08:51 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда “арча эйфорияси” ниҳоясига етмоқда?

20.05.2014 12:14 msk

Фарғона

Ўз ахб. Фото © “Фарғона.Ру”

Бир ярим аср муқаддам ўрис мустамлакачилари эндигина ўзига бўйсундириб олган Ўрта Осиёнинг янги шаҳарларида соя берувчи япроқ баргли дарахтларни иложи борича қалинроқ экишга ҳаракат қилган бўлсалар, Ўзбекистоннинг ҳозирги расмийлари аксинча, ўзларининг чинорларга, теракларга ва каштанларга нисбатан ваҳшиёна муносабати билан ном қозондилар.

Албатта гап “лаънати” империя ҳамда мамлакатнинг “Худо марҳамати” билан эришган мустақиллигида эмас, балки одамларнинг қулайликда яшаши учун яратилган муҳитни авайлаб асрашда, холос. Сўнгги беш йил давомида шаҳарлардаги экилган дарахтлар структураси бутунлайига вайрон этилди: шаҳарликларга соя-салқин бериб, жазирама иссиқдан жон сақлашга имконият бериб келган жуда кўп юз йиллик дарахтлар кесиб ташланди. Тошкент ва Фарғонадаги истироҳат боғларида, Қўқон ва Андижоннинг кўчаларидаги ўтган асрнинг охирида экилган мутлақо соғлом ва бақувват дарахтлар ёппасига кесилди, ҳатто қабристондаги дарахтларга ҳам омонлик берилмади.

Кесилган ва илдизлари ковлаб олинган дарахтларнинг ўрнига нимжон нина баргли кўчатлар экила бошланди. Шаҳарликлар ҳайрон: бу арчалар шохлари тарвақайлаган улкан чинорлардан нимаси билан афзал экан? Ҳарорат қирқ даражага кўтарилганида, асфальт-бетон кўчаларда қолиб кетган одамлар энди қандай қилиб жон сақлайдилар? Бу янги ниҳоллар шавқатсиз қуёш тиғи остида униб кета оладими? Сув етишмовчилигидан қуриб кетмайдими?..

Так вырубали столетние чинары в знаменитом Ташкентском Сквере в 2009 году
Тошкентдаги Ҳиёбонда 2009 йилда юз йиллик чинорларни шунақа қилиб кесилганди

Йўқ қилинган чинорларнинг ўрнига нега айнан нина баргли кўчатлар танланди, деган савол шу чоққача жавобсиз қолмоқда. Нима, бу расмийларнинг навбатдаги хатосими ёки экологлар ва шаҳарни ободонлаштириш бўйича мутахассислар билан маслаҳатлашмаган бошлиқларнинг эътиборсизлигими? Ёки бу ишларда шаҳар ландшафтини қайта қурилишида бюджетнинг улкан маблағларини муваффақиятли равишда “ўзлаштириб олган” баъзи мутасаддилар ва тадбиркорларнинг ғаразли мақсадлари яширинганми? Ёки нуфузли мулозимлардан бирига қарашли мебель фабрикаси учун тахта-ёғоч керак бўлиб қолдими?..

Ҳиёбон ва аллеялар йўқ қилинганидан бир неча йил ўтиб янги кўчатлар жонланмаслиги очиқ-равшан бўлиб қолди. Тошкент расмийлари ҳам ниҳоят арчалар Ўзбекистоннинг иқлимига чидамсиз эканлигини англаб, тушуна бошладилар. Арча кўчатлари устига бўздан пана қилинган чодирлар ҳам иш бермаслиги маълум бўлди. Қуриган шохларни яшил бўёқлар билан бўяш ҳам арчаларни қутқара олмаслиги аниқ...

Только что высаженные сосенки высыхают и погибают за одно лето
Янги экилган қарағай ниҳоллари биргина ёз давомида қурияпти

Бугунги кунда расмийлар қарағай ва арча экасан, деб туриб олаётганлари йўққа ўхшаяпти. Тошкент маҳаллаларида аҳолига манзарали япроқли ва ундан-да яхшиси, мевали кўчатлар экиш тавсия қилинмоқда. Тошкентнинг марказида эса ҳатто жийда экишни бошладилар.

Джида на улицах Ташкента
Тошкент кўчаларида жийда гуллаган

“Фарғонада чинорлар кесилиб, ўрнига арча экилганида тупроқлар ботқоқлаша бошланди. Тротуарда юрганингда қадаминг остида асфальт ботиб қолаётганини сеза бошлайсан. Чинорлар шаҳримизда бекорга ўтқазилмаганди, ахир у ер остидан сувни тортиб, ҳавога буғлаб туради. Унга мутлақо сув қуйиш керак эмас”, - дейди бизга А.исмли суҳбатдошимиз.

Полив ёлок и газона на площади Мустакиллик в Ташкенте
Тошкентдаги Мустақиллик майдонида арчалар ва майсаларни суғориш

Но даже на площади «Мустакиллик» хвойные сохнут
Ҳатто Мустақиллик майдонида ҳам нинабарглилалар қовжираяпти

Маҳаллий чинорларнинг кесилиши ва “бегона юртдан келтирилган” дарахтларнинг экилиши иқтисодий зарар келтирди. Буни биринчи бўлиб сезган Тошкент метроси бўлди. Айниқса, кўплаб суғоришни талаб қиладиган нинабарглилар экилган майдонлар остидагилар станциялар “ивишга” бошлади. Булар – “Амир Темур Ҳиёбони” (чинорлари кесилган ҳиёбон), “Мустақиллик”, “Пушкин” ва баъзи бошқалар.

“Илгари ҳар бир станцияда одатда тўртта насосдан биттаси ишлаб турарди, энди бўлса насосларнинг тўртови ҳам тинимсиз ишлаяпти”, - дейди Тошкент метрополитени ходими.

Чинор бошқа дарахтлардан шикастнафслиги, узоқ умрли ва жони сабиллиги билан фарқ қилади. Кесилган чинорнинг битта илдизи қолса ҳам, ундан яна дарахт ўсиб чиқаверади.

Самосад - куст маленькой чинары
Илдиздан униб чиққан чинор

Ҳатто Мустақиллик майдонида, Сенатнинг рўпаарсида ҳам қолиб кетган илдизлардан чинор ниҳоллари ўсиб чиқяпти. Кўриб турганимиздек, уларни кесишмаяпти. Уларнинг катта дарахт бўлиб ўсиб кетишига умид қиламиз.

Самосад - куст маленькой чинары

Шу билан бирга, давлат томонида режали равишда чинор кўчатларини экилган жойларни ҳозирча топа олмадик. Уларни фақат шаҳар четида, кимнингдир ҳашаматли биносини ўраб турган баланд деворлар ёнида кўрдик. “Бу кошонада ким яшайди?” деган саволга қўшнилар кўзларини олиб қочиб, жавобини билмагандек тутдилар ўзларини.

Плановая посадка чинары возле забора
Тошкент четида хусусий уй ёнида режали равишда чинорлар экилган ер

Шунингдек, шаҳарда сотиб олиш учун чинор кўчатларини топа олмадик. “Биласизми, чинор кўчатларини сотмаяпмиз. Уларни оладиган одамлар жуда кам. Уларга питомникларда махсус буюртма бериш керак ёки Эски шаҳар бозорларида суриштириб кўринг”, - дейди Олой бозоридаги кўчат сотувчиси.

“Чинорни нима қиласиз? Ундан кўра тут экинг, фойдаси кўпроқ”, - дейди бошқа сотувчи.

Шу билан бирга, кўчат етиштирувчи фирмалар ҳаридорларга каштан, багрянник, эман (дуб), қоратол (ива), шумтол (ясень), софора, катальпа, заранг, олхўри, терак, дўлана, сурия атиргули, фарзиция, спирея, япон беҳиси, фикус, бирючина каби турли кўчатлар навларини таклиф этяптилар.

Кўчатлар қиммат. Уларнинг нархлари билан Тошкентнинг Torg.uz веб-сайтида танишишингиз мумкин. Шу ерда чинордан тайёрланган турли ҳажмдаги тахталар ва маҳсулотларни сотиш тўғрисидаги эълонларга кўзимиз тушиб қолди. “Кесилган чинор тахталари, 3 кубометр. Нархи 500 доллар”. Чинордан Ўзбекистонда тайёрланган меҳмонхона учун мебел – горка ва кўзгули комод – 2000 доллар. Истасангиз, кесилган чинор дарахтини бутунлигича сотиб олишингиз мумкин.

Пока елочка сохнет от жары, чинара быстро набирает рост
Арча қовжираб қуригуничи, чинорлар тезлик билан бўй чўзмоқда

Эслатиб ўтамиз, Шарқда уни ҳикмат дарахти, Библияда улуғвор, баланд чинорлар “Худонинг дарахтлари” деб атаганлар. Буқрот (Гиппократ) ҳам айнан чинор остида касалларни даволаган ва шогирдларига таълим берган, Афлотун ҳам чинор остида ўз диалогларини олиб борган. Самарқанд вилоятининг Ургутида эса чинор ковагида бутун бир мактаб жойлашган...

Айтишларича, Ўзбекистонда чинорларни йўқ қилиш ташаббуси билан мамлакат президенти Ислом Каримовнинг ўзи чиққан экан. Гўё, бир вақтлар у бу дарахтлар ўзидан захарли чанг чиқаради ва аллергиянинг қўзғалишига сабаб бўлади, деб айтган экан. Бу гап ростми ёки йўқлиги борасида бирор нарса айта олмаймиз, аммо Ўзбекистон давлатининг раҳбари бу маълумотларни қаердан олгани ҳам номаълум. Бунақа нотўғри фикрларни чиппакка чиқариш жуда осон – жанубий Европанинг ўнлаб шаҳарларида шаҳар ҳиёбонлари ҳам чинорлар экилган, аммо ҳеч ким “чанг” ва “аллергия” борасида шикоят қилаётгани йўқ.

Бироқ “пдшоҳнинг амри вожиб”, муҳокама қилинмайди ва зудлик билан ижро этилиши лозим. Балки Ўзбекистон президенти ва унинг мулозимлари арча юртимиз шаҳарлари учун тўғри келмаслигини, чинорларни эса авайлаб-асраш лозимлигини тушуниш учун қандайдир вақт керакдир.

Ўзбекистонда чинор эртами-кечми “қатағон” дарахтлар сафидан чиқиб, шаҳар кўчаларида ва истироҳат боғларида ўзининг муносиб ўрнини қайта эгаллайди, дея умид қилиш қолди, холос...


Ривоятларга қараганда, Водилдаги (Фарғона водийси) чинор 2000 ёшга тўлган

Ўз ахб. Фото © “Фарғона.Ру”

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги