришга уринишларидан ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверади. Кўпчилик таъмир ишлари эвазига иккита УЗИ хонаси ўрнига учтаси ишлай бошлаганини ютуқ сифатида баҳоласа бўлади, деб ҳисоблаяптилар. Аммо қизиғи шундаки, УЗИ ўтказишга тизилган навбатлар камаймасдан, аксинча кўпайиб кетди.

Касалга чалинишларнинг ўсиши

Шаҳар онкология маркази эшигидан ҳатлаб ўтишингиз биланоқ “бу ерда беморлар паша каби соғайсалар керак...” деган фикр ҳаёлга келади. Кунига 20-30 нафар беморда ташхис текширувларини ўтказилиши мўлжалланган клиника рўйхатга олиш туйнуги олдида икки ва ҳатто уч баробар кўпроқ одамларнинг тўпланиб турганини кўрасиз. Ва бу ҳолат кўп йиллардан бери давом этиб келмоқда.

Метастазалар қийнаётган беморлар ҳам тунги соат учда келиб навбатндан жой олишга ҳаракат қиладилар. Шаҳар клиникаси дея номланишига қарамай, беморларнинг кўпи вилоятлардан келган. Касаллик тарихи ёзилган варақнинг нишона варағи четида “бош врач рухсати билан” деган ёзувга кўзингиз тушади. Анкетада беморнинг яшаш манзили эмас, унинг қандай қариндошлари борлиги, қаерда ва қанақа лавозимларда ишлаши тўғрисида маълумотлар кўрсатилган...

Тошкент шаҳар онкология маркази бош врачи поффессор Мирза Ғофурохунов томонидан матбуотда очиқланган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда (2012 йил ҳисоби бўйича) 100 мингдан зиёд бемор онкология рўйхатига олинган. Улардан деярли 20 минги кўкрак бези саратонига чалинган. Ўзбек аёллари орасида кўкрак саратони биринчи ўринда туради: 100 минг аҳолига нисбатан 9 минг (одатда расмий маълумотлар ҳақиқийсидан камайтириб кўрсатилади).

Шу билан бирга, нисбатан ривожланган Коеряда бу кўрсаткич 100 минг аҳолига 36 мингни ташкил этади. Бу Ўзбекистонга нисбатан 4 баробар кўп!

Қашшоқ шаҳар диспансери

Тошкет клиникасининг обрўли мутахассисларига кўра, агар клиника раҳбариятининг беморларга муносабати палапартиш бўлмаганида, кўрсаткичлар бундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин эди.

Қизиғи шундаки, мамлакатдаги онкология йўналишида фаолият юритаётган муассасалар рўйхатида Тошкет шаҳар диспансери юқори технологияли диагностика жиҳозлари билан таъминланганлик бўйича охирги ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Мутахассисларнинг даққиюунусдан қолган аппаратларни ишлатишдан бошқа чоралари йўқ, ҳолбуки бу аппаратларда жиддий паталогияларни ўтказиб юбориш таҳликаси мавжуд.

Диспансерга ваъда қилинган замонавий жиҳоз ва аппаратлар негадир шу чоққача етар манзилини топа олмаяпти. “Ҳеч бўлмаса, келаси йилгача келса, яхши бўларди”, - дейишади. Гап ультратовушли текширувлар учун сув билан ҳаводек зарур бўлган “ақлли” сканерлар, эндовизуал диагностик жиҳозлар, рентген аппаратлари ҳамда компьютер томографи ҳақида кетмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу жиҳозлар бошқа услубдаги дикагностика аниқлай олмаган дардларни топиш имкониятини беради.

Шаҳар онкология диспансеридаги жиҳозларни Республика ва Вилоят марказидаги жиҳозлар билан қиёслаб бўлмайди. Республика марказининг ўзида саккизта энг янги ультратовушли текширув кабинетлари мавжудлигини айтиш кифоя! Тошкентда хусусий клиникалар ҳам бор, уларда энг янги импорт жиҳозлари ўрнатилган. Амо у ердаги ярим соат давом этадиган УЗИ текшируви учун 150 минг сўм ($50) тўлаш керак. Шунинг учун ҳам бойлиги билан мақтана олмайдиган аҳоли учун бепул текширувларнинг долзарблиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади.

Пулларни кассага қайтаринг

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, онкология диспансерининг тозаловга ёплишига бир неча кун қолганида қорин бўшлиғида метастазалар кучайиб кетган беш ойлик чақалоқнинг оғир аҳволи билан боғлиқ фавқулодда ҳодиса юз берди. Болани Республика онкология марказидан унинг яшашига умид йўқ, дея қайтариб юбордилар, аммо унинг отаси боламни тезда операция қиласизлар деб бу ерга олиб келди. Операция натижа бермайди, деган гапларга қулоқ солишни ҳам истамаган, умидсизликка тушиб қолган ота жанжал кўтариб аввалига ўз хотинини калтаклади, кейин эса ҳамшираралардан бирини уриб, қўлига қаттиқ жароҳат етказди. Ақли-ҳушини йўқотиб қўйган отани милиция ёрдамида тинчлантирдилар, бояқиш болакай эса жанжалнинг эртаси куни вафот этди...

“Агар бош врачимиз оз бўлса ҳам ходимлари ҳақида ўйлаганида, хавфсизлик чоралари учун пулни аямаганида, бу воқеа содир бўлмас эди, - дейишади суҳбатдошларимиз. – бош врач қўл остидаги ходимларини бир тийинга олмайди, аммо қудратли ҳоким тўралар олдида ипакдек эшилади”.

Уларнинг айтишича, Ғофурохунов ўзини шунақа тутадики, унинг ходимлари бош врачнинг хулқи устида шикоят қилишни ҳаёлларига ҳам келтира олмайдилар. Бухгалтернинг бир оғиз “сизларга нотўғри маош ёзилиб қолибди, фарқини қайтариб беринг” деган сўзи билан одамлар ҳатто бир-уч миллион сўмгача бўлган пулларни қайтариб беришяпти. Ҳозир ҳам кўпчилик ходимлар навбатдаги афсонавий 28 миллион сўм “қарзни” қайтариб бериш тўғриидаги талабни ташвишланиб кутиб туришибди.

Чаласваод бухгалтерларнинг хатоси учун нега онкология диспансери ходимлари товон тўлашлари керак, дейдиган одамнинг ўзи йўқ. Чунки бунинг жавоби битта – “ишлашни истамасанг – аризангни ёз...”

Профессионал бўлиб қолиш учун ҳам жасорат керак

Меҳнат жамоасининг аксарияти онкология диспансери бош врачи ўтказаётган сиёсатдан норози, аммо улар индамай аламини ичига ютиб юришга мажбур. Аммо улиникада ўзбошимчаликка қарши туришга журъат қиладиган саноқли одамлар ҳам бор. Кўп йиллик тажрибага эга ФТБ ҳамишраси Марина Пронина шундай инсонлар жумласидан.

“Касалхона йўлакларида беморлар тиқилинчда шифокорларни кутиб турган пайтда нега энди даволовчи персонал бош врач буйруғи билан клиника ҳовлисини супуриши керак?, - дея аччиқланади Марина. – Иннакейин, нега бизни ўз ихтиёримизга қарши равишда иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқариб юборадилар, қонунда шу нарса борми? Шахсан мен аризага ўз ихтиёрим билан эмас, тозалов муносабати билан мажбуран таътилга чиқиб кетяпман деб ёздим. Ўтган йили ҳам пахтага боришдан бош тортганимда, мендан бир қанча пул талаб қилишди. Мен ўз аризамада 130 минг сўм пулни ўрнимга мардикор ёллаш учун беряпман деб ёздим. Шунда негадир мендан пул олишдан бош тортдилар, кўринишидан бошлиқларга ёзганларим ёқмади”.

Марина Пронина шаҳар санитария-эпидемиология станцияси назоратчиларининг гўё учта пақир ва швабранинг йўқлиги учун 90 минг сўм жарима тўлаш тўғрисидаги талабининг ишонч билан рад этиши ҳам раҳбарларга ёқмагани аниқ. Маринанинг “Жаримага тортиш тўғрисидаги суд қарори қани?” деган саволи жавобсиз қолди. Уни тинч қўйдилар, аммо “жарима”ни бошқа беозор, ювош ҳамширага илиб қўйдилар.

Тунги навбатчиликдан чиққан ҳамшираларни ҳовли ва кўчани супурушга, ариқ четидаги ўтларни юлишга мажбур қилгани учун Ғофурохуновни орқасидан ходимлари “шанбалик” деб лақаб қўйиб олишган. Ҳокимиятдан қандайдир текширувчилар келяпти экан деган баҳона билан дам олиш кунларида шанбаликка чиқишга мажбур қилиши ходимларни жуда ҳам энсасини қотиради. Раҳбариятдан нега энди фаррош ёки боғбон штатига одам олинмаяпти деб сўрайдиган одам йўқ.

Ҳамишраларнинг ўртача ойлиги 300-350 минг сўм, (улар иш учун зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, медицина халатларини, қалпоқчаларни ўз пулларига сотиб оладилар), лекин шунга қарамай, улардан гул кўчатлари учун пул йиғадилар. Ҳатто қашшоқ санитаркалардан ҳам... “Менга таъна қила оладиган ери йўқ – мен клиникадаги ходимларнинг, шунингдек, беморларимизнинг конституциявий ҳуқуқларига риоя қилинишини, қонуннинг ҳар бир бандини ижро этишларини истайман, - дейди Пронина. – Бизда ҳатто касаба уюшмаси ҳам гапира олмай жим туради, бунақа профоюзнинг нима кераги бор? Шунча текширувлар давомида бирорта шубҳали нарса аниқламаганлари эса кишини ҳайратга солади. Беморлардан, бизлардан сўрашлари керак эди, четдан туриб кузатганларида ҳамма нарса аён бўларди”.

Маринанинг ҳамкасблари айтишича, ўз ишининг моҳир устаси ва обрўси баланд бўлишига қарамай, уни бир неча бор “шанбаликда иштирок этишдан бош тортгани”ни сабаб қилиб ишдан бўшатишга уринишди. Ҳатто уч марта умумий мажлис уюштирдилар, аммо мақсадларига эриша олмадилар. Пронина “қонунларни жуда яхши билгани” устига у барча аризаларини алоҳида папкага тикиб келмоқда. Бир кун керак бўлишига ишончи комил. Уларнинг орасида иш берувчининг ажабланарли резолюциялари қўйилган намуналар ҳам бор. Пронинага кўра, агар бу ҳужжатлар тегишли органларга тушиб қолса, раҳбариятнинг тинчи йўқолиши аниқ.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги