02:16 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда бузилаётган уйлар эгаларига компенсация пули берилмаяпти

27.05.2014 17:08 msk

Сид Янишев

Тошкентда Ҳасти Имом масжидини Анҳор ёнида қурилиши бошланган Ўзбекистондаги энг катта масжид ўртасидаги автомагистрал қурилиши аҳолига қарашли кўплаб турар-жой биноларининг бузилишига олиб келди. Бузилаётган уйларда рўйхатдан ўтган, аммо баъзи сабабларга кўра, уларда яшамаётган эгаларига фақат ер участкалари таклиф этиляпти, бошқалари эса ҳатто шундан ҳам қуруқ қоляптилар.

Қонунга тўсқинлик қилиш – меъёрми?

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида 2400 номозхонга мўлжалланган янги масжид қурилиши 2013 йил сентябрда, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил июль ойида имзолаган “Тошкент шаҳар “Минор” маҳалласида масжид қурилиши бўйича чоралар тўғрисида” қарорига мувофиқ бошланган. Расмийлар масжид қурилишини жорий йилнинг биринчи ноябригача тамомлашни режалаштирмоқда.

Миш-мишларга қараганда, масжид қурилишига россиялик олигарх Алишер Усманов пул ажратган эмиш. Яна айтишларича, бўлажак масжид ўрнидаги бузилган уйларнинг эгаларини рози қилиш ҳамда “бўлажак байтуллоҳни ҳар қандай лаънатлардан иҳота қилиш” учун Усманов жуда катта товон пули тўлаган ва уларнинг ҳаммаси хурсанд эмиш.

Строительство новой мечети
Янги масжид қурилиши

Бироқ кейинроқ Тошкент расмийлари янги масжидни Ҳасти Имом мажмуаси билан боғлайдиган янги автомагистрал қуришга қарор қилдилар ва натиждада юзлаб хонадонларнинг бузилиши керак бўлиб қолди. Апрель ойида уларнинг эгаларини уйларини зудлик билан тарк этишлари лозимлиги тўғрисида огоҳлантирдилар. Мустақил Ўзбекистонда бунақа ишлар анъанага айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.

Мисол учун, 2011 йил январида расмийларнинг шошилинч қарори билан трамвай йўли қурилиши учун Оқ Йўл (кичик айланма йўл) кенгайтирилди – бунинг учун юзлаб хонадонлар бузиб ташланди, уларнинг эгаларига эса расмийлар ҳеч қандай компенсация ажратиб бермадилар.

“Давай, Татаристонинга жўна!”

Ҳозир ҳам айнан шундай манзара юзага келаётгани кузатилмоқда: Кох-ота кўчасидаги уйларнинг аксарияти ярмигача бузилган, уй жиҳозлари, мебеллар ҳовлиларга чиқариб қўйилган, бузилган уй эгалари ваъда қилинган квартиралар калитларини олмагани боис офтоб остида қовжираб ётибди.

Ҳолбуки Ислом Каримов 2012 йил 24 сентябрь куни имзолаган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” қонунига кўра, “Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди” дейилган (мазкур қонуннинг 19 моддаси).

- Аввалига роса қонимизни ичишди, айниқса маҳалла қўмитаси жонбозлик кўрсатди, - дейди пенсионер аёл Сания Исраилова. Унга қарашли уч ўғлининг оилалари билан рўйхатга олинган уйнинг ярмини бузиб бўлишди.

Анатолий и Сания Исраиловы
Анатолий ва Сания Исраиловлар

- Бир ойгача уларга қарши курашдик, бизга қонунда белгиланган товон пулини беришни истамадилар. Қаерга мурожаат қилсак ҳам фойдаси бўлмади. Шунда шахсан Ислом Каримовга хат ёзиб, қаранг, болаларим ва невараларим кўчада қолиб кетди, бедодликни тўхтатинг, дедим. Шундан кейин бизга Юнусободда учта квартира беришни ваъда қилдилар. Ҳозирча квартира калитлари қўлимизга теккани йўқ, аммо адолатнинг қарор топишига умид қиляпмиз.

-Хотиним татар, маҳалла фуқаролар йиғинида унга, “татармисан –давай, шуруй Татария!” дейишибди, - дея суҳбатга қўшилади Саниянинг эри Анатолий Исраилов. –Майли, тузуккина квартира беришга ваъда қилдилар. Аммо қўшниларимизга бераётган квартираларнинг ҳоли жуда ҳароб, сантехникаси йўқ. Ваҳоланки қонун бўйича бузилган уйнинг қийматига тенг бўлган хонадон беришлари керак.

Снесенные дома в Ташкенте

Прописканг бор, аммо яшамайсан – унда ҳаққинг йўқ?

Аммо Кох-ота кўчасида яшовчиларнинг ҳаммаси ҳам ҳаракатларида ва ҳатто журналистлар билан суҳбатда эр-хотин Исраиловлар каби довюрак эмас, уларнинг ғазаблари қўрқув билан бурканиб кетган: “Аҳволимиз бадтар бўлмасмикан?” – дея савол берадилар.

Мисол учун, Зулфия (исми ўзгартирилган) – ёлғиз она (эри вафот этган), уч фарзандни тарбиялаяпти. Аҳволи жуда оғир бўлишига қарамай, на исмини ва на манзилини ошкор этишни истаяпти.

Зулфия бузилаётган уйда прописка қилинган, аммо уй бузилгунига қадар қариндошлариникида яшаб келган. Энди бўлса, унинг бузилаётган уйи ўрнига Ҳасанбой даҳасидан ер участкаси беришяпти, аммо ҳеч қанақа қўшимча компенсация ҳақида гап йўқ, хоҳлаганингча қуриб олавер!

Расмийлар ўзларининг бу таклифларини қуйидаги баҳоналар билан изоҳлаяптилар: гўё, қандайдир низом мавжуд бўлиб, унга кўра, бузилаётган уйларда пропискадан ўтган бўлса ҳам, унда яшамайдиган фуқаролар квартира олиш ҳуқуқидан маҳрум эмиш. Ҳокимият вакилларидан ҳеч ким бу ҳужжатни кўрсата олмаяпти, юқорида зикр қилинган қонун эсга олинмаяпти, оддий одамлар эса бунақа қонуннинг борлигини билмайдилар ҳам.

Аслида, ҳеч қанақа низом йўқ, аммо юқорида номи келтирилган қонуннинг 19 моддасида “Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмас”, - деб аниқ айтилган.

Бундан ташқари, қонунда: “Хусусий мулк бўлган мол-мулкни, шу жумладан ер участкасини национализация ва реквизиция қилинган ҳолларда олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилади” деб айтилган.

Ўша қонунда яна шундай дейилган: “Агар қонунга асосан шахсга тегишли бўлолмайдиган мол-мулк унинг мулки бўлиб қолса, ушбу мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниб, олиб қўйилган мол-мулкнинг қиймати шахсга тўланади. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади”.

Снесенные дома в Ташкенте

“Давлатнинг сизлардан қарзи йўқ!”

Андрей Бегловнинг оиласи ҳам ҳудди шунақа муаммога дуч келди. У хотини Лариса Игнатьева эгизак ўғил-қизи билан №121 уйда рўйхатга олинган, бироқ уй тор келиб қолгани боис (хонадонда Бегловнинг ота-онаси билан кенжа ўғли ҳамда унинг аммаси қизи ва невараси билан яшайдилар) вақтинча ижарага уй олиб яшаб келган.

Андрейнинг ота-онаси билан кенжа ўғлига ҳамда аммасининг оиласига шаҳар расмийлари иккита икки хонали квартира беришга рози бўлдилар, аммо тўнғич ўғилни хонадон билан таъминлашдан бош тортдилар.

Лариса Игнатьева и Андрей Беглов
Лариса Игнатьева ва Андрей Беглов

Андрей ва Лариса Ўзбекистон Ёш томошабинлар театрида ишлайдилар, арзимаган маош олганлари учун квартира сотиб олишга қурби етмайди. Шунинг учун ҳам улар уй бузилишини эшитганларида, амалдаги қонунга мувофиқ уч хонали квартира олишга ишончлари комил эди.

- БТИдагилар фақат бу уйда яшаётган одамлар билан шуғулланишларини айтдилар. Сиз бу ерда яшамас экансиз, қаерда яшаётган бўлсангиз, ўша ерга бораверинг дейишди, - дея ҳикоя қилади Игнатьева. – Аммо кейин ҳозир уй бузилади, балки қандайдир вақт ўтиб сизга ҳам квартира беришлари мумкин, деб юпатишди.

Ўзини бузилаётган уйлар бўйича штаб юристи деб таништирган ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилаётганини билдирган Холида Йўлдошева Бегловлар оиласига “Давлатнинг сизлардан қарзи йўқ!”, деб билдирган ҳамда бу масалани қандайдир комиссия ҳал этажагини маълум қилган.

- Ие, нега энди менга уй керакми ёки керакмаслигини қандайдир комиссия ҳал қилиши керак экан? Нима, у ўзини президент тасдиқлаган қонундан ҳам юқори деб биладими? Соғлом болалар йилида менинг болаларим кўчада қолиши керакми? Бу уй бузилганида, мен қаерда пропискадан ўтаман? – дея куюнади Игнатьева.

- Йўлдошева шу ерда пропискадан ўтасан, дейди. Қанақасига йўқ бўлиб кетган кўчада ва бузилган уйда пропискада туриш мумкин? Мен брача инстанцияларга шикоят қиламан, деб айтдим. У хоҳлаган жойинга боравер, шикоятларинг барибир ўзимизга қайтади, дейди.

Энди бўлса ҳар куни нотаниш одамлар уйга келиб уйни бузиш учун бўшатиб қўйишни талаб қилишяпти. Ўтган якшанба куни эса нарсаларимизни йиғиштириб, уйни бўшатишга икки кун муҳлат беришди. “Акс ҳолда бошқача иш тутишамиз”, дейишди.

“Бошқача иш тутиш” қанақа бўлишини суҳбатдошларим шу кунларда рўйхатга олинган, аммо вақтинча яшамайдиган Бегловнинг қўшниси Владимир Шайдуллиннинг газ ва сувдан узилган №127 уйда содир бўлган жанжал мисолида кўрдилар.

Шайдуллинга ҳам ҳудди Зулфияга сингари ҳеч қандай компенсацияларсиз 6 сотих ер участкасининг ўзини таклиф этдилар. Кўчишдан бош тортганида эса милиция ходимлари келиб, уйининг ноқонуний бузилишига қаршилик қилаётгангиа қарамай Шайдуллини калтаклай бошладилар, аммо вақтида ўзларини тўхтатдилар. Кўринишидан, қонунда “ўзининг хусусий мулкини ҳимоя қилиш ҳуқуқи” ҳақида эслаганга ўхшайдилар. Бироқ Шайдуллин шу ер участкасига рози бўлишга мажбур бўлди.

Снесенные дома в Ташкенте

Бульдозерда ичидаги одамлари билан бузиш...

Игнатьева бошидан кечирганларини ҳикоя қилар экан, таниш юристни ёлламоқчи бўлганини айтиб берди. Юрист агар ҳокимият идоралари томонидан квартира беришдан бош тортаётганлари тўғрисида расмий ҳужжат бўлмаса, уларни ҳимоя қила олмаслигини айтди.

Беглов ва Игнатьева туман прокурорига шикоят қилмоқчи бўлдилар, аммо уларни идорага яқин йўлатишмади ҳам. Улар фақат ўтган пайшанба куни Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга ариза топшира олдилар, холос. Аммо бу аризалар қачон кўриб чиқилади, бу ташкилотлар содир этилаётган бедодликларга барҳам бера оладиларми ёки йўқми номаълум.

- Ҳозир ҳудди вулқон устида ўтиргандек яшаяпмиз, руҳий босимлардан тиззаларимиз қалтирайдиган бўлиб қолди, - дейди Андрейнинг онаси Татьяна Беглова. – Маҳалламиз раиси уйнинг ичидагиларнинг ҳаммаси билан бульдозерни ҳайдаб келиб бузиб ташлайман, деб қўрқитяпти. Аммо ўғлимга квартира беришмаса, уйимни буздирмайман, остонага ётиб оламан, босиб ўлдираверишсин!

Сид Янышев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги