11:42 msk, 15 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Жалада қолган Тошкент консерваторияси бошдан-оёқ ивиб кетди

07.06.2014 12:18 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон Давлат консерваторияси куни-кеча ёғиб ўтган кучли жаладан сўнг ўзига кела олмаяпти: бино деворлари ва шифтлар қулаб тушган, жиҳозлар ишдан чиққан, ертўлада тизза бўйи сув...

30 май кунги даҳшатли жаладан сўнг Тошкентдаги Давлат консерваториясини (ЎДК) деярли томдан ертўласигача “ғадир-будур” шиша гумбази орасидан сизиб ўтган ёмғир суви оқими босди. Бинога жуда катта моддий зарар етди.

Сув, атрофда сув

Энг юқори, тўртинчи қаватда жойлашган Орган залига ва ўқув аудиторияларига катта талафот етди, концерт блогида шифтнинг катта бўлаги қулаб тушди, репититория (мусиқали репитициялар учун махсус жиҳозланган хоналар), спортзал ва халқ чолғу асбоблари устахонаси жойлашган ертўлада жала ўтиб бўлиши биланоқ бемалол қайиқда сузиб юрадиган бўлиб қолди.

Катта залда саҳнанинг бир қисми яроқсиз ҳолатга келди, жуда кўп мусиқа жиҳозлари жойлашган аппарат хонаси энг катта зарар кўрди. Унинг шифти ҳайратдан лол қолган талабаларнинг кўз ўнгида бўлиниб-бўлиниб қулади.



Катта зал аппаратхонаси

“Консерваторияни бошдан-оёқ сув босди – деярли барча қаватларда, шу жумладан, ертўлада ҳам чакки ўтаётган сув остига тоғора ва челаклар қўйилган, қимматбаҳо жиҳозларга зарар етмаслик учун целофан ва клеенкалар тўшаб қўйилгани билан фойдаси бўлмади”, - дея афсусланадилар суҳбатдошлар.

Уларга кўра, жиҳозларнинг катта қисми ивиб кетган ҳамда нам тортган электр симлари туташиб кетганидан куйиб кетди. Мутахассислар ўқув синфлари ва жиҳозларни таъмирлаш бўйича ишлар ниҳоятда кўплигидан, шу кунарда бошланиши керак бўлган битирув имтиҳоналари қандай ўтади, дея ҳайрон.

Оддий педагоглар ва талабалар “Ёрдам!” дея қичқириб, қаерга югуришни билмай қолган кезда эса мамлакатнинг бош мусиқа таълим муассасаси ректори Оқилхон Иброҳимов Наманганда меҳмондорчиликда ўтирган эди.

Бало ёлғиз келмас экан

Кучли жала консерватория бошига тушган ёлғиз бало эмас экан. Яқинда композиция кафедраси талабаларидан бирининг сил дардига йўлиққани сабаблари текширувлари бўлиб ўтганди. “Африкача жала” ёғиб ўтишидан икки ҳафта бурун ЎДК ётохонасида истиқомат қилаётган қорақалпоғистонлик талаба қизда силнинг очиқ формаси аниқланганди.

Ўтакетган ушбу фавқулодда ҳодиса изларини яшириш учун ётоқхона комменданти Камолхўжа Валиев аввалига ҳатто СЭС комиссиясини ётоқхонага киритмади ҳам. Айтишларича, санитария назорати ходимларини хайдаш тўғрисидаги буйруқни Иброҳимовнинг ўзи берган экан.

Ҳодиса текшируви давомида консерваториянинг ертўла хоналарида талабалар машғулотлари учун репитиция хоналари ҳануз ишлаб келаётгани маълум бўлди. Ҳолбуки ўтган йили хоналарда саломатлик учун жуда хавфли бўлган моғор турлари борлиги аниқланган эди.


Қурувчиларнинг қалбаки ишлари юзага чиқди

Ёмғир ва қор туфайли юзага келган доимий захлик, моғор ва хавфли инфекция ўзаро боғлиқ бўлиши мумкин (бошқа талабалар орасида силга чалинганлар бор-йўқлиги ҳозирча номаълум).

Халтура

Суҳбатдошларга кўра, Ўбекистон Давлат консерваторияси мақомини олган янги консерваотрия (1976 йилдан 2002 йилгача Мухтор Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси) 2002 йил 22 март куни очилган. Ўшанда ректор Баҳром Қурбонов бўлган, кейин у 2004 йилдан бошлаб маданият вазири лавозимида ишлаган.

Консерваториянинг очилиш маросимида президент Ислом Каримов, ҳукумат мулозимлари қатнашган эдилар. Ўшанда янги қурилган бинонинг нақадар “мустаҳкам”лигини намойиш қилиш учун гўё атайнига кучли ёмғир ёға бошлаган ва барча тўпланганларга мамлакатнинг “энг катта архитектори” томонидан “таҳсинга лойиқ” дея “мақталган” давлат объектининг нақадар ночорлигини намойиш этиб қўйганди.


Катта залнинг шифти ва фойеси

“Кучли жала бошланганида президент саҳнада турган эди. Шунда томдаги ёриқлар орасидан сув сизиб жилдираб оқа бошлади: ишчилар бир неча соат давомида ўзларини “амбразурага ташлаб” тирқишлардан оқаётган сувнинг йўлини тўсиш мақсадида бир неча соат давомида брезент бўлаклари билан ёпдилар, - дея эслайдилар тантанали маросимнинг иштирокчилари. – Президент ўша пайтдаги ҳоким, қурилиш учун масъул бўлган Рустам Шоабдураҳмановнинг қанчалик асабийлашганини кўрганда эди! Шаҳар ҳокими нима, қаерда қанча етишмаганини жуда яхши биларди...”

Айтишларича, бино қурилишида тежамкорлик мақсадида деворларини шиша-бетондан кўтаришган ва натижада, унинг ичида қишда жуда совуқ, ёзда эса иссиққа чидаб бўлмайди. Ҳаво кондициялашнинг “шахта” услуби деярли ишламай талабалар ва педагоглар учун чидаб бўлмайдиган шаротни келтириб чиқаряпти. Консерватория биносида ҳатто товуш изоляцияси ҳам йўқ. Нафақат қўшни хоналар, балки узоқ аудиторияларда ҳам машғулот ўтказаётган талабалар ҳам бир-бирларининг овозларини эшитадилар.

Режада кўзда тутилган паркет поллар ўрнатиш ўрнига қийшиқ қилиб қуйилган бетон стяжка устига шунақанги қийшиқ линолеум тўшадилар. Том “илма-тешик” бўлиб ётибди, шиша гумбазларнинг усти “ялтироқ” бўлиб кўзга чиройли кўрингани билан ночор аҳволда.

Бироқ, консерватория биноси қурилиш давом этар экан, шаҳар ҳокимлиги ва консерватория раҳбарларига қарашли участкаларида ҳашаматли бинолар қад кўтарилди, квартираларда евроремонтлар амалга оширилди, янги иномарка машиналар пайдо бўлди.


Май ёмғиридан сўнг консерваториянинг аҳволи шунақа аҳволга келди

Ёнғин оқибатларини бартараф қилдик, тошқинни ҳам бирёқли қиламиз. Ўғирликчи?

Суҳбатдошларимиз айтишича, 2006 йил 1 августга ўтар тунда Мусиқа масканида ёнғин содир бўлди. Кейинчалик маълум бўлишича, бинонинг пардоз ишларини амалга оширган ишчилар таълим муассасаси раҳбарияти томонидан бажарилган иш учун меҳнат ҳақи тўланмагани важидан хоналардан бирининг эшигига қасддан ўт қўйганлар. Ўша пайтда консерваторияга Дилора Мурадова ректорлик қилган, унгача консерваторияга ректорлик қилган Баҳром Қурбанов ўша пайтга келиб пора олаётганида қўлга тушиб, “хизмат ваколатини суистеъмол қилгани” учун (қариндошлари ва яқинларини, жумладан, хотинини амал поғоналаридан кўтариб келган) лавозимдан четлатилганди.

Тунда содир бўлган фавқулодда ҳодисани ёпди-ёпди қилишга қарор қилдилар, чунки ўша пайтда Мурадованинг ҳужжатлари президент девонхонасида унга хизмат кўрсатган маданият арбоби унвонини бериш учун кўрилаётган эди. Бироқ унвон олиш Мурадовага насиб этмади.

Ёнғин оқибатида етказилган зарарни ректор ўзининг тўртта ўринбосарлари билан 1,5-2 миллион сўмдан тўплаб (қора курс бўйича 500-667 доллар) бартараф этдилар.

Тезатоб, аврал усулида қурилган консерватория биноси ҳар йили қанчадан-қанча бюджет пулларини “ямламай ютаётгани” ҳақида бу ерда ҳасрат қилиш одобдан эмас.

ЎДК бошидан кечирган барча кўргулик ва офатларни эслаган суҳбатдошларимизнинг айтишича, янги бино лойиҳачилари ёши улуғ инсонларнинг гапларига қулоқ солишлари керак эди. Айтишларича, улар 1937 йилда отувга ҳукм қилинганларнинг оммавий қатли бўлиб ўтган бу ерда бино қуриш мумкин эмас, дея қурувчиларни огоҳлантирган эканлар...


Ёмғирдан сўнг қулаб тушган шифт бўлаклари

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги