14:34 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Журналист Сид Янишев Тошкентда бузилаётган уйлар тўғрисида мақоласи учун судланади

28.06.2014 10:26 msk

Фарғона

Суратда: Сид Янишев. Ozodlik.org фотоси, “Фарғона”коллажи

26 июнь куни эрталаб таниқли тошкентлик журналист Сид Янишевни Ўзбекистон пойтахти Ички ишлар бошқармасига чақиртирдилар. Бир ой олдин “Фарғона” сайтида Шайхонтоҳур туманида бузилаётган уйлар эгаларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани тўғрисида мақоланинг чоп этилгани бунга сабаб бўлиб қолди ( “Тошкентда бузилаётган уйлар эгаларига компенсация пули берилмаяпти”).

- “Органлар” билан “юзма-юз” суҳбатга келишим зарурлиги тўғрисида кеча эрталаб телефон орқали маълум қилдилар. Мен чақирув қоғоз (повестка) бўлмаса бормайман десам, киноя аралаш: “Ростданми?” деб жавоб бердилар ва 15-20 дақиқа ўтмай чақирув қоғозига қўл қўйдириб ташлаб кетдилар, - дейди журналист.

Янишевнинг айтишича, милиция ходимлари унга “маҳалла ишларига” (маҳаллий ҳокимият органларининг ноқонуний ишларига деб ўқинг) қандайдир мустақил журналистнинг аралашувидан норози бўлган бир гуруҳ фуқароларнинг кўплаб шикоят аризаларини намойиш этдилар.

Боадаб ва хушмуомала милиция ходимлари “Фарғона” муаллифини нохолисликда айбладилар ҳамда қўлларидаги бор материалларни судга оширажакларини билдириб, журналистни ҳар бир ёзган нарсаси учун масъуллиги тўғрисида огоҳлантирдилар. Журналистни айнан нимада айблаётганлари номаълум бўлиб қолмоқда.

Қизиғи шундаки, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан босим ўтказилгани тахмин қилинаётган фуқаролар гуруҳи “таҳқирланган даъвогарлар”га айланиб қолдилар. Акс ҳолда, яқиндагина ўзлари ёрдам сўраб мустақил журналистга мурожаат қилган одамларнинг бирданига унга қарши кўрсатма беришларини қандай баҳолаш мумкин?

Диққатга сазавор ери шундаки, кўрсатилган даҳада бузилаётган уйлар тўғрисидаги мақола чоп этилганидан сўнг, мақолада номлари келтирилган оилалардан кам деганда биттаси Тошкентнинг Ц-1 даҳасидан нархи 47 минг долларга тенг бўлган квартирага эга бўлди. Одамлар бахтиёр ва журналистга ҳамда уларга ёрдам берган барча мутасаддиларга раҳмат айтишяпти.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Минор маҳалласида қурилаётган энг катта масжидни Ҳасти Имом мажмуаси билан боғловчи янги автомагистрал қурилиши бошланиши Шайхонтоур туманида уйларнинг бузилишига сабаб бўлди.

Шу билан бирга, бузилаётган уйларда пропискада турган, аммо турли сабабларга кўра уларда яшамаётган одамларга ҳеч қандай товон пулларисиз фақат ер участкалари таклиф этилмоқда, холос.

Эътиборга лойиқ ери шундаки, бизнинг штатсиз мухбиримизга айблов Ўзбекистон журналистларининг 27 июнь куни нишонланаётган касб байрами арафасида қўйилмоқда.

Журналист Сид Янышев с призами от посольства США
Журналист Сид Янишев АҚШ элчихонасидан олган совринлар билан. 2009 йил декабрь

Ёзувчи, мусиқачи, журналист ва режиссер Сид Янишев Тошкентда туғилган ва шу шаҳарда яшайди. У мамлакатдаги энг танилган ўзбек журналистларидан бири саналади. Кўп йиллардан бери “Фарғона” ва бошқа халқаро ОАВ билан ҳамкорлик қилиб келади. Янишев кўплаб журналистик ва адабий танловлар ғолиби.

“Фарғона” агентлиги ушбу ҳолатни журналистнинг касб фаолияти учун таъқиб этилиши каби баҳолайди ҳамда Ўзбекистон расмийларини Конституцияга ҳамда оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчиликларга риоя қилишга чақиради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги