12:22 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўзбекистон турмасида ҳалок бўлган қирғизистонлик маҳбуснинг қизини диний адоват қўзғашда айблаяптилар

26.05.2014 20:45 msk

Шохруҳ Соипов

Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида “миллий, ирқий, диний адоватни қўзғашда” айбланётган ўн тўққиз ёшли Зулфия Омонованинг иш кўриб чиқиляпти.

Зулфиянинг отаси Ўшдаги хусусий автоустахоналардан бирининг эгаси эди. 1999 йил кунларидан бирида унинг отаси ишдан қайтмади, кейинроқ у Ўзбекистондаги турмаларидан бирида ўтиргани маълум бўлди. Ўша йили Ўзбекистон суди Омоновни “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотига мансубликда ҳамда Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбдор деб топиб, ўн йилга озодликдан маҳрум этди. Маҳкумнинг жазо муддатига бир неча бор янги муддат қўшиб бердилар. 2013 йил 4 апрель куни Омонов Қашқадарё вилоятининг Косон шаҳар турмасида вафот этди.

Марҳумнинг беваси Муҳаббат Омонованинг айтишича, эрининг ўлгани тўғрисидаги телеграмма 11 апрель куни келган. Унда айтилишича, Ҳамидулла Омонов юрак хуружидан вафот этиб, қариндошлари унинг жасадини олиб кетгани келмагани учун Косон шаҳар қабристонида дафн этилган.

“Телеграммани олиб Ў збекистонга бордик. Бизга рус қабристонидаги қабрни кўрсатиб, уни шу ерга қўйилган дедилар. Эримни жасадини Ўшга олиб кетмоқчи эканлигимни айтганимда, рухсат бермадилар. Биз Ўшга қайтиб, унинг жанозасини ўқидик”, - дейди Муҳаббат Омонова.


Омонов Ҳамидуллонинг Ўзбекистондаги қабри

Муҳаббатнинг айтишича, жаноза ўқилаётган пайтда уйда журналистлар ҳам бор эди, Зулфия уларга отаси йўқолганидан сўнг оиламиз бошидан кечирган барча азоб-уқубатлар ҳақида сўзлаб берди. Зулфиянинг интервьюсини видеокамерага ёзиб олиб, интернетга қўйиб юборишди. 2013 йил 28 май куни ўтказилган суд-теология экспертизаси маълумотига кўра, Омонованинг нутқи Қирғизистон ҳудудида тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотининг аъзолари томонидан ёзилган, Ҳамидуллонинг қизи: “Шаҳид кофирларга қарши курашиб ўлди”, - деб билдирган ҳамда давлат хавфсизлигига таҳдид қилувчи сўзларни гапирган.

Бироқ Муҳаббат Омонова қизининг тўпланган одамлар олдида Қирғизистон хавфсизлигига таҳдид солувчи гапларни гапирганини қатъий инкор этмоқда.


Мўъминнинг дафн маросими

“Улар бизга бўҳтон қиляпти. Менинг қизим бунақа гапларни гапирмаган. Ўтган йили интернетда ушбу видео пайдо бўлганида, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш шаҳар бошқармасидан Зулфиянинг номига чақирув қоғози келди. Қизим ёлғиз бормасин деб, адвокат ёлладим ва биргалашиб МХДҚга бордик. Аммо терговчи йўқ экан. Эртаси куни яна келдик, аммо бу сафар ҳам терговчини топа олмадик. Шундан кейин яна икки-уч марта келгандик, натижа бўлмади. Шунда адвокатимиз “Уларнинг ўзлари чақиришади, ўшанда келасизлар”, - деб айтди. Мен ишимиз тинчиб кетган бўлса керак, деб ўйладим. Аммо бу сафар улар келиб, қизингиз қочиб кетиши мумкин, деб олиб кетдилар”, - дейди Муҳаббат Омонова “Фарғона” мухбири билан суҳбатда.

Унга кўра, 2014 йилнинг 28 март куни уларнинг уйига МХДҚ ходими маҳалла фаоли билан бирга келиб, Зулфияни қидиришаётганини айтган.

“Нега қидиряпсизлар, деб сўрасам, улар “бизга битта жиноят иш бўйича ёрдам бериши керак, шунда ишни тезроқ ёпардик”, дейишди. Мен расмий чақирув қоғозини кўрсатинглар дедим. Улар повесткани кўрсатдилар. Унда “Зулфия Омонова терговдан қочиб юрибди”, деб ёзилган экан. Шунда мен Зулфия ҳеч қаерга қочмаган, доим уйда бўлган дедим ва қизимни етаклаб МХДҚга бордим”, - дея давом этади Муҳаббат.


Омонованинг ишини тўхтатиш тўғрисидаги аризани рад этиш тўғрисидаги қарор

Зулфия кирган хонага Муҳаббат ва адвокатни қўймадилар. Сўроқ тунгача давом этди. Ниҳоят, Зулфия чиқиб онасини юпата бошлади.

“Қизим “Терговчи менинг МХДҚда 48 соатга қолишимни сўради, шундан кейин қўйиб юборар экан”, -деб айтди. Улар қизимга яхши гапириб алдаган эканлар. 31 март куни қизимни қўйиб юбориш ўрнига судга олиб бориб Зулфияни 30 апрелгача қамоқда сақлаш тўғрисида қарор чиқартирдилар. Менга суд мажлисида қатнашишга рухсат бермадилар”, - дейди Муҳаббат. Зулфиянинг адвокати Ўш шаҳар судининг қарорига рози бўлмади ва Ўш вилоят судига апелляция шикояти билан мурожаат этди. Аммо апелляция ҳайъати ҳам ўзининг 16 апрель куни чиқарган қарорида биринчи инстанция судининг қарорини ўз кучида қолдирди.

Зулфия деярли икки ой давомида тергов изоляторида қолиб кетди. 20 май куни ўтган суднинг иккинчи мажлисида судья Рамазан Қўжомқулов адвокатларнинг Омоновага нисбатан эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш тўғрисидаги илтимосномасини қондирди.


Зулфия Омонова

Зулфия Омоновага нисбатан жиноят иши МХДҚ томонидан 2013 йил май ойида Қирғизистон Жиноят кодексининг 299-1 (Миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғатиш) моддаси билан қўзғатилди. Уни катта жарима ёки уч йилдан беш йилгача қамоқ жазоси кутмоқда.

Иш материалларига кўра, айблов МХДҚ Ўш шаҳар бошқармаси терговчиси А.Шадибековнинг Зулфия Омонованинг айбдорлиги тўғрисидаги таъкидларига ҳамда Дин ишлари бўйича Жанубий регионал бошқарма давлат комиссияси инспектори У.Шафиғуллиннинг “дискдаги оқ рўмол ўраган аёлнинг интервьюси аҳоли ўртасида тушунмовчилик келтиради ҳамда фикрларни бир-бирига қарши қилади”, деб кўрсатилган хулосасига асосланган.

Шу билан бирга, адвокат Ҳусанбай Салиев ва Валерьян Вахитовнинг қўлида дин тарихи, исломий теология ва янги диний ташкилотлар соҳаси бўйича мутахассис, Бишкекдаги жаҳон маданиятлари ва динларини ўрганиш бўйича ЮНЕСКО кафедрасининг катта ўқитувчиси Индира Асланованинг хулосаси бор. Хулосада айтилишича, З.Омонованинг интервьюсида миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғатишга йўналтирилган фикрлар изҳор этилмаган. Адвокатлар суд мажлисида Асланованинг хулосасини иш материалларига тиркаб қўйишни ҳамда ушбу диншунослик экспертиза натижаларига баҳо беришни сўрадилар.


Зулфия Омонова

Қайд этамиз, маҳаллий адвокатлар суд мажлисларининг аудио-ёзувларини олиб боришни одат қилиб олганлар. Судья Рамазан Қўжомқулов ҳамда шаҳар прокуратураси вакили Айим Раимқулова аудиоёзувнинг олиб борилишига қарши чиқмадилар, аммо Раимқулова фотосуратга олишга рухсат бермади.

Судда икки гувоҳ сўзга чиқди. Омоноваларнинг қўшниси Раъно Фахриддинова Зулфияни болаликдан билишини айтиб, Муҳаббат (Зулфиянинг онаси) тўрт фарзанди тарбия қилганини, уларнинг ҳаммаси яхши инсон бўлиб етишганини айтди. “Мен уларнинг қандайдир диний ташкилотлар билан алоқаси борлигини эшитмаганман. Уларнинг уйида жаноза бўлганида, қариндошларимникида эдим, Зулфия интервьюда нималарни гапирганини билмайман”, - деди Фахриддинова.

Қорасувлик Маҳамадаюбхон Машрапов масжидда жаноза борлигини билиб Омоновлар уйига келганини айтди. “Бу қизни биринчи марта кўряпман, уни олдин ҳеч қачон кўрмаганман. Ўша куни одам кўп эди. Уларнинг кўпини танимасдим. Мусулмончилик юзасидан жанозага келдим”, - деб айтди у.

Бошқа гувоҳлар суднинг бу мажлисига келмадилар. Процесс 27 майгача давом этади.

Шохруҳ Соипов (Ўш)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги