21:58 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси: Ҳозирча интервью эмас, аммо диалог бошланди деса ҳам бўлаверади

02.06.2014 11:07 msk

Фарғона

Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Сиёсат, матбуот ва ахборот бўлимининг раҳбари Ондржей Шимек (Ondrej Simek) “Фарғона” сайтида чоп этилган “ЕИ Ўзбекистонга молиявий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда. Пуллар қаерга кетаётгани номаълум” хабарига ўз муносабатини билдирди.

Ушбу хабарда ЕИ 2007 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистон ривожланишини қўллашга 72 миллион евро бериб бўлгани ҳамда бу миқдор 2014-2020 йилларда 68 миллион еврони ташкил этиши мумкинлиги ёзилганди. Шу билан бирга, хабарда харажатларнинг аниқ қисмлари ва молиявий ёрдам манзиллари номаълум қолётгани, Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эса журналистларнинг, хусусан, “Фарғона” агентлигининг ушбу мавзуга таааллуқли саволларига жавоб беришдан бош тортаётгани кўрсатиб ўтилганиди. Мисол учун, ўтган йили кузда таҳририятимиз Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи Делегациясига бир неча бор мурожаат қилиб, интервью ташкил этишни сўраган эди. Биз ҳатто уларга электрон почта орқали саволларимизни йўлладик, аммо жавоб ололмадик.

“Фарғона” ахборот агентлиги бош муҳаррири номига 22 май куни келиб тушган мактубда Ондржей Шимек эътиборни иккита нарсада жамламоқчи бўлди: биринчиси – Европа иттифоқининг Ўзбекистонга бераётган ёрдам борасида аниқ маълумот йўқлиги ҳамда Тошкентдаи ЕИ ваколатхонасининг оммавий ахборот воситалари учун очиқ эмаслиги.

“Сизнинг ушбу икки тахминингиз тўғри эмас, - дея ёзади жаноб Шимек. - Биринчидан, Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги барча кечаётган ва ниҳоясига етган минтақавий ташаббуслари тўғрисидаги маълумотларни ЕИ ваколатхонаси веб-сайтидан топишингиз мумкин. Ўша ерда сиз молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг босқичлари, бенифициарийлар, ижрочи ташкилотлар, мақсадлар тўғрисида ҳамда бошқа маълумотларни топишингиз мумкин”.

ЕИ вакили маълум қилишича, Европа иттифоқи 2014-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга ёрдам кўрсатади, “ҳозир биз муайан лойиҳаларни танлаш босқичида турибмиз. Ёрдам ЕИ фондларни бошқаруви стандарт қоидаларига мувофиқ тақдим этилади”.

Шундан сўнг жаноб Шимек ЕИ делегацияси Ўзбекистон ривожланишига йўналтирилаётган ЕИ ёрдами ҳақида журналистлар билан мулоқот олиб бормайди, деган гапларни ноўрин деб билдирди. “Аксинча, биз Ўзбекистонда ишлайдиган журналистлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун мунтазам имкониятлар яратиб келамиз. Куни-кеча – Европа Куни (9 май) муносабати билан биз ЕИ қароргоҳида Очиқ эшиклар куни ўтказишни таклиф этдик. Шу куни Ўзбекистонда яшайдиган ҳар бир инсон, шу жумладан, журналистлар ҳам ЕИ делегацияси ходимлари билан кўришиб, суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдилар”, - дея ёзади Ондржей Шимек.

Мактубининг якунида жаноб Шимек “Фарғона” таҳририяти Ўзбекистондан ташқарида жойлашганини қайд эта туриб, бундан кейин керакли маълумотларни олиш учун Европа иттифоқининг Брюсселда жойлашган тегишли матбуот хизматларига мурожаат қилишни таклиф этди. Мактубнинг тўлиқ матнини бу ерда ўқишингиз мумкин.

МУЛОҲАЗАЛАР

Қизиғи шундаки, ёзишмаларимиз бошланаётган пайтда Ўзбекистондаги Европа иттифоқи ваколатхонаси сиёсат, матбуот ва ахборот бўлимининг ўзини таништирмаган ходими бизга “интервью уюштириш мумкин” деб айтганди (кўринишидан, жаноб Шимек бунга рухсат берган). Бироқ Тошкентдаги ЕИ офисида биз юборган саволларни ўқиб, уларга жавоб бериш истагини йўқотиб қўйишганга ўхшади.

Шундай қилиб, ЕИ ваколатхонаси Ўзбекистондан ташқарида жойлашган мустақил оммавий ахборот воситалари билан мулоқотдан ўзини олиб қочаётганини тасдиқлаб қўйди. Кўринишидан, Ўзбекистон расмийларининг шундай талаблари бор ва ЕИ ваколатхонаси бу талабларга бўйсуниб келяпти.

Қайд этамиз, халқаро ва журналистик ташкилотлар тадқиқотлари натижасига кўра, Ўзбекистонда эркин матбуот йўқ ҳисобида, ўнлаб журналистлар чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Мамлакатда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари қатъий цензура остида ишлаяптилар. Бундай шароитларда мамлакатда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида объектив ахборотни фақатгина бизнинг нашрларга ўхшаган хориждаги веб-сайтлар ва ахборот агентликлари тақдим эта оладилар, холос.

Афсуски, 2005 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бизнинг нашрга ҳеч қандай изоҳларсиз аккредитация беришдан бош тортган эди. Аммо бунинг сабаблари бизга маълум: Ўзбекистон ҳукумати “Фарғона.Ру” агентлиги 2005 йил 13 май Андижон фожиасини қандай қилиб ёритаётганидан қаттиқ норози бўлган.

Жаноб Шимекка биз учун вақт ажратиб, мактуб ёзгани учун миннатдрчилигимизни ва ҳурматимизни билдирган ҳолда “Фарғона” таҳририяти қуйидагиларни билдиришни лозим топди.

ТАҲРИРИЯТ ЖАВОБИ

Биз Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига бизнинг ўқувчиларимизни қизиқтирган саволларни йўлладик. Улар асосан таҳририятимизга ЕИ веб-сайтидаги ночор маълумотлардан қониқмаган ўқувчиларимиздан келаётган мактублар асосида тузилган. Мактуб ёзганлар ЕИ молиявий ёрдамининг тақсимлаш механизми қанақалиги ва кўрсатилаётган ёрдам нечоғлиқ самара келтираётганини билишни истайдилар.

Шу билан бирга, бизни матбуот ва ижтимоий назорат учун мутлақо ёпиқ бўлган Ўзбекистон ҳукумати билан Европа молиявий тузилмалари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг умумий сиёсати қизиқтиргани боис, баъзи саволлар кенгроқ характерга эга.

Кўп ҳолларда ўзбекистонлик ва европалик мулозимлардан бир-бирига зид баёнотларни эшитаётганмиз, шу саволларнинг туғилишига сабаб бўлмоқда. Бир томондан олиб қараганда, Ўзбекистон расмийлари мамлакатда аҳоли турмуш фаравонлигининг мунтазам равишда ўсишига олиб келган мисли кўрилмаган иқтисодий муваффақиятларга эришаётгани ҳақида рапортлар бермоқдалар. Бошқа томондан эса, ЕИ ажратаётган пуллар миқдорига қараб, мамлакат ёрдамга муҳтож экан, деган хулосага келиш мумкин.

Шунингдек, Европаниннг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг ёппасига бузилишига нисбатан муносабати ҳам тушунарсиз қолмоқда, халқаро кузатувчилар бу ҳақда кўп маротаба ташвиш изҳор этганлар.

Аммо сўнгги пайтларда (аниқроғи, 2009 йилда Ўзбекистонга нисбатан Европа санкциялари бекор қилинганидан бошлаб) дипломатлар, бизнесменлар, халқаро молиявий тузилмалар вакилларининг аксарияти бундай масалаларни “қуруқ гап”, “ноўрин”, жавоб беришга арзимайдиган деб ҳисоблайдиган бўлиб қолдилар. Улар ўзбек жамиятининг талабларини эътиборга олмаётганларини оқламоқчи бўлиб, “биз ўзбекистонлик шерикларнинг характерига мослашишга мажбурмиз, биз мавжуд Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишимизга тўғри келяпти – бу “реал сиёсат”, - дейишяпти.

Ўзбекистон ҳукумати мулозимларининг бизнинг саволларни беэътибор қолдираётганига биз аллақачон кўникиб бўлганмиз, аммо Европа иттиоқи вакилларидан биз очиқликни, эркин интервьюни кутган эдик.

Мисол учун, биз Ўзбекистондаги ЕИ ваколатхонасига шунақа савол бергандик: “Олдинроқ франциялик ҳуқуқ ҳимоячилар Европа иттифоқи Ўзбекистон президентнининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева томонидан кураторлик қилинаётган Республика болалар кўникма (адаптация) марказига Inclusive education for children with special needs эҳтиёжи учун 3,7 миллион евро ажратиб бергани ҳақида хабар бергандилар. Ўша Лола Каримова Европа ва АҚШда қимматбаҳо кўчмас мулк сотиб олаётгани тўғрисида хабар берилаётган бир пайтда ушбу маблағлар сарфланишининг шаффофлигини қандай баҳолайсиз?”

Тан олинг жаноб Шимек, сиз айтиб ўтган расмий веб-порталда бу саволнинг жавоби йўқ. Бунақа саволлар Ўзбекистон матбуоти саҳифаларида ҳам чоп этилмайди ва унинг жавоблари телеканаллар кўрсатувларида айтилмайди. Сиз Ўзбекистон ҳукумати ва президенти билан муносабатингиз бузилишидан қўрққанингиз боис бу саволларга жавоб беришни истамаяпсизми?

“ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ”?

Ва сўзимизнинг ниҳоясида биз ҳамкасбларимиздан бири, расмийлар томонидан таъқиб этилишидан хавотирланиб номи ошкор бўлишини истамаган тошкентлик журналистнинг мактуби мазмунини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Бу мактуб қандайдир тарзда жаноб Шимек билдирганидек, Ўзбекистондаги Европа иттифоқи ваколатхонасининг матубот вакиллари учун очиқлиги борасидаги шубҳаларимизни тасдиқлаяпти.

“Ҳурматли “Фарғона.Ру”!

Ҳозиргина Ондржей Шимекнинг раддиясини ўқиб чиқдим. Шу муносабат билан қуйидаги фикримни сизга етказмоқчиман.

Биз ўзбекистонлик журналистлар учун Европа иттифоқи томонидан Ўзбекистонга ривожланишни қўллаш мақсадида тақдим этилаётган миллионлаб евролар қандай сарфланаётгани “етти қават ер остидаги” сир бўлиб қоляпти. Расмий органлар ва оммавий ахборот воситалари бу ҳақда бирор-бир маълумот бермаяптилар. Тошкентдаги ЕИ ваколатхонаси веб-сайти чоп этаётган маълумотлар жуда ночор, боз устига, фақат инглиз тилида.

Журналистлар чиндан ҳам Ондржей Шимек ва у бошқараётган бўлим томонидан бирор-бир ёрдам ёки эътиборни сезмаяптилар. Мактубда тилга олинган “Очиқ эшиклар куни” куни тўғрисидаги маълумот кўпчилик органлар ва мутбаот ходимларига етиб бормади. Шунинг учун ҳам, меҳмонлардан бирининг айтишича, учрашувда тошкентлик журналистлардан бирортаси кўринмади. Жами ўн-ўн беш киши ташриф буюрди, холос. Агар бу Европа иттифоқи ваколатхонасининг Ўзбекистондаги фаолияти самараси шу бўлса, унда унинг ходимларини табриклашдан бошқа иложимиз йўқ.

Зарур бўлса, ўзбекистонлик журналист жаноб Шимекка ўзини таништириши мумкин”.

***

“Фарғона” таҳририяти Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан диалогни давом этишга тайёр. Очиқлик ҳамда ҳар қандай, ҳатто нохуш бўлган мавзу ёки масалаларнинг муҳокама қилишга тайёрлик Ўзбекистон-Европа муносабатларига фойда келтиришига ишончимиз комил.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги