13:14 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ президентнининг махсус ёрдамчиси – Марказий Осиёда, Ўзбекистонда хавфсизлик ҳамда Украина воқеалари ҳақида

19.06.2014 11:52 msk

Тошпўлат Раҳматуллаев

Америка Қўшма Штатлари президентининг махсус ёрдамчиси, Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Евросиё бўйича катта директори Селест Анна Уолландер 2014 йил 13 июнь куни доимий иккитомонлама алоқалар доирасида Тошкентда бўлди. 14 июнь куни у Самарқандда бўлиб, қўҳна шаҳарнинг эътиборга сазавор жойлари билан танишди.

Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида мен Уолландер хоним билан учрашиб бир неча саволларимга жавоб беришини сўрадим.

- Ўзбекистонга ташрифингиздан мурод-мақсадларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

- Бу сизнинг мамлакатингизга биринчи ташрифим. Америка Қўшма Штатлари учун Ўзбекистондаги шерикларимиз нима ҳақида ўйлаяпти, уларни нималар ташвишлантираётгани билиш жуда муҳим. Кеча президент Ислом Каримов ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашувларим бўлиб ўтди.

- Тошкентдаги учрашувларингизнинг умумий натижалари қандай бўлди?

- Биз президент Каримов билан Марказий Осиёда хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиб олдик. Биз минтақадаги, шунингдек, Афғонистоннинг хавфсизлиги ва ривожланишини таъминлашда Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларининг энг ишончли шерикларидан бири эканлигидан келиб чиққан ҳолда фикр юритамиз. Шунингдек, биз Ўзбекистонни гуллаб-яшнайдиган мамлакатга айлантиришга йўналтирилган муҳим масалаларни ҳам кўриб чиқдик. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги асосий ўйинчи сифатида тинчлик ва барқарорлик шароитида ривожланишидан манфаатдор.

- Сўнгги икки ой давомида Марказий Осиё минтақасига, шу жумладан, Ўзбекистонга Америка ҚЎшма Штатларининг бир неча давлат мулозимлари келиб кетдилар. Вашингтон ташқи сиёсатининг устивор йўналишларида ушбу минтақанинг муҳим ўринни эгаллашда давом этиб келаётганини англатадими?

- Ҳа, чиндан ҳам шундай, сиз ҳақсиз. Сўнгги пайтларда АҚШнинг қатор юқори мартабали мулозимлари Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари қаторида Ўзбекистонга ҳам келиб кетдилар. Таъкидлаш жоизки, булар нафақат давлат департаменти, балки бошқа вазирликлар вакиллари ҳамдир. Мисол учун, мен Оқ уй вакилиман. Энергетика ва ресурслар масалалари билан шуғулланувчи ҳамкасбларим келишди, Мудофаа вазирлиги мутахассислари бўлдилар, савдо делегацияси ҳам келди...


Фото © “Фарғона”

Буларнинг ҳаммаси президент Обаманинг Афғонистон кучли, гуллаб-яшнаётган ҳамда ўз-ўзини таъминлай оладиган давлат бўлиши керак, деган ваъдалари билан боғлиқ. Ушбу дастурни амалга ошириш учун бутун минтақа тинч ва хавфсиз бўлиши керак. Президент Обама ўз вақтида Афғонистонда ҳокимият халқнинг қўлига босқичма-босқич ўтиши ҳақида гапирган эди. Бу Америка Қўшма Штатлари минтақани тарк этганидан кейин унга қизиқиш қолмаётганини англатмайди. Менинг ташрифим, ҳамкасбларимнинг ташрифлари бу минтақанинг биз учун нақадар муҳимлигига далил бўлиб қолмоқда.

- Айни пайтда ҳар бир мамлакат Украина воқеаларидан ўз билганича хулоса чиқармоқда. Ушбу воқеалар Марказий Осиё минтақасида ҳам қайтарилмаслиги учун АҚШ, Европа ва Россиянинг ушбу минтақа мамлакатларига нисбатан ўзаро ҳаракатлари қандай йўналишда бориши керак деб ўйлайсиз?

-Марказий Осиё давлатларининг Украина воқеаларадан нақадар ташвишланаётганини тушунамиз. Шу чоққача мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳурмат ҳамда давлат суверенитетини тан олиш устивор бўлиб келган. Биз ушбу тартиб сақланиши ва дунё мамлакатлари ривожланиши тарафдоримиз.

Биз Россия Қримни оккупация ва анексия қилиб олганидан норозимиз. Россиянинг Украинага нисбатан таҳдиди давом этакр экан, вазиятни барқарорлаштириш учун бу номақбул аҳвол бўлиб қолаверади. Шунингдек, биз Россиянинг қўшни мамлакатлар билан муносабатлари шаффоф бўлиши зарур, дея таъкидлаб келамиз. АҚШ ва Россия бу давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, чегаралар дахлсизлиги ва суверенитетини ҳурмат қилишини яна бир бор тасдиқлаб қўйиши лозим. Халқаро иқтисодий муносабатларнинг мустаҳкамроқ бўлишига ҳамда фуқаролардан фуқароларга тамойили остида барпо этилишига кўмак бериш бизнинг вазифамиз. Ушбу ҳолатда биз айниқса хавфсизлик соҳасида минтақадаги мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш ва ёрдам беришга тайёрмиз.

-Украина жануби-шарқидаги вазият, Киев маъмурияти саъй-ҳаракатларига қарамай, ўзининг тузилгани тўғрисида эълон қилган икки халқ республикаларига бошқа вилоятларнинг қўшилиши ва уларнинг битта давлатга бирлашишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолатга АҚШнинг муносабати қандай бўлади?

- Бу ҳолат биз учун мутлақо номақбул. Вазиятнинг бу каби тус олиши Россияга жуда қимматга тушади. Президент Обама Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар юмшоқ эди, деб айтиб бўлган. Россия агар Украинага нисбатан муносабатини ўзгартирмаса, санкциялар кучаяди. Айни пайтда Россия иқтисодиёти рецессия ҳолатига тушиб қолган. Россия иқтисодиётининг бошқа мамлакатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларга қарамлиги катта.


Фото © “Фарғона”

Мен Россияни жуда севаман, энг яхши кўрган мамлакатларимдан бири бу. Шундай улкан мамлакатнинг аҳолиси азият чекишини истамайман. Россия раҳбарияти ўзининг қилаётган ишларидан россия халқи қаттиқ азият чекиши мумкинлигини англаб етмоғи лозим.

- Уолендер хоним, сўнгги саволим: Самарқанддан олган таассуротларингиз қандай?

-Яқин кунларгача Самарқанд ҳақида фақат китобларда ўқиганларимдан билганман, гўзал шаҳрингиз тўғрисида фақат назарий билимларга эга эдим, деса ҳам бўлади. Бу шаҳарнинг тарихи бой ва қўҳна маданиятга эга, деб билардим. Ёдгорликларни томоша қилиб завқланиб, бу мукамалликнинг чўққиси, деб ўйлайдим. Нарироққа борсам, ундан-да гўзалроқ нарсаларга кўзим тушиб ҳайратим яна ошди. Бир неча бор шу ҳолат такрорланди. Кўҳна шаҳрингизда қисқа вақт ичида жуда улкан таассуротларга эга бўлиб, завқландим.

Қайд этиш жоизки, Самарқанд тарихи ва маданияти, кўҳна ёдгорликларни асраш нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун инсоният учун катта аҳамиятга эга.

Тошпўлат Раҳматуллаев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги