08:10 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Одам ўлимига олиб келган автопойгани уюштирган милиционер етти йилга қамалди

04.08.2014 13:04 msk

23 июль куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди Тошкентда маст ҳолда патруль машинасини бошқариб уч нафар пиёдани уриб кетган ҳамда олинган жароҳатлардан икки кишининг ўлими учун сабабчи бўлган милиционерга етти йилга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарди. Маънавий ва моддий зарарни қоплаш сифатида суд жавобгар томонга жабрланганларнинг фойдасига 13 миллион сўм товон пули тўлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Эслатиб ўтамиз, гап роппа-роса уч ой олдин ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилишига сабаб бўлган йўл-трансспорт ҳодисаси бўйича чиқарилган ҳукм ҳақида кетяпти. 2014 йил 23 апрель куни туман патруль-пост хизмати ходимлари ўтирган машина йўлдан ўтмоқчи бўлган оилани босиб кетди. Беш ёшли Кристина ўша жойнинг ўзида жон берди, тоғаси Дмитрий Курбатов бир неча кун ўтиб касалхонада хушига келмай вафот этди. Кристинанинг онаси ҳомиладор Людмила Горбанова тирик қолди, аммо у ҳануз жиддий жароҳатлардан азият чекмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисаси Учтепа тумани ҳокимлиги биноси ёнида содир бўлди: рулни бошқариб келаётган милиционер маст бўлиб, оёғида зўрға тургани етмагандек, ҳодиса содир бўлган жойга етиб келган жабрланганларнинг қариндошини чангитиб сўкиб берди – буни ўша ерда тўпланган кўплаб воқеа шоҳидлари тасдиқладилар. Гувоҳларнинг айтишича, ЙТҲ содир бўлган ерга етиб келган милиционерлар ҳар қанақасига ўз ҳамкасбини химоя қилишга ҳаракат қилиб, воқеа шоҳидлари ва жабрланган томон қариндошлари билан қўпол муомалада бўлдилар. Бироқ гувоҳларнинг милиционерлар билан тортишувини видеога ёзиб олган одамлар тасвирни Интернетга чиқариб юбордилар ва натижада бу ҳодиса кенг жамоатчиликка ошкор бўлди. Шунинг учун ҳам ишни босди-босди қилиб юборишнинг иложи бўлмади.

Аварияга гувоҳ бўлган одамларнинг айтишича, милиционерлар иккита патруль машинасида йўлнинг қатнов қисмида катта тезликда пойга уюштирдилар. Одам босиб кетиш учун айбдор Толипов ҳамкасбларининг машинасини обгон қила туриб, йўл қоидасини бузган ҳолда йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетди... “Фарғона” агентлиги ушбу ЙТҲ ҳақида “Ўзбекистон: Йўлдаги ҳалокатли пойга учун ким жавоб беради?” дея аталувчи мақоласида ҳикоя қилганди. Кейин бўлса милиция ва айбдорнинг оиласи ҳалок бўлганнинг оиласига марҳумларнинг қабрига гулчамбар ва хоч қўйишга етадиган пул бериш билан чекланди...

2014 йил 15 июль куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Судья Нилуфар Дадабаева раислигида ушбу иш бўйича суд тингловлари бошланди. Айбланувчи – 22 ёшли ППХ ходими Бахтиёр Толипов. У ўз айбига иқрор бўлди, аммо унинг ўзи ва қариндошлари зўр бериб ишонтиришича, гўё жабрланувчиларнинг ўзлари машинанинг остига ташланганлар.

Бундан ташқари, экспертиза негадир ППХ машинаси бор-йўғи 50 километр тезликда ҳаракатланган, деган хулоса чиқарди, ҳолбуки воқеа шоҳидлари ва олинган жароҳатларга баҳо берган мутахассисларнинг таъкидлашича, “Нексия” 100 километрдан кам бўлмаган тезликда келган. Қизиғи шундаки, авария сабабчиси фақат 72 соатдан кейин қўлга олинган, унинг қони таркибида алкоголь миқдорини аниқлаш учун таҳлил қачон қилингани ҳам номаълум бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам бу ҳолат адвокат ва айбланувчининг қариндошларига судда жўровоз билан Бахтиёр авария содир бўлган пайтда юз фоиз хушёр эди, дея таъкидлашга имконият берди. Гўё содир бўлган воқеадан қаттиқ руҳий изтиробга тушиб қолган Толиповнинг оёқлари кўтармай қолгани учун ўша куни уни уйига қўйиб юборишган эмиш...

Суд мажлисида иштирок этган одамларнинг айтишича, Толипов қариндошларининг жазавали хулқи туфайли суд мажлиси ўта таранг кайфиятда ўтган. Жавобгар томон ўтирган ерида тинмай бақириб, қандайдир ҳақоратли луқмаларни ташлашар, судга ҳалақит бериб, жабрланганларнинг қариндошлари жиғига тегишар эди. Бу ишда авария сабабчисининг амакиваччаси бўлмиш 23-25 ёшлардаги йигит жонбозлик кўрсатди. Кўринишидан ҳарбий бўлган бу йигитнинг исмини эслаб қолишнинг иложи бўлмади. Толиповнинг ўзи эса аксинча, илк бор пушаймон бўлганини билдириб, жабрланганларнинг яқинлари ва қариндошларидан кечирим сўради.

“Судья Нилуфар Дадабаеванинг сабрига, босиқлигига раҳмат, у бутун суд мажлиси давомида бизга, шу жумладан, адвокат Юсуповга дўқ-пўписа қилиб ҳақоратлаган безорини мунтазам равишда тартибга чақириб келди, - дейдилар жабрланганларнинг қариндошлари. – Умуман олганда, судья уни залдан чиқариб юбориши керак эди – унинг жазавага тушиб сўкинаётганини, Горбанов-Курбатовлар оиласига ҳақораталар ёғдиришини кўриш, томоша қилиш жуда ҳам кўнгилсиз эди. Тасаввур қилинг, у жабрланганларнинг қариндошларига намойишкорона ўрта бармоғини кўрсатиб ўтирди... Ҳукм ўқиб эшиттирилганида эса у бутун залга эшитиладиган баланд овозда судни бизга “сотилганликда” айблади”.

Жабрланганларнинг қариндошлари, судга таклиф этилган гувоҳлар одам ўлдириш билан боғлиқ жиноят учун (гарчи қасддан бўлмаса ҳам) етти йил қамоқ муддати оз деб ҳисобламоқдалар. Бундан ташқари, икки киши (ёш она Людмила Горбанова ва унинг янги туғилган чақалоқ қизи) узоқ вақт давомида реабилитация муолажаларини ўташлари зарур.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”га оид 226 моддасида, агар “Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша қилмиш:

а) одамлар ўлимига; б) ҳалокатга; в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, дейилган.

Кўриниб турибдик, етти йил бу модда бўйича кўзда тутилган энга катта жазо эмас. Бундан ташқари, Толипов тез орада амнистия бўйича озодликка чиқиши ҳам мумкин.

“Фарғона” агентлиги жабрланган оиланинг кейинги тақдири ортидан диққат-эътибор билан кузатиб боради.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги