16:53 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон бюджетидан йилига 15 миллиард доллар қаерга йўқ бўлаяпти?

24.07.2014 17:31 msk

Пўлат Ахунов

Аввал ёзганимиздек, давлат харидлари учун ажратилган маблағлар, коррупциячи-мансабдор шахслар учун қимматбаҳо совға кабидир. Сабаби, давлат харидларини амалга ошириш имкониятини қўлга киритган коррупциячи - мансабдор шахс, ўзига қарашли сотувчи билан олдиндан келишиб олиб, тузилган шартнома учун катта пул ёки бошқа ноқонуний мукофот олиши мумкин.

Давлат харидлари нима? Давлат харидлари - бу давлат идораларининг фаолиятини таъминлаш ва давлат ўз вазифаларини бажариши учун давлат бюджети ҳисобидан сотиб олинадиган товарлар, бажариладиган иш ва хизматлардир.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарход Нурмухамедовнинг давлат харидлари масаласига бағишланган, 2013 йилнинг 1 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган семинарда таъкидлашича, Ўзбекистоннинг давлат харидлари ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 11 фоизни ташкил қилар экан.

Ялпи ички маҳсулотимизнинг 11 фоизи салмоқли маблағ, айнан шунинг учун ҳам бу тизимдаги коррупция хатари ўта юқори даражададир.

Давлат харидлари масалаларида коррупция тажовузини камайтириш учун барча давлат харидларини марказлаштирилган ва қонунчилик органи белгилаб берган тарзда олиб борилиши, зарурий шартдир. Шунингдек бу тизим фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

"Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш Фонди"ни бу масалада ўтказган тадқиқотларига кўра, давлат харидлари масаласида ватанимизда чалкашлик ва эътиборсизликлар ҳукм сурмоқда. Бу вазифани амалга оширишни тўлалигича мансабдор шахсларнинг ихтиёрига топшириб қўйилиши билан, табиий равишда, коррупциячи ва порахўрларга қулай шароитлар яратиб берилган.

Бугунги кунга келиб, давлат харидлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида бошқарилмоқда. Шунингдек турли хил бюджет ташкилотларининг давлат харидларини амалга оширадиган кўп сонли ички қарор ва буйруқлари ҳам мавжуд.

Бир сўз билан айтганда,Ўзбекистондаги давлат харидлари тизими нотўғри ва оёғи осмондан қилиб ташкил этилган. Ҳукумат - яъни давлат учун харидларни амалда бажарадиган ижрочи мансабдор шахслар, давлат харидларига тегишли қонун ва қоидаларни айнан ўзлари белгилашмоқда. Республикамиз Асосий Қонуни (Конституцияга) кўра, ҳукумат тарафи бўлган ижрочи мансабдор шахслар, қонунчилик ҳокимияти бўлган Олий Мажлис тарафидан чиқарилган қонун асосида давлат харидларини амалга оширишлари шарт. Лекин афсуски бугунги кунда қонун чиқарувчилар давлат харидларини назорат қилиш ва тартибга солиш ишларида умуман қатнашмаяптилар.

Бу масалани энг ҳайрон қолдирадиган ва шубҳали тарафи шундаки, бугунги кунгача Ўзбекистонда «Давлат харидлари тўғрисида» қонун қабул қилинмаган, ҳолбуки бундай қонун Қирғизистонда 2004 йили, Тожикистонда 2006 йили ва Қозоғистонда 2007 йилда қабул қилиниб амалга киритилган. Бизда эса фақат 2014 йилнинг февраль ойидагина Ўзбекистонда «Давлат харидлари тўғрисида» қонун лойиҳаси устида иш бошланганлиги тўғрисида қувончли хуш хабар тарқатилди.

Ўзбекистонда «Давлат харидлари тўғрисида» қонун ўрнига бугунги кунда бу жараённи бошқараётган ҳужжатларнинг асосийлари қуйидагича:

- “Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги қарори;

- “Тендер савдоларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 ноябрдаги қарори;

- “Капитал қурилишда танлов савдолари тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июлдаги қарори;

- “Товар хом ашё биржалари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 31 майдаги қарори;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 февралдаги “Давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш ва уларга кичик бизнес субъектларини жалб этишни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори;

- “Давлат харидларини ташкил этишга доир норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 апрелдаги қарори.

Демак, давлат харидлари жараёнини марказлаштирадиган ва тартибга соладиган қонунинг йўқлиги, бу масалада чалкашлик ва ўта тартибсизликлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Гап 15 миллиард доллардан ортиқ миқдор ҳақида кетаётганлигини ҳисобга олсак, коррупциячи-мансабдор шахслар учун юқорида айтилган чалкашлик ва ўта тартибсизлик қандай қулай шароит яратиб бераётганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. 15 миллиард доллар рақами давлат харидлари, Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмига нисбатан 11 % ташкил қилишидан ҳисоблаб чиқилган, Жаҳон банкининг маълумотига кура 2013 йили Ўзбекистоннинг Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми, харид қобилияти паритетини ҳисобга олган холда 156 миллиард долларни ташкил қилган. Бу маълумот Жаҳон банкининг расмий интернет саҳифасидан олинган.

Харид қобилияти паритети - бир ёки бир нечта турли мамлакат пул бирликлари, яъни валюталарининг маълум бир ўрнатилган товарлар ва хизматларни харид қилиш қобилиятига қўлланадиган нисбатдир.

Тасаввур қилиб кўринг, охирги 10 йил ичида, давлатимиз бюджетидан, тегишли қонунчилик назоратисиз, мансабдор шахслар кулига 120 млрд. доллардан зиёд маблағ бериб қўйилган (бу ерда Ўзбекистоннинг 2004 - 2014 йиллар давомидаги ўртача ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳисобга олинган). Бу пуллар нима мақсадларда сарфланганлигини ва пулларнинг қанчаси коррупциячи мансабдор шахсларнинг чўнтагига тушганлигини ҳозир ҳеч ким аниқлай олмайди.

Коррупциялашган мансабдор шахсларга, давлат харидлари масаласидаги бундай чалкашлик жуда қулай ва улар "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинишига қўлларидан келганича қаршилик қилишади. Ваҳоланки Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, ижрочи ҳокимиятни назорат қиладиган ва улар учун қонун ва қоидаларни белгилаб берадиган қонунчилик органимиз Олий Мажлис мавжуд, аммо халқимиз номидан иш олиб бораётган депутатларимиз бу масалада қандай ишлар қилишмоқда?

Республикамиз Қонунчилик палатасининг, давлат харидларига тегишли фаолиятига эътибор берсак, бу фаолият қуйидагича бўлган:

- 2012 йил 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Давлат харидлари шаффофлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари: ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

- 2012 йил 12 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш: ҳуқуқий асос ва халқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

- 2014 йил 14- 16 феврал кунлари, Тошкент вилоятида Идоралараро ишчи гуруҳнинг кўчма мажлиси бўлиб ўтди, мажлисда "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг дастлабки варианти муҳокама қилинди.

Ана халос, Ўзбекистон 23 йилдан бери мустақил, лекин шу давр ичида республикамиз қонун чиқарувчилари ва экспертлар, давлат харидлари тўғрисидаги қонун масаласида фақатгина учта тадбир ўтказишибди, натижада эса на қонун ва на қонунинг якуний лойиҳаси бор.

Олий Мажлиснинг қонунчилик палатасининг фаолияти, аслида алоҳида бир мақола учун мавзу, лекин депутатларнинг фаолиятига оид бўлган баъзи нарсаларни айтиб ўтиш лозим деб ҳисоблайман.

Қонунда белгиланишича Олий Мажлиснинг қонунчилик палатаси ўз ишини доимий тарзда олиб бориши керак, бу дегани депутатлар давомли равишда Тошкентда бўлиб қонунлар устида иш олиб боришлари керак. Амалда эса депутатлар қилиши керак бўлган ишни Олий Мажлис ва Президент аппаратининг ходимлари бажаришади. Депутатлар эса ижроия ҳокимияти тайёрлаб берган қонунлар учун қўл кўтариб тасдиқлаш мақсадида бир неча кунга Тошкентга келишади ва кейин яна "пок виждон" билан уйларига қайтиб кетаверадилар. Лекин бугунги кунга қадар, бирор маротаба депутатлар ёки парламентдаги партиянинг фракцияси ҳукумат ва ижрочилар таклиф қилган қонун ёки бюджет лойиҳасини танқид қилишганини ёки унга ўзгартиришлар киритганини ҳеч ким билмайди ва ҳеч ким кўрмаган.

Энг ачинарлиси, коррупцияга қарши кураш, давлат харидлари ёки бошқа халқ учун жуда муҳим бўлган қонунларни зудлик билан қабул қилиш ва амалга киритиш учун иш олиб борган, керак бўлса кураш олиб борадиган депутатлар умуман йўқ.

Қани халқимиз орасида машҳур бўлган депутатларимиз? Ахир бир вақтлар халқ орасида таниқли, номи чиққан Шоврух Рузимородов, Мурод Джўраев, Джахонгир Маматов, Насрулло Сайидов, Тоиба Туляганова, Самандар Қўқонов каби депутатлар бор эди, уларни ўрнига келган бугунги депутатлар ҳам халқ ва давлатимиз манфаатларини ўйлаб иш қилишлари керак эмасми?

Қонунчилик палатаси таклиф қилаётган экспертлар ўзининг билими саёзлиги билан одамни ҳайрон қолдиришмоқда. Бу экспертлар асосан бошқа давлатларнинг қонунларидан нусха кўчириш билан бандлар, кўчирганда ҳам майли, лекин кўчириш вақтида Ўзбекистон шароитига мослаш учун қонунларда мавжуд бўлган энг яхши ва муҳим қисмларини олиб ташлаб, қонунинг асосий ғоясини барбод қилишмоқда.

Қонунчилик масалаларида Ўзбекистонинг энг машҳур расмий эксперти бугунги кунда Акмал Саидовдир (Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори). Акмал Саидовни яхши биламан, 1990 йили у билан биргаликда ёшлар иттифоқини ислоҳ қилиш ишларини бошқарган эдим, уни жуда ақлли ва қобилиятли инсон сифатида биламан, аммо бугунги кунда унинг қобилияти халқ фойдасига сарф қилинмаяпти.

Ҳукуматимиз ва парламентимизга албатта экспертлар керак, айниқса яқин келажак ичида бундай экспертларга муҳтожлик яна ҳам ўсиб боради. Давлатимизга зарур бўлган экспертларни бири сифатида таниқли иқтисодчи, тарихчи ва журналист Алишер Таксановни мисол сифатида келтириш мумкин. Унинг мақола ва чиқишларида давлатимиз ва халқимизни ҳаётини яхшилаш йўлида қилиниши керак бўлган қадамлар ва ислоҳотлар масаласида жуда юқори савиядаги фикрлар ўртага ташланмоқда.

Хуллас, агар Олий Мажлис қонунчилик палатасининг иши шу тарзда давом этадиган бўлса, яқин орада “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида” ва бошқа халқимиз ва давлатимиз учун ўта муҳим бўлган қонунлар яқин орада қабул қилинмаслиги аниқ, бу эса ўз навбатида порахўр ва коррупциячи мансабдор шахсларнинг давлатимиз бюджетидан откатлар ва бошқа ҳийла-найранглар ёрдамида ўғрилик ва қаллобликларни давом этишига олиб келади.

Бизнинг “Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш Фонди”миз, давлат харидлари масаласида зудлик билан тартиб ўрнатиш учун чора тадбирлар кўрилиши лозим деб ҳисоблайди, чунки гап ўзбек халқига тегишли бўлган йилига 15 миллиард доллар ҳақида кетяпти!

Пўлат Ахунов, “Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш Фонди”нинг асосчиси ва раҳбари



 

Реклама